May 262018
 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018-йилнинг 15, 16,17-май кунлари расмий ташриф билан АҚШда бўлди. Президентнинг АҚШга расмий ташрифи олдидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятининг ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш учун кўп чора тадбирлар кўрилган эди. Мен бу ҳақда “Президент Шавкат Мирзиёев қандай қилиб АҚШга расмий ташриф билан боришга эришди”?-деган мақолам ва шу номдаги youtubeдаги видеода ўз фикрларимни баён этган эдим. [1,2].

Бу сафар фақат Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат бўйича тўҳталмоқчиман. Қуйида мажбурий меҳнат бўйича менга маълум бўлган, кўрилган чора тадбирлардан мисоллар келтираман:

1.АҚШ Ўзбекистонни қўллаб қувватлайди. Америка овозидан иқтибос: “Ўзбек расмийлари мамлакатда инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга доир аниқ ҳамда амалий чора-тадбирларни амалга оширмоқчилар. Иқтибос тугади.[3].

2.Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори. Озодликдан иқтибос: “Бу муддао Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан 10 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорида ўз ифодасини топган.

Мазкур қарор Ўзбекистон Конституциясида ва бошқа қонун ҳужжатларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлангани, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, бирон-бир жазо қўлланиши билан қўрқитган ҳолда ишларни бажаришга мажбурлашни тақиқловчи нормалар мустаҳкамланганини эътиборга олган ҳолда қабул қилингани урғуланмоқда.

Қарорнинг амалга оширилиши юзасидан ҳокимликлар, прокуратура, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Адлия вазирлиги тегишли топшириқлар берилган”. Иқтибос тугади. [4].

3.Соғлиқни Сақлаш Вазирлигида махсус комиссиялар тузилиши.

Яна Озодликдан иқтибос: “Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт муассасаларида ходимларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига йўл қўймаслик учун махсус комиссиялар тузилишини маълум қилди.

Вазирликка таяниб Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, вазир Алишер Шодмонов Бош вазир Абдулла Арипов билан ўтган видеоселектор йиғилишидан сўнг шундай топшириқ берган.

Расмий хабарга кўра, комиссиялар доимий равишда ишлайди ва шифокорлар, ҳамшираларнинг дала, коммунал ва ободончилик ишларига иш ҳақисиз жалб қилиниши ҳолларини назорат қилади.

“Бундан буён соғлиқни сақлаш соҳасининг бирорта ходими жамаотчилик ишларига жалб қилинмайди. Ўз-ўзини алдаш, кўзбўямачилик билан бир-икки кун кун кечириш мумкин, аммо бу билан келажакни қуриб бўлмайди”, дея иқтибос келтиради нашр вазир Алишер Шодмоновдан. [5].

4.Вазирлар маҳкамасида йиғилиш. Озодликдан иқтибос: “17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида йиғилиш бўлиб ўтган эди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган мажбурий меҳнатга қарши кампания доирасида ўтказилган йиғилишда Бош вазир бу борада содир этилган қонунбузарликларни санади.

Шу йиғилишда ўқитувчи ва шифокорларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаётганини яширгани учун халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга ҳайфсан эълон қилинганди.

Бундан ташқари, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев қатъий огоҳлантирилган, Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ҳайфсан олган эди. Халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ҳам интизомий жазога тортилган. [5].

5.Диана Еникееванинг ўлими бўйича амалдорларга кўрилган чоралар. Суд қарори.

Озодликдан иқтибос: ”Мактубда айтилишича, Диана Еникееванинг фожеали ўлими бўйича Ўзбекистон ЖКнинг 266-моддаси, 2-қисми асосида 14 март куни қўзғатилган жиноят иши суриштируви тугаб, 29 март куни иш судга оширилган.

Суриштирув натижасида “ободонлаштириш ишларини ўтказишда йўл қўйган камчиликлари учун” Каттақўрғон тумани Халқ таълими бўлими мудири Жуманазаров А., 42-мактаб директори Болтаева Н. ишдан олинган, мактаб директори ўринбосари Маматов Х.га ҳайфсан эълон қилинган.

