Apr 152016
 

17 йиллик қамоқда ўтирган ёзувчи яна Каримовга хат ёзди

  • ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ
  • ИСЛОМ КАРИМОВГА
  • ОЧИҚ ХАТ
  • Биз давлатни ушлаб турибмиз…”
  • С. А.
  • Ўзбекистон республикаси
  • Ички Ишлар вазири ўринбосари.
  • Андижонда қирғин қилган кишидан
  • нима кутиш мумкин?..”
  • А. Н.
  • Яккасарой тумани Ички
  • Ишлар бўлими терговчиси.
  • Бу юртда яшаб бўлмай қолди,
  • чиқингу суринг…”
  • Тоштурма мулозими.

Жаноб президент!

Аслида ким “Ватан хоини”, ким “Халқ душмани” эканини эл яхши билади. Ойдинлар-ку юз фоиз. Куч ишлатар тизимлари, хусусан, айрим милиция ходимлари ва раҳбарлари “Биз давлатни ушлаб турибмиз”, деб мақтанишни одат қилиб олишган. Айни шулар юртда об-ҳаво қилишаяпти. Бўлар-бўлмасга сизнинг номингизни рўкач қилиб, фуқороларга зуғум қилишмоқда. Аҳоли уларга қонун йўли билан мурожаат этишса ҳам, улар бир нима ундириш дардида ишни кейинга суришади. Унавермагач эса: “ Бу иш президент сиёсатига қарши” дейишади. Мен эл бўғзидаги гапни айтаяпман. Буни яширин йўл билан аниқлаш қийинмас. Эл-юрт дардидан узоқ, нафси ғор бундоқ кимсаларнинг зулумлари сабабли Ота Юртдан чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлган, бўлаётган кишилар сон-саноқсиз. Бироқ ватандан бездирувчи булғанчларга деярли чора кўрилмаяпти. Улар тўлиб-тошиб, қутуриб яшаяптилар. Бу зўравонларга қонун ишлаяптими? Ёки қонун уларнинг қўлида қўғирчоқ бўлаяптими? Русча айтганда, уларга чексиз “власт” берилмаганми? Сизга оқни қора, тўғрини эгри қилиб кўрсатаётган шулар эмасми? Бу одам қиёфали иблислар юртни заҳарли ўргумчаклардек ўраб олишган. Эл-юртни хонавайрон қилаётган, давлатни тубсиз жарга етаклаётган шулар эмасми? Халқни дунёга сочилиб кетишига, мардикор бозорларининг кўпайиб кетишига, хотин-қизларни издан чиқиб кетишига шулар сабабчи эмасми? Эл ва эл ойдинларининг айтишларича, биринчи галда “Биз давлатни ушлаб турибмиз” дея оғизларини кўпиртираётган жоҳилларни, қоничарларни тартибга солиш керак. “Қама-қама”… билан юлдузлару мартабаларга эришаётган, қонунни қурол қилароқ халқ ва давлат мулкини ўмараётган икки юзламачи, чаласавод, олчоқларни туб томирлари билан суғуриб ташлаш керак. Эл ичида юрган бу гап-сўзларни сизга тескари қилиб кўрсатаётган бу ялоқлар:

Давлат,

Ватан,

Халқ душманларидир.

Халқ, давлат мулкини ўмараётган…

Ким?

Кимлар?

Буни аниқлаш “1+1=2” дек осон.

Нафақат Тошкент, бутун мамлакатда қурилган, қурилаётган кўп қатли қасрлар қайси маблағ ҳисобига қад кўтарган, кўтармоқда?

Ёт юртлардаги маҳобатли уйлари–чи?

Баҳоси осмон автомобиллари-чи?..

Завод, фабрикалари-чи?..

Сон-саноқсиз Супер маркетлари-чи?..

Шоҳона ресторан, кафе, отеллари-чи?..

Ҳалол манглай терлари ҳисобига бўлса, эл тилида айтсам: “Нур устига – аъло нур”.

Йўқса…

Эл тилида айтсам: “Қора гўр”.

Туб ҳақни билиш “ 1 + 1 = 2” дек осон дедим. Қандоқ?

Худди Оврўпа, Америка давлатларидек юрт бўйлаб декларация ўтказиш лозим. Мутлақо холис декларация. Бу:

Халқ фикри,

Халқ ойдинлари фикри,

Нонга зор қашшоқлар фикри.

Ёт юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлар фикри.

Декларацияни тўғри, мутлақо тўғри ўтказиш учун:

Ватанни,

Миллатни,

Давлатни ўйлайдиган, ўйлаганда ҳам юрак-юрагидан ўйлайдиган:

Имонли,

Эъдиқодли,

Ҳалол,

Элсевар кишилардан иборат комиссия тузиш лозим.

