Jun 142012
 

Муаллиф: Рашид Ғаннуший

Бисмиллоҳир-роҳмонир-роҳим, барча салот ва дуолар Аллоҳнинг Расули – Пайғамбарига, унинг аҳли байтига, асҳобига ва умматларига бўлсин.

Хонимлар ва жаноблар, биродарларим, Аллоҳнинг саломи ва инояти сизларга бўлсин. Бу оқшом бизга сўзлаш фурсати тайёрлаган Ислом ва Демократия тадқиқотлари Марказига миннатдорчилигимни изҳор этишни бурчим деб биламан. Мен сизларга бирор нарсалар ўргатиш учун бу ерга келмадим. Чунки бу ерда мунозара қилиш учун йиғилган мавзуимизнинг ўртага қўядиган турғун бир усуллари йўқ. Аммо шуниси ҳам борки, танланган меҳмонларимизнинг бир фикр бирлигига эришишларини билдирадиган бир умумий асосга келиш учун бирор ютуқ ва назарларимизда яқинлашиш йўллари очилишини умид қиламан.

Мавзумиз Ислом ва дунёвийлик секуляризмнинг ўзаро муносабатлари бўлиб, жуда кескин муаммоли бир мавзудир. Бу муносабатлар, бир келишмовчилик ва тўқнашув туридаги муносабатларми ёки бир-бирига ўхшаш, бир-бирлари билан келиша оладиган муносабатларми? Ислом ва қонун орасидаги муносабат, Исломнинг ҳокимиятга бўлган муносабати каби бир қатор масалалар, бу муаммога оид мунозарали масалаларга айлангандир.

Ислом ва секуляризм ҳақида сўз кетганида худди ҳамма масала очиқ – ойдинга ўхшаб кўринади. Бироқ кўзга илинмайдиган бир тушуниш хилмахиллиги ва умуман тушунмаслик бу масалани бутунлай қоплаб олган вазиятга келиб қолганлиги ҳам очиқдир. Бизлар, жуда ўхшаш исломий тушунчаларнинг хилмахиллиги ҳақида бахс юритганимиз сингари, фақат бир   хил секуляризм ҳақида эмас, жуда кўп хил секуляризм ҳақида мунозара юритиш вазиятида ҳам турибмиз.

Секуляризм бир фалсафий қараш бўлиб, идеалист ва диний қарашларга қарши курашиш учун майдонга келди каби хулосага бориш ҳам мумкин. Аммо аслида бу асло ундай эмас. Биринчидан, секуляризм Ғарбда – Овропанинг ичкарисида мавжуд бўлган шартларда ўртага чиққан муаммоларга методик ечимлар(яъни борлиқ назарияси ёки фалсафаси шаклида эмас) шаклида ўртага чиқди, ривожланди ва ўрнашди. Бу муаммоларнинг (Католик Черкови ҳокимлигини сақлаган косенсусни бузган ва 16-17 асрларда диний урушларни бошлатган) жуда кўпчилиги Ғарбда Протестантчиликдан сўнгра майдонга келган муаммолар эди.

Айтилганлардан бизда шундай савол пайдо бўлади:  Бизнинг ҳақиқатан секуляризмка  эҳтиёжимиз борми? Балки бу секуляризм амалларида энг аҳамиятли ғоя(фикр), давлатнинг тарафсизлиги, яъни инсонларнинг виждонларига аралашишдан қочиш ва динларга нисбатан давлатнинг тарафсизлиги каби ғоядир. Ундай бўлса, давлатнинг фаолият ва таъсир доираси жамият фаолият доирси билан чегаралангандир. Диннинг таъсир доираси эса, ҳар бир шахсиятга бориб тақалади ва шахсларнинг фарқлиликларини хам ўз ичига олади. АҚШ бўлган фарқлилик аҳамиятли бир диний таъсир ўлароқ кетишига қарамасдан, у ерда диннинг жамият доирасида кўриниши очиқдир. Лидерларнинг нутқларида динийлик ва дин ҳақида мунозаралар жуда кўплаб учраб туради. Сайловлар вақтида, сайлов олди мунозараларда диний масалалар муҳокама қилинади ва бу мавзуларда мунозаралар олиб борилади. Бола олдириш ва мактабларда ибодат каби масалалар сайлов кампанияларида муҳокама қилинади. Аслида АҚШ бу вазият,  бир замонлар Католик черковининг зулмидан қочиб Америкага жойланган Евангелист кўчманчилар тарафидан қурилган дининг мавжудлигидандир. Шунинг учун АҚШ, Таврот ва Инжилда келтириладиган рўё(туш)ларнинг ҳақиқатга айланган бир ўлка сифатида қаралади.

