Apr 212016
 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: СУД ИЖРОЧИЛАРИГА СУД ТОМОНИДАН СОЛИНГАН НОҚОНУНИЙ ЖАРИМАЛАРНИ ҚАЙСИ ҲИСОБ РАҚАМИГА ТЎЛАШИМ КЕРАК ДЕБ МУРОЖААТ ҚИЛСАМ, 13 КУН ДАВОМИДА ҲИСОБ РАҚАМИНИ БЕРМАСДАН, СИР ТУТИБ, 14 КУНИ ЯНА НОҚОНУНИЙ МУСОДАРА ҲАРАКАТЛАРИНИ ДАВОМ ЭТТИРДИ….

Ўзбекистон Республикаси Президентига

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Сенатига

Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирига

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига

Ўзбекистон Республкаси МХХ раисига

Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирига

Ўзбекистон Республикаси Суд департаменти директорининг ўринбосари Суд қарорларини ижро этиш бошқармаси бошлиғи Орзиев Толибжон Назаровичга

Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан

Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе,

16-уй, 39-хонадонда яшовчи

Моб. тел: +99893 5701747

Ш И К О Я Т   А Р И З А

(Тошкент шаҳар Учтепа туман суд ижрочиси С. Абдувалиев суд департаменти МХХ ходимлари бошқаруви тасарруфи остида эканлиги хусусида гувоҳлик берганлиги ҳақида)

2011 йилнинг 27 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди мени ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг олтмиш баравари миқдорида 2.984.100 (икки миллион тўққиз юз саксон тўрт минг бир юз) сўм миқдорида мутлақо ноқонуний жарима жазоси, 2012 йилнинг 12 июнь куни Тошкент шаҳар Мирзао Улуғбек туман суди менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг саксон баравари миқдорида 5.033.600 (беш миллион ўттиз уч минг олти юз) сўм миқдорида тамомила асоссиз тарзда жарима жазоси, 2013 йилнинг 6 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар суди эса менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг етмиш беш баравари 5.969.2500 (беш миллион тўққиз юз олтмиш тўққиз минг икки юз эллик сўм) сўм миқдорида ғайриқонуний равишда жарима жазоси тайинланган эди.

Юқоридаги жарималардан иккитаси менинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида белгилаб қўйилган сиёсий ҳуқуқларимдан фойдаланган ҳолда норозилик пикети ўтказишга уринганлигим сабабли, бири Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида норозилик пикети ўтказилаётган жараёнларни журналист сифатида ёритиш мақсадида вилоят прокуратураси биноси қаршисида ҳозир бўлганлигим сабабли ноқонуний тарзда қўлланилган. Мен ноқонуний чиқарилган суд қарорларини бекор қилишларини сўраб то ҳозирги кунга қадар Олий судга мурожаат қилиб келмоқдаман.

Бироқ, шунга қарамасдан, 2012 йилнинг охирида Тошкент шаҳар, Учтепа туман суд ижрочилари томонидан мен истиқомат қилаётган уйдаги уй жиҳозлари, орг.техникалар давлат фойдасига мусодара қилиб кетилган, қўлимга мусодара қилинган жиҳозлар рўйхати берилган бўлса-да, туман суд ижрочилар департаментига жиҳозларни нархлаш далолатномасини беришларини сўраб минг маротаба борган бўлишимга қарамасдан, “Эрта келинг, бошлиқ йўқ, муҳр босилмаган, тайёр эмас, индин келинг” деган асоссиз важлар билан менинг қўлимга нархлаш далолатномаси ҳануз берилмаган.

Шунингдек, 2013 йилнинг декабр ойида Учтепа туман ИИБ биноси Терроризимга қарши кураш бўлими ходимлари хонасида Учтепа туман суд ижрочилари томонидан менга тегишли бўлган бир дона видеокамера ва бир дона телефон аппарати мусодара қилинди. Бироқ мусодара қилинган мазкур орг.техникаларнинг нархлаш далолатномаси ҳам мурожаат қилишларимга қарамасдан қўлимга берилмади. Шу боисдан ҳам мен айни кунда мен истиқомат қилаётган хонадондан қанча миқдорда мол-мулк мусодара қилинганлиги хусусида маълумотга эга эмасман. Табиийки, шунинг асносида мен айни дамда судлар томонидан солинган ноқонуний жарималардан неча сўмлик қарздорлигим қолганлигидан ҳам мутлақо бехабарман. Қолаверса, 2013 йилдан буён Тошкнет шаҳар Учтепа туман суд ижрочилари менга яна қанча миқдорда қарздорлигим борлиги ва уни қоплашим тўғрисида бирор маротаба огоҳлантириш хати беришмаган ва оғзаки ҳам огоҳлантиришмаган. ЎзРесМЖтКнинг 330-моддасида Суд томонидан қўлланилган жарима уч ой ичида суд ижрочилари томонидан ундирилмаса, у уч ойдан кейин ижрога қаратилмаслиги таъкидланган. Мен мазкур қонун талабидан келиб чиққан ҳолда, уч ой ичида ундирилмаган жарималар энди ижрога қаратилмаса керак деган хаёлда юргандим.