Шундоқ тақдирдагина ҳақиқат, туб ҳақиқат юзага чиқади.

Худди қора булутларни ёриб чиққан ой, қуёш, юлдузлардек.

Триллион-триллионлар,

Тумонот-тумонот мол-мулклар

Давлатга, халққа қайтади.

Бу билан Ўзбекистон кучга киради,

Қашшоқ улус қаддини тиклайди.

Биз давлатни ушлаб турибмиз…”

Мен бу гапни озодликда ҳам, қамоқда ҳам кўп милисалардан эшитганман. Жумладан, Республика Ички Ишлари Министри ўринбосари С. А.дан ҳам. У тергов пайтида, номаълум қамоқхона зиндонида менга ушбу саволни берган:

Сталин давлатни қандай ушлаб турган?”

Қон билан”…

Тўғри жавоб қайтаринг!”

Жон билан”…

Каримов сизни бекорга қамамаган. Тилингиз ёмон… Бу ер цирк эмас!…”

Куч ишлатар тизимлар билан”.

Ҳеч бир давлат куч ишлатар тизимларисиз яшолмайди.

Унутманг! Биз давлатни ушлаб турибмиз”.

Бу савол-жавоблар баённомага кирган, деб ўйлайман. Йўқса, зарурат туғилган онда мен полковник С. А. билан юзлашишга тайёрман.

Ишонувчанлигу алданиши сабабли, зўрлигу туҳмат сабабли, қамоқ билан қўрқитилиши сабабли Ота Юртдан хорижга кетишга мажбур бўлган, бўлаётганлар сон-саноқсиз. Шулардан бири:

Башорат Эшова

Image caption Башорат Эшова, Швейцария

Бу оддий, содда ўзбек аёли 1954 йил 30 март куни туғилган. Тошкентнинг Яккасарой туманидаги Усмон Носир кўчаси 64-уй 30-хонадонда (икки ўғил, бир қизи билан) яшаган.

Жуда танг ҳолда. Тўнғич ўғли Улуғбек амнистия билан қамоқ (Қоровулбозор)дан чиқаётган куни зона бошлиғи ўта машъум қора ниятда уни озодликка қўймаган. Ваҳоланки, Эшова

Президент девонидан ўғлининг амнистияга чиққанлиги тўғрисида хат ҳам олган. Бу мактуб ҳамон унда сақланмоқда.

Ўта машъум қора ният…

Қандоқ?

Эшованинг қон йиғлаб айтишича, хозяиннинг (зона бошлиғи) ашаддий туҳмати билан 1975 йилда туғилган Улуғбек ўлимга ҳукм этилган.

Қандоқ?

Зона бошлиғи- Т. Ғ. ўзи билан ўчакишиб юрган Борис отли кимсани лахмачлар (қулоқлар) орқали ўлдиртирган. Сўнг уни Улуғбекка тўнкаган. Орқасида сўровчиси йўқ камбағалга тўнкаш хозяин учун писта пўчоғи… Бундоқ ҳодисалар қамоқхоналарда каммас…

Одам ўлдириш-пашша ўлдиришми?..

– Агар Улуғбек “иши” қайта, холис текширилса, қотил зона бошлиғи бўлиб чиқади, – дейди ўғли дардида куйиб-ёнаётган Башоратхон.

Адолат тантанаси учун ҳам,

Қонун устиворлигини кўрсатиш учун ҳам,

Ўзгаларга сабоқ бўлиш учун ҳам бу ашаддий қотилликни фош этиш керак, деб биламан.

Йўқса…

Ногирон Башорат Эшова ўғлига куяди. Зор йиғлаб куяди.

Башорат Эшова Тошкентда ҳовли супурувчи (дворник) бўлиб ишлаган. Маоши газ, светга, иссиқ, совуқ сувга, қисқаси, квартира солиғига етмаган. Тепада ўтирган (меҳнаткашларга) ойлик тақсимловчилар халқни нонсиз, кийимсиз қолишларини ўйлаганмиканлар? Маош тўлашда ҳар бир ўзбек хонадонида ўртача қанча (ерман, ичарман) бола-чақа борлигини ҳисобга олганмиканлар?

Менимча йўқ.

Ойдинлар фикри ҳам шундай.

Сочилиш… нураш…га буни даҳли йўқ деювчилар янглишадилар.

Еб тўймас корчалонлар, оғзи ғор корчалонлар фақат ва фақат ўзларини ўйлашмаяптими? Улар учун муқаддас нарса йўқ. Худодан қўрқмайдилар.

Бундоқда халқнинг қорни тўядими, усти бут бўладими, давлат ривож топадими?

СССР даврида:

Свет ўчармиди?

Газ ўчармиди?

Эл ташима сув ичармиди?

Йўқ.

Чиркин СССР даврида…

Ҳозир-чи?

Ҳамма кўриб, билиб турган нарсани айтиш ортиқча.

Халқнинг бу эҳтиёжини (ҳаводек зарур эҳтиёж) қондириш йўли, ечими, менинг фикримча, мен билган ойдинларнинг фикрларича битта. Еб тўймас, олиб тўймас, ўмариб тўймас амалдорлардан ва куч ишлатар тизмлари юлғучларидан воз кечиш керак. Воз кечиш билан бирга улардаги давлат, халқ мол – мулкларини бор бутунича қайтариб олиш лозим. Шу беқиёс маблағ ҳисобига эл – юртни ичимлик сув ҳамда нур (свет) билан тўкис таъминловчи гидроузеллар (бир қанча гидротехника қурилишларидан ташкил топган иншоотлар, яъни маълум ҳудудларга жойлашган электростанциялар, анҳорлар, тоза сув ҳавзалари ва ҳоказолар)ни бунёд этиш зарур. Шунингдек, интернационал сўз билан айтсам, аҳоли уй – жойларини тўла газофикациялаш (уй – жойлар ва бошқа турмуш эҳтиёжларини газ билан узлуксиз таъмин этиш) керак.

Қизил империя даврида, Ўзбекистон Москвага, аниғи, ўрисга қарам ва унинг қўлига қараган замонда ҳар хонадонда газ, свет ўчмасди, қувурларда тоза сув оқиб турарди дедик. Нимага?

Команданинг тузумга содиқ, қобилиятли ишчан кадрлари сабабли.

Ҳозир?..

Тангрига шукр, ҳозир, яъни 25 йилдан буён Мустақилмиз.

Ўз эркимиз ўз қўлимизда.

Ўз ер ости, усти бойлигимизга ўзимиз эгалик қилаяпмиз.

Шундоқ экан, нечун аҳолини газ, свет, сув, иш, етарли маош билан таъминлолмаяпмиз? Мен билган бир тўп ойдинлар, хусусан, иқтидорли журналист, иқтидорли ташкилотчи Шароф Убайдуллаевнинг фикри шундоқ:

Команда президент ҳаракатига яраша иш тутганда, бундай бўлмасди. Аксари қобилиятсиз, бебурд, ношуд, коррупцияга ботган. Командани янгилаш керак. Тоза қонлар, ишбилармонлар, элпарвар кадрлар ҳисобига”.

Шоир Ҳомроқул Асқар ҳам Шароф Убайдуллаев фикрига ҳамоҳанг тарзда дейди:

Мудҳиш сурилишлар орқасида миллат дардидан узоқ, нафси жар карчалонлар туришибди. Президент прогресс учун, рўшнолик учун жон куйдириб ишлаяпти. Аммо корчалонлар…- гапини охирига етказмайди. Афтидан, чўчийди. Шунгами, гапини тўсма (парда)га ўрайди:

– Тўғри сўзларни тескари кўрсатишади…

Тўғри сўзларни узоқ тутишади…

Тўғри сўзларсиз давлат юксаладими?

Тўғри сўзларни

Бўғиш,

Қамаш,

Ўлдириш миллат фожеасини келтириб чиқармайдими?

Улуғ Темур, енгилмас Темур, ўлмас Темур шундоқ деган:

Ҳар қандоқ камол- тўғри сўз билан…”

Атрофидагилар…”

– Нима қилмоқ керак?- деб Ҳомроқулдан сўрайман.

– Қутилиш…

Мен эл ичидаги сўзни айтаяпман.

Ватанимиз келажагини ўйлаб,

Миллатимиз келажагини ўйлаб…

Туб мавзуга, қайтаман. Башорат Эшова ўғлининг ўлик, тириклигини билмайди. Тегишли идораларга кўп ёзган. Тегишли идоралар жавоб беришмайди. Ёлғон бўлмасин, онда – сонда жавоб берганлари ҳам бор. Бир- бирига зид:

Ўлган”…

Тирик”…

Башорат Эшова (болалари билан) емоққа, кийимга зор яшаган. Қора қозони қайнаганини эслолмайди. Талай марта ёрдам сўраб маҳалла Кенгашига, Ҳокимиятга борган. Кўмак беришмаган.

Ўй – ғамга ғарқ кунларнинг бирида, ҳовли супураётган паллада ёнидан ўтаётган бир киши Башоратхонга гап қотган:

– Ҳорманг , опа.

Башоратхон бошини кўтариб, йўловчига қараган: кўринишидан ўзига тўқдек одам. Сипо кийинган. Кўк кўз лари кишига синовчи боқади. Овози мулойим. Башоратхон кўнглидан ўтказади:

Яхши жойда ишласа керак?”

