Apr 212016
 

Исмат Хушевнинг “Собиқ депутат Шуҳрат Нусратов етти йилга ҳукм қилинган…” сарловҳали мақоласини ўқиб қолдим.

http://dunyouzbeklari.com/archives/133914

Журналист “… Фильмда тилган олинган ўша тарихий еттинчи сессия ҳақидаги лавҳаларни кўраркан, Президент экрандаги Шуҳрат Нусратовга кўзи тушиб, бир оғиз: “Бу ҳалиям борми?” деган, холос.

Уни қаманглар ёки йўқ қилинглар демаган. Фақат “Бу ҳалиям борми? Нима иш қилаяпти ҳозир?” деб сўраган. Тамом!

Давлат раҳбарининг шу биргина сўзи унинг тинч ва сокин ҳаётини заҳар ва заққумга айлантирди.

Молиявий ишкалликлар боис ҳибсга олинган Шуҳрат ака етти йиллик қамоқ жазосига юз тутганини биз яқинда Навоий қамоқхонасига бориб, уни кўриб, ҳолидан хабар олиб қайтган умумий танишимиздан эшитиб билдик.

Нима бўлганда ҳам мен Ислом Каримовни яхши билган ва у кишининг характерини мукаммал ўрганган журналист сифатида шуни айтишни истардимки, давлат раҳбарининг атрофидаги оёғи остидан нарини кўра олмай қолган сиёсий лўттибозлар, “Саллани келтир деса, каллани олиб келадиган” мулозимларнинг айби туфайли Шуҳрат ака ноҳақ қамалган.

Ўн беш йил индамаган мамлакат раҳбари йигирманчи йилда ушлаб қаманглар деб айтмаса керак.

Нима бўлганда ҳам биз йўлини қилиб, Ўзбекистон Олий Кенгашининг жасоратли ва оташин депутати Шуҳрат Нусратов ноҳақ қамалганини Президентга етказишимиз, унинг зудлик билан озод этилишига эришишимиз лозим.

Агар Ислом Каримов ўзига бир пайтлар ўша оташин сўзларни айтиб, қайсидир маънода шаккоклик қилган Шуҳрат аканинг қамалганини эшитса, ўша заҳотиёқ уни озод қилишга кўрсатма беришига ва уни ҳибсга олганларни жазолашига ишонаман.

Чунки бир пайтлар Олий Мажлис сессиясида унга кескин ва танқидий гапларни айтган одамнинг қамалиши ўзига обрў келтирмаслигини Президент яхши билади.” деб ёзади журналист.

Мен ҳам шундай эканлигига, Каримовнинг ақлли раҳбар эканлигига ишонгим келади. Аммо, минг афсуски, ундай эмас.

Ҳали-ку, Шуҳрат Нусратов катта минбардан туриб Каримовнинг истеъфосини талаб қилган экан, ҳаётий тажрибамдан шунга амин бўлдимки, Ўзбекистон президенти нафақат истеъфосини талаб қилганларни, ҳаттоки, жамиятдаги қусурларни кўрсатишга уринганларни ҳам уйини куйдиради, аямайди.

Масалан, ўзим, ҳалигача, амалдаги ҳукуматга зиён-заҳмат етказадиган қандай гуноҳ қилиб қўйганимни тушуниб ета олмай ҳалакман.

Илк айбим ЎзМТРКдаги коррупцияга, маҳаллийчиликка, матбуот эркинлигининг буғилишига қарши курашганим. Иккинчи кечириб бўлмас гуноҳим президентдан марҳамат кутганим, қабулини сўраб нақд 56 маротаба буюртма хат жўнатганим. Ўша соддадиллигим, ишонувчанлигим эвазига мукофот сифатида Каримовнинг судлов тизимидан 3 миллион сўмлик жарима жазоси билан сийландим.

Кейинги айбларимдан бири Конституциянинг 33-моддасида белгилаб қўйилган сиёсий ҳуқуқларимдан фойдаланиш мақсадида норозилик намойишларига чиққанлигим.

Конституцияга риоя қилганлигим менга жуда қимматга – 14 миллион сўмга тушганди.

Мен яна қандай гуноҳ қилдим? Бор айбим, севимли касбим журналистика билан шуғулланганлигим. Мамлакатнинг чекка вилоятларидан ҳуқуқлари топталиб, адолат истаб келганларнинг дардларини дунёга “достон” қилганим….

