Feb 192012
 

  Янги йил кириш арафасида, яъни 2011 йилнинг 31 декабрида мен “Россия мухолифати сиёсий кучга айланди, навбат ўзбек мухолифатига?!” номли мақоламни жамоатчилик эътиборига тақдим қилган эдим.[1] Бу мақолада мухолифат етакчилари АбдураҳимПўлатов,Мухаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевларни “Замондош” билан ҳамкорлик қилиб, мухолифат кенгаши, мухолифат етакчиси, мухолифат соя хукумати ва мухолифат маблағини шакллантириш бўйича ишлар олиб бориш таклиф қилинган эди ва Россия мухолифатидан ўрнак олиб, ўзбек мухолифати ҳам Ўзбекистонда эркин ва демократик сайловлар ўтказишгача ўзаро ҳамкорлик қилиш таклиф этилган эди. 

 

  Зеро, “Замондош”  интернет-сайт, Замондош ТВ ва Замондош радиони ўзида мужассамлаштирган интернет порталдир. “Замондош” сайти бир неча йиллардан бери, “Замондош” ТВ қарийб бир йилдан бери, “Замондош” радиоси эса 4 ойдан бери фаолият кўрсатяпти.  Кўриниб турибдики, “Замондош” ўзбек мухолифати учун кенг имкониятларга эга интернет порталдир.

   Орадан қарийб 2 ой ўтди, лекин ўзбек мухолифати лидерлари “Замондош” билан ҳамкорлик қилишмаяпти, “Замондош”ни бойкот қилишяпти. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўз сайти, радиоси ва телевидениесини яратди. Бирдамлик ХалқҲаракати ҳам шу йўлдан кетяпти. Бирлик Халқ Ҳаракати партиясининг ҳозирча сайти бор, радио ва ТВ яратиш бўйича ҳозирча бир интилиш кўзга ташлангани йўқ.

 

  2011 йилнинг кузида Ўзбекистонда газ, свет, бензин тақчиллиги жиддийлашди, бу муаммолар ўзбекларни бир неча йиллардан бери қийнаб келаётган қашшоқлик, болалар меҳнати, мажбурий меҳнат, қийноқлар, сиёсий маҳбусларни озод қилиш, мухолифатни сиёсий кучга айлантириш, Андижон, Ўш ва Жалолобод фожеалари каби муаммоларга қўшимча бўлиб аҳволни янада мураккаблаштириб юборди. Айниқса,Ўзбекистоннинг коррупция бўйича дунёда 1-ўринни эгаллаши [2,3,4,5] Ўзбекистон халқини, Ўзбекистон хукуматини, ўзбек мухолифатини ва қолаверса ўзбек миллатини дунё жамоатчилиги олдида шармандасини чиқарди. Бу шармандагарчиликдан чиқиш учун Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий аҳволни яхшилаш учун Ўзбекистон хукумати, Ўзбекистон мухолифати ва қолаверса ўзбек жамияти ўзаро ҳамкорлик қилиб енг шимариб ишлаши керак. Афсуски, ўзбек мухолифати лидерлари АбдураҳимПўлатов, Мухаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевлар ҳам Ислом Каримов каби эркинлик, демократия, қонун устиворлиги ва фуқаролик жамияти каби муқаддас тушунчаларни байроқ қилиб олиб, бу тушунчаларнинг обрўсини тўкмоқдалар. Дарҳақиқат, Ислом Каримов, Абдураҳим Пўлатов, Мухаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевларнинг ўз ташкилотлари, ўз сайтлари, радио ва телевидениелари бор. Улар ўз оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий  муаммоларни ўзларича талқин қиладилар, лекин жамоатчилик билан мулоқот қилмайдилар.  

 

Менинг фикримча, давр ўзбек мухолифати қуйидаги йўналишлар бўйича иш олиб боришини талаб қилмокда:

1.Ўзбекистонда  свет, газ,бензин тақчиллигига барҳам бериш;    

2. Қашшоқликка қарши кураш; 

3.Коррупцияга қарши кураш; 

4.Болалар меҳнати, мажбурий меҳнатга қарши кураш; .

