May 042014
 


   26-27 апрель кунлари АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракатининг қурултойи бўлиб ўтди[1,2,3,4,5,6].  Ислом Каримов режимининг тазйиқ- таъқиблари туфайли қурултойга Ўзбекистондан  таклиф қилинган Бирдамликнинг 15 фаоли ва меҳмон сифатида таклиф қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаевалар АҚШга кела олишмади[7].

 Қурултойда Баҳодир Чориев “Бирдамлик”нинг раиси этиб сайланди.  Баҳодир Чориев ўзининг ҳисобот нутқида уч босқичли кураш йўлини танлаганини қурултой қатнашчиларига эълон қилди[3].  Нутқдан иқтибос: “Биз ўзбеклар ва барча ватандошларимиз учун шундай хавф ва миллат ҳатти – ҳаракатларини сафарбар қилиш пайти етиб келди. Ҳаракатимиз амалга ошираётган Оқ рангли инқилобнинг Биринчи босқичини жадаллаштириб, инқилобнинг Иккинчи босқичига ўтишга тайёрлик, умумжумҳурият, ҳеч бўлмаса кўпчилик вилоятлар ва пойтахтда нозўравон кураш тадбирларини ўтказа олишимиз билан белгиланади. Бу миллатимиз, юртдошларимиз учун ҳаётий муҳим ишга кўпчиликни қўшилишигина ўлкамиздаги шароитни тубдан ўзгартириши мумкин. Бир ёқадан бош чиқариб, бир кунда кўпчилик вилоятлар ва пойтахтда диктаторнинг истеъфосини талаб қилиб, бир, икки, уч кунлик ишга чиқмасликни, умумреспублика сиёсий юришини, митингларини ташкил этишга эришишимиз зарур.

Ўз навбатида бу нозўравон чиқишлар жараёни, диктатор режимини чекина бошлаши ва оқибат ағдарилиши билан якунланади, яъни Оқ рангли инқилобнинг Учинчи, якуний босқичига ўтиш амалга ошади. Муҳими, Оқсарой, вазирликлар нозўравон курашчилар тарафидан ишғол қилиб бўлингач, “Бирдамлик” олти ойлик муддатга Вақтли Ҳукумат тузади ва Конституция, қонунларни диктаторлик даврида бузилган тарафларини, инқилобий шароитга мос тузатишлар амалга оширилади, миллатимиз орзиқиб кутаётган, сиёсий маҳбуслар ва умуман беайб, фаоллиги учун қамалган фуқаролар зудлик билан озодликка чиқарилади. Улкан сиёсий, иқтисодий, технологик ислоҳатлар режаси ҳаётга тадбиҳ қилина бошланади. Ҳаракатимиз сиёсий партияга айлантирилади ва у бошқа партиялар қаторида Президент ва Парламент сайловларида иштирок этади. [Батафсил қаранг: Дастур; Қўлланма (биринчи) ва Қўлланма (иккинчи)]”. Иқтибос тугади.

 Баҳодир Чориев таклиф қилган инқилобни Ўзбекистонда  амалга ошириш хусусида ўз фикримни билдиришни лозим деб топдим. 

Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, мен Бирдамликнинг оддий аъзосиман, мен Бирдамликнинг  нозўравон кураш йули билан дунёвий эркин, демократик жамият қуришни , Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий мулкчиликка кенг йўл беришни мақсад қилганлиги учун ва Бирдамликда демократик принциплар амалга оширилади деб умид қилганим учун Бирдамликда оддий аъзо эдим, ҳозирда ҳам аъзоликда давом этмоқдаман. 
 
  Охирги 4-5 йил ичида дунёнинг кўп мамлакатларида инқилоблар бўлиб ўтди.  Араб баҳори инқилоби бўлиб ўтган мамлакатлар Миср, Ливия, Яман, Сурия каби араб мамлакатларида инқилоблар иқтисодий-ижтимоий аҳволнинг кескин ёмонлашишига олиб келди, кўп инсоний талафотлар кўрилди.  Сурияда эса мамлакат қарийб хонавайрон бўлди. Бу инқилобларга 2010 йилдаги Қирғизистондаги инқилоб даврида Бишкекда 80 дан ортик намойишчиларнинг ўлдирилиши, Ўш-Жалолободда ўзбекларга нисбатан қирғинни амалга оширилиши ва 2013 йилнинг ноябридан бери Украинада давом этиб келаётган инқилоб натижасида Украинадаги иқтисодий-ижтимоий аҳволнинг кескин ёмонлашганини ҳисобга олсак, Баҳодир Чориев амалга оширмокчи бўлган инқилоб ўз жозибасини йўқотади.
 
