Aug 172018
 

2018-йилнинг август ойида Ўзбекистонда 30 йил давомида эркин, демократик жамиятга ўта олмаганлигининг моҳиятини очиб берувчи икки воқеа бўлиб ўтди.

1.Ҳужра.

Озодликдан иқтибос:”Жиноят ишлари бўйича Сирдарë вилоят суди ўтган ойда ноқонуний ҳужра очиб олти яшар болани “яхши ўқимагани учун савалаб ўлдирган” Шерали Ибодовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддасида (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) айбли деб топиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Озодлик суҳбатлашган баъзи ота-оналар ноқонуний ҳужраларда боласи калтакланаëтганидан шикоят қилди. Расмийлар эса, ноқонуний таълим билан шуғулланганлар жиддий назорат остида эканлигини айтишди.

Сирдарë вилоят жиноят ишлари суди котибининг 13 август куни Озодликка билдиришича¸ ҳозирда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Шерали Ибодов Сирдарë туманида «Тариқат» оқимига мансуб ҳужра очган ва ўқувчи болаларга нисбатан мунтазам жисмоний жазо қўллаб келган:

«Савалаш оқибатида 6 яшар бола нобуд бўлгани ўткан ой бўлиб ўткан судда тасдиқланди ва маҳкум жазони ижро этиш масканига этап қилинди»”. Иқтибос тугади. [1].

Яна Озодликдан иқтибос: “Озодлик суҳбатлашган андижонлик ота ҳам ўз ўғлининг ҳужрада гаврон билан калтакланганидан шикоят қилди. Ўзини Олимжон Собиров дея таништирган андижонлик ота етти яшар ўғлини ҳужрага берганидан пушаймонлигини Озодлик мухбирига айтди:

– Кеча кўрган бўлсаларинг телевизорда кўрсатди. Носирбек домланинг ҳужраси эди бу . Қўшниларга қўшилиб менинг етти яшар ўғлим ҳам июль ойигача ўша ҳужрага қатнаб юрувди. Яхши ўқимагани учун домла гаврон билан урибди¸ бўйнида шундоқ излари турибди”. Иқтибос тугади. [1].

Яна шуни таъкидлаб ўтишни лозим топдим, Ўзбекистонда 2017-йил давомида ноқонуний диний таълим берадиган 116та хуфёна ҳужра аниқланган.

2. VPN. ( Virtual private network ).

Озодликдан иқтибос:”13 август куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида телекоммуникация тармоқларига ноқонуний уланганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этишни кўзда тутувчи ҳужжат лойиҳаси эълон қилинган эди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига таяниб, gazeta.uzга лойиҳанинг айрим меъёрлари ОАВда нотўғри талқин қилинган.

“Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиш (ЭКИҲнинг 100 баробаридан 300 баробаригача миқдоридаги жарима ёки уч йилгача озодликдан маҳрум этиш) тижорий асосда халқаро музокараларни ташкил этиш бўйича ноқонуний фаолиятни амалга оширган шахсларга қаратилган. Гап халқаро трафикни ўтказиш ҳақида кетмоқда”, — дейилади хабарда.

Ахборот ёки ахборот ресурсларидан фойдаланишни, шунингдек, бунинг учун VPN-тармоқлар, VPN-каналларни, прокси-серверларни шахсий мақсадларда ёки бизнес учун фойдаланишни чеклаш масалалари кўзда тутилаётгани йўқ, дея қайд этилди вазирликдан”. Иқтибос тугади. [2].

Ҳужра воқеасига тегишли Ўзбекистон республикаси конституциясининг қуйидаги моддаларини келтиришни лозим топдим:

57-модда

Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маьнавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади.

Махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш тақиқланади.

61-модда.

Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.

31-модда.

Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. [3].

Юқорида келтирилган Ўзбекистон республикаси конституциянинг уч моддаси нақадар аҳамиятлилиги қуйидаги икки мисолда намоён бўлади.

1.Ўзбекистон исломий ҳаракати. Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Жума Намангоний ва Тоҳир Йўлдошлар дастлаб “Адолат” диний ташкилотини ва кейинчалик 1998-йили “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати”ни тузишди. [4].

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг мақсади ҳарбий йўл билан, яъни зўравонлик йўли билан Ўзбекистонда шариат асосида бошқариладиган ислом давлати қуриш эди. Ўзбекистон исломий ҳаракати ўзининг фаолиятини дастлаб Ўзбекистон ва Тожикистонда ва 2000-йиллардан бошлаб Афғонистон ва Покистонда давом эттирди ва ҳозирги кунда ҳам давом эттирмоқда.