– Чарчамаяпсизми, опа?

– Йўқ, ука.

– Ҳорғин кўринасиз?

Очликдан силласи қуриган хотин унинг овозидан раҳм ҳиссини туяди. Бир нима дейишга оғиз жуфтлайди. Ичидан саси чиқмайди. Бунга аёллик ғурури, аёллик ҳаёси йўл қўймайди.

Эшова кўк кўз кишини яна талай марта кўради. У қаршисидаги кўп қатли уйга киради. Анча вақтдан сўнг у ердан чиқади. Башоратхондан салом – алигини узмайди.

Баъзан уни гапга солади: – Хўжайинингиз борми, опа? – Йўқ , ука. – Бола- чақа кўпдир? – Учта. – Қандай боқаяпсиз? – …

Ҳар гал шу хил савол жавоб…

Бир бозор куни кўк кўз киши остонада ғамга чўкиб ўтирган Башоратхон олдига келади. Ва ҳамдардлик билан дейди:

– Ўй ғам билан одам бир нимага эришолмайди, опа. Бундайда ўзингизни еб қўясиз.

Нима қилай?” деган маънода оғзидан ароқ ҳиди келаётган кишига мунғайиб қарайди Башоратхон.

– Рус ўзбекни бекорга қўй демайди. Бир нимага эришиш учун курашиш керак, опа.

Қандай?

– Ҳамма кўриб, билиб турган нарсага қарши…

– Тушунмадим, ука.

– Андижонда қирғин қилган кишидан нима кутиш мумкин?.. Овозини пастлади кўк кўз, – Пикетга чиқинг.

– Пикет нима?

– Митингга, намойишга… Ёлғизмас, болаларингиз билан, яқинларингиз билан… фақат шу йўл билан ундан қутилиш мумкин.

Шу гап сўздан сўнг сиёсатдан йироқ соддадил хотин тўрт- беш марта пикетга чиқади. Бунинг учун: “Президент сиёсатига қарши чиқди” деган айблов билан икки кунча Яккасарой Ички

Ишлар бўлим биносида ушлаб турилади. Шу ерда Башоратхон тасодифан кўк кўз кишини кўради. Милиция формасида.

У Башоратхонни кўриб, кўрмасликка олади. Башоратхонни муз тер босади. У ёнидагилардан кўк кўзнинг кимлигини сўрайди. Айтишади:

Терговчи… Н.А…”

Шу воқеадан беш кун кечганда, Н. Эшованинг уйига келади. Унга Тошкентда яшаш хавфлилигини, яширинча Бишкекка боришини, у ердан чет элга кетишини маслаҳат беради. Акс ҳолда қамалиши мумкинлигини айтади.

– Орамизда бўлиб ўтган гапни бировга айтиб юрманг, опа, – дейди гапи сўнггида А.- биз сиз билан доим биргамиз…

Табиатан инонувчан хотин макрда шайтонни йўлдан оздирадиган А.га тағин алданади. Унинг “Гуллаб қўймасин…” деган ваҳмда эканини сезмайди. Хорижга (ўғил- қизи Отабек, Шаҳло билан) кетади. Бунга ҳам 9 йил бўлаяпти. Швейцарияда яшаяпти. Терговчи А.нинг таъсирида содда дил хотин яқин – яқингача Сизга бошқача фикрда бўлган. Наврўз байрами арафасида

Эшова менга бир- икки марта сим қоқди. “А. туфайли ватандан кетдим, – деб афсусланди,- кетишим билан О. отли участковой милиса уйимга кирган. Эшикни бузибми, аниқ билмайман. Мен буни босқинчилик, деб биламан. Мен буни ўғрилик, деб биламан. Мен буни Ўзбекистон қонунига қарши, деб биламан. Агар мен О. милисанинг уйини шундай қилганимда, у мени тинч қўярмиди? “Ўғри” деб, “ босқинчи” деб қаматарди. Узоқ йилларга…

Эшованинг гапидан бошимга бир фикр келди:

Башоратхон тўғри айтди. О.милиса ўзича эшикни бузиб очмаган. Унинг орқасида одам бор. Ким? Кимлар?

Балки, ўзига бино қўйган Ф.Ҳ.дир?

Балки, икки томонга ўйнаган А.Н.дир?…

Башоратхоннинг уйи (2хонали квартира) жанжал уясига айлангандан кейин уй эшигига муҳр босилган. Балки, квартира солиғи тўланмагани учундир? Балки, бошқа сабабдандир?..Лекин ўз лавозимини суиистеъмол қилган босқинчи милиса О.га чора кўрилмаган.