Шунингдек, вилоят прокурори жавоб хатида Дианани уриб юборгани учун ЖКнинг 266-моддаси, 2-қисмида айбланган ҳайдовчининг иши судга оширилгани айтилган.

ЖКнинг 266-моддаси, 2-қисмида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш ўлим ҳолати билан тугаши кўзда тутилган ва айби исботланса, ҳайдовчи 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.Иқтибос тугади.[6].

Яна Озодликдан иқтибос: “14 март куни кўча тозалашга чиқарилган 23 ёшли Диана Еникеевани уриб кетган юк машинаси ҳайдовчиси Акрам Элмуродов Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди ҳукми билан Жиноят Кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) да кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Диана ўлимига сабаб бўлган ҳалокат айбдори¸ шунингдек¸ уч йил давомида транспорт воситасини бошқариш ҳаққидан ҳам маҳрум этилди.

Газета.уз нашрининг ëзишича¸ Каттақўрғон туман ҳокимининг ëшлар сиëсати ва ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Мусахон Музафффаров ва Каттақўрғон туман Халқ таълими бўлими раҳбари Алишер Жуманазаровлар Жиноят Кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) да кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва икки йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Суд ҳукмига кўра¸ иккала собиқ масъул ўз иш ҳақининг 20 фоизини давлатга тўлайди ва уларнинг бир йил давомида раҳбарлик лавозимига тайинланиши тақиқланади”. Иқтибос тугади.[7].

Мажбурий меҳнат бўйича чора тадбирларнинг Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга расмий сафаридан кейинги амалиёти бўйича учта мисол:

1.Президентнинг Андижонга ташрифи. Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга расмий сафардан қайтиб келганидан кейин 19-май куни Андижон вилоятига ташриф буюрди.

Озодликдан иқтибос: “Президент ташрифи билан боғлиқ вазиятдан хабардор андижонлик мулозимнинг Озодликка айтишича, 19 май куни Андижон шаҳрида мактаблар ўқитувчилари президент бориши режаланган қишлоқларга жўнатилган.

Масалан, 15, 4, 3- мактаблар Улуғнор туманига жўнатилди. Улар Улуғнорда президент борадиган жойларда аҳолини кўчага чиқармасдан ушлаб туришади. Бугун соат 20:00да Улуғнорда президент йиғилиш ўтказади. Президент ўша ерда видео селектор қилиши режалаштирилган. Андижон шаҳридаги селектор иштирокчилари фақат аёллар бўлиши мумкин. Чунки эркаклар келишини отмень қилишди. Ҳозирча сабаби маълум эмас”, деди андижонлик мулозим”. Иқтибос тугади. [8].

Яна Озодликдан иқтибос: “Андижондан олинган маълумотга кўра, президент ташрифи боис ҳуқуқ-тартибот идоралари 19 май куни эрталаб соат 4дан “оёққа турган”.

Соат тўртда аэропортда развод бўлди. Йўлларда ҳаракатланиш тўхтади. Худди Каримовни кутиб олишга ўхшаган вазият. Йўллар тўсилган. Катта кўчаларга катта машиналар қўйилиб, тўсилди. Ҳар юз метрга милиция ва солиқ ходимлари иккитадан ташланган. Ҳаммамиз гражданский кийимда турибмиз”, деди ўзи бевосита ушбу тадбирларда иштирок этаётган ҳуқуқ-тартибот идораси ходими”. Иқтибос тугади. [8].

2.Азамат Умаров, кўча супуртириш.

Озодликдан иқтибос: ”Президент Мирзиëевнинг Самарқанд сафари арафасида кўча тозалашга мажбурланган 23 яшар каттақўрғонлик ўқитувчининг 14 март кунги фожиали ўлими ортидан Азамат Умаров вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбари лавозимидан бўшатилган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Умаров 18 май куни Самарқанд шаҳридаги 62-сонли мактаб-интернатга директор этиб тайинланган ва дарҳол ўқитувчиларни яна ободонлаштиришга ҳайдаган.

