Apr 222016
 

Ўзбекистон Республикаси Президентига

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Сенатига

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига

Ўзбекистон Республикаси Суд департаменти директорининг ўринбосари

Суд қарорларини ижро этиш бошқармаси бошлиғи

Орзиев Толибжон Назаровичга

Тошкент шаҳри, Учтепа тумани суд ижрочилар бўлими бошлиғига

Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан

Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе,

16-уй, 39-хонадонда яшовчи

Моб. тел: +99893 5701747

Ш И К О Я Т   А Р И З А

(Тошкент шаҳар Учтепа туман суд ижрочиси С. Абдувалиев раҳбарлигидаги 10 нафар фуқаро кийимидаги нотаниш шахсларнинг менга солинган суд жарималарини ундириш мақсадида мен яшаётган куёвимнинг хусусий мулки бўлган уйидан – юқорида кўрсатилган манзилдан мутлақо асоссиз тарзда, ноқонуний равишда мусодара қилиб кетилган қизим ва куёвимга тегишли бўлган мол-мулкларни эгаларига қайтариш ва суд ижрочиларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракталарига қонуний чора кўриш масаласи хусусида.)

Мен, Эшонқулова Малоҳат Худжавомна 1966 йилда Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилганман. Юқоридаги кўрсатилган манзилда куёвим ва қизимга тегишли бўлган хонадонда истиқомат қиламан. Касбим журналист. Менга 2011 йилнинг 27 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди мени ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг олтмиш баравари миқдорида 2.984.100 (икки миллион тўққиз юз саксон тўрт минг бир юз) сўм миқдорида мутлақо ноқонуний жарима жазоси, 2012 йилнинг 12 июнь куни Тошкент шаҳар Мирза Улуғбек туман суди менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг саксон баравари миқдорида 5.033.600 (беш миллион ўттиз уч минг олти юз) сўм миқдорида тамомила асоссиз тарзда жарима жазоси, 2013 йилнинг 6 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар суди эса менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг етмиш беш баравари 5.969.2500 (беш миллион тўққиз юз олтмиш тўққиз минг икки юз эллик сўм) сўм миқдорида ғайриқонуний равишда жарима жазоси тайинланган эди. Мен 5 йилдан буён ишсизлигим сабабли суд томонидан солинган ноқонуний жарималарни тўламоқчи эмасман ва тўлашга молиявий аҳволим ҳам йўл қўймайди. Шу боис тўламаганман. Суд томонидан ноқонуний жарима солинган ғайриқонуний суд қарорларини бекор қилишларини сўраб шу кунга қадар Олий судга шикоятлар ёзиб келмоқдаман.

Бироқ шунга қарамасдан, 2012 йилнинг декабр, 2013 йилнинг декабр ойларида Тошкент шаҳар, Учтепа туман суд ижрочилари мен истиқомат қилаётган юқорида манзили кўрсатилган хонадондан, шунингдек, Учтепа туман ИИБсининг терроризимга қарши кураш бўлими хонасидан ИИБ ходимлари ва холимлар гувоҳлигида менга суд томонидан солинган ноқонуний жарималарни қоплаш мақсадида икки маротаба мол-мулкларни мусодара қилишган. 2012 йил декабрда мусодара қилинган мол-мулкларнинг рўйхати тузилган ДАЛОЛАТНОМАни беришган. Бироқ, мазкур мол-мулкларнинг нархлаш далолатномасини қўлимга беришмаган.

Шунингдек, 2013 йилнинг декабрь ойида Учтепа туман ИИБ Терроризимга қарши кураш бўлимида менинг қўлимдаги бир дона видокамера ва битта мобиль телефон Учтепа туман суд ижрочиси Рустам ака томонидан ҳолислар иштирокида мусодара қилинган ва мазкур мусодара қилиш хусусидаги далолатнома ҳам, у техникаларни нархлаш далолатномаси ҳам қўлимга берилмаган.

Шу боис ҳам мен суд томонидан менга ноқонуний тарзда қўлланилган жарималардан қанча олганлигидан бехабарман. Икки маротаба мусодара қилинган жиҳозлар сотилиб, жарималарим бутунлай қопланган деб юрардим.

Негаки, 2013 йилнинг декабр ойидан буён, мана, қарайб уч йилдирки, Учтепа туман суд ижрочилари қарзларимни ундириш масаласида менга бир маротаба ҳам мурожат этишмаган, огоҳлантириш юборишмаган, тинчимни бузишмаган эди.