Шунинг мукофотига тортиқ қилинган 14 миллион сўмлик жарима миқдори яна икки миллион сўмга болалади.

Шунинг шарофати билан Учтепа туман суд ижрочилари томонидан нақд тўрт бор таландим, тўрт маротаба мен истиқомат қилаётган хонадондаги мол-мулкларим, ўзимникига қўшилиб, куёвим, қизимнинг ҳам жиҳозлари мусодара қилиб кетилди.

Бу кўргуликлар фожиа эмас экан, кулфатларнинг каттаси олдинда экан!

Таъқиб ва тазйиқлардан толиб кетгач, охийри ўзимни қурбон қилиш орқали бу мамлакатдаги адолатсизликларга нисбатан ўзимга хос ИСЁН қилиш истагида эдим.

Бироқ, бағри кенг одамлар “Мол топилади, жон топилмайди, жарималарингизни қоплашда ёрдамлашамиз” дея кўмак таклиф қилиб қолишди.

Аввалига унамагандим: “Нега энди мен талвасага тушиб қолган ҳукуматнинг бўшаб қолган хазинасини суд томонидан солинган ноқонуний жарималарни тўлаш ортидан тўлдиришим керак? Тўламайман. Бугун буларнинг бунингдек ҳақсизликларига ён берсангиз, эртага 15 миллион жаримани минг бир баҳонаи сабаб билан 30 миллион сўмга, индинига 50 миллион сўмга кўтаришади, ғайриқонуний жарималарга кўмиб ташлашади. Ноқонуний жарималарни тўлашдан бош тортаман” дегандим. Бироқ эртага иш кўламимни кенгайтиришим учун ҳам гарчи ноқонуний бўлса-да, жарималарни қоплашим зарурлигини тушунтиришди. Рози бўлгандим.

Суд томонидан ноқонуний солинган жарималар 3 маротаба мол-мулклар мусодара қилингач, нархлаш далолатномаси тузалгач, сотилгач, қанча миқдори қопланди экан, айни дамда қанча миқдорда қарздорлигим қолган экан? Жарималарни қайси бир ҳисоб рақамига тўлаш лозим бўларкин?” деган каби саволларга аниқлик киритиш мақсадида шу йилнинг 6 апрель куни Учтепа туман суд ижрочилар бўлимига бордим ва маълумотнома беришларини сўрадим.

Суд ижрочилари ҳам анойи эмас. Шундай бир пайтда бюрократлик касаллари хуруж қилиб қолади. Мендан ёзма шаклда мурожаат қилишимни талаб этишди. 7 апрель куни Учтепа туман суд ижрочилар бўлими бошлиғи Махамадиев Анвар Турсунбоевич номига “Мен истиқомат қилаётган хонадондан уч маротаба суд ижрочилари томонидан мусодара қилиб кетилган мол-мулкларнинг нархлаш далолатномасидан нусха ва айни дамда қанча қарздорлигим қолганлиги, жарималарни қайси ҳисоб рақамига тўлашим лозимлиги хусусида маълумотнома беришингизни сўрайман” деган мазмунда ариза ёзиб, қолдириб келдим.

Ўша кундан буён 14 кун ўтди. Учтепа туман суд ижрочилар бўлими мутасаддиларига 14 бор эмас, 28 маротаба учрашдим. Қаники, менга айни дамда қанча қарздорлигим қолганлиги хусусида маълумот беришса! Ҳаттоки, жарималарни қайси бир ҳисоб рақамига тўлашим кераклиги хусусида ахборот ҳам беришни исташмайди!

Қатнай, қатнай, охири, бўлмади, Республика суд департаменти бошлиғига шикоят ёзишга мажбур бўлдим. Департамент девонхонасининг эл. манзилига – devonxona@suddep.uzЎзбекистон Республикаси Суд департаменти директорининг ўринбосари – Суд қарорларини ижро этиш бошқармаси бошлиғи Орзиев Толибжон Назаровичга шикоят ариза жўнатдим: https://mail.google.com/mail/u/0/h/kxhm1ihzpvhw/?&th=1540bd49cb01c7cb&v=c&s=s.

