Oct 242014
 

 

  •  

 

 

 

Баҳам кўринг

Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистондаги инсон ҳақлари юзасидан янги резолюцияни қабул қилди.

23 октябр куни қабул қилинган резолюцияда айтилишича, Ўзбекистон Фуқаро ва Сиёсий эркинликлар Халқаро Конвенцияси асосида сўз, йиғилиш ва виждон эркинлиги, Қийноқларга қарши Конвенция доирасида қийноқларни тақиқлаш ваъдасини берган бўлса-да, бу соҳаларда атиги бир неча ижобий ўзгаришлар рўй берган.

Резолюция бандларидан бирида айтилишича, Ўзбекистон расмийлари ўз репрессив бошқарувларини кучайтириш мақсадида минглаб кишиларни қамоққа ташлаган, ҳуқуқ ва мухолифат фаоллари, журналистлар, тақводорлар, санъаткорлар ва ҳукумат танқидчиларини нишонга олган.

Ўзларининг сўз эркинлиги ҳуқуқларини изҳор этганлари учунгина қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар орасида 15 нафар таниқли ҳуқуқ фаоли, 5 журналист, 4 мухолифатчи ва 3 мустақил диний уламо борлиги ҳам айтилган.

ОИга кўра, бу амаллари учун жазо чоралари (чекловлар ва танқидлар дохил) ҳамда халқаро босимга қарамай, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш бобида Ўзбекистон жуда кичик қадамларни қўйган.

Бу “хўжа кўрсин” қадамлар орасида муҳим халқаро учрашув ва сафарлар арафасида сиёсий маҳбуслардан баъзиларининг озод қилиниши тилга олинган.

“2005 йилиги Андижон ҳодисалари юзасидан мустақил текширувни рад этиб келиш билан бирга процессуал жараёнлар бузилган ва қийноқлар остида олинган иқрорлар асосида ўтказилган маҳкамалар натижасида 200 дан ортиқ инсон қамоқ жазоларини ўтамоқда”.

Резолюцияда айтилишича, 2009 ва 2010 йиллари ўзбек расмийларини вазиятни яхшилаш бобидаги қадамларга ундаш мақсадида киритилган жазо чораларини ОИ бекор қилган эди.

Лекин, шунга қарамай, халқаро ташкилотларга кўра, Ўзбекистонда пахта теримида катталар ва болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш кенг тус олишда давом этмоқда.

Резолюцияда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 2013 йилги ҳисоботига мувофиқ ёш болалар дохил миллионга яқин киши пахта теримига мажбуран сафарбар этилганлиги айтилган.

Ана шулар асосида ОИ икки томон ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришни кўзлаб, сиёсий фаолиятлари учун қамалганларнинг барини озод қилиш, қийноқларга чек қўйиш, қийноқларда қўли бор расмийларни жавобгарликка тортишга даъват қилган.

ОИнинг айтишича, юқорида келтириб ўтилган соҳаларда келгуси олти ой мобайнида кўзга кўринарли силжишлар рўй бермаса, Ўзбекистонга нисбатан муайян жазо чоралари киритилади.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2014/10/141024_eu_uzbekistan_resolution

 

 Posted by at 13:45