Бироқ шу йилнинг – 2016 йилнинг 30 март куни кундуз соат 11.20 ларда кутилмаганда битта милиция формасидаги ва 9 нафар фуқаро кийимидаги йигитлар қўшнимнинг алдов чақирувига асосан мен истиқомат қилаётган куёвимнинг хонадонига бостириб киришди ва “Яккасарой туман судидан қарзингиз бор экан, ундиришга келдик” деб ишга шунғиб кетишди. Улардан бири видеотасвирга ола бошлади.

Мен ижрочиларга, “Бу хонадон яқингинада турмушга чиққан қизимнинг турмуш ўртоғига, куёвимги тегишли. Уй эгаларини чақираман. То уй эгалари келмагунча уйга киритмайман, ҳаққингиз йўқ” дейишимга қарамасдан, ўзларини “суд ижрочилари” деб таништирган 9 нафар фуқаро кийимидаги кишилар участка нозири иштирокида мен яшаётган уйга бостириб киришга улгуришган эди.

Мен тезда куёвимга қўнғироқ қилдим. У ишидан уйига етиб келди. Бироқ бу орада “ижрочи” йигитлар ҳали далолатнома тузмасданоқ орг.техникаларни бирин-кетин олиб тушиб кетиб бўлишганди. Етиб келган куёвим уй жиҳозлари ўзига тегишли эканлигини айтишига, қаршилик кўрсатишига қарамасдан, суд ижрочилари “Фуқаролик судига мурожаат қилиб, қайтариб олишингиз мумкин” деганча, олиб чиқиб кетишди.

Натижада, қизим билан куёвимнинг оиласи дарз кетди. Бундан қаттиқ изтиробга тушгач, суд ижрочиларининг ноҳақликларига чидай олмасдан, Президент девони олдида ўзимга ўт қўйиш орқали қонун идораларидаги ҳақсизликларга қарши исён қилиш тўғрисида баёнот бергандим.

Бироқ, баёнотимдан хабар топган инсонпарвар ташкилотлар мени бу аҳдимдан қайтаришди. Менга ҳомийлик қилиш, жарималаримни тўлаб бериш, куёвим билан қизимга тегишли мол-мулкларни қайтариб олиб бериш истагини билдиришди. Бунинг учун мен суд ижрочиларидан суд департаментининг ҳисоб рақамини ва айни дамда қанча қарздорлигим борлиги хусусидаги суд департаментининг маълумотномасини тақдим этсам бўлгани эди. Шу истакда мен 6 апрельдан буён Учтепа туман суд ижрочилар бўлимига қатнайман.

Афсуски, бир ҳафта давомида Учтепа туман суд ижрочилар бўлими бошлиғи Махамадиев Азамат Турсунбоевични ўз хизмат хонасидан топишнинг имкони бўлмади. Кун бўйи қабулхоналарини пойлашимга қарамасдан, котибалари гоҳ “Прокуратура чақиртирганди, кетган” дейишади, ва ё “Бетоб, биллютенга чиққанлар” деб жавоб қилишади. Шу боисдан мен истиқомат қилаётган куёвимнинг уйидан мол-мулкларини мусодара қилиб кетган суд ижрочиси Сирож Абдувалиевга 216-хонага 6 апрель куни соат 1.30 ларда боргандим. Ававалига Абдувалиев билан ноқонуний ҳаракатлари учун роса уришдим. Негаки, у куёвимнинг уйидаги яп-янги орг.техникаларнинг ишга яроқли ёки яроқсизлигига аниқлик киритмасдан, текшириб кўрмасдан, далолатнома тузмасдан, ўғрилардек, олиб қочиб кетган эди. Кейин Сирож ижрочига мақсадимни айтдим: “ Сизларни деб қизимнинг оиласи нотинч бўлиб қолди. Мен қизим билан куёвимнинг жиҳозларини қайтаришим керак. Ҳомийлар топилди. Жуда шошилинч. Менга айни дамда қанча миқдорда қарздорлигим қолганлиги хусусида маълумотнома ва суд департаментининг ҳисоб рақамини берсангиз. Жарималарни тўлиқ тўламоқчиман. Қайси ҳисоб рақамига қанча тўлашим керак. Шу ҳақида маълумотнома берсангиз. Куёвимнинг жиҳозларини зудлик билан қайтармасам бўлмайди” деб тушунтирдим.