Эл. почта орқали жўнатганимга ҳам кўнглим тўлавермагач, почта хизмати орқали буюртма хат қилиб ҳам жўнатдим….

(Республика суд департаментига почта алоқа хизматидан буюртма хат жўнатилганлиги ҳақида квитанциянинг скайнери илова қилинади)

Фойдаси бўлай демасди.

Натижада, 18 апрель душанба куни соат 15.00 дан то 17.00 гача Ўзбекистон Республикаси Суд департаменти директорининг ўринбосари – Суд қарорларини ижро этиш бошқармаси бошлиғи Орзиев Толибжон Назаровичнинг фуқароларни қабул қилиш куни эканлигидан хабар топиб Учтепа туман суд ижрочиларининг ўз мансаб ваколатини суиистеъмол этиётганликлари хусусида шикоят аризамни кўтариб, уларнинг қабулларига югургиладим.

(Республика суд департаментининг қабулигаҳам борганман шикоятни қабул қилиб олишганлигини исботловчи имзо қўйилган варианти илова қилинади)

Барчаси бефойда. Ўша куни ҳам, ундан олдинги душанбада ҳам жаноб Толибжон Орзиев фуқароларни қабул қилмадилар. Боиси, айнан ҳар душанба кунлари Президент девонхонасидан Т. Орзиевни мажлисга чақириб қолишаркан. Шу сабаб, Толибжон Орзиевнинг қабул кунлари қоғозда зикир этиларкану, амалда фуқароларни қабул қилинмас, халқнинг арзи тингланмас экан. Қабулга борган фуқаролар ёнига, кўчага Республика суд департаментининг ходими чиқиб, шикоятларни йиғиб-териб оларкану, “Ёзма жавоб юборилади” деган гап билан аҳолини ноумид қайтараркан. Менга эса “Республика суд департаментининг Учтепа туман бўлими бўйича “куратори” Дилшод Шароповга (Улаб берувчи хизмат тел. рақами 8371 237-61-84) қўнғироқ қилиб, боғланишингиз, арзингизни айтишингиз мумкин” деган мазмунда жавоб қилишди. Шундай ҳам қилдим, Учтепа туман суд ижрочилар бўлимининг “куратор”и Дилшод Шароповга қўнғироқ орқали боғланиб, арз-ҳол қилдим. “Менга қанча қарздорлигим қолганлиги хусусида ва жарималарни қайси ҳисоб рақамига тўлашим лозимлиги хусусида маълумотнома беришларида кўмагингиз керак. 14 кундирки ололмаяпман. Илтимос, ёрдам қилинг” дедим. Д. Шаропов “Учтепага, Махамадевга учрашинг, уларга айтилди, сизга жаримларни тўлашингиз учун ҳисоб рақамини ва қарздорлигингизга оид аниқ маълумотномаларни беришади” дея суюнтирган эди.

Бироқ, шодлигим кўп узоққа борган эмас. Гўшакни қўйишим билан, 2016 йилнинг 20 апрель куни Учтепа туман суд ижрочиларининг бошлиғи Анвар Махамадиевнинг қабулига елдим. Кираверишда “постовой” милиционерлар мобил телефонимни олиб қолишганди. Махамадиевдан “Соат 16.00 ларда хабар олинг” деган жавобни эшитиб, қайтиб чиқсам, бир кун олдин куёвим Фарход бозоридаги эски телефон аппаратларини сотувчи йигитлардан 20.000 сўмга харид қилиб келган оқ-қора тасвирли бир аҳволдаги Нокиа русумли телефон аппаратим (янги телефон аппаратимни 2016 йилнинг 30 март куни айнан шу туман суд ижрочилари мусодара қилиб кетишганди) эшик остидаги “постовой” милиционерларда йўқ. “Қани?” десам, “Ижрочилар ичкарига олиб кириб кетишди” дейишди. Қайтиб кирсам, суд ижрочиси Сирож Абдувалиев икки холис иштирокида менинг 20 минг сўмлик ниҳоятда чарчаб, тинкаси қуриб қолган оқ-қора тасвирли Нокия русумли телефон аппаратимни иккита холис гувоҳлигида мусодара қилиш тўғрисида далолатнома тузи-иииб ўтирибди! ,