Балки, энди, холис текширувчилар (агар холис текширилса) қонун бузар, уй бузар О.ни ва унинг орқасида турган “қалқон” ларни жиноий жавобгарликка тортишар? Шу билан бирга хоналарга етказилган зарарлар ундирилар . Яна уй солиқлари ҳам…

Эшова тўкилган, таланган квартирасини вақтинча қараб туриш, эпақага келтириш ва ҳам коммуникация қарзларини (2 мл.) давлатга тўлаш учун шу Наврўз байрамидан сал олдин Ватан

Маҳмудова номига Швецария муҳри босилган, нотариус имзоси чекилган ишончнома (Француз, рус тилларида битилган) юборади. Шу муносабат билан Ватан Маҳмудова (менинг қизим)Эшованинг уйига боради. Унинг ёнида журналист дугонаси ҳам бўлади.

Уч – тўрт кишидан домкомнинг манзилини сўрашади. Улардан тайин жавоб олишмайди. Шунга биринчи қаватда жойлашган ЛДП редакциясига киришади. Одми кийинган, камтар муҳаррир домкомни танир экан. Унга сим қоқди:

– Барнохон, 30 – квартирада кўпдан одам яшамайдими дейман?..

– З0 – квартира СНБ контролида , – русча овоз эшитилди гўшакдан, – эшикни СНБ печатлаб кетган.

– Доверенность билан келсаларингиз яхши бўларди, – дейди редактор Маҳмудовага.

Икки кундан кейин Маҳмудова (дўсти билан бирга) Барнонинг учинчи қаватдаги квартирасига чиқади. Унга ишончнома қоғозини кўрсатади. Миллати ўзбек Барно ўз тилини билмайди, русча гапиришни талаб қилади. Давлат тилини билмаган киши домком бўлиши мумкинми? Бу муқаддас юрт Россия эмас, Ўзбекистон – ку. Русчани тушунмайдиган кексалар бор. Икки тилни билганда ҳам бошқа гап эди.

Ватан Маҳмудова фикрини русча баён этади. Барно қовоғини уяди ва : 30 -квартирада “убийства” бўлган…- дейди.

Агар Барнонинг сўзи чин бўлса, “убийства”ни ким қилган?

Ватан Маҳмудова Барнонинг бу гапига унча ишонмайди. Унинг редакторга айтган сўзига ҳам шубҳа билан қарайди:

30 квартира СНБ контролида…”

– Нега бир йил олдин келмадиларинг? Энди… квартира мало имушествага берилаётган пайтда…- Барно гапни буради.

– Бу хусусий мулк – ку. Эгасининг розилигисиз, ҳужжатсиз қандай қилиб “мало имушествага” берилади? Бу – Ўзбекистон қонунига зид. Сиз билан иш битмайдиганга ўхшайди. Бизга Маҳалла

Кенгаши билан участковойнинг телефон рақамларини беролмайсизми?

– Йўқ… Менда йўқ…

Маҳалла Кенгаши раиси Н. билан учрашдик. Бу пайтда кеч кираётган, ёмғир шиғалаб ёғаётган эди. Н. бизга хушфеъл кишига ўхшаб кўринди. У ишончномани диққат билан ўқиб чиқди.

Сўнг:

– Участковой И.Х.нинг ҳам олдидан бир ўтинглар, – деди ва унинг телефон рақамларини бизга ёзиб берди.

– Раҳмат!

– Менимча, бугун кеч бўлди. Эртага, И. вақт топган пайтда, мен Башоратхоннинг уйига бораман.Икки гувоҳ билан. Эшикни очишга.

– Соғ бўлинг, – дедим ва унга Барно ҳақида гап очдим.

– Рус тилини ҳеч ким таъқиқламаган.

– Шундай, аммо ўз тилини ҳам билиши лозим.

Давлат тили – ўзбек тили.

– Тўғри.

– Барнонинг сўзлари бир – бирига зид. Аввал эшикни СНБ муҳрлаган деди.

Кейин гапидан тонди. Квартирани “мало имущества”га берамиз деди. Бу – отасининг уйими? Бу – Конунни менсимаслик эмасми?

– Ман Барно билан гаплашаман…

Маҳалла Кенгашидан чиқиб, участка милицияси идорасига бордик. Эшик қулф. И.га сим қоқдик ва мақсадимизни айтдик. Телефондан қўпол, дағал овоз келди:

-Вақтим йўқ!

-Бир дақиқага.

-Йўқ дедим – ку. Меҳмонларни кузатаяпман. Қолаверса, у квартирани республика прокуратураси печатлаб кетган.

Ишонмадик.

Прокуратурани шу митти уйни қўриқлашдан бошқа иши йўқми?- деб ўйладим,- ёлғон!..”

Бир кундан сўнг майор И.Х. билан (идорасида) юзма- юз бўлганимизда, тағин республика прокуратурасини рўкач қилди.

