Apr 202016
 

Ўзбекистон ҳукумати МХХ тизимининг хизмат ваколат доирасини тушунаолмасдан қолдим… Балки сиз тушунтириб берарсиз?…

Ўзбекистон Республикаси Президентига

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Сенатига

Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирига

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига

Ўзбекистон Республкаси МХХ раисига

Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан

Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе,

16-уй, 39-хонадонда яшовчи

Моб. тел: +99893 5701747

Ш И К О Я Т А Р И З А

(Тошкент шаҳар Учтепа туман суд ижрочиси С. Абдувалиев суд департаменти МХХ ходимлари бошқаруви тасарруфи остида эканлиги хусусида гувоҳлик берганлиги ҳақида)

Мен мустақил журналист ва ҳуқуқ фаолиман. Мустақил журналист ва ҳуқуқбон сифатида олиб борган фаолиятим учун менга нисбатан 2011 йилнинг 27 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди мени ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг олтмиш баравари миқдорида 2.984.100 (икки миллион тўққиз юз саксон тўрт минг бир юз) сўм миқдорида мутлақо ноқонуний жарима жазоси, 2012 йилнинг 12 июнь куни Тошкент шаҳар Мирзао Улуғбек туман суди менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг саксон баравари миқдорида 5.033.600 (беш миллион ўттиз уч минг олти юз) сўм миқдорида тамомила асоссиз тарзда жарима жазоси, 2013 йилнинг 6 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар суди эса менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг етмиш беш баравари 5.969.2500 (беш миллион тўққиз юз олтмиш тўққиз минг икки юз эллик сўм) сўм миқдорида ғайриқонуний равишда жарима жазоси тайинланган эди.

Юқоридаги жарималардан иккитаси менинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида белгилаб қўйилган сиёсий ҳуқуқларимдан фойдаланган ҳолда норозилик пикети ўтказишга уринганлигим сабабли, бири Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида норозилик пикети ўтказилаётган жараёнларни журналист сифатида ёритиш мақсадида вилоят прокуратураси биноси қаршисида ҳозир бўлганлигим сабабли ноқонуний тарзда қўлланилган.

Мен ноқонуний чиқарилган суд қарорларини бекор қилишларини сўраб то ҳозирги кунга қадар Олий судга мурожаат қилиб келмоқдаман. Бироқ, шунга қарамасдан, 2012 ва 2013 йиллар давомида мен яшаётган уйдан жаримани ундириш мақсадида суд ижрочилари томонидан икки маротаба мол-мулклар мусодара қилиб кетилган. Бироқ, мазкур мусодара қилинган мол-мулкларнинг нархлаш далолатномаси қўлимга берилмаган. Тошкент шаҳар, Учтепа туман суд ижрочилари томонидан мен истиқомат қилаётган уйдаги уй жиҳозлари, орг.техникалар давлат фойдасига мусодара қилиб кетилган, қўлимга мусодара қилинган жиҳозлар рўйхати берилган бўлса-да, туман суд ижрочилар департаментига жиҳозларни нархлаш далолатномасини беришларини сўраб минг маротаба борган бўлишимга қарамасдан, “Эрта келинг, бошлиқ йўқ, муҳр босилмаган, тайёр эмас, индин келинг” деган асоссиз важлар билан менинг қўлимга нархлаш далолатномаси ҳануз берилмаган.

2013 йилдан буён Тошкент шаҳар Учтепа туман суд ижрочилари менга яна қанча миқдорда қарздорлигим борлиги ва уни қоплашим тўғрисида бирор маротаба огоҳлантириш хати беришмаган ва оғзаки ҳам огоҳлантиришмаган. ЎзРесМЖтКнинг 330-моддасида Суд томонидан қўлланилган жарима уч ой ичида суд ижрочилари томонидан ундирилмаса, у уч ойдан кейин ижрога қаратилмаслиги таъкидланган. Мен мазкур қонун талабидан келиб чиққан ҳолда, уч ой ичида ундирилмаган жарималар энди ижрога қаратилмаса керак деган хаёлда юргандим.

Бироқ шу йилнинг – 2016 йилнинг 30 март куни кундуз соат 11.20 ларда кутилмаганда битта милиция формасидаги Тошкент шаҳар Учтепа тумани, 23-мавзе, Фарҳод маҳалласида жойлашган 40-сонли милиция таянч пункти участка нозири Иззатилла Ҳошимов ва 9 нафар фуқаро кийимидаги йигитлар қўшнимнинг алдов чақирувига асосан мен истиқомат қилаётган куёвимнинг хонадонига бостириб киришди ва “Яккасарой туман судидан қарзингиз бор экан, ундиришга келдик” деб ишга шунғиб кетишди. Улардан бири видеотасвирга ола бошлади. Мен ижрочиларга, “Бу хонадон яқингинада турмушга чиққан қизимнинг турмуш ўртоғига, куёвимги тегишли. Уй эгаларини чақираман. То уй эгалари келмагунча уйга киритмайман, ҳаққингиз йўқ” дейишимга қарамасдан, ўзларини “суд ижрочилдари” деб таништирган 9 нафар фуқаро кийимидаги кишилар участка нозири иштирокида мен яшаётган уйга бостириб киришга улгуришган эди. Мен тезда куёвимга қўнғироқ қилдим. У ишидан уйига етиб келди. Бироқ бу орада “ижрочи” йигитлар ҳали далолатнома тузмасданоқ орг.техникаларни бирин-кетин олиб тушиб кетиб бўлишганди. Етиб келган куёвим уй жиҳозлари ўзига тегишли эканлигини айтишига, қаршилик кўрсатишига қарамасдан, суд ижрочилари уларга тегишли бўлган мол-мулкларни ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетиб бўлишганди.

