Sep 222015
 

(Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси А. Ҳусанов томонидан имзолданиб, Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан йўлланган жавоб хатининг бир қолипга қуйилган вариант – ёлғон маълумотларга таянган кўр-кўрона ёзилган жавоб эканлигини қўлимдаги анализ хулосалари воситасида асосласам дегандим)

Кўнгилни ўйиб ўтган ўйлар….

Оғриқ – тўрда, соғ – гўрда” дея билиб айтишган экан.

Самарқанд –Тошкент, Тошкент-Самарқандга чопиб, елиб-югуриб Бек Барака каби бозорлардан хирмон-хирмон молларни “оптом” олиб, орқалаб, ўз манзилига ташмалаб, бозор-учар қилиб толмаган қайн опам кутилмаганда оламдан ўтиб қолди. Худо раҳмат қилсин.

Узоғи билан бир ой ичида. Қалқонсимон без раки дарди олиб кетди опамни.

Энг оқила, оғир-босиқ, тенги йўқ аёл эди раҳматлик.

Онкология шифохонаси врачлари “Сақлаб қололмаймиз, олиб кетинглар, тайёргарликни кўраверинглар” деб уйига қайтариб юборишган эди. Эндигина 60 ёшни қаршилаётган эдилар…. Эрта кетди раҳматлик….

Касалхонадан уйига жавоб беришганларидан кейин ҳам уч кун жон талашиб ётдилар. Кейин билсак, Америкадаги синглисига илҳақ бўлган экан.

Сингиллари аэропортдан тушиши билан опасининг ҳузурига чопди. Видолашишга улгурди.

Жигарига кўзи тушган қайн опам болишдан лабида табассум билан бош кўтарди. Синглисини соғинч билан қучоқлади. 10 дақиқалик ширин суҳбат қуришди.

Толиқдим, ётгим келаяпти” деди қайн опам жилмайиб, оғриқ азобини сездирмасликка уринаркан.

Бу пайтда 2015 йилнинг 7 сентяри, тунги соат 22.00 лардан ўтиб қолганди.

Сингиллар ва қизлари қайнопамни оҳистагина ётқизишди.

Ёстиққа бош қўйган опамнинг ўша заҳотиёқ меҳрли жилмайганча жони узилди….

Одам боласи лабда табассум билан жон таслим қилиши мумкин экан!

Буни илгари ҳам кўрганман!

Бундан 10 йил илгари 43 ёшли акам ҳам қалқонсимон без ракидан кулиб турган, юриб турган йўлида жон талашганди…

Ҳамма, ҳатто ўзи ҳам ғафлатда қолганди – раклигини билмаганди. Онкология шифохонасига кеч бўлса-да элитишганди. Бироқ фойдаси бўлмаганди…

2006 йилнинг 25 февраль куни. Онкология касалхонасида ётган акам “Вужудимни нимадир оловдек куйдираяпти. Қани эди муздеккина тарвуз бўлса?” дея шифтга термулганча тамшаниб полиз маҳсулотига кўнгли кетганди.

Бу пайт – қишга ғамлаб қўйилган қовун-тарвузлар ҳам тугаб бўлган палла. Шундай бўлса-да ўша заҳотиёқ катта акам қашқадарёлик деҳқонларнинг хонадонига зудлик одам юборганди.

Уч-тўрт эшикка кириб, ноумид бўлиб чиққан харидор Самарқандга қуруқ қайтмади – қўлида тарвуз билан қайтди.

Тарсиллаб турган тарвузни кўрган хаста акажонимнинг юзларига табассум ёйилди. Бу миннаддорчилигидан, мамнунлигидан далолат эди….

Катта акам фурсатни бой бермай тарвузни бўлаклади: қип-қизил экан!

Аммо бемор укасининг оғзига тутишга улгурмади.

Беморга бир карч манзират қилган маҳалида қип-қизил тарвузга термулган жигаримнинг жони танасини тарк этиб бўлганди….

Аввалига акам раҳматликнинг, кейинчалик қайнопамнинг айнан бир хил дард – қалқонсимон без ракига чалингани руҳиятимга қаттиқ таъсир қилганди.

Негаки, икки йилдирки бетобман. Ҳалигача касаллигимнинг аниқ ташҳиси йўқ.

Қайнопам раҳматлик ҳар ҳафта Тошкентга – тижоратга келганларида соғайиб, оёққа туриб кетишим учун маънили маслаҳатлар берардилар…. Энди эса яна битта маслаҳатгуйимдан, меҳрибонимдан, севимли инсонимдан айрилиб қолдим….

Улар соппа-соғ эди. Аслида, хаста мен эдим….

Ажаб… “Ажал ҳам адашиб кетиши мумкин экан-да?!” деган ўй ўйиб ўтади кўнгилни….

Касалликдан қовжираб қолдим

Болалигимда бирор бир дардга чалинганимни, тўшак тортиб ётганимни эслолмайман. Нуқул тупроқ кўчаларни чангитиб юрардик. Онам ёпган нон кулчаларни ариқлардаги лойқа сувларда оқизардик, ичардик. Ер билан битта бўлиб тўкилган ўрик, тут, шафтолиларни бир пуфлаб, ювмасдан ҳам еб кетаверардик. Иримига бир марта ошқозонимиз ҳам безовта қилмаган экан ўша пайтлари….

Мен касалхона деган нарсани бош боламни дунёга келтириш кунлари кўргандим: тўғриқхонани.

Буни қарангки, 40 йилдан ортиқ “вой, жоним” демаган, биппа-бинойи юрган менингдек аёл тўсатдан тўшак тортиб қолсин!