– Туман прокуратураси деганингизда ҳам бошқа гап эди,- дедим тагдор оҳангда, – товуқ катагидек бу ташландиқ кулба республика прокуратураси назоратидалигига ўзингиз ишонасизми? У катта тизимнинг ўз иш , ташвиш, муаммолари озми? Ахир, бу сиёсатдан йироқ, олий маълумотга эга бўлмаган, ҳеч қандоқ жиноят содир этмаган, кекса, ногирон, бева аёлнинг бошпанаси- ку.

Абдураим Пўлат,Муҳаммад Солиҳ,Жаҳонгир Муҳаммадлар бўлганда ҳам бошқа гап эди.

Пластинка” тескарига айланди:

– Мен эшикни ўзимча очолмайман- да.

– Ишончнома – қонуний ҳужжат. Маҳалла Кенгаши бор…

– Хўжайиннинг олдидан ҳам ўтайлик – да.

– Бу ишни ИИБга алоқасига борми?

– Ҳар қалай…

Яккасарой тумани Ички Ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари ёш, келишган, димоғдор йигит экан. Бутун хатти – ҳаракати, гап – сўзидан сезилиб турибди: дами баландлиги. У саломимизга алик ҳам олмади. Шунда, ихтиёрсиз бир тарзда кўнглимдан ўзбекнинг шу ибораси кечди:

Катта охурдан ем еган…”

У бир- икки марта ишончномани кўздан кечирди.

Номигагина. Балки, менга шундоқ туюлгандир?

– Бу ҳужжат сохта бўлиши мумкин, – деди совуқ , тунд оҳангда.

– Швейцариянинг муҳри сохта бўладими?

– Эшованинг паспорт копиясини олиб келинглар, сўнг…

Ҳайдаровнинг 4 – қаватга жойлашган улкан, салобатли, серҳашам, аммо одамнинг кўнглида нохушлик уйғотгувчи кабинетидан чиқиб, лифтга келдик. Юрагим хуруж қилаётгани учун тилим остига нитроглицерин ташладим. Изимиздан Ф. худди бир ёмон нарса юз бергандек: Илҳом – Илҳом!..” дея чопиб чиқди. И. бўлса зинадан қуйига энмоқда эди. Ф. бизнинг олдимизга келиб, яна ишончномани ўқиган бўлди. Шошиб. Унинг бу ҳаракати менга ғалати туюлди. Шунда туйқус Барнонинг гапи миямга урилди:

Мало имуществага бермоқчийдик…”

Бериш домкомнинг қўлидан келадими? Келмайди.

Чунки қўлида “власть” йўқ. Ф.да бор. Бу гапни Барно Ф.га таяниб айтмаяптимикан? Барно… Ф…. мало имушества… Мало имущества номигагина- да. Аслида бунинг тагида тахлам – тахлам пул… Кўк пул… Балки, янглашаётгандирман? Бировнинг орқасидан гап қилиш ёзуқ…

Ҳовлига чиқдик. Ф. билан И. бир четда қизғин пичирлашмоқда эди. Нима ҳақда? Эшованинг квартираси ҳақида. Буни бутун вужудим билан ҳис этдим. Тағин Тангри билгувчи. Бироқ, не ажабки, ақлу юрагим ҳис – туйғум билан муштарак эди. Инкор қилиб бўлмайдиган даражада.

Кириш – чиқиш эшиклари ланг очиқ, елвизак изиллаётган қоравулхонада бизни полислар ярим соатдан ортиқ тутиб туришди. Ниҳоят И. келди. Ташқарига йўналдик.

– Кўп қолиб кетдингиз? – дедим.

– Иш билан… Сизларга алоқаси йўқ… Илҳом ёлғонни сўқди. Мен буни унинг беқарор кўзи ва қаътиятсиз сўзидан илғадим.

Кўча томон юрдик.

– Эшованинг паспорти копиясини олиб келишни унутмассизлар.

-Шу билан иш битадими? Ёки яна югур – югурми?

– Биринчи зам шундай деди- ку.

– Икки адвокат билан гаплашгандик. Иккови ҳам уй қарзини тўлаб, гувоҳлар билан эшикни очиб кираверинглар дейишганди. Сизлар ишни кўпайтириб юбораяпсизлар.

– Кўрдингиз – ку, бу гапингизни биринчи зам инобатга олмади. Мен кичик одамман…

Паспорт нусхаси масаласида Эшова билан гаплашдик. Икки кун кечмади. Башоратхон нусхани юборди. Бунга ҳам қаноат қилмай у И.Х.га сим қоқган. Х.: “Иш копияга қараб қолди”, деган.

Бироқ?..