Таниқли мутафаккир Тосқуавилла(Tocqueville)нинг бир замонлар таъкидлагани каби “Черков АҚШ энг кучли партиядир.“ Бу, Черковнинг Америкада кучли таъсирга эга эканлигини кўрсатади. Овропада эса буни кўролмайсиз. АҚШ диний ҳаёт яшашаётганлар умумий аҳолининг 50% ташкил қилаётган бўлса, Овропада бу нисбат 5%-га ҳам етмайди.

Масалан, Овропани олиб қарасак, дин ва давлат муносабатларига қарашда Франция ва Англосаксонлар орасида анчагина фарқлар борлигини кўрамиз. Масалан, Англияда қиролича дин ичи ва унинг ташқарисидаги кучларни мужассамлаштирувчи шахс сифатида қаралади. Энг катта фарқлиликни Франция мисолида кўрамиз. Бунинг сабаби, Франция тарихидаги инқилоблар ва Католик Черковининг орасидаги тартишмаларига бориб тақалади. Овропада бўлса ҳам бугун секуляризмнинг хилма хил кўринишларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Масалан, Франция секуляризмни халқаро доирада ўзлигининг ягона қўруқчиси ҳисоблагани учун мамлакатда яшавчи мусулмон аёлларининг динларига уйғун кийинишларини тақиқлагандир. Аммо Овропанинг бошқа бирор ўлкасида бундай англашилмовчилик кузатилмайди. Бу ҳам тарихий бир тажриба(экпремент)ни ўзиники этиб кўрсатишга интилишдан келиб чиққан бир натижадир, холос.

Бизлар ягона бир тушуниш қаршисида эмасмиз. Балки лайик бир дунё қараши тарафидан ўртага чиқарилган энг муҳим, энг аҳамиятли амалиёт, яъни давлатнинг тарафсизлиги принципи қаршисидамиз. Бошқача айтганда, давлат, у динийми, сиёсийми ёки яна бошқача турдами бўлишидан қатъи назар барча эркинликларнинг гарантиясидир ва бундай давлат у ёки бу партияларнинг тарафдори бўлмаслиги шарт. Энди биз шундай саволни ҳам ўртага қўя оламиз: Исломнинг шундай бир амалиётга, яъни давлатнинг бошқа динларга нисбатан тарафсизлиги каби бир амалиётга эҳтиёжи борми?

Ислом илк бошданоқ дин, сиёсат ва давлат билан хирмонлаш(қариш)гандир. Ҳазрати Муҳаммад, давлатни қўрувчи даражасида диннинг ҳам қўруқчисидир. Маккага келишган Мадинали гуруҳ биатида биринчи сўз, Аллоҳ ва Унинг Расулига инониш сўзи бўлган эди. Иккинчи биатда эса, Мадинага бирор ҳужум қилинадиган вазиятда мусулмонларни қилич ёрдамида бўлса ҳам ҳимоя қилиш сўзлари қўшилганди. Мадинанинг эски исми Ясриб эди. Мадина сўзи эса маъно жиҳатидан шаҳар деган маънога келади. Мадинанинг шаҳар атала бошлаши, Ислом фақат дин бўлиб қолмасдан, айни замонда у бир маданият ҳам бўлганлигини кўрсатади. Бу бошқа тарафдан бир гуруҳ бадавий ҳаётини яшаб келаётган кишиларнинг шаҳар ҳаётига кўчишини ҳам ифодалайди. Шунинг учун шаҳарлашма бошланганидан “Бадавийлашма” гуноҳ шаклида қабул қилинмоқдадир. Шу сабабдан ҳам Ислом қаерга борса, ўша ерларда шаҳарлар қурилиши содир бўлганлигига ҳайрон қолмаслик керак. Шимолий Африкадаги энг эски шаҳарни мусулмон араблар қурганлардир. Шунинг учун ҳам Пайғамбар ҳазратлари тарафидан қурилган шаҳар, Ислом бир маданият дини бўлганлигининг очиқ кўрсаткичидир. Ислом ҳамиша уруш ва жанжаллар билан яшаб келишаётган қабилаларни бадавийликдан қутқариб, маданийлаштирди ва уларни бир давлат атрофида бирлаштирди.