Натижада, қизим билан куёвимнинг оиласи дарз кетди. Бундан қаттиқ изтиробга тушгач, суд ижрочиларининг ноҳақликларига чидай олмасдан, Президент девони олдида ўзимга ўт қўйиш орқали қонун идораларидаги ҳақсизликларга қарши исён қилиш тўғрисида баёнот бергандим. Бироқ, баёнотимдан хабар топган инсонпарвар ташкилотлар мени бу аҳдимдан қайтаришди. Менга ҳомийлик қилиш, жарималаримни тўлаб бериш, куёвим билан қизимга тегишли мол-мулкларни қайтариб олиб бериш истагини билдиришди.

Бунинг учун мен суд ижрочиларидан суд департаментининг ҳисоб рақамини ва айни дамда қанча қарздорлигим борлиги хусусидаги суд департаментининг маълумотномасини тақдим этсам бўлгани эди. Шу истакда мен 6 апрельдан буён Учтепа туман суд ижрочилар бўлимига қатнайман. Афсуски, бир ҳафта давомида Учтепа туман суд ижрочилар бўлими бошлиғи Махамадиев Азамат Турсунбоевични ўз хизмат хонасидан топишнинг имкони бўлмади. Кун бўйи қабулхоналарини пойлашимга қарамасдан, котибалари гоҳ “Прокуратура чақиртирганди, кетган” дейишади, ва ё “Бетоб, биллютенга чиққанлар” деб жавоб қилишади. Шу боисдан мен истиқомат қилаётган куёвимнинг уйидан мол-мулкларини мусодара қилиб кетган суд ижрочиси Сирож Абдувалиевга 216-хонага 6 апрель куни соат 1.30 ларда боргандим. Ававалига Абдувалиев билан ноқонуний ҳаракатлари учун роса уришдим. Негаки, у куёвимнинг уйидаги яп-янги орг.техникаларнинг ишга яроқли ёки яроқсизлигига аниқлик киритмасдан, текшириб кўрмасдан, далолатнома тузмасдан, ўғрилардек, олиб қочиб кетган эди.

Кейин Сирож ижрочига мақсадимни айтдим: “Сизларни деб қизимнинг оиласи нотинч бўлиб қолди. Мен қизим билан куёвимнинг жиҳозларини қайтаришим керак. Ҳомийлар топилди. Жуда шошилинч. Менга айни дамда қанча миқдорда қарздорлигим қолганлиги хусусида маълумотнома ва суд департаментининг ҳисоб рақамини берсангиз. Жарималарни тўлиқ тўламоқчиман. Қайси ҳисоб рақамига қанча тўлашим керак. Шу ҳақида маълумотнома берсангиз. Куёвимнинг жиҳозларини зудлик билан қайтармасам бўлмайди” деб тушунтирдим. У биринчи куни бошлиққа киринг дейиш билан қаъноатланди.

Мен бошлиқни кутдим. Бироқ А. Турсунбоевич шу куни ҳам, ундан кейинги куни ҳам ишга келмади. Айтишларича, прокуратурага кетган экан. Яна ноилож 216-хонадаги ижрочи Сирожга учрашишга мажбур бўлдим. У “А. Махамадиев номига талабингиз битилган бир варақ ариза ёзиб ташлаб кетинг, келиши билан уларга аризангизни етказаман” деди. Мен 7 апрель куни А. Махамадиев номига “Мен истиқомат қилаётган хонадондан 2012, 2013 йил декабр ойида мусодара қилинган мол-мулкларнинг нархлаш далолатномасини ва айни дамда қанча қарздорлигим хусусида маълумотнома беришингизни сўрайман” деган мазмунда ариза ёзиб қолдирдим. Бироқ, ҳисоб рақами ва аниқ қарздорлигим миқдорига оид маълумотномани тезроқ қўлга киритиш мақсадида деярли ҳар куни эрталабдан то иш пайти тугагунга қадар гоҳ 216-хонага бориб, ижрочи Сирождан аризам жавобига оид маълумотнома сўрайман, гоҳ Махамадиевни кутаман. Бироқ, 7 кундирки, аризамга жавоб олишнинг имкони бўлмаётир. Куни кеча ижрочи Сирож менга “Сиз кетаверинг, аризангизга қонунда белгиланган кунда жавоб оласиз. Биз жавобни қўлингизга бермаймиз. Почта орқали юборамиз. Уйингизга бориб, кутинг” деган жавобни берди. Бундан чиқдики, суд ижрочилари менинг қарзимни тезроқ қоплашимни исташмас экан-да.Фуқароларнинг шикоятлари тўғрисидаги қонунга мувофиқ, аризачига бир ой давомида жавоб берилиши белгилаб қўйилган. Наҳотки мен жарималаримни тўлаш учун қанча қарздорлигим қолганлиги хусусидаги маълумотномани ва тўлашим керак бўлган ҳисоб рақамини олиш учун суд ижрочиларидан бир ой давомида жавоб кутсам.

Бу ақлга сиғмайдиган иш эмасми? “Ўзим шу ердаман. Нега энди почта орқали жавоб қилишингиз керак экан. Жавобни ҳозироқ қўлимга беринг” деб талаб қилдим. Сирож эса “Қоидаси шунақа, тўғри тушунинг” деб жавоб беришдан бош тортди. Натижада у билан қаттиқ тортишиб қолишимга тўғри келди.

Иккинчи қаватда, фуқаролик суди раиси қабулига навбатда турганимда, Суд раиси қабулидан чиққан Сирож Абдувалиев менга кўзи тушди. Мен унга яқинлашиб, аризамга жавоб талаб қилдим. Шунда суд ижрочиси Сирож мени бир четга тортиб, “Опа, мен билан бекорга тортишаяпсиз. Хонамга кириб кўрдингиз, хона тўла “дело”лар. Минглаб ижро ҳужжатлари йиллаб чанг босиб ётибди. Уч йил, ўн йил, ҳатто ўн беш йиллаб ижро қилинмасдан келаётган “дело”лар бор. Бу “дело”лар ижро бўладими, йўқми, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ, ҳеч кимни қизиқтирмайди ҳам. Биз оддий солдатмиз. Буйруққа итоат қиламиз холос. Биз сизнинг хонадонингизга ўз ихтиёримиз билан борган эмасмиз. Бизга тепадан шундай топшириқ бўлган. “Зудлик билан ижро қилинсин” дейилган. Кимнинг думини босим қўйгансиз? Шундай қилгандирсизки, сиз билан шахсан МХХ ходимлари қизиқиб қолишган. Бизга МХХдан қаттиқ топшириқ бўлмаганида тинчингизни бузмаган бўлардик” деди менга секингина.

Ҳурматли МХХ раиси Рустам ИНОЯТОВ!

Учтепа туман суд ижрочиси Сирож Абдувалиевнинг сўзларидан кейин мен Ўзбекистон ҳукумати МХХ тизимининг хизмат ваколат доирасини тушунаолмасдан қолдим. Илтимос, менга тушунтириб берсангиз?:

  • Рустам Иноятов раҳбарлиги остидаги ММХ нинг хизмат вазифаси мамлакат хавфсизлигини ҳимоя қилишдан иборатми? Ёхуд Ўзбекистонда фаолият юритаётган мен каби мустақил журналист ва ҳуқуқбонларга зуғум ўтказишдан, молиявий босим қилишдан, қадамимизни ўлчаб юришдан, суд ижрочиларига кўрсатма беришдан иборатми?

  • То ҳануз Учтепа туман суд ижрочилари менга айни дамда суд томонидан солинган ноқонуний жарималардан қанча қарздорлигим қолганлиги тўғрисида ҳеч бир маълумот бермаётир. Маълумот беришдан бош тортмоқда. Иноятов, айтингчи, Учтепа туман суд ижрочилари сиз раҳбарлик қилаётган МХХ хизматининг кўрсатмасига биноан менга қанча қарздорлигим қолганлиги хусусида аниқ маълумот беришмаяптими?

  • Нега суд ижрочиси Сирож Абдувалиев уйимга 10 киши бўлиб бостириб келди-ю, олиб кетилган мол-мулклар хусусидаги далолатномада бор-йўғи 4 нафар кишининг исм-шарифи кўрсатилган? Қолган 6 нафар кишилар кимлар эди? Ўша, ижрочи Сирож айтган МХХ ходимларимиди? (Уйимга ижрочилар билан бостириб кирган шахс томонидан тасвирга олинган видеотасвирларни кўришларингизни сўрайман).

  • Иноятов, сиз раҳбарлик қилаётган МХХ хизмати қачон ўз фаолияти билан шуғулланади? Қачон МХХ мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаолларини, мухолифат вакилларини таъқиб этишни тўхтатади? Қачон ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бел боғлаган шахсларзуғум ўтказишни бас қиласизлар?

  • Ўзбекистон Республикаси МХХ хизматининг бошқа муҳим юмуши қолмаганми?

Учтепа туман суд ижрочиларига “Эшонқулова яшаётган хонадондан жаримани ундириш баҳонасида мол-мулкларни ноқонуний тарзда бўлса-да тезкорлик билан ундирилсин!Фойдаланаётган ноутбук”и қўлга киритилсин!” деган қабилидаги бўйруқни қай бир МХХ ходими берган? Юқоридаги каби ноқонуний бўйруқ берган МХХ тизимидаги масъулиятсиз ходимларни топиб, қонуний чора кўришингизни талаб қиламан.

Эшонқулова Малоҳат.

12 апрель, 2016 йил.