У биринчи куни бошлиққа киринг дейиш билан қаъноатланди. Мен бошлиқни кутдим. Бироқ А. Турсунбоевич шу куни ҳам, ундан кейинги куни ҳам ишга келмади. Айтишларича, прокуратурага кетган экан. Яна ноилож 216-хонадаги ижрочи Сирожга учрашишга мажбур бўлдим. У “А. Махамадиев номига талабингиз битилган бир варақ ариза ёзиб ташлаб кетинг, келиши билан уларга аризангизни етказаман” деди. Мен 7 апрель куни А. Махамадиев номига “Мен истиқомат қилаётган хонадондан 2012, 2013 йил декабр ойида мусодара қилинган мол-мулкларнинг нархлаш далолатномасини ва айни дамда қанча қарздорлигим хусусида маълумотнома беришингизни сўрайман” деган мазмунда ариза ёзиб қолдирдим.

Бироқ, ҳисоб рақами ва аниқ қарздорлигим миқдорига оид маълумотномани тезроқ қўлга киритиш мақсадида деярли ҳар куни эрталабдан то иш пайти тугагунга қадар гоҳ 216-хонага бориб, ижрочи Сирождан аризам жавобига оид маълумотнома сўрайман, гоҳ Махамадиевни кутаман. Бироқ, 7 кундирки, аризамга жавоб олишнинг имкони бўлмаётир. Куни кеча ижрочи Сирож менга “Сиз кетаверинг, аризангизга қонунда белгиланган кунда жавоб оласиз. Биз жавобни қўлингизга бермаймиз. Почта орқали юборамиз. Уйингизга бориб, кутинг” деган жавобни берди.

Бундан чиқдики, суд ижрочилари менинг қарзимни тезроқ қоплашимни исташмас экан-да.Фуқароларнинг шикоятлари тўғрисидаги қонунга мувофиқ, аризачига бир ой давомида жавоб берилиши белгилаб қўйилган. Наҳотки мен жарималаримни тўлаш учун қанча қарздорлигим қолганлиги хусусидаги маълумотномани ва тўлашим керак бўлган ҳисоб рақамини олиш учун суд ижрочиларидан бир ой давомида жавоб кутсам. Бу ақлга сиғмайдиган иш эмасми? “Ўзим шу ердаман. Нега энди почта орқали жавоб қилишингиз керак экан. Жавобни ҳозироқ қўлимга беринг” деб талаб қилдим. Сирож эса “Қоидаси шунақа, тўғри тушунинг” деб жавоб беришдан бош тортди. Натижада у билан қаттиқ тортишиб қолишимга тўғри келди.

Иккинчи қаватда, фуқаролик суди раиси қабулига навбатда турганимда, Суд раиси қабулидан чиққан Сирож менга кўзи тушди. Мен унга яқинлашиб, аризамга жавоб талаб қилдим. Шунда суд ижрочиси Сирож мени бир четга тортиб, “Опа, мен билан бекорга тортишаяпсиз. Хонамга кириб кўрдингиз, хона тўла “дело”лар. Минглаб ижро ҳужжатлари йиллаб чанг босиб ётибди. Уч йил, ўн йил, ҳатто ўн беш йиллаб ижро қилинмасдан келаётган “дело”лар бор. Бу “дело”лар ижро бўладими, йўқми, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ, ҳеч кимни қизиқтирмайди ҳам. Биз оддий солдатмиз. Буйруққа итоат қиламиз холос. Биз сизнинг хонадонингизга ўз ихтиёримиз билан борган эмасмиз. Бизга тепадан шундай топшириқ бўлган. “Зудлик билан ижро қилинсин” дейилган. Кимнинг думини босим қўйгансиз? Шундай қилгандирсизки, сиз билан шахсан МХХ ходимлари қизиқиб қолишган. Бизга МХХдан қаттиқ топшириқ бўлмаганида тинчингизни бузмаган бўлардик” деди менга секингина.