2.Ўзбекистон Халқ Ҳаракати. [5].

Араб баҳори”дан илҳомланиб Ўзбекистондаги 8та ташкилотлар ўзаро бирлашиб 2011-йилнинг май ойида Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини тузишди. Бу ҳаракатнинг кўзга кўринган етакчилари “Эрк” демократик партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов), Намоз Нормўмин, Муҳаммадсолиҳ Абутов, Нурулло Мақсудовлар [6] эди. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилганда 1989-йилнинг 28-майида ташкил топган Бирлик Халқ Ҳаракати[5] ва 2004-йилда ташкил топган Бирдамлик Халқ Ҳаракати[7] фаолият юритаётган эди.

2003-йили Бирлик Халқ Ҳаракати партияга айлантирилганлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда битта Бирдамлик Халқ Ҳаракати фаолият кўрсатаётганлиги ойдинлашади. Ўз-ўзидан шундай савол туғилади, Ўзбекистон учун Бирдамлик Халқ Ҳаракати фаолият юритаётган пайтда нега энди яна иккинчи халқ ҳаракатини тузиш керак бўлиб қолди?

Чунки, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг етакчилари ислом динини сиёсий мақсадларда яъни ҳокимиятга келиш учун ишлатишни мақсад қилиб қўйган эдилар. Баҳодир Чориев етакчилигидаги Бирдамлик Халқ Ҳаракати эса Ўзбекистонда дунёвий, эркин ва демократик жамият қуришни мақсад қилиб қўйган эди.

VPN воқеасига тегишли Ўзбекистон республикаси конституциясининг 29-моддасидир.

29-модда.

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявиц тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

Ўзбекистон республикаси конституциясининг 29-моддаси нақадар муҳимлигини қуйидаги беш мисол ойдинлаштиради.

Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида марҳум диктатор Ислом Каримов даврида тўртта қўғирчоқ партиялар ва битта қўғирчоқ экологик ҳаракат тузилди.

1.Ўзбекистон Халқ Демократик партияси.

Бу партия 1991-йил 1-ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган таъсис қурултойи қарорига биноан тузилди, унинг Дастури ва низоми қабул қилинди. Партия раиси этиб Ислом Каримов сайланди. Бу партиянинг аъзолари асосан собиқ коммунистлардан иборат эди. [8].

2.Ўзбекистон Миллий Тикланиш Демократик Партияси (Миллий Тикланиш).

Бу партия 1995-йил 3-июнда таъсис қурултойида ташкил қилинган. Бу партия ўз фаолиятида кўпроқ зиёлиларга суянади. [9].

3.Ўзбекистон Фидокорлар Миллий Демократик Партияси (Фидокорлар).

Бу партия 1999-йил 4-январда ташкил этилган. Бу партия ўз номи билан ватан фидокорларини, ватан равнақи учун куйиб, ёниб яшайдиган Ўзбекистон

фуқароларини бирлаштирди. “Фидокорлар” Миллий Демократик партияси ўз мақсад ва ниятлари бир ҳил бўлганлиги учун “Ватан тараққиёти” партияси билан бирлашди ва ҳозирда “Фидокорлар” номи остида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. [10].

4.Ўзбекистон Либерал демократик партияси.

Бу партия 2003-йилнинг 15-ноябрида ташкил топган. Партиянинг аъзолари кичик бизнес вакиллари, тадбиркорлар ва фермерлардан иборат мулкдорлар қатлами, ишлаб чиқаришнинг юқори малакали мутахассислари ҳамда бошқарув ходимларидан иборат. Яъни партия ишбилармонлар манфаатини ифода этади. [11].

5.Ўзбекистон экологик ҳаракати.

Бу ҳаракат 2008-йилнинг 2-августида ташкил топган. Экоҳаракат-жамиятнинг барча кучлари Ўзбекистоннинг бугунги фуқаролари ва келажак авлодлари қулай табиий атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқига эга бўлишлари, аҳоли саломатлигини яхшилашга, муҳофаза қилишга, табиий ресурсларнинг барча манбаларидан самарали фойдаланишга йўналтирилган сай-ҳаракатларни сафарбар қилишга интилади. “Соғлом муҳит-инсон саломатлиги” Экоҳаракатнинг бош шиоридир.

Экоҳаракат Ўзбекисон республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кафолатланган 15та депутатлик ўрнига эга. [12].

Юқоридаги тўртта қўғирчоқ партиялар ва Экоҳаракат марҳум диктатор Ислом Каримовнинг Ўзбекистон республикаси конституциясини оёқ ости қилганини кўрмади, конституция бўйича 10 йил эмас мустақил Ўзбекистонни 25 йил (1991-2016) бошқарганини кўрмади, Ўзбекистонни эса 27 йил (1989-2016) бошқарганини кўрмади.

Яна бу қўғирчоқ партиялар ва Экоҳаракат Ўзбекистонда интернет эркин эмаслигини ҳам кўрмайди, VPN ҳақидаги қонун Ўзбекистон республикаси конституциясига зидлигини ҳам кўрмайди.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда эркин, демократик жамият учун курашаётган биронта партия ва ҳаракат йўқ. Зеро, Бирлик Халқ Ҳаракатини ва шу номдаги партияни Абдураҳим Пўлатов 1989-йилдан бери, яъни 29 йилдан бери, Муҳаммад Солиҳ “Эрк “демократик партиясини 1990-йилдан бери, яъни 28 йилдан бери, ва яна Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини 2011-

йилдан бери, яъни 7 йилдан бери (Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг раислигига бир йилга сайланган эди) ва Баҳодир Чориев эса Бирдамлик Халқ Ҳаракатини 2004-йилдан бери, яъни 14 йилдан бери бошқариб келяпти.

Яъни бу ҳаракатлар халқ ҳаракати мақомини йўқотиб Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевларнинг ҳаракатларига айланган, бу ҳаракатлар улар томонидан узурпация қилинган.

Ўзбекистон жамиятида 20-асрда шаклланган коммунистик бошқарув усули ва 7,8 асрларда шаклланган Ислом дини ғоялари устунлик қилмоқда, асло эркин,демократик ғоялар эмас.

Демак, Ўзбекистон мустақил бўлганидан қарийб 30 йил ўтиб яна демократик ҳаракат ёки партия тузишга катта эҳтиёж бор. Бу тузилган демократик ҳаракат ёки партиянинг раиси фақат бир марта 5 йилга сайланиши керак ва бу демократик ҳаракат ёки партия ҳеч ким томонидан узурпация қилиб олинмаслиги керак.

Ўзбекистон учун тўртта халқ ҳаракати керак эмас, битта Халқ Ҳаракати зарур. Бу битта Халқ Ҳаракати демократик бўлиши керак, Литвада 1988 йилда тузилган Саюдис, Эстонияда 1988 йилда тузилган Халқ фронти, Польшада 1980 йилда тузилган Солидарность касаба уюшмаси каби.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

17август, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Хуфëна ҳужрада 6 яшар болани “савалаб ўлдирган домла” етти йилга қамалди . 13.08.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/hujra-islom-kaltak/29430661.html ).

2. VPNдан фойдаланганлар жаримага тортилмаслиги айтилди. 15.08.2018.

( https://www.ozodlik.org/a/29435025.html ).

3. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

4.Islamic Movement of Uzbekistan.

( https://en.wikipedia.org/wiki/Islamic_Movement_of_Uzbekistan ).

5. Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!? 21.08.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/2403 ).

6. Би-би-си меҳмони – Нурулло Мақсудов. 26.03.2010.

( https://www.bbc.com/uzbek/interactivity/2010/03/100322_talkingpoint_nurullo_maqsudov ).

7. Баҳодир Чориев демократми?! 04.05.2014. (http://uz.hrsu.org/archives/6770).

8. Oʻzbekiston Xalq Demokratik Partiyasi.

( https://uz.wikipedia.org/wiki/O%CA%BBzbekiston_Xalq_Demokratik_Partiyasi ).

9. Oʻzbekiston Milliy Tiklanish Demokratik Partiyasi

( https://uz.wikipedia.org/wiki/O%CA%BBzbekiston_Milliy_Tiklanish_Demokratik_Partiyasi ).

10. Oʻzbekiston Fidokorlar Milliy Demokratik Partiyasi.

( https://uz.wikipedia.org/wiki/O%CA%BBzbekiston_Fidokorlar_Milliy_Demokratik_Partiyasi ).

11.Oʻzbekiston liberal demokratik partiyasi.

( https://uz.wikipedia.org/wiki/O%CA%BBzbekiston_liberal_demokratik_partiyasi ).

12.Oʻzbekiston ekologik harakati.

( https://uz.wikipedia.org/wiki/O%CA%BBzbekiston_ekologik_harakati ).