Пайғамбар ҳазратлари бир тарафдан кишиларни жомеларда намоз ўқитган бир имом эди. Бошқа тарафдан кишилар орасида чиқиб турадиган турли келишмовчиликларда ҳакамлик қилган, лашкарни бошқарган ва хилма-хил шартномаларни имзолаган сиёсий бир имом эди. Бизни қизиқтирадиган энг муҳим хусус – ҳақиқат ҳам шулдирки, Пайғамбар ҳазратлари Мадинага келиши биланоқ у ерда бир жоме қурдирди ва Мадина Васиқоси номини олган бир Асосий Қонун (бизнинг бугунги тилимизда Конституция) тузди. Бу Асосий Қонун жаҳондаги энг тарихий(эски) конституциялардан биридир. Бу Асосий Қонун,  Маккали муҳожирлар, Мадинали ансор ва маҳаллий яҳудий қабилалари орасидаги муносабатларни тузатган шартномаларни ҳам ўз ичига олади. Янги Асосий Қонун, бу иккита диний давлатни бошқаларидан фарқли ўлароқ бир сиёсий давлат ва борлиқ шаклида қараган эди. Муҳаммад Салим ал-Аво ва Муҳаммад Умар каби олимлар тарафидан ўртага қўйилган айириш, дин ва давлат орасидаги айриликка ўхшаш бўлиб, дин ва сиёсат орасидаги айрилишни билдирарди.

Мадина Васиқосида сиёсий ва диний бўлганлар орасидаги айрилиш ғоят очиқ ифодаланган. Унга кўра, бир тарафда мусулмон уммати ва бошқа тарафда яҳудий оммаси қаралган эди. Бироқ бошқа у иккита мушрик оммасининг бирлашиши сиёсий тушунчада бир давлат шаклини олган эди. Уларда чегаралар ҳар доим кескин шаклда қаролмаса-да, Пайғамбарнинг кўрсатмаларига кўра алоҳида қараб чиқилиши мумкин эди. Қонундаги диний моддалар итоат ва масъулиятчилик соҳаларини қамраб олган бўлса, сиёсий моддалар эса, мантиқ ва ижтиҳодга ўрин қолдирганларидан иборат бўлган эди. У  моддаларнинг баъзилари вақти-вақти билан саҳобанинг бошини айлантирганида улар, Расул ҳазратларига, “бу ваҳийми ёки ўз шахсий фикрингизми?” дейилган саволлар қўйишардилар. Агар у масалалар ваҳий бўлсалар, уларга шаксиз итоат қилардилар, акс ҳолда фарқли тушунишганлар орасида алтернатив фикрлар ўртага ташланарди.