Чунки, Ўзбекистон Респубилкаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 330-моддасида “Маъбодо суд жарималари суд ижрочилари томонидан уч ой муддат ичида ундирилмаса, бундай жарималар муддати ўтгандан кейин ижрога қаратилмайди” деган таълаб аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйилган.

Шундай бўлишига қарамасдан, Учтепа туман суд ижрочилари орадан уч йил муддат ўтгач, менга суд томонидан қўлланилган ноқонуний жарималарни ундириш тўғрисида менга ва мен истиқомат қилаётган уй эгаларига ҳеч қандай огоҳлантириш бермасдан, 2016 йилнинг 30-март куни юқорида манзили кўрсатилган хонадонга куёвим Алимбеков Қодирбек Баҳодирбековичнинг хусусий мулки бўлган – Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Чилонзор, 23- мавзе, 16-уй, 39-хонадон ҳеч бир огоҳлантиришларсиз 10 нафар киши бўлиб бостириб келиб қизим ва куёвимга тегишли бўлган мол-мулкларни мутлақо ноқонуний тарзда мусодара қилиб кетди.

Қ. Алимбеков “Бу уй қонунан меники, менинг номимда, бу жиҳозлар ҳам менинг ва оиламнинг хусусий булки. Нега менинг уйимга ноқонуний бостириб келиб, жиҳозларни олиб чиқиб кетмоқдасизлар. Уйимни бўшатиб қўйишларингни талаб қиламан” деб қаршилик кўрсатишларига қарамасдан, суд ижрочиси Сирож Абдувалиев “Уй жиҳозлари Эшонқулованинг жарималари эвазига мусодара қилинади” дея уй ҳужжатларини, мол-мулкларнинг харид қилинган ҳужжатларини сўрамасдан, қарамасдан ноқонуний ижро ҳаракатларини тўхтатмади. Куёвим уй эгаси “Бу нарсалар менинг буюмларим. Мабодо, Эшонқуловадан ундирмоқчи бўлсангиз, уларнинг уйидан, уларга тегишли бўлган мол-мулкларни мусодара қилишингиз мумкин. Менинг мол-мулкларимни қайнонамга нима алоқаси бор?” деса-да, “Эшонқулова қайси уйда яшаса, шу уйдаги нарсаларни мусодара қилишимиз шарт. У ҳолда Эшонқулова нега сизнинг уйингизда истиқомат қилмоқда?” деди, куёвим “Булар қайнонам-ку? Кўчага чиқариб ташлолмайман-ку?” деганича қолаверди. Мен ўша куниёқ, 2016 йилнинг 30 март куни соат тахминан 12.00 – 13.00 лар ўртасида Бош прокуратурасининг “1007 ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб, Учтепа туман суд ижрочиларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари хусусида шикоят қилганман.

Учтепа туман суд ижрочиси Сирож Абдувалиев ўзининг 2016 йилнинг 30 март куни куёвимга тегишли бўлган хонадонда куёвим ва қизимнинг уй жиҳозлари, мол-мулкларини мутлақо ноқонуний тарзда мусодара қилаётганлигини онгли равишда билиб турган ва шу боис ҳам қўли ниҳоятда титраган ҳолда мусодара амалиётини ўта шошма-шошарлик билан, тезкорликда ўтказиш ва якунлашга уринган. Натижада, ижро ҳаракати давомида ижро қонун-қоидаларини қўпол тарзда бузилишига сабаб бўлган. Суд ижрочиси Сирож Абдувалиевнинг ижро ҳаракатлари қоидаларини қўпол варишда бузганлиги қуйидаги ҳолдатларда кўринади:

  • Биринчидан, ўша куни туман ҳудудида ва мен истиқомат қилаётган уйда электр энергияси бўлишига қарамасдан, суд ижрочиси Сирож Абдувалиев уйдан мусодара қилинаётган телевизор, видеомагнитафон, икки дона қўл телефони, фотоаппарат, бир дона ноутбуг, 2 дона бирининг ҳажми 4 МБ, бирининг ҳажми 2 МБ бўлган телефон филешкаси, бир дона модем каби орг. техникаларни яроқлилик ҳолатини текшириб кўришни истамади. Гарчи мен мазкур орг. техникаларнинг яроқлилик ҳолатини текшириб кўришларини талаб қилсам-да, менинг қонуний талабларимни инобатга олмади ва далолатномага “Яроқлилик ҳолати текширилмади” дея шошилганча қайд этган ҳолда мол-мулкларни олиб чиқиб кетишга ниҳоятда ошиқди;