Турай десам, тураолмайман, юрайдесам, юролмайман, очимдан ўлиб қолишимга бир баҳия қолади. “Қантли диабет” билан оғриган касаллар каби 15-20 дақиқада очликдан титраб кетаман. Очликдан ўлиб қолишимга бир баҳия қолади, бироқ овқат ей десам, еяолмайман. Кўнглим тусаган емакни келитиршларини сўрайман, лекин бир қошиқдан ортиқ ололмайман. Азборойи очлидкан кўз-ёш қилган кунларим ҳам кўп бўлди…. Қарйиб кейинги 3 ой давомида гуё очлик тутаётган одамдек, гилос компотдан бошқа нарса томоғимдан ўтмабди. Ўқтин-ўқтин нафасим қисганида кўзларим косасидан чиқиб, рангу рўйим кўкариб, у дунё даричаси олдини бир бор зиёрат қилиб келардим. Икки йилдирки бетоблик оқибатида вазним 47 кг.га, гемоглобиним 48 га тушиб кетди. Юзим зафарон, сочларим сомон, камига тўкилиб, қарйиб калбошга, қоқсуякка айланиб қолдим. Бир ярим, икки йилдирки ҳар уч ойда қон кўпайтириш мақсадида тиббиёт фанлари докторлари, доцентлар, гемотологлар “рецепт”ига кўра уй шароитида муолажа оламан. Парҳез қиламан, гемоглобинни кўпайтирадиган емаклар истеъмол қиламан. Фойдаси йўқ ҳисоби. Бир йил деганда гемоглобинни зўрға 56 га, икки йил деганда зўр-базўр 58 га чиқардим. Бироқ аҳволим баттар бўлса бўлдики, ўнгланмади. Деярли ўзгариш бўлмади. Ажабланарлиси, қабул қилган укол-дорилар нари борса 2 ва ё 3 ой кор қилар, бу муддат ўтиши билан яна одам оёғидаги пойтавадек эшилиб қолардим.

Одамларни кўриб ҳавас қиладиган, “Нега шунча одам ўз гавдасини кўтариб юрганида, Худо айнан мени бундай бахтдан бенасиб қилдийкин?” дея ўксинадиган, ўртанадиган бўлиб қолдим…. Гоҳо уйда кун узоқ ёлғиз қолган кезларимда ҳатто тайёр газга чой қўйишга ҳам ярамайдиган аҳволга тушдим…. Гуё ичимдаги бор органлар узилиб тушаётгандек, ер тортаётгандек бўларди. Болишдан бош кўтаришга қурбим етмасди….

Бемор мен, балога қолган Чўқурқишлоқдаги опам. Болалар ўқишда, ўзим-ўзимни эплолмайман. Шундай пайтларда опам меҳр кўрсатади: Ўзим қарайман, кел дейди, чорлайди. Муолажадан сўнг уч ой ўтар-ўтмас яна силлам қуриб қолган кезларида икки кам етмиш ёшли опамнинг маҳзун ҳолда опамнинг эшигидан мўралайман…

Охири шундай ҳолатга тушдимки, “Ҳозир жоним чиқиб кетади” деб қўрқдим. Бу омонат жон бунчалар арзанда, бунчалар ширин бўлмаса?….

Икки йил давомида шифохонада ётиб даволанишни хаёлимга ҳам келтирмагандим, рости, қўрқардим.

Бунинг сабаби бор: Икки маротаба реакция бериб қолган томчи укол титратиб-қақшатиб, том бўйи сакратган. Тишларим таккиллаб, совуққотиб, этларим жунжикиб, муз қотиб ўлиб қолишимга камгина қолган…. Йўқ, аниқроғи, ўшанда икки бор ўлиб тирилганман. Ана шу муолажа реакциясининг касрига учинчи фарзандим нобуд бўлганди.

Шу-шу шифокорларга этагим тегса кесиб қочадиган бўлганман.

Қайинопамнинг аҳовли оғирлигидан ваҳимага тушиб қолгандек эдим. Кўнглимда ғулғула: “Мен ҳам заҳарли бўқоқ билан хасталанган эдим-ку… Касалимиз ўхшаш бўлмасин яна!” деган хавотир юракка ваҳима соларди. Минг бир ҳадик билан “оғриқнинг олдини ол” деганларидек, шифокорлар ҳузурига чопдим.

Республика Гематология институти поликлиникасидаги ҳангомалар

Ўзбекни биласиз-ку: то “носилка”да чўзилиб қолмагунча касалхонага бормайди ўзи…

Мени ҳам касалхонага қизим қарйиб кўтариб олиб борди ҳисоби: Ўзбекистон Республикаси Гематология институти қошидаги поликлиникага!

Тумонат одам. Ҳамма камқонлик касалига чалинганми, жумла-ю жаҳон қон раки билан оғриганми нима бало деб ўйлайсан одам. Навбат катта. Табиийки, ўтиришга менда мажол йўқ. Дарҳол кўзим билан чўкиб олса бўладиган жой қидира кетаман. Беморлар ўтириши учун каридорларга устига чарим мисол жигарранг линолеум қопланган скамейкалар қўйилган. Тўғри, бу жойлар барчага бирдек етмайди. Республика Гематология институтига асосан, оёқда тура олмайдиган хасталар, қон ракига йўлиққан беморлар келишади. Бунингдек ҳолсиз беморларнинг ётиши, лоақал ўтириш шарт. Гарчи ўзлари мажолсиз бўса-да, ҳолимни кўрган беморлар бўшатиