Jun 292018
 

Озодликда: “Халқ таълими вазирлигидаги барча бошқарма ва бўлим бошлиқлари ишдан олинди”. Бу сарлавҳани ўқибоқ Халқ таълими вазирлигида улкан ўзгаришлар бўлаётган бўлса керак деб мақолани ўқий бошладим.

Мақоладан иқтибос:”Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов вазирлик марказий аппаратидаги барча бошқарма ва бўлим бошлиқларини 25 июнь куни ишдан бўшатди.

Мазкур қарор президент Шавкат Мирзиёевнинг вазирлик кадрлари таркибини янгилаш кўрсатмасига асосан қабул қилинди”, дейилади “Газета уз” вазирликка таянган ҳолда тарқатган хабарда.

Шерзод Шерматов ходимлар билан учрашувда вазирликнинг фаолияти сифат, адолат ва шаффофлик принциплари асосида олиб борилишини, асосий мақсад эса ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш бўлишини таъкидлаган.

Фақат мана шу мақсад ва уч асосий принципга амал қила олганларгина вазирликда қолади, бунга тайёр бўлмаганлар билан эса хайрлашамиз”, деган вазир.

20 июнда 2013 йилдан буён халқ таълими вазири лавозимда ишлаб келган Улуғбек Иноятов ишдан олиниб, унинг ўрнига инновацион ривожланиш вазири ўринбосари бўлиб ишлаб келган Шерзод Шерматов тайинланган эди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Қодирбой Бектурдиев, вазир ўринбосарлари Жаҳонгир Сидиқов ва Дилшод Кенжаев ҳам лавозимидан озод қилинган.Халқ таълими вазири ўринбосари лавозимини фақатгина Алишер Саъдуллаев сақлаб қолганди.

Ишдан олинганлар ўрнига Тошкентдаги Инҳа университети ректори бўлиб ишлаган Сарвар Бобохўжаев, инновацион ривожланиш вазирининг собиқ ўринбосарлари Отабек Назиров ва Алишер Умаровлар вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

21 июнда ўтган видеоселектор йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов вилоят, шаҳар, туман ҳокимларига мактаб директорлари ва ўқитувчиларини турли даражадаги йиғилишларга чақиришни тақиқлаган эди.

Бош вазир мактабларни ҳокимлар назоратидан чиқарган ва эндиликда ўқув муассасалари фақат Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини айтган.

Бош вазир янги раҳбарлар олдига ўқитувчилар обрўсини, малакасини ва иш ҳаққини ошириш, ўқув дастурларини яхшилаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозлик ишларидан бўшатиш каби вазифаларни қўйган.

Аввалроқ Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида президентининг “Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинган.

Муҳокамаси 28 июнда якунланадиган ва кучга кирадиган мазкур қарорда 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақларини 24 фоизга, бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақларини эса 10 фоизга ошириш назарда тутилган”. Иқтибос тугади. [1].

Бу мақолани ўқиш давомида менинг энсам қотди. Чунки, йиллар давомида мен учун Халқ таълими мажбурий меҳнат, коррупция, зўравонлик, ҳуқуқсизлик ўчоғи сифатида, ўқитувчилар эса ҳокимларнинг салкам мардикори сифатида гавдаланарди.

Зеро, Ўзбекистон замонавий қуллик кўрсаткичи бўйича дунёда Шимолий Кореядан кейин 2-ўринни эгаллайди. [2].

Transparency International ташкилотининг 2017-йил коррупция кўрсаткичи бўйича( Corruption Perceptions Index 2017 )

Ўзбекистон 22 балл билан дунёда 180 мамлакат ичида 157-ўринда.

(Янги Зеландия 89 балл билан 1-ўринни эгаллаган, яъни Янги Зеландияда коррупция даражаси энг кам). [3].

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнат, коррупция бўйича дунёда шармандали ўринни эгаллагани тўғрисида мутлақо гапирмайди. Ўзбекистондаги оммавий-ахборот воситалари ҳам бу тўғрида лом-мим демайди. Лекин, Ўзбекистоннинг бу шармандали ҳолатидан дунё хабардор. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун, коррупцияга қақшатқич зарба бериш учун кучли фуқаролик жамияти зарур.

Озодликдан иқтибос:”Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь – Ўзбекистон Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида журналистларга йўллаган табригида ўзбек матбуотида “ошкоралик” ва “холис танқид” руҳи пайдо бўлганини олқишлади.

Газеталаримиз, теле-радиоканалларимизда ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучайгани, бевосита хорижий мамлакатлардан тайёрланаётган материаллар сони ортиб бораётганини биз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз”, дейилади президентнинг табригида.

Айни пайтда Мирзиёев оммавий ахборот воситаларини чинаккам тўртинчи ҳокимиятга айланиши учун кўп ишлар қилиниши лозимлигини урғулади.

Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби”, деб таъкидлади президент”. Иқтибос тугади. [4].

Америка Овозидан иқтибос:”Муаммоларга учрай бошлаган ўзбек матбуоти танқиддан холи келаётган Президент Шавкат Мирзиёевдан нажот кутмоқда. Бир ҳафтадирки, мамлакатдаги илғор ахборот агентликларининг интернет саҳифаларига кириш қийинлашган. Улардан бири, тезкор чиқишлари билан танилган Кун.уз саҳифасига кириш тўсилган.

Нашрлардан яна бири Соф.уз ўз баёнотида Ўзбекистонда айнан танқидий чиқишлари билан танилган ахборот воситалари “техник” муаммоларга учраётганига диққат қаратди. Сўнгги йилда илдамлашган ўзбек матбуотининг “техник” босимга учрай бошлаши ижтимоий тармоқларда норозилик уйғотган, президентга мурожаат қилинмоқда.

Ўтган ҳафтадан бошлаб очилиши қийинлашган Кун.уз, Соф.уз. Азон.уз, Қалампир.уз, Хабар.уз каби илғор нашрлар сайтлари айни пайтда бир қадар муаммодан ҳоли. Фақат Кун.уз бутунлай тўсилганича қолмоқда”. Иқтибос тугади. [5].

Centre1.com интернет-сайтининг ёзиши бўйича Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси етакчиси Елена Урлаева 26-июнь куни Тошкент шаҳар судининг Жиноий ишлар бўйича раиси Б. Исломовдан хат олган. Елена Урлаева бу хатдан 11-июнь куни Тошкентдаги Сирғали туман суди 2-руҳий диспансер бош врачининг Елена Урлаевани мажбурий даволаш бўйича сўровини рад қилганлигини билди.

Суднинг қарорига кўра, Елена Урлаева бу касалхонада “мажбурий уйидан қатнаб (амбулатория) даволаниш”и зарурлиги таъкидланган. Елена Урлаева марҳум диктатор Ислом Каримов даврида 2002, 2005, 2012, 2015, 2016 ва 2017-йилларда руҳий касалхонада мажбурий даволантирилган. [6]. Бу ҳолат ҳозирги президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам такрорланяпти.

Кун.уз ва Елена Урлаева билан бўлган вазият президент Шавкат Мирзиёевнинг оғиздаги “халқпарварлик” сиёсатининг амалдаги ҳақиқий кўринишидир. Зеро, кучли фуқаролик жамиятисиз мажбурий меҳнат ва коррупцияга қарши самарали курашиб бўлмайди.

Ўқитувчиларнинг маошига келсак, мен “Президент Шавкат Мирзиёев мажбурий меҳнатга барҳам бера оладими? Диана Еникеева ўлими” номли мақолам ва шу номдаги видеода Ўзбекистондаги юқори синф ўқитувчиларининг маоши билан дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги ўқитувчиларнинг маошлари таққосланган эди.

Мақоладан иқтибос: “Ўзбекистонда юқори синф ўқитувчилари маоши ўртача 125 АҚШ долларига тенг, умуман олганда 100-200 АҚШ доллари атрофида.[7,8].

Дунёнинг ривожланган мамлакатлари;

1.Люксембургда янги ишни бошлаган ўқитувчи бир йилда 80.000 долларга тенг йиллик маош олади. 15 йил ишлагандан кейин эса 140.000 АҚШ долларидан ҳам кўпроқ йиллик маош олиши мумкин. Яъни бир ойлик маоши 6.600 доллардан бошланиб 12.000 доллардан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин [9].

2.Францияда янги иш бошлаган ўқитувчи бир йилда 35.000 АҚШ доллари, энг кўпи билан 60.000 АҚШ долларигача йиллик маош олиши мумкин. Бир ойлик маош 3.000 АҚШ долларидан 5.000 гача олиши мумкин.

3.Жанубий Кореяда 30.000 АҚШ доллари, улар энг кўпи билан 80.000-85.000 йиллик маош олиши мумкин. Яъни ойлик маоши 2.500 дан 7.000 АҚШ долларигача бўлади.

4.Японияда 20.000-23.000 АҚШ долларидан 60.000 АҚШ доллари йиллик маош олиши мумкин. Яъни ойлик маоши 2.000 дан 5.000 АҚШ долларигача”. Иқтибос тугади. [9].

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг маошини Ўзбекистон иқтисоди ривожлана бошласа оширса бўлади, Ўзбекистон иқтисоди эса, қачонки, ўрта синф шаклланиши учун шароит яратилса ривожланади.

Озодликдан иқтибос: “Қашқардарё вилояти Қарши туманида буғдой режасини бажара олмаган фермерлар туман Ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан мунтазам калтакланмоқда.

27 июнь куни шундай иддао билан жабрланган фермерларнинг ўзлари Озодликка мурожаат қилди.

Озодлик гаплашган қаршилик фермерлар, милиция бошлиғи планни бажармаганларни бир сафга тердириб, икки марта калтаклагани ва қўшни фермерлардан буғдой сотиб олиб, режани бажаришни талаб қилганини ҳикоя қилди.