Бу нимаси?! Ҳой, инсон! Бу нима қилганинг?! Мен жарималарни тўламайман демаяпман! 14 кундирки эшикларинг тагида “Жарималарни қайси ҳисоб рақамига тўлай?” дея сарғайиб юрибман! Менга ҳисоб рақамини бериш ўрнига 20 минг сўмлик телефон аппаратимни мусодара қилганинг нимаси, махлуқ?! Шу ҳам одамнинг, яна қанақа одамнинг, олий маълумотли, ҳукумат амалдорининг ишими? Шунинингдек пасткашлик, ғирромлик, ифлослик давлат хизматчисига ярашадиган ишми, номард?!” дегинг, юзига иккита эмас, тўртта тарсаки тортиб юборгиларинг келиб кетади кишининг!

Аммо мен ўзимни тийишга мажбур эдим. Суд ижрочиларининг итлигига пастлик билан жавоб қилолмасдим. Негаки, суд ижрочиларининг мусодара қилишга оид ҳатти-ҳаракати айнан ана шу нарсага мени чегарадан чиқариб юборишга, портлатишга қаратилганди. Суд ижрочиларининг режасига кўра, мен бунингдек адолатсизлик, ҳақсизлик учун ижрочининг бўғзидан олишим, юртни бузишим, дод-вой қилишим керак эди! Нега? Негаки, улар шусиз ҳам кейинги пайтларда “Суд қарорига ҳурматсизлик қилди, суд жарималарини узоқ муддат тўламади, шу сабаб жарима жазосини қамоқ жасоси билан алмаштирамиз” дея мени бир амаллаб 15 сутка ва ё олти ойлик қамоққа тиқиб олиш пайида пайт пойлаб юришганди. Мен уларнинг режаларини “Жаримани қай ҳисоб рақамига тўлай?” деб барбод қилиб қўйдим. Ранглари мурда тусини олганди! Аламлари ичида қолсинми? Менга қарши провокациялар уюштириши, мени чегарадан чиқариб юбориши ва оқибатда, “Ўз хизмат вазифасини бажараётган давлат ходимига қаршилик кўрсатди, қонунга бўйсунишни истамади, ҳақоратлади” деган талай туҳматлар билан мени, бир ожиза аёл кишига бир илож қилиб маъмурий ва ё жиноий иш қўзғаб, амал-тақаллар билан 15 суткагами, 6 ойгами, қамоққа ташлаш пайида эди улар. Мен қанчалар ғазаб отига минмай, ўзимни идора қилишга мажбур эдим. Шундай ҳам қилдим. Ўзимга кучим етишига ишонмагандим, аммо нафрат, алам ва ғазабимни жиловлай олдим. Бир неча суд ижрочилари ва милиция ходимларинининг қаршиликлари, олдимни тўсишлари, бинодан қўйиб юбормаслик йўлидаги тўсқинликларига қарамасдан, тишимни-тишимга қўйиб, ҳеч бир шовқин-сўронсиз, тинчлик йўли билан бинони тарк этишга муваффақ бўлдим.

Аммо, афсусланарли жойи шундаки, мен суд ижрочиси Сирож Абдувалиевдан телефон аппаратимни мусодара қилганлиги ҳақидаги далолатномадан нусха беришларини талаб қилдим. У унамади. Ҳатто менга ҳамроҳлик қилаётган шуҳрат Рустамов ҳам мусодарага оид далолатномани беришларини илтимос қилди.Уларнинг илтимослари ҳам рад этилди.

Қани энди айтингчи, юқоридаги ижро ҳолатида бирор бир мантиқ кўраяпсизми?

Мени, 14 кундирки суд ижрочиларининг эшиги тагида “Жарималарни қайси ҳисоб рақамига тўлашим керак?” деган саволига аниқ жавоб ололмасдан саргардон юрган аёлни хизмат хоналарида тутиб олиб, қўлидаги 20 минг сўмлик телефон аппаратини “Жарималарни тўламаганлигингиз учун мусодара қилинади” дея далолатнома тузишса, милиция ходимлари қўриқчилигида суд ижрочилар биносидан чиқишингизга монелик қилишса? Бирор бир маъни борми бунингдек ноқонуний ҳаракатда?

Мақсад нима?

Таҳқирлашми?

Ҳуқуқларимни топташми?

Хўрлашми?

Бир амаллаб аёл кишини панжара ортига ташлашми?