Озодликда ҳам, қамоқда ҳам: “Милиса айтаверади ҳам, қайтаверади ҳам, сўзидан тонаверади ҳам” деган гапни кўп эшитганман. Аммо мен бу қарашга ўз нуқтаи назарим билан ёндошганман. Айрим ғарлар туфайли ҳамма милисани ёмонга чиқариш ярамайди. Яхши милисалар озмас.

Бироқ…

Бундоқ каслар ўзларига ҳам, ўзгаларга (фуқороларга) ҳам ортиқча иш, ортиқча ташвиш туғдирадилар. Балки, бу “волакита” асносида нафс илинжи ётар… Бу тахмин.

Ҳар нарса Тангрига аён.

Паспорт нусхасини бериш учун майор Х.га сим қоқдик. У: “ Ровд” дарвозаси олдида кутаман” деди. Бордик. У бир сўз, сабабсиз Ватан Маҳмудовани ичкарига бошлади.

– Тинчликми?

– Бир минутда чиқади.

– Тағин нима гап?

– Жиноят қидирув бўлими бошлиғи А.Н. сўраяпти.

– Нимага?

– Билмадим.

– Биринчи ўринбосар Ф. Ҳ. билан гаплашганимиз етмайдими? Мана, у талаб қилган нарсани олиб келдик. Ё унинг сўзи сўзмасми?

– Сўз… Лекин… мен буйруқни бажараяпман.

– Кимнинг буйруғини?

– Биринчи замнинг…- У ўзи сезмаган ҳолда “гуллади” шекилли, юзи оқарди. Сўнг хатосини тузатиш учунми, гапни бурди,- киради, чиқади.

– Бу ишга терговчининг алоқаси йўқ. Уй олди, сотди бўлмаяпти. Вақтинча қараб туришга берилаяпти. Қўлимизда қонуний ҳужжат. Коммуникация солиғини тўлаб, очамиз, икки – уч гувоҳ билан.

– Ташвиш орттириб нима қиласиз?

– Қандоқ ташвиш? Нима, жиноят содир бўлдими?

– Бошқача тушундингиз.

– Гапни буриб…

– Ота, қўйинг, бир зумга деяпти – ку, – қизим сўзимни бўлди.

Бир зум…” уч соатга чўзилди. Уч соат ёмғир остида турдим. Ҳар хил хаёлларга бордим… Уч марта тилим тагига нитроглецирин қўйдим. Қизим чиқмади. Охири И.га телефон қилдим. У

Ватанни терговчи А.нинг қабулида (кейинча билдим) қолдиргану қочган экан.

– Ҳозир… Ҳозир… – участковой И.Хнинг овози ўчди.

Уч ярим соатча вақт кечганда, Ватан Маҳмудова ИИБ биносидан чиқди. А. Н. уни худди жиноятчидек уч соат тергов қилган. Қанча боласи бор, болалари нима билан машғул, ўзи нима иш қилади ва ҳакозо – ҳакозо. Ватанни суратга ҳам олган.

Майор А. Н.нинг ўзбек қонунига қарши сўроқ, ҳаракатидан сезиш мумкин, унинг нияти Ватан Маҳмудовани қўрқитиш, қўрқитиб 30- квартирадан бездириш бўлган. Афтидан , у бу ғараз топшириқни биринчи ўринбосар Ф. Ҳ.нинг олган. И.Х: “Буйруқни биринчи зам берди…” деб бежиз айтмади. Бундан шундоқ хулоса чиқариш қийинмас: “малоимушества” ниқоби остида

Эшованинг уйини пулдорга сотиш… тахлам – тахлам кўк пулга…

Юртда, жумладан, Тошкентда қонун юзига бундай оёқ қўюувчилар озмас. Бунга мисоллар кўп… Аммо очиқ хат ҳажми буни кўтармайди. Шу сабабли бир мисол билан чекланаман. Истеъдодли журналист Нарзулла Охунжоновнинг 4 хонали (Мирза Улуғбек тумани, ТТЗ…) квартираси 45 500 АҚШ долларига сотилган. Сотган кас: “Мен МХХ таъқибидаман…” деб қочиб юрибди. Агар, мабодо Нарзуллада айб бўлса, бунинг учун унинг бола- чақаси жабр кўриши керакми?

Отаси учун ўғил – қизлари, акаси учун ука – сингиллари ёхуд ўғил – қизлари учун отаси, ука – сингиллари учун акаси жабр кўришлари қонунга ҳам, инсонийликка ҳам тўғри келмайди.

Бунақада оилалар синиб, хонавайрон бўлади.

Ким жиноят қилса, қонунан ўшанинг ўзи жавоб бериши керак. Бутун дунё мамлакатларида ҳам шундай. Нарзулла Охунжоновнинг квартирасини сотганлар жавобгарликка тортилишлари шарт. Ватан олдида унинг болалари эса бегуноҳ, пок. Улар ўзбек миллатининг келажаги. Келажакка қаршилик – миллат равнақига қаршиликдир.