Қарши туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабов Озодлик саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочди”. Иқтибос тугади. [10].

Яна Озодликдан иқтибос:”Қашқадарё вилояти Миришкор туманида фермерлик қилган 50 яшар фермер Шерали Давронов 18 июнь кечқурун ўз жонига қасд қилди.

Озодликка келган бу хабарни тасдиқлаган ички ишлар мулозимига кўра, Шерали Давронов уй айвонининг тўсинига ўзини осган.

Фермернинг яқинлари ўша куни туман ҳокими уни буғдой режасини бажармагани учун мажлисда уриб ҳақорат қилганидан сўнг уйга келиб ўз жонига суиқасд қилганини иддао қилмоқда.

Туман ҳокими фермерни сўккани ва ургани ҳақидаги иддаоларни инкор қилди”. Иқтибос тугади. [11].

Юқорида келтирилган Ўзбекистон ҳокимияти томонидан фермерларга бўлган зўравонликнинг икки кўриниши ва менинг “Зокир Алиев, Рустам Усмонов, Шоира Ҳасанова ва фермерлар иши” номли мақолам ва шу номдаги видеода Ўзбекистон ҳокимияти томонидан ўрта синф вакилларининг ҳуқуқлари ва эркинликлари оёқ ости қилинганлиги, Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев даврида ўрта синф вакилларининг аянчли аҳволини кўрсатяпти. [12,13].

Менинг фикримча, Халқ таълимидаги раҳбарларнинг ишдан бўшатилиб, уларнинг ўрнига янги раҳбарларнинг келтирилиши фақатгина кичик косметик ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Лекин кучли фуқаролик жамиятисиз коррупцияга қақшатқич зарба бериб бўлмайди.

Ўзбекистон иқтисодиёти коррупция даражаси юқори бўлган Ўзбекистонда ўрта синф вакилларининг ҳуқуқ ва эркинлари оёқ ости қилинган вазиятларда ҳам бир амаллаб, зўриқиб бирмунча ривожланиши мумкин. Бу зўриқиб бирмунча ривожланишдан юқори даражадаги бир ҳовуч коррупционерлар фойда кўради.

Бироқ, Ўзбекистон ватандошлари бу “иқтисодий ривожланишдан” фойда кўрмайдилар. Аммо, Ўзбекистон ватандошлари “иқтисодий ривожланиш” натижасида келиб чиққан Ўзбекистон қарзини келажакда тўлашларига тўғри келади.

Ўзбекистон ватандошлари марҳум диктатор Ислом Каримовнинг Ўзбекистонни 27 йил бошқаруви даврида аҳмоқ бўлиб қолган эдилар.

Наҳотки, президент Шавкат Мирзиёевнинг бошқаруви даврида ҳам яна аҳмоқ бўлиб қоладилар!?

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

29июнь, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Халқ таълими вазирлигидаги барча бошқарма ва бўлим бошлиқлари ишдан олинди. 26.06.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29320693.html ).

2. Slavery index by countries. 2016. ( https://www.globalslaveryindex.org/findings/ ).

3. Corruption Perceptions Index 2017.(https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017 ).

4. Мирзиёев ўзбек матбуотида “ошкоралик ва холис танқид руҳи” пайдо бўлганини олқишлади. 28.06.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29324763.html ).

5. “Texnik” muammoga uchragan saytlar prezidentdan najot kutmoqda. 25.06.2018. ( https://www.amerikaovozi.com/a/uzbekistan-blocked-websites/4453687.html ).

6. Суд – за очередное принудительное лечение Елены Урлаевой. 27.06.2018. ( https://centre1.com/uzbekistan/sud-za-ocherednoe-prinuditelnoe-lechenie-eleny-urlaevoj/ ).

7. Педагогларнинг таътил пуллари қандай ҳисобланади? 13.05.2017. (http://idum.uz/archives/11394 ).

8. Average monthly salary in Uzbekistan is US$125- Statistics committee. 15.12.2017.

( http://tashkenttimes.uz/national/1814-average-monthly-salary-in-uzbekistan-is-us-125-statistics-committee ).

9. Different Teacher Salaries Around the World. 2017. (https://www.educationdegree.com/articles/teaching-salaries-around-the-world ).

10. Қарши милицияси бошлиғи буғдой режасини бажара олмаган фермерларни аëвсиз калтакламоқда. 27.08.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/militsiya-boshligi-fermerlarni-urdi/29323674.html ).

11. Ҳоким калтагидан сўнг қашқадарёлик фермернинг ўзини осгани иддао қилинди. 23.06.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/fermer-uzini-osdi/29315116.html ).

12. Зокир Алиев, Рустам Усмонов, Шоира Ҳасанова ва фермерлар иши. 22.06.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9047#more-9047 ).

13. Зокир Алиев, Рустам Усмонов, Шоира Ҳасанова ва фермерлар иши. Видео. 23.06.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9049 ).