Кунлардан бирида Расулуллоҳ ҳазратлари Мадинада хурмо дарахтларини пайвандлаётганларга тўғри келди ва уларга қарата, “бундай қилишларингдан бирор фойда бўлишини кўрмаяпман”, дедилар. Мадиналилар унинг бу сўзини ваҳий қабул қилдилар-да, ишларини дарҳол тўхтатишди. Оқибатда ўша йили ҳосилдорлик пасайиб кетди. Ўшанда Пайғамбар ҳазратлари, “дунёвий ишларда нималар яхши ва фойдалироқ бўлишини сиз мендан яхши биласиз”, дея марҳаматда бўлганлар. Шунинг учун деҳқончилик, саноат ва ҳатто ҳокимият техник-технологиясида дининг бизга бирор нарса ўргатадиган вазифаси йўқ. Чунки мантиқ, тажрибаларнинг бирлашган хулосалари ёрдамида бу ҳақиқатларга эриша олдаган усулларга эгадир. Дининг вазифаси бизнинг олдимизда турган буюк муаммолар, саволларга жавоб беришдир. Улар эса, мавжудлгимиз, қаердан келганимиз, қадаримиз, яратилиш мақсадимизга тегишли муаммолардир. Дин буларнинг ёнида, тушунча ва ҳаракат шаклимизнинг кўзга кўринишида,  принцип ва қадриятлар системасининг аниқланишида давлат идора шаклининг қандай бўлиши лозимлиги масалаларда бизга йўл кўрсатувчи бўлади.

Шунинг учун Ислом бошланишидан бошлаб, динни халқ оммаси ҳаётидан ташқарида тутиш маъносида давлат ва дин орасида ундай бир айрилишга ўрин бермагандир. Мусулмонлар бугунгача Исломдан ва у ўргатганларидан, раҳбарларидан фуқаровий ҳаётларида доим фойдаланиб келмоқдалар. Диний ва сиёсий соҳалар орасидаги бу фарқ, айни замонда мусулмон ҳуқуқчи(факиҳ)ларининг, олимларининг тушунчаларида жуда аниқ кўрсатилгандир. Улар амалиётлар системаси ва ибодат орасидаги фарқни ғоят яхши аниқлаганлардир. Ибодатлар, доимийлик ва итоат соҳаси бўлса, амалиётлар халқ оммаси манфаатлари учун тадқиқот майдонидир.  Чунки Ал Шотибий ва Ибни-и Ошур каби буюк олимларнинг ҳам таъкидлашганларидек, “Ислом инсонларнинг эҳтиёжларини қондириш учун юборилгандир”. Бу олимлар барча илоҳий кўрсатмаларнинг энг буюк мақсади, адолатни ўрнатиш, инсониятнинг эҳтиёжларини ҳақиқатга айлантириш эканлигида ҳамфикрдирлар. Бу ҳам ўз навбатида фақат дин тарафидан кўрсатилган принципларнинг, қадриятларнинг ва мақсадларнинг рахбарлиги ишиғида мантиқнинг қўлланиши соясида бажарила олади. Ана шундай бир ўзгаришлар соҳасини ифода этган ва давомли ривожланишда бўлган амалиётлар соҳаси бордир ва шу билан бирга ўзгармас, доимийлар соҳасини ифодалаган инонч, қадириятлар, фазилат соҳаси ҳам мавжуддир.

Ислом тарихи давомида давлат ҳокимиятининг шакли, ўз амалиётларидан у ёки бу шаклда Исломнинг таъсир доирасида бўлгандир ва давлатнинг қонунларини ўша замон бўлинишига кўра, ўша мамлакат қандай тушунаётган бўлса, исломий қадриятлар билан уйғунлашган бир шаклда белгиланарди. Бунга кўра, исломий амалиётларни хуш кўрган давлатлар, қонунлари ва амалиётлари ваҳий йўли билан белгиланган бирор давлат бўлиб эмас, балки танқидларга ва фарқли фикрлар билдиришга очиқ бўлган инсоний қурилишлар сифатида қаралганлардир.