Самарқанд шаҳридаги 62-сонли ақлий имконияти чекланган болалар мактаб- интернатининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ўқитувчиларидан бири янги тайинланган директор Азамат Умаров ишга чиқиши билан ҳаммани кўча тозалашга мажбурлаганини айтади:

– Янги директор ўша куннинг ўзида (18 май куни) йиғилиш ўтказиб, шанба, якшанба кунлари ҳамма ўқитувчи, тарбиячи, ишчи ходимларни ободонлаштириш, кўча тозалаш ишларига келишга мажбур қилди. Кўпчилик ёш болали ходимлар, боласини етаклаб эрталабдан мактаб интернатига келишга мажбур бўлди”, – дейди 62-сон мактаб-интернати ўқитувчиси”. Иқтибос тугади. [9].

Озодликнинг бу хабаридан воқиб бўлган Самарқанд вилояти раҳбарияти дарҳол Азамат Умаровни ишдан бўшатган. Жуда тез чора кўрилдан.

Озодликдан иқтибос: “Самарқанд вилоятидаги 62-сонли махсус мактаб-интернатга 18 май куни директор этиб тайинланган Азамат Умаров ўқитувчиларни шанба ва якшанба кунлари мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Озодликка Самарқанд Халқ таълими бошқармаси мулозими маълум қилди. Умаровнинг ишдан олиниши унинг ўқитувчиларни кўча тозалашга мажбурлагани ҳақдаги 22 май кунги Озодлик хабари ортидан рўй берди”. Иқтибос тугади.[10].

3.Ободонлаштиришдаги “ўлик жонлар”га ёзилаётган ойлик.

Озодликдан иқтибос: “Мен – Улбеке Гулманова, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-1 даҳаси 26-уй 42-хонадонда истиқомат қиламан. 2001 йилдан бери Тошкент шаҳри Ободонлаштириш бошқармасининг сунъий иншоотлардан фойдаланиш ва уларни сақлашга ихтисослаштирилган бўлимида фаррош бўлиб ишлаб келаман.

Мен Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлардан руҳланиб, тизимда давлат пулини ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан масъул ташкилотларга қайта-қайта мурожаат йўлладим, аммо шикоятларимга эътибор бермасдан мен айблаётган кимсаларнинг ёлғон ахбороти асосида рад жавоби берилмоқда. Шу боис мен давлатимиз раҳбарига “Cиздан Телеграм” рукни орқали мурожаат қилмоқдаман.

ТТЗ заводи олдида иккита туннель бор, уларни озода сақлаш бизнинг зиммамизда. Кадрлар бўлимидан шуни билдимки, иккита туннель озодалигини сақлаш учун 6 нафар фаррошга буйруқ чиқарилган. Аммо амалда иккита туннелни 2 киши – мен ва шеригим супириб-сидириб, тозалаймиз. Шеригим туғруқ таътилига чиққач, иккала туннелни тозалашни менинг зиммамга юклаб қўйишди. Вақтинчалик бўлса-да, қўшимча одам олишни хоҳлашмади.

Натижада мен касал бўлиб қолдим. Касал бўлганимдан норози бўлган раҳбарият эса ишдан бўшашимни талаб қилди. “Устларингдан ариза ёзаман”,

десам, раҳбарим Юнус Муҳамедов “Танишларим орқали йўқ қилиб юбораман”, деб таҳдид қилди. Аввалига норасида қизимни ўйлаб қўрқиб юрдим, энди касалманд бўлиб қолганимдан кейин бор ҳақиқатни ёзмоқдаман.

Юқорида айтганимдек, расман 6 киши ишлаши кўзда тутилган жойда амалда фақат икки киши меҳнат қилади. Қоғозда яна тўрт нафар фаррош расмийлаштирилган ва уларнинг маошини кимлардир ўзлаштириб келмоқда.