Мен ёмғирда ивиганим, эзилганим, ноҳақликдан асабим бузилгани таъсирида Н.га сим қоқдим ва ундан босиқ бир овозда сўрадим:

– Айбсиз кишини соатлаб тергов қилишга ва ҳеч асоссиз суратга тушуришга қонунан ҳақингиз борми?

Н. алланималар деб ўзини оқлаган бўлди.

Мен Н.га Президентга туҳмат ( Эшовадан сўралса, у ҳақиқатни айтади) қилганини, Эшовани қамоқ билан қўрқитганини, оқибат: шўрлик аёл хорижга кетишга мажбур бўлганини айтмадим.

Мен Н.дан милиса О. 30- квартира эшигини бузиб кирганда, ижарага ҳаром – ҳаришларни қўйганда, жанжал – тўполонлар бўлганда, қўшниларнинг тинчи бузилганда, нега жим турдингиз, деб сўрамадим.

Чунки фойдасиз эди. Бу “қавм” ҳеч қачон ўз айбини тан олмайди. Сакрайди. Тонади.

Бу жиноятни А. Н. билмаган, деб ўйлайсизми?

Бу жиноятни Ф. Ҳ. билмаган, деб ўйлайсизми?

Бунга ақли – ҳуши бор киши ишонмайди.

Билиб – билмасликка олишган, деб ўйлайди.

Ўзлари ҳам фойдаланишган… деб ўйлайди…

Бутун ҳаракат, вақтимиз зое кетгандан кейин Эшова билан телефонда (телефонда овоз сақланган бўлиши мумкин) гаплашдим:

– Квартирангизда вақтинча туриш учун укангиз Нишон номига (Юқори Чирчиқ тумани, “Ўзбекистон” жамоа хўжалиги) ишончнома юборинг. Йўқса, уни “мало имущества” ниқоби остида пуллашади… Мен бу қонунбузарлик тўғрисида Юртбошига очиқ хат ёзаяпман…

Жаноб президент!

Хатни аниқ кўрган, билганларим асосида ёздим. Майда – чуйда тафсилотларигача. Нега? “ Қонун ҳимоячилари” сакраб, тонмасликлари учун.

Жаноб президент!

Эл орасида шундай гаплар юради: “Куч ишлатар тизмларига чексиз ҳуқуқ берилган. Юртда шулар ўз вақтида маош олишади. Маошлари ҳам отнинг калласидай. Бошқа тармоқларга қараганда тўрт – беш марта кўп. Яна халқни талашади… бузуқчилик қилишади… Имкон , имтиёзлари чексиз!. Нафақадорлари ҳам тошиб кетган. Пенсиялари катта. Ҳаром йўл билан йиғиб олган пуллари ҳам етти пуштиларига етади. Шунга улар билан эл орасида жарлик пайдо бўлган…”

Бу гапда жон бор. Бироқ тўла қўшилиб бўлмайди… учун тозаларни айбситиш ёзуқ. “Тозалари- давлат таянчи” – дейишади юртда муқим яшаётган ёзарлар – Мирёқуб Қобил, Муҳаммад Исмоил, Нодир Норматлар.

Афтидан, О. милисага ўхшаганлар, унинг орқасида турганлар кўзда тутилади. Генерал Алматов даврида улар ўзларини МХХ, Прокуратура, Суд ходимларидан ҳам юқори олганлар. Ҳозир ҳам айримлари ўша ҳаво билан юрибдилар. Булар:

Оталарининг пулларига ўқиганлар,

Орқаларида “тоғлари” борлар,

Миялари пучлар,

Нафсилари ғорлар,

Кўнгиллари ғарлар…

– Ҳозир ҳукумат уларнинг танобларини тортаяпти, думларини тугаяпти, қамоққа тиқаяпти, – дейди ёзувчи Мирёқуб Қобил.

– Масалан? – Сўрайман Мирёқубдан.

Генерал Аҳмад Усмонов…

Майдалари эса сон – саноқсиз.

Жаноб президент!

Эшованинг А. терговчи томонидан йўлдан оздирилганлиги сабаб, Эшованинг О. милиса томонидан таланган кулбаси сабаб, эл оғзидаги гапни ҳам айтдим. Буни мен қарамсиз юртимизнинг камолини ўйлаб айтдим. Шароф Убайдуллаев ҳам. Тангри олдида беғараз, холис айтдик. Бу ёғи Сизнинг сўзингизга боғлиқ.

Эврил Турон.1.04. 2016.Тошкент, Мирзо Улуғбек тумани

 

http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan/2016/04/160414_uzbek_writer_letter_president?SThisFB