Давлатлар аниқ бир тарафсизликлар ҳам кўрсатганлар. Масалан, Аббосийлар давлатида бўлгани сингари, мусулмонларни адлоҳида тушунишга уринишганлар. Бу эса инқилобни оловлантирди. Натижада Аббосий халифаси Мансур, бир динда ўртага чиққан изоҳлар ва қарашларнинг кўпайиб кетганлигига жиддий диққат қилишга мажбур бўлади ва ҳатто уларнинг айримчилик таъсиридан маълум бир қўрқувга ҳам тушади. Шу сабаб билан у имом Моликийни ҳузурига чақириб, мусулмонларни ягона бир қараш остига бирлаштиришни таклиф қилади. Ана шу воқеалардан сўнгра имом Моликий “ал-Муматта” номли машҳур китобини ёзишга эҳтиёж туяди. Халифа Мансур у китобдан етарлича рози бўлади ва барча мусулмонларн шу китоб асосида бирлашишлари ҳақида қонун чиқаришга қарор қилади. Имом Моликий ҳазратлари халифани бундай хавфли қарордан қайтишга чақиради. Чунки замонлар орасида саҳоба турли хил жуғрофияга тарқаб кетишгандилар ва ўша ерларга ўзлари билан жуда кўп билим ва маълумотлар келтиришгандилар. У билим ва маълумотларнинг ўша жойларга  энг уйғун бўлганларини инсон(мусулмон)ларга танлашга ижозат беришгандилар. Ана шуларнинг оқибатида бир кўриш(тушунча) мактаби Мағриб(Шимолий Африка)да ҳоким бўлса, бошқаси Шарқий Оқденгиз ўлкаларида, учинчи бири эса Миср ва бошқа жойларда ҳоким бўлганлигининг гувоҳимиз.

Исломда черков жамияти каби тизим бўлмаганлигидан, Исломда туншунча ва изоҳ эркинлиги мавжудлиги ҳақида сўз юритилиши мумкин. Бу эса, қонун чиқаришга эҳтиёжимиз бўлган ҳол истисно хилма-хил изоҳларга йўл очади.  Бундай бир вақтда бир механизмга эҳтиёж туғилади. Бу механизм, инсоният ўз тарихида кашф этилган, улуснинг вакиллари белгилаган ва шахсий изоҳлар-қарашларга зид жамоа(коллектив) бўлиб бажарган ва сайловларга суянадиган демократик бир механизмдир. Такрорланса-да зарари йўқ, Исломда черков бўлмаганлиги учун мусулмон миллати, бир давлат, партия ёки бошқа бирор олим воситасида эмас, балки бир-бирлари таъсирлари натижасида ўртага чиққан илоҳий ироданинг ягона вакилидир.

Аббосий халифаларидан Маъмун, Қуръоннинг ягона бир изоҳини ва ягона бир Ислом инончи тушунилишини баён этиб, уни амалга оширишни истаганида имом Аҳмад  бин Ҳанбал бунга кескин қарши чиқди ва давлат тарафидан динни ҳоким қилишга уринишини рад қилди. Бунинг оқибатида имом ҳазратлари қийноққа солинди. Аммо сўнггида халқ оммасини давлатга қарши кўтара олди ва Маъмунни ҳокимиятдан туширди.

Ғарбда бутун муаммо, давлатни диннинг ҳукмронлигидан қутқариш усуллари атрофида айланган ва бунинг натижасида сурункали тинкани қуритувчи урушлар чиқиб турган бўлса,  исломиятда эса, бутун муаммо, динни давлатдан қутқариш ва давлатнинг динга ҳукмрон бўлишига тўсиқ бўлишдан иборат бўлгандир. Бироқ, мусулмонларнинг қонунларга эҳтиёжлари бўлган вазиятларда демократик механизм сифатида Исломдаги Шуро принципи қўл келади.

Бизнинг меросимизда черков каби тизимнинг бўлмаганлиги жуда ҳам аҳамиятлидир. Шиа биродарларимиз шунга ўхшаш бирор тизим кўринишини ҳимоя қилишлари мумкиндир. Аммо суннийлар оламида (баъзи бир англашилмаган ва фарқли қарашларда бўлишган олимларни ҳисобга олмаганда) бундай ҳолат учрамайди. Шу сабабдан ҳам эркин бир муҳитда мунозаралар олиб боришадиган ва муаммоли масалаларни кенг ва ҳар томонлама муҳокама қилиша оладиган ва қонун чиқариш муассасаси сайловлар натижасида ўз ўрнига эга бўлишини қабул эта оладиган олимлар ва зиёлиларга эҳтиёжимиз бор.