  Лекин 2003- йили Грузияда, 2004- йили Украинада, 2005- йили Қирғизистонда ва 2010- йилнинг охири 2011-йилнинг бошларида Тунисда бўлиб ўтган инқилоблар ижобий натижа берди.  Инсоний талафотлар кўрилмади ( фақат Тунисда бир нечта киши қурбон бўлди), иқтисодий-ижтимоий аҳвол кескин ёмонлашмади.  Албатта бу мамлакатлардаги инқилобларнинг кам талафот билан амалга ошишида мамлакат раҳбарлари Эдуард Шеварднадзе, Леонид Кучма, Асқар Акаев, Зайнобиддин Бен Алиларнинг ақллилиги, инсонийлиги ва ҳокимиятга қаттиқ ёпишиб олмаганлигидир.  Инқилобнинг ижобий натижалар беришида ҳокимиятга қандай кучлар келганлиги ҳам катта аҳамиятга эга.  Масалан, Михаил Сакаашвили президент бўлиб сайланишидан олдин Овропа ва АҚШ даги ташкилотларда ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари бўйича фаолият олиб борган, Адлия вазири бўлиб ишлаган эди.  Мен Ўзбекистонда бўладиган инқилоб инсоний талафотларсиз, иқтисодий-ижтимоий аҳволнинг кескин ёмонлашишисиз рўй беради деб ўйлай олмайман.  Чунки Ислом Каримов Эдуард Шеварднадзе, Леонид Кучма, Асқар Акаев, Зайнобиддин Бен Али эмаслигини, 2005- йилдаги Андижон воқеалари яққол тасдиқлайди.  Баҳодир Чориев эса Михаил Сакаашвили эмас.

Лекин шуни ҳисобга олиш керакки, эркин-демократик сайловлар бўлмаган жамиятда хокимият алмашиши диктаторнинг ўлими, сарой тўнтариши ёки халқ инқилоби натижасида рўй беради.  Ўзбекистонда Ислом Каримов режими 20 йилдан ортиқ хокимиятдалиги даврида сиёсий, иқтисодий-ижтимоий либераллаштиришни амалга оширмади ва бундан кейин ҳам амалга оширишига умид йўқ. Бундай шароитда ўзбек мухолифати Ўзбекистонда хокимият алмашишини инсоний талафотларсиз, иқтисодий-ижтимоий аҳволни иложи борича ёмонлашишига йўл қуймасдан амалга оширишга ҳаракат қилиши керак, бу йўналишда Ўзбекистон фуқаролари орасида ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориши керак.  

  Менинг фикримча, Ўзбекистонда рўй берадиган инқилоб, Тожикистон ёки Мисрдаги инқилобларга ўхшаш бўлиш эҳтимоли юқори.  Шу сабабли ҳозирги вазиятда Ўзбекистонда инқилоб амалга оширилишини мен ўринли деб ҳисобламайман.  Унда нима қилиш керак?,- деган савол туғилади.

Ўзбек мухолифати биринчи навбатда сиёсий кучга айланиши керак. Ўзбек мухолифати сиёсий кучга айланиши учун Бирлик халқ ҳаракати партияси, Эрк демократик партияси, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатлари демократик ташкилотларга айланиши керак, бунинг учун раҳбарлари янгиланиши керак.  Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳлар ўз ўринларини ёшларга бўшатиб беришлари керак.

 Баҳодир Чориев Бирдамлик халқ демократик ҳаракатини ўн йилдан бери бошқариб келди ва яна неча йил бошқаришини жамоатчиликка ошкор қилиши керак.  Чунки мен Сент Луисдаги курултойда Бирдамликнинг беш кишилик ҳайъатига сайланган Ботир Норбоевдан:

– “Баҳодир Чориев неча йилга Бирдамликнинг раиси этиб сайланди”- деб берган саволимга, аниқ билмайман уч йилгами ёки беш йилга сайландими аниқ жавоб беролмайман деди.  Бирдамликнинг низомида раис неча йилга ва неча марта сайланиши мумкин деган саволимга аниқ жавоб бера олмади.  Ҳайъатнинг Ўзбекистондаги аъзоси Малоҳат Эшонкулова эса бу саволимга мен қурултойда қатнаша олмадим ва Ўзбекистонда интернет тезлиги пастлиги учун Skype орқали ҳам иштирок эта олмадим, шунинг учун бу саволингизга жавоб бера олмайман деди.  Қурултой қатнашчиси Бирдамликнинг Қозоғистондаги фаоли Раҳимтой Бегалиев эса, Баҳодир Чориев Ўзбекистон президенти бўлгунча, Бирдамликнинг раиси сифатида қайта-қайта сайланаверади деб жавоб берди.  Бу саволга фақат Баҳодир Чориев аниқлик киритиши мумкин.  Қачонки Бирдамликда низом бўйича раҳбарлар алмашса, Бирдамликни демократик халқ ҳаракати дейишимиз мумкин.

  Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, демократик ташкилотлар, демократик мамлакатлар сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорлик қилиши, интеграцияга киришуви осон бўлади.  Мен ўзбек мухолифати ҳаракати, партияларини демократик дея олмайман ва шу сабабли демократик принципларга амал қилмайдиган мухолифат сиёсий кучга айлана олмайди деб ҳисоблайман.  Мен мухолиф партиялар, ҳаракатлар демократлашгандан кейин, улар мухолифат кенгаши, мухолифат маблағи, мухолифатнинг соя хукуматини шакллантириши ва мухолифат етакчисини сайлаши керак деб ҳисоблайман[8,9].

  Яқин 4-5 йиллар мобайнида, ўзбек мухолифати учун қуйидаги йўналишлар муҳим ва долзарб деб ҳисоблайман:

 1.Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш;

2.Қамоқдаги сиёсий  маҳбусларни озод килиш, биринчи навбатда 20 йилдан ортиқ қамокда қолаётган Мурод Жўраевни озод килиш;

3.Бирлик, Эрк, Ўзбекистон халқ ҳаракати ва Бирдамлик халқ демократик ҳаракатини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтишига эришиш;

4.Фурқат Раҳматуллаев Ўзбекистон президентига мурожаатида айтганидек, Ислом Каримовдан Ўзбекистонда мустақил суд системасини яратиш, оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш ва эркин демократик сайловлар ўтказилишини талаб қилиш [10];

5.Ўзбекистонда рўйхатдан ўтишни (прописка), чиқиш визасини бекор килиш;

6.Қўшни давлатларга Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга визасиз бориб келиш ва ҳоказо.

 

 

Абдужалил Бойматов
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти
4- май, 2014- йил
Дублин, Ирландия.

 

1. САЛОМ ҚУРУЛТОЙ! Халқ ҳокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун! 26.04.2014.(http://birdamlik.info/blog/2014/04/26/32033/#more-32033 ).

2. АҚШда мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракатининг қурултойи бўлиб ўтди. 29.04.2014.(http://birdamlik.info/blog/2014/04/29/%D0%B0%D2%9B%D1%88%D0%B4%D0%B0-%D0%BC%D1%83%D1%85%D0%BE%D0%BB%D0%B8%D1%84%D0%B0%D1%82%D0%B4%D0%B0%D0%B3%D0%B8-%D0%B1%D0%B8%D1%80%D0%B4%D0%B0%D0%BC%D0%BB%D0%B8%D0%BA-%D2%B3%D0%B0/).

3. ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ ҚУРУЛТОЙ ЛАВҲАЛАРИ ВА САБОҚЛАРИ! 29.04.2014.(http://birdamlik.info/blog/2014/04/29/32040/).

4. Birdamlik Qurultoyi. 26.04.2014. (http://www.youtube.com/watch?v=TtS9kYYlDYI&feature=share).

5.Birdamlik Qurultoyi 2. 26.04.2014.(http://www.youtube.com/watch?v=PTTGrlcRhFw&feature=share).

6.Birdamlik Qurultoyi 2 kun. 27.04.2014.(http://www.youtube.com/watch?v=8Gk_zQDNJ2Y).

7. Ўзбекистонда “Бирдамлик” аъзоларини ҳатто онлайн-анжуманга ҳам қўйишмади
28.04.2014.(http://www.uznews.net/uz/human-rights/26073-ozbekistonda-birdamlik-azolarini-hatto-onlajn-anzhumanga-ham-qojishmadi).

8. Абдужалил Бойматов: Ўзбек мухолифатининг етакчиларига.Очиқ хат. 22.10.2014.(http://uz.hrsu.org/archives/4454).

9. Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!?. 21.08.2011.(http://uz.hrsu.org/archives/2403#more-2403).

10. Обращение узбека своему президенту. 17.04.2014.
( http://www.youtube.com/watch?v=HmoEAn5pPko)