Мен “ўлик жонлар” ким экани, яъни сохта ишга расмийлаштирилганларни аниқ биламан ва мактубимдаги даъволаримни исботлаб бера оламан. Ободонлаштириш тизимидаги қонунбузарликлар адолатли текширилиши, давлат маблағларини ўзлаштириш учун жазо муқаррарлиги таъминланиши, менга нисбатан қилинган ҳақсиз муносабатга барҳам берилишини талаб қиламан”. Иқтибос тугади. [11].

4.Ободонлаштиришга 714 миллиард ажратилган, неча миллиард сарфланган?

Озодликдан иқтибос: “Маълум бўлишича, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг олдини олишнинг молиявий асослари ҳам мавжуд. Кун.уз сайти маълумотига қараганда, 2018 йили ишсиз аҳолини жамоат ишларига жалб қилиш мақсадида 714 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу пулнинг 84 миллиард сўми Фарғона вилоятига ажратилганини, ундан фақат 5 миллиарди ўзлаштирилганини вилоят ҳокими ўзининг юқорида келтирганимиз “тавба-тазаррусида” тан олди.

Абдулла Арипов пул тўғрисида:

Шунча пул бор эди. Биринчи чоракда салкам 150 миллиард пул ажратилганди. Бор йўғи 40 миллиард сўм ишлатилган. Бу ҳудудлардаги кўп ҳокимлар ҳужжатларни тўғри ўқишни билмаслиги, ёки президент яратиб бераётган имкониятлардан фойдалана олмаслигига яққол намуна». Иқтибос тугади.[12].

Охирги икки мисол мажбурий меҳнат билан коррупция ўртасидаги боғлиқликка ёрқин мисоллардир. Бу икки мисол Ўзбекистондаги амалдорлар мажбурий меҳнатдан нима учун воз кечишни хоҳламаётганликларининг сабабини, илдизини кўрсатади.

Мажбурий меҳнатга барҳам беришнинг қоғозда, оғизда ва амалиёти ўртасидаги катта фарқ 2017-йилда кўрилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қилган нутқида Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳақида шундай деган эди.

Нутқдан иқтибос: “ Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди”. Иқтибос тугади. [13].

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТда минбарга чиқишидан кейин талабалар,ўқитувчилар, шифокорлар пахта майдонларидан чақирилиб олинган эди.

Бир хафталар ўтмасдан оммавий пахтага мажбурий сафарварлик бошланган эди.

Озодликдан иқтибос: “Бунга мисол, Андижон, Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидаги Ўзбекистон ватандошлари биринчи марта поездларда Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм , Жиззах ва Тошкент вилоятларига пахта теримига мажбуран жўнатилди.

Озодлик радиоси 2017 йил пахта териш мавсумида Фарғона вилоятидан қарийб 17 минг, Наманган вилоятидан 1900 ва Сурхондарё вилоятидан 14 900 нафар ҳашарчи пахта териш учун ихтиёрий мажбурий тарзда Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах вилоятларига махсус поездларда юборилгани, Тошкент вилоят пахтазорларида эса Андижондан олиб келинган ҳашарчилар пахта тераётгани ҳақида хабарларни тарқатган эди”. Иқтибос тугади.[14].

Мен буни олдин кўп айтганман, яна эслатиб ўтмоқчиман замонавий қуллик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон Шимолий Кореядан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Дунёнинг бешта мамлакати Ҳиндистон, Хитой, Покистон, Бангладеш ва Ўзбекистонда замонавий қуллар дунё бўйича қулларнинг 58 фоизни ташкил қилади. 2016-йилда Ўзбекистонда замонавий қуллар сони 1.236.600 кишини ташкил қилган ва бу аҳолининг 3.973 фоизини, яъни қарийб 4 фоизни ташкил қилади. [15].