Тунисда, айниқса илмли ҳисобланганлар орасида ҳало бугунгача давом қилаётган жуда янглиш бир мунозара(ҳатто тортишма деса ҳам бўлади) мавжуд. Уларнинг бир тарафи тепадан туширилиб, давлат воситаларини ва имкониятларидан фойдаланиб ислом тушунчасига алоҳида бир шароит вужудга келтиришга уринаяптилар. Бошқа тарафи эса, давлат ҳокимиятини, таълим-тарбия усул ва кўрсатмаларини, миллий маданиятни Исломий элементлардан батамом тозалашни кўзда тутади. Кўриб турганингиз каби бугун бутун дунё,   Ислом дунёсини ҳам ичига олган ҳолда бир диний уйғонишга гувоҳлик бериб турибди. Папа 2 Жон Паулнинг сай-ҳаракатлари оқибатида Ғарбий Овропанинг ривожланишида Католик чековининг ролини алоҳида сўзлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Айни вақтнинг ўзида Путин тарафидан бошлатилган кампаниянинг амалга оширган ишлари натижасида Россия Ортодокс черковининг роли инкор этиб бўлмас бир кўринишга кўтарилди. Шундай бир умумжаҳон муҳити ўртада турган бир замонда давлатнинг маданий ва маориф сиёсатида диннинг таъсири ва ўрни бўлишига қарши чиқиш ўта мантиқсиздир. Аслини олсангиз Исломга алоҳида бир имкон ва шароит ажратишга ҳожат йўқдир.  Чунки Ислом, мансабдорлар(элит)нинг дини бўлмай,  халқ динидир. Ислом, давлатларнинг таъсири ва нотўғри амал қилишлари оқибатида узоқ замонлар ўз борлигини керакли даражада давом қилдира олмади. Бу янглишларни қабул этувчиларнинг кўпайиб кетганлиги оқибатида давлат дин устида пайдо бўлган букрига айланди.

Айтганимдек, Исломий қарашлари ва ҳаётлари ҳисобидан ўзларини камситилган ҳисоблаганларнинг кўпчилиги диннинг давлатдан ажратилиб фақат виждонларда яшашга маҳкум этилишидан қўрқадилар. Нима учун ахир, имомларни давлат ўзи хоҳишига кўра етиштиради ва нима учун давлат жомеларни назорат қилади?

Далатнинг тарафсизлиги масаласи жуда катта муаммоларни ўз ичига олади. Агар дин ва давлатнинг бир-биридан ажралишидан кўзда тутилган мақсаддан, давлат, инсон етиштирган маҳсул ва дин эса илоҳий илдизли, яъни ваҳий йўли(ваҳий ва сиёсий бўлганлар орасидаги фарқ биринчи даврлардаги мусулмонлар тарафидан очиқликка чиқарилганди) билан нақл этилганлиги тушуниладиган бўлса, ўртада муаммо қолмайди.  Бироқ мақсад, Францияда ўртага чиқарилган секуляризм  тушунчасидаги давлатни диндан ажратиш ёки марксистик идеологиядаги бир давлат ва дин айрилиши бўладиган бўлса, бу янглишдир. Бу ҳолда дин ҳам, давлат ҳам фақат зарар кўради ва бир хавфли можарога кирилган бўлади. Давлатни диндан тамоман совутиш эса, давлат ҳокимиятини мафияга, дунё иқтисодий системасини бир муштумзўрлик, босқинчиликга, сиёсатни ҳам алдамчи(ёлғончи) ва иккиюзламачиликка айлантириш бўлади. Ғарб тажрибасида (баъзи бир аҳамиятли ва ижобий кўринишлар учраб турса-да) моҳият эътибори билан ана шу айтилганлар амал қилмоқдадир. Бугун халқаро сиёсат, энг катта сармояга эга ва матбуотга ҳоким бўлган бир неча пул воситачиларининг монополияси ҳолига келди. Оқибатда ана шулар бутун дунё сиёсатчиларини ўз назоратлари остида тутиш имкониятларига эга бўлишди.