Шундан кейин ҳам Каримовни қасоскор эмас дейсизми?

Бир ожиза аёлга ўтказаётган тайзиқлари президентнинг обрусига путур етказмайди деб ўйлайсизми?

Сизнингча нима бу?

Каримов бунингдек қонунсизликларни билмайдими?

Шундай ҳам дейлик!

Модомики, Кекса Каримов қўл остидаги қонун қўриқчиларининг қонунсизлигидан бехабар бўлар экан, демак, у мамлакатни бошқара олмаяпти, бошқаришга қурби етмаяпти!

Бунингдек бошболдоқликлардан яна қандай хулоса чиқариш мумкин?

Мени таҳқирлаш, хўрлиш, ҳуқуқларимни топташ борасидаги буйруқ Сирож Абдувалиев айтганидек, тепадан, МХХдан, энг юқоридагилардан бўлганлиги суд ижрочиларининг 20 апрель кунги ғайриқонуний ҳаракатлардан ойнадек равшан бўлди! Бунга аминман! Мабодо, Учтепа туман суд ижрочиларига тепадан бунингдек “воля” берилмаганида эди, бир туманнинг суд ижрочиси бу қадар қонунсизлик қилишга қўрққан, ҳайиққан бўларди! Суд ижрочилар биносига ўз оёғи билан “Жарималарни тўлайман” дея 14 кундирки тинимсиз қатнаётган фуқарони тутиб олиб 20 минг сўмлик телефон аппаратини мусодара қилишмаган, аксинча, “Мана шунча миқдордаги жарималарни мана шу ҳисоб рақамига тезкорлик билан тўлаб қўйинг” деган мазмундаги маълумотномани бир дақиқа ҳам кечиктирмасдан беришган бўларди, шундай эмасми?

Юқоридагилардан равшанки, Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматини суд томонидан ноқонуний солинган жарималарни тўлашим қизиқтирмайди! Қизиқтирганида эди, юқори ташкилотларга қилган мурожаатларим ортидан, жарималарни қай бир ҳисоб рақамига тўлашим лозимлиги хусусида маълумотнома аллақачонлар қўлимга теккан бўларди!

Йўқ, менинг жарималарни тўлиқ қоплашимга эришиш уларнинг асл муддаоси эмас!

Аксинча, УЛАР жарималаримни тўлай олмаслигимдан, моддий жиҳатдан,ночорликдан қийналишимдан кўпроқ манфаатдор.

Жарималарни тўлиқ тўлашим керак эмас, шарт ҳам эмас Уларга!

Шу жарималар баҳона суд ижрочилар ниқоби остида мен яшаётган хонадонга бостириб киришлари, тинтув ўтказишлари, мен фойдаланаётган орг.техникаларни, ноутбук, компютерларни қўлга киритиш, текшириш, кир ахтариш, мени жиноий жавобгарликка тортиш учун сабаб, асос топиш илинжи кўпроқ ташвишга солади уларни!

Жарималарни қай бир ҳисоб рақамига тўлай? Қанча тўлашим керак?” деган савол-сўров билан борганимда ранглари мурда тусини олганлигининг сабаби ҳам ана шунда!

Урлаева бир ойдан ортиқроқдирки руҳий касалликлар шифохонасида!

Аризалари инобатга олинишининг олдини олиш мақсадида Шуҳрат Рустамовни суд қарорига кўра муомалага лаёқатсиз деб топишди!

Дмитрий Тихоновнинг уйига ўт қўйишди.

Ўктам Пардаевга икки ой давомида қамоқда азоб беришди.

Энди бадном қилиш навбати менга етди.

Ҳали бирор бир жиддий ишга қўл ура олмаган, қойилмақом юмуш қилишга улгурмаган менинг, заифа бир аёлнинг бўғзини қонунчилар қўли билан буғизлаб турган Каримовни қасоскор эмас дейиш мумкинмикин?…

Республика суд департаментига Республика суд департаментига Республика суд департаментига почта алоқа хизматидан буюртма хат жўнатилганлиги ҳақида квитанция

Учтепа туман суд ижрочиси Сирож Абдувалиевнинг 2016 йил 20 апрель куни мобил телефонимни мусодара қилиш тўғрисидаги ДАЛОЛАТНОМАси

Республика суд департаментининг қабулигаҳам борганман