Бу Ўзбекистон учун уят, шармандалик. Бироқ, Ўзбекистонда коррупционер ва маддоҳлар ҳукмрон. Коррупционер, маддоҳларда уят, шармандалик ҳисси йўқ.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш қоғозда, оғизда амалга оширилиб бўлди. Лекин, амалда амалга ошишига менда катта шубҳа бор.

Чунки, Ўзбекистонда ҳар йили Конститиция куни нишонланади, лекин Конституция ишламайди, Ўзбекистонда конституцион суд бор, лекин бу суд мажбурий меҳнат бўйича қилинаётган жиноятларни кўрмайди. Ўзбекистон ватандошларининг ҳуқуқлари оёқ ости қилинаётганини кўрмайди.

Ўзбекистонда касаба уюшмалари бор, лекин бу касаба уюшмалари Ўзбекистон ватандошларининг меҳнат ҳуқуқлари оёқ ости қилинаётганини фақат президент айтгандан кейингина кўради.

Ўзбекистонда “эркин, демократик сайловлар” ўтказилган, ўтказилмоқда. Наҳотки, мажбурий меҳнатга барҳам берилиш ҳам қўштирноқ ичида амалга оширилади?!

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

26май, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Президент Шавкат Мирзиёев қандай қилиб АҚШга расмий ташриф билан боришга эришди? 18.05.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/8995 ).

2. Президент Шавкат Мирзиёев қандай қилиб АҚШга расмий ташриф билан боришга эришди? Видео. 19.05.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/8998 ).

3. AQSh-O’zbekiston: Strategik hamkorlikning yangi davri boshlanmoqda. 16.05.2018. ( https://www.amerikaovozi.com/a/4397130.html ).

4. Ўзбек расмийлари мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилишига эришмоқчи. 11.05.2018. ( https://123ru.net/smi/ozodlik-org/147726300 ).

5. Ариповдан ҳайфсан олган вазир мажбурий меҳнатга қарши комиссия тузмоқчи. 22.04.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/aripovdan-hayfsan-olgan-vazir-majburiy-mehnatga-qarshi/29185077.html ).

6. Ўқитувчи Диана вафот этган туманда мудир ва мактаб директори ишдан олинди. 08.04.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/oqituvchi-diananing-olimida-2-kishi-ishdan-olindi/29152648.html ).

7. “Ободонлаштириш” қурбони – Диана Еникеева ўлимида айбланганлар устидан ҳукм ўқилди. 14.05.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/diana-enikeeva-prezidetn-samarqand-avariya-majburiy-mehnat/29226138.html ).

8. Мирзиёев Андижонда: Ҳар юз метрга иккитадан мелиса қўйилди, аҳолига уйдан чиқмаслик айтилди. 19.05.2018. (https://www.ozodlik.org/a/29237337.html ).

9. Диана ўлими ортидан бўшатилган амалдор янги ишини яна ўқитувчига кўча супуртиришдан бошлади. 22.05.2018. (https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-majburiy-mehtat-samarkand-oqituvchilar/29243263.html ).

10. ОзодТаъсир: Мактаб директори ўқитувчиларга кўча супиртиргани учун ишдан олинди. 25.05.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-miliciya-zoravonlik-majburiy-mehnat/29250237.html ).

11. ТОШКЕНТ – “Ободонлаштиришдаги “ўлик жонлар”га ёзилаётган ойликни ким олаяпти?” 23.05.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/sizdan-telegram-obodonlashtirish/29245256.html ).

12. Ҳокимлар ва вазирлар маориф ва тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этмасликка ваъда берди. 18.04.2018. (https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-majbiriy-mehnat/29174177.html ).

13. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. 20.09.2017. ( http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-prezidenti-shavkat-mirziyeev-bmt-bosh-assambleyasi-20-09-2017 ).

14. Мирзиёев мажбурий меҳнатга барҳам берилганини айтди.08.12.2017.

( https://www.ozodlik.org/a/28904582.html ).

15. Slavery index by countries. 2016. ( https://www.globalslaveryindex.org/findings/ ).