5.Сиёсий маҳбусларни озод қилиш; .

6.Ислом Каримов истеъфоси; .

7.Ўзбекистонни Турк кенгаши, Турк ПА, Турк ишбилармонлар кенгаши ва Турксойга аъзо бўлишига эришиш.

 

Афсуски, дунё ўзбеклари ва ўзбек мухолифати Андижон, Ўш ва Жалолобод фожеаларида ҳалок бўлган ва жабрланган фуқароларнинг исм ва фамилияларини аниқлаб, БМТга, Голландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган Халқаро Жиноят Судига ва дунё жамоатчилигига тақдим қила олмади. Бу дунё ўзбекларининг ношудлиги, нотавонлигидир. Дунё ўзбеклари мен сиёсатга аралашмайман деб ўз ҳақҳуқуқларини ҳимоя қилишдан ҳам бўйин товламоқдалар. Энди нима қилиш керак?

 

Ўзбекистондаги юқоридаги 7 та йўналишдаги ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш учун ўзбек мухолифатига бир минбар керак. Ўзбек мухолифатига қуйидагилар минбар бўлиши мумкин:

 

1.Митинг ёки оммавий намойишлар[6]. Ҳозирги пайтда Россия мухолифати ўз халқи билан митинг ва бошқа оммавий намойишларда мулоқот қиляпти. Афсуски, ўзбек мухолифати Ўзбекистонда митинг ва бошқа оммавий намойишлар ўтказишга қодир эмас.

2.Озодлик, ББС, Америка овозининг ўзбек бўлимлари мухолифатга минбар бўлиши мумкин. Мен шу пайтгача Озодлик ва ББСнинг ўзбек бўлими журналистларини тарафкашликда айблаб келган эдим[7]. Менимча менинг бу айблашим хато бўлиб чиққанга ўхшайди. Балки асосий муаммо Ислом Каримов, Абдураҳим Пўлатов, Мухаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевларнинг ўзбек халқи билан мулоқот қилишни истамаётганликларидадир?!

 

3.Замондош интернет портали мухолифатга минбар бўлиши мумкин, лекин мен юқорида айтиб ўтган сабабларга кўра бу иш амалга ошмади.

 

4.Ўзбек мухолифати лидерлари ёки ўзбек мухолифати фаоллари ҳамда Ўзбекистон фуқаролари минбар сифатида қандай таклиф киритадилар?

 

19 февраль. 2012 йил.

 

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти.

 

 

 

Фойдаланилган адабиётлар.

 

1.Россия мухолифати сиёсий кучга айланди, навбат ўзбек мухолифатига?! 31.12.2012.(http://uz.hrsu.org/archives/3019#more-3019).

2.Узбекистан – самая коррумпированная и “прогнившая” страна в мире, по версии популярнейшего американского издания The Daily Beast. 10.02.2012.(http://ca-dialog.org/uzbekistan-most-corrupt-countr/ ).

3. Ўзбекистон мисли кўрилмаган табиий офатдан азият чеккан Япониядан грант олаяпти… 14.02.2012. (http://www.yangifikr.com/news/index.php?option=com_content&view=article&id=413:2012-02-14-07-47-30&catid=1:latest-news).

4. Коррупция нимадан бошланади? Болалар боғчасидан.15.02.2012.(http://www.uznews.net/article_single.php?lng=uz&cid=22&aid=892).

5.Ўзбекистонда дин ҳам коррупциялашганми? 16.02.2012. (http://www.uznews.net/article_single.php?lng=uz&cid=23&aid=893).

6. Жин Шарп. Диктатурадан демократияга.(http://muxlis.at.ua/kitoblar/Huquq/d.pdf).

7. Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!?.21.08.2011.(http://uz.hrsu.org/archives/2403#more-2403).

Sorry, the comment form is closed at this time.