Бу вазиятда кишилар, динга ва тўғри билан нотўғрини ажрата оладиган руҳий ва ахлоқи юксак раҳбарликка эҳтиёж туймоқдалар. Тўғри ва нотўғри нимадан иборатлигини билдирадиган ва белгилайдиган бирор ҳоким черков тушунчаси бўлмаганлиги учун бу вазифа, мутафаккирлар, халқ оммаси ва матбуот воситаларида мунозаралар ўтказиш йўли билан ечим топиш ҳолига ташлаб қўйилди.

Дин, унинг давлатдан ва сиёсатдан тамоман ажралган бир вазиятида, диннинг ичида назоратдан чиқиши мумкин бўлган ҳодисалар ва ижтимоий оҳангнинг бузилиши каби хавфлар майдонга чиқиши мумкин бўларди. Шунинг учун динни давлатдан ажратиш шакли, инсонларнинг эркини ва ҳақу ҳуқуқларини гарантия қиладиган мувозанат топишга асосланиши шарт бўлади.  Чунки дин ана шуларни қилиш учун ҳам мавжуддир. Бу мувозанатни сақлаш учун энг аввал биз ўзимиз дин ва сиёсат орасидаги ажралишнинг фарқини англай олишимиз ва динда нималар доимийлигини ва нималар ўзгариши ёки ўзгара олишини яхшилаб белгилаб олишимиз керак бўлади.  Булардан кўринадики биз, диний қадриятлар билан қуролланган тарбияли, билимли қонун қабул қилувчиларимиз бўлиши лозим. Улар қонунлар тузишаётганларида диний олимларнинг ва обрўйлиларининг маслаҳатлари, кўрсатмаларига эҳтиёж сезмасинлар. Айни шу шартлар сиёсатчилар учун ҳам лозимдир, албатта. Зўрлик, босим йўли билан амалга оширилган диний итоаткорликнинг аҳамияти бўлмайди. Чунки Аллоҳга итоат этмаганларни давлатнинг кучи воситасида иккиюзламачилар этишнинг ҳеч бир замон фойдаси бўлмаган ва бўлмайди. Инсон эркин яратилгандир, уларнинг ташқий кўринишларини назорат қилиш мумкин бўлса-да, инончларига ва ички дунёсига ҳоким бўлишнинг имкони йўқдир.

Шу сабабдан ҳам бизлар бош ёпинчи-паранжи масаласида икки хил амалиётга гувоҳ бўлдик. Биринчиси, давлат тарафидан мажбуран қабул эттирилган, бошқаси эса, яна ўша давлат тарафидан тақиқланган бош ёпинчи амалиётидир.  Бир марта мусулмон бир мамлакатнинг аэропортида эдим. Аэропортдаги барча аёллар ёпинган эдилар, яъни уларнинг ҳаммасининг  бошида ёпинчиси бор эди. Бироқ ўша ёпинғичли аёллар учоқ учар-учмас бошларини очдилар. Бу эса ўша мамлакатнинг таълим-тарбия системасидаги камчиликни намойиш қиладиган бир муҳим кўрсаткич эди. Тунисда эса, Бин Али замонида аёлларнинг бош ёпинғичлари тақиқлаб қўйилганди. Улар ўзлари уйғун ҳисоблаганлари каби кийинишга ҳақли эмасдилар.