  • Шунингдек, суд ижрочиси Сирож Абдувалиевнинг ижро ҳаракат қонун-қоидаларини қўпол равишда бузганлиги, ўғри-қароқчилардек, босқинчилар каби иш тутганига далолат шундаки: Сирож Абдувалиев хонадондаги бир дона ноутбугни хатлаб олишни унутмади, бироқ, ноутбугнинг “блог питания”сини яъни қувватловчи ускунасини олишни унутди! Шунингдек, суд ижрочиси мазкур ноутбугнинг русумини, рақамларини қайд этишни истамади;

  • Суд ижрочиси босқинчи қароқчилар каби шуқадар шошилдики, суд ижрочилигинини ҳам унутиб қўйиб, икки дона мобил телефонни мусодара қилинган далолатнома рўйхатига киритишни эсидан чиқармади, бироқ ҳар иккала телефоннинг “зарядка”сини, яъни қувватловчи ускунасини олишни мутлақо хотирасдиан фаромуш қилди! Шунингдек, мобил телефонларининг серияларини ёзишни унутди;

  • Суд ижрочиси Сирож Абдувалиев хонадондаги бир дона фотовидеоаппаратни мусодара қилиб кетди, бироқ мазкур фотовидеоаппаратнинг қувватловчи ускунасини (гарчи бирга “зарядка”да турган бўлишига қарамасдан, қувватловчи ускунасини қолдириб кетди. Энг муҳими мазкур аппаратнинг серия рақамларини ёзишни хаёлига ҳам келтирмади;

  • Суд ижрочиси Сирож Абдувалиев бир дона LG телевезорни олиб кетди, бироқ унинг на маркаларини ёзди, на серияларини қайд этди ва на-да ишга яроқли эканлигини текширмасдан, қўлтиқлаганча қочиб қолди!

  • Суд ижрочиси Сирож Абдувалиевнинг Далолатномасига бор йўғи 4 киши имзо чеккан бўлишига қарамасдан, ижро куни куёвимнинг хусусий мулкига бостириб кирган фуқаро кийимидаги ўзларини “суд ижрочилари” лдеб таништирган шахслар 10 нафарни (милиция формасидаги участка нозири билан қўшиб ҳисоблаганда) ташкил этарди. Модомики, суд ижро ҳужжатига далолатномага 4 киши имзо чеккан экан, ижро куни куёвимнинг хусусий мулки бўлмиш уйига бостириб кирган қолган 6 нафар нотаниш шахслар кимлар эди? Суд ижрочиси нима учун фуқаронинг уйига ишга тааллуқли бўлмаган нотаниш шахсларни бошлаб киради? Бунга суд ижрочининг нечоғлик ҳаққи бор?

Суд ижрочиси Сирож Абдувалиевнинг ўз хизмат ваколатини суиистеъмол этганлиги оқибатида, айни дамда қизим ва куёвимнинг оиласи дарз кетди, рўзғорида зиддият юзага келди. Бир ёш оиланинг бузилиб кетиш хавфи туғилди.

Ҳурматли қонун ижросини назорат қилишга масъул Бош прокурор!

Куёвимнинг хусусий мулки бўлган юқорида кўрсатилган манзилдаги уйдан Учтепа туман суд ижрочилари томонидан қизим ва куёвимга тегишли бўлган мол-мулклар менга суд томонидан солинган жаримларани қоплаш мақсадида мутлақо ноқонуний тарзда олиб кетилганлиги сабабли, мен куёвим ва қизимга тегишли бўлган мол-мулкларни зудлик билан ўз эгаларига қайтарилишида ва ёш оилани барбод бўлишдан асраб қолинишида амалий кўмак беришларингизни ва ноқонуний иш тутган Учтепа туман суд ижрочиларига нисбатан қонуний чора кўришларингизни сўрайман.

Илова: 1) Тошкент шаҳри,Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе, 16-уй, 39-хонадоннинг куёвим Алимбеков Қодирбек Баҳодирбековичга тегишли эканлигини исботловчит кадастр ва нотариал идораси ҳужжатлари;

2) Куёвим Алимбеков Қодирбек ва қизим Алимбекова Зарнигорнинг паспортидан нусха;

3) Қизим ва куёвимнинг никоҳ гувоҳномаси;

4) Учтепа туман суд ижрочиларининг 2016 йил 30 март куни юқорида кўрсатилган манзилдан қизим ва куёвимга тегишли бўлган мол-мулкларни мусодара қилиб кетганлиги тўғрисидаги мутлақо ноқонуний ва саводсизларча тузилган далолатномаси.

Эшонқулова Малоҳат. 18 апрель, 2016 йил.