Dec 232014
 

21- декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлисга ва Маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтди. Афсуски, бу сайловларни мен инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида эркин, демократик сайловлар дея олмайман.

 

1991- йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1-моддасида:Ўзбекистон-суверен демократик республика. Давлатнинг “Ўзбекистон Республикаси” ва “Ўзбекистон” деган номлари бир маьнони англатади”-дейилган. Конституциянинг юқоридаги келтирилган моддасида кўрсатиб ўтилганидек Ўзбекистон эркин,демократик давлат қуришни мақсад қилиб қўйган эди. Орадан 23 йил ўтди, ҳамон Ўзбекистонда эркинлик, демократия йўқ [1].

 

Нега шундай бўлди? Биз қандай хатоларга йўл қўйдикки эркин, демократик жамият қура олмадик?

 

Мен бунинг тўрт сабаби бор деб ўйлайман:

1.Ўзбекистонни 1989-йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримов хокимиятни узурпация қилиб олди, яьни Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 90-моддаси: “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон худудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас“-деб ёзилган. Ислом Каримов 2010-йилда Президентлик ваколати тугаганига қарамасдан ҳанузгача Ўзбекистонни Президент сифатида, диктатор сифатида бошқариб келяпти. Ҳозирги кунга келиб Ўзбекистонда порахўрлик, коррупция, зўравонлик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг оммавий оёқ ости қилиниши кенг тарқалган. Ислом Каримовнинг қизлари Гулнора Каримова ва Лола Каримова коррупция, зўравонлик билан миллиардлаб бойлик тўплаб олишга эришишди.

 

2.Ислом Каримов режимига мухолифатда бўлган “Бирлик Халқ Ҳаракати партияси”, “Эрк Демократик партияси, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва Бирдамлик Халқ Ҳаракати партияларида демократиянинг йўқлигидир. Абдураҳим Пўлатов Бирлик Халқ Ҳаракатини 1989-йилдан 2003-йилгача ва шу номдаги партияни, яьни Бирлик Халқ Ҳаракати партиясини 2003-йилдан ҳозирги кунгача, яьни ҳаммаси бўлиб 25 йилдан ортиқ бошқариб келяпти [2].

 

Муҳаммад Солиҳ Эрк Демократик партиясига 1990-йилдан бери, яьни 24 йилдан зиёд раҳбарлик қилиб келмоқда. Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига 2011-йил -ташкил топганидан бери раис. ЎХҲи низомига кўра раис бир йил муддатга сайланар эди, ҳаракатнинг 2012-йилдаги қурултойида низомга раис уч йилга сайланиши тўғрисида ўзгартириш киритилди. Муҳаммад Солиҳ ЎХҲи раислигини узурпация қилиб олди деб қаттиқ ишонч билан айта оламан. 2015-йилда ЎХҲининг навбатдаги қурултойи бўлиши керак, бу қурултойда ҳам Муҳаммад Солиҳ раис бўлиб сайланишига шубҳа йўқ.

 

Бирдамлик Халқ Ҳаракати раиси Баҳодир Чориевга нисбатан менда у ўзининг ташкилотида эркинлик, демократия принципларига амал қилади деган ишонч бор эди. Шу сабабли мен бу ҳаракатда оддий аъзо сифатида фаолият юритдим, 2011-йилдан эса актив фаолият олиб бордим. 2014-йилнинг 26-27-апрель кунлари АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракатининг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтди [3]. Бу қурултойда Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракати Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракати партияси деб ўзгартирилди. Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракати партиясининг низомига кўра партия раиси ҳар уч йилда қайта сайланади. Лекин низомда партия раиси неча марта сайланиши кўрсатилмаган. Баҳодир Чориевнинг “Саҳвийрадиоблогига берган интервьюсида партия раиси неча марта сайланиши чекланмаган[4, 5]. Яьни, бошқача айтганда Баҳодир Чориев ҳам Ислом Каримов, Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳларнинг йўлини танлади. Мен Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракати партияга айланганлиги сабабли ўз-ўзидан бу ташкилот аъзолигидан чиқиб кетдим.

 

3.Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Исломий Жиҳод Иттифоқи, Ҳизбут-Таҳрир партиялари Ўзбекистонда шариат асосида бошқариладиган давлат ёки халифаликни ўрнатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлар. Бу исломий ташкилотларнинг (Ҳизбут-Тахрирдан ташқари) фаоллари Афғонистон, Покистон, Ироқ ва Сурия жанг майдонларида фаолият кўрсатмоқдалар.

 

4.Ўзбекистон фуқаролари эркин, демократик жамиятда яшаб кўрмаганлари учун, сиёсий фаолият юритиш тажрибаси йўқлиги туфайли аксарияти фуқаролик жамияти ташкилотларида фаолият юритмаяптилар, яьни бошқача айтганда улар Ўзбекистондаги мухолиф ҳаракатлар, партиялар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, сўз эркинлиги учун курашувчи ва ҳоказо ташкилотларга аъзо бўлиб фаолият кўрсатмаяптилар.

 

 

Мени ҳайрон қолдирадиган нарса шуки, диктатор Ислом Каримов 23 йилдан бери Ўзбекистонда эркин, демократик жамият қурдик деб иддао қилиб келади. Диктатор Ислом Каримов ва дунёвий мухолифат етакчилари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ, Баҳодир Чориевлар Ўзбекистонда эркин, демократик жамиятни қоғозда,оғизда иддао қилсаларда амалда эса бутунлай тескариси. ЎХҲи етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг ўта диндорлиги ва бу ҳаракатнинг аксарият аьзолари диндорлигини ҳисобга олсак, бу ташкилотнинг дунёвий жамият қуришига катта шубҳам борлигини таькидлаб ўтмоқчиман. Диний ташкилотларнинг эркин, демократик жамият қуриши тўғрисида гапирмасак ҳам бўлади. Юқоридаги тўрт сабабга кўра Ўзбекистонда эркин, демократик жамият ўрнига шафқатсиз диктатура ўрнатилганлигига ажабланмасак ҳам бўлади.

 

Бундай ҳолатда нима қилиш керак деган савол келиб чиқади. Ўз-ўзидан маьлумки, Ислом Каримовнинг эркин, демократик жамият қуриш йўналишида сиёсий,иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишидан умид йўқ, чунки бу унинг манфаатларига зид. Ўзбек мухолифати етакчиларининг ўринларини ёшларга бўшатиб беришлари ҳам даргумон. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Исломий Жиҳод Иттифоқи, Ҳизбут-Таҳрир каби ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасининг икки моддасини:

61-модда. Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.

 

41-модда.Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таьлим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”- каби моддаларни ҳурмат қилиб дунёвий мухолифат билан ҳамкорлик қилиши тўғрисида гапиришнинг ўзи ҳам кулгилидир.

 

Бундай шароитда Ўзбекистон фуқароларидан эркин, демократик жамият қуриш йўлида фаолликни кутиш амри маҳол.

 

Биз ўзбеклар учун эркин, демократик жамият қуришнинг Туркия модели ўрнак бўла олади деб ўйлайман. Чунки, Туркияда ҳам Ўзбекистондагидай Мустафо Камол Ота-Турк давридан дин давлатдан ва маорифдан ажратилган. 2013 йилга тегишли маьлумотга кўра Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган маҳсулот 3 800 АҚШ доллари, Туркияда эса 15 300 АҚШ долларидир. Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий ривожланиш даражаси Туркиянинг 1985-йилдаги даражасига тўғри келади.[6,7]

 

Туркияда 2002 йилдаги парламент сайловларида 2001 йилда ташкиллашган Адолат ва Тараққиёт партияси катта ғалаба қозонди. Партия парламентдаги 550 ўриннинг учдан икки қисмдан кўпроғини эгаллашга эришган. Ўша пайтда Туркияда аҳоли жон бошига ишлаб чиқилган маҳсулот 7000 АҚШ доллари бўлган. Бугунги кунда юқорида айтиб ўтилганидек 15.300 АҚШ долларига тенг. Бундан кўриниб турибдики Туркия Адолат ва Тараққиёт партияси қудратга келгандан бери иқтисодий ижтимоий ўсишда энг салмоқли натижаларга эришди. Партиянинг ҳозирги кунда 7.5 миллион (2013) аъзоси бор. Партиянинг идеологияси: иқтисодий либерал, ижтимоий консервативдир.[8]

 

Ўзбекистон жамияти учун ҳам Туркиядагидек Адолат ва Тараққиёт партиясига ўхшаган партия ўта зарур. Ҳамма гап Ўзбекистонда ҳам мусулмонлар ичидан илғор, замонавий фикрлайдиган зиёлилар шундай партия туза оладиларми?!

 

Озодлик, ВВС, Америка Овози радиостанцияларида Ўзбекистон дунёвий мухолифати етакчиларининг демократик етакчилар эмаслиги, Ўзбекистонда эркин, демократик жамиятни қуриш учун нималар қилиш керак, хатолар, камчиликлар, ютуқлар тўғрисида баҳс-мунозарали эшиттиришлар ташкил қилинмаяпти?! Мухолифат етакчилари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориев билан радио эшитувчилар ўртасида тўғридан тўғри мулоқот ташкил қилинмаябди. Бунинг ўрнига Озодлик, ВВС Муҳаммад Солиҳни мухолифатнинг ягона етакчиси қилиб кўрсатиш билан овора. Ҳозирги қийин вазиятдан чиқишнинг ягона йўли Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий вазиятни, дунёвий мухолифатдаги, диний ташкилотлардаги вазиятни Озодлик, ВВС, Америка Овози радиостанциялари ёритиши керак. Эркин, демократик жамият қуришдаги мусулмон мамлакатларининг тажрибасини, дунё тажрибасини кенг ёритиб, муҳокама қилиб, бу оғир вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини топиш мумкин.

 

 

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти

23-декабрь, 2014-йил

Дублин, Ирландия

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. (http://lex.uz/Pages/GetAct.aspx?lact_id=20596).

 

2. Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!?. 21.08.2011.(http://uz.hrsu.org/archives/2403#more-2403).

 

3. Баҳодир Чориев демократми?! 04.05.2014. (http://uz.hrsu.org/archives/6770).

 

4. Баҳодир Чориев радио тингловчилар саволларига жавоб берди. 01.12.2014.(https://soundcloud.com/tayanch-org/jprcwm5y81wp).

 

5. Ҳуқуқбон ташкилотлар ичида нега ёшлар йўқ? (Давра суҳбати). 02.12.2014. (https://soundcloud.com/tayanch-org/tybtk7p7wncv).

 

6. Turkey GDP – per capita (PPP).(http://www.indexmundi.com/turkey/gdp_per_capita_%28ppp%29.html).

 

7. Uzbekistan GDP – per capita (PPP).(http://www.indexmundi.com/uzbekistan/gdp_per_capita_%28ppp%29.html).

 

8. Justice and Development Party (Turkey).(http://en.wikipedia.org/wiki/Justice_and_Development_Party_%28Turkey%29).