Дин учун энг аҳамиятли фаолият майдони, давлатнинг тизимларини қўлга олиш эмас, балки ҳар бир алоҳида олинган инсоннинг (шахсиятнинг) инончини соғламлаштиришдан иборатдир. Давлатнинг энг биринчи вазифаси, ҳамма нарсадан аввал фуқаронинг хизматини бажариш, иш ерлари ташкил этиш, соғлик ва таълим-тарбия ишларини йўлга қўйишдир. Инсонларнинг қалблари ва ақлларига ҳукмрон бўлишга ҳаракат қилиш давлатнинг вазифасига кирмайди. Шундай бўлишга интилиш эса зулмни келтириб чиқаради. Мана шу маънода қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, кишиларга қилинган зўрликларга, босимларга мен ҳамиша қарши чиқдим. Динини ўзгартириш сингари мунозарали мавзуларга қўл урдим ва “дин мажбурлаш йўқдир” оятига суяниб, динига содиқ ва диний инончдан узоқ бўлганларнинг ҳам эркларни ҳимоя қилдим.

Кишиларни мусулмон бўлишга мажбурлашга ҳеч бир ҳожат йўқдир.  Ўзи инонмасдан туриб, инонганлигини тилда сўзлаган риёкорларга Ислом оммасининг эҳтиёжи йўқ.  Эрк, бирор кишининг мусулмон бўлишидаги энг муҳим ва буюк қадриятдир. Шунинг учун ҳам калимаи шаҳодат келтирган бир киши, инонч ва унинг фарқини англаши балан эркин ирода асосида ўзининг бутун эркинлигини қўлга киритган бўлади.

Масалан, Маккалилар Исломга қаттиқ қарши чиққанларида Пайғамбар ҳазратлари ўз таблиғига тўсиқ бўлмасликларини ва халқ оммасига уларни етказиш ишларига уларнинг аралашмасликларини хоҳлаган эди, холос. Агар Маккаликлар фикр, ифода эркинлигига йўл қўйганларида эди, Расули акрам ҳижрат қилмасди ва она юртини тарк этмасди. Бироқ Унинг хитоблари шунчалар ишончли ва қувватли эдики, унга қарши бир жўяли алтернатив топа олмадилар. Ҳақиқатан Исломнинг далиллари шунчалар кучлики, мусулмонлар бошқаларни мусулмон бўлишга мажбурлаш шарт эмаслигини яхши биладилар.

Шу кунлардаги Тунисда бўлаётган мунозараларнинг катта бир қисми ҳақиқатан Исломни ва секуляризмни тўғри тушунмасликдан ўртага чиқиб турибди. Биз секуляризмнинг бирор фалсафа эмаслигини, унинг фақат Абдулвоҳҳоб ал-Массирининг мақолаларида кўрсатилгани каби қисми ва мутлақ секуляризм орасидаги фарқни билдиргани шаклда тушунча ва инонч эркинлигини қўриш учун безатилган усулий(методик) тузатишлар эканлигини кўрсатдик. Мисол келтириш лозим бўлса, Франция тарихидаги якобиан моделини кўрсатишимиз мумкин бўлади. Папачилик ҳақида уришда якобианлар бир шиор кўтариб чиқишгандилар: “Энг сўнгги папанинг ичаклари билан энг сўнгги Қиролни буғинг!” Бироқ бу французларга хос бир ҳолдир ва секуляризмнинг мутлақ таърифи эмас. Ислом мавзусида ҳам бир тушунмовчилик масаласи ўртадир. Масалан, инсонларнинг эркларини чеклаш йўли билан уларни намозга, рўзага ва бош ёпинчига мажбурлаш билан ютуқларга эришиш мумкинлигига ишонганлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, муваффақиёт бу йўл билан келмайди. Чунки Аллоҳ мунофиқликни жуда катта гуноҳ ҳисоблайди ва шунинг учун жаҳаннам мунофиқларнинг ҳам абадий юрти этиб яратилгандир.

Бу ерда келтирганларим, менинг масалаларни ва Исломнинг секуляризм билан алоқаларини тушунишимни кўрсатадиган ифодалар шаклидир.

 

Мақолани туркчадан ўзбекчалаштирган таржимон

Алибой Йўляхши.

11.06.2012, душанба.

http://www.uzxalqharakati.com/archives/11001

Sorry, the comment form is closed at this time.