1) Суд департаменти МХХ қўлидаги қўғирчоқми? Суд Департаменти Адлия Вазирлиги тасарруфида эмасми? Мустақил ташкилот эмасми? Суд ижрочиларининг ноқонуний ҳаракат қилишлари мумкними?

2) Нега энди мен суд жарималарини тўлашим учун айни дамда қанча қарздорлигим қолганлиги хусусидаги суд департаментидан маълумотнома олишим учун бир ой кутишим керак?

3) Учтепа туман суд ижрочиси Сирож Абдувалиев нега қарздорлигимни қоплаш хусусида огоҳлантириш бермасдан туриб мен истиқомат қилаётган уйга қўққисидан бостириб келади? Шунга ҳаққи борми? Мен ундан “Нега огоҳлантириш бермадинглар?” деб сўрасам, “Нега берар эканмиз? Мабодо, огоҳлантириш юборсам, сиз уй жиҳозларини яшириб қўярдингиз” деб жавоб қилди. Шу ижрочи учун жоизми?

4) Нега суд ижрочиси Сирож Абдувалиев уйимга 10 киши бўлиб бостириб келди-ю, олиб кетилган мол-мулклар хусусидаги далолатномада бор-йўғи 4 нафар кишининг исм-шарифи кўрсатилган? Қолган 6 нафар кишилар кимлар эди? Ўша, ижрочи Сирож айтган МХХ ходимларимиди? (Уйимга ижрочилар билан бостириб кирган шахс томонидан тасвирга олинган видеотасвирларни кўришларингизни сўрайман).

5) Нима учун ижрочи С. Абдувалиев аввалига уй жиҳозларини хатламасдан туриб, бостириб кирган 10 нафар шахслар кўмагида жиҳозлар ва орг.техникаларни битта-битта ташмалаб кетди, нега аввалига далолатнома тузмади, орг.техникаларнинг яроқли ва ё яроқсиз эканлигини текширмади? Ижрочининг шу ҳаракатлари қонунга не чоғлик тўғри келади?

6) Нега энди суд ижрочиси С. Абдувалиев мен истиқомат қилаётган қонунан куёвимнинг хусусий мулки бўлган уйдан қизим ва куёвимга тегишли бўлган уй жиҳозлари, орг.техникаларни гарчи уй ва мол-мулк куёвимники эканлигини билган ҳолда қасддан олиб чиқиб кетди. Ижрочи учун кимга тегишли эканлигининг аҳамияти қўйми? Ижрочи учун қўлига илинган нарсани қонунийми, йўқми, мусодара қилиб кетаверсагина ҳисобми?

7) Энг қизиғи, суд ижрочиси С. Абдувалиев куёвимнинг уйидан олиб кетилган мол-мулклар хусусидаги далолатномага “Мулкий аҳволни ўрганиш ҳақида” деб далолатнома тузганлиги мени ниҳоятда таажжублантирди. Нега энди “Мулкий аҳволни ўрганиш ҳақида”? Нега энди “Мол-мулкни мусодара қилиш ҳақида” эмас?

8) Суд ижрочиларининг 2016 йил 30 сентябрь куни куёвимнинг хусусий мулки бўлган уйдан қизим ва куёвимга тегишли бўлган мол-мулкларни мусодара қилишга оид Далолатномасига битта суд ижрочиси, битта участка нозири, икки нафар холис имзо чеккан холос. Бироқ, 2016 йилнинг 30 март куни тахминан соат 11.20 ларда мен истиқомат қилаётган куёвимнинг уйига қўшнининг алдов чақирувига асосан “Суд ижрочилари” ниқоби остида 10 нафар ўзини таништирмаган нотаниш шахслар бостириб киришганди. Мен Учтепа туман суд ижрочилар бўлими бошлиғи Махамадиевдан, уйимга бегона шахслар билан бостириб кирган суд ижрочиси Сирож Абдувалиевдан уйимга кирган қолган 6 нафар мазкур далолатномага киритилмай қолдирилган шахслар кимлар эканлигига аниқлик киритиб беришларини талаб қиламан. Кимлар эди улар? МХХ ходимларимиди?

Юқоридаги каби ғайриқонуний ҳаракатлари учун С. Абдувалиевга нисбатан чора кўришингизни ва менга айни дамда қанча қарздорлигим мавжудлиги хусусида маълумотнома беришларида амалий кўмаклашишингизни сўрайман.

Эшонқулова Малоҳат.

12 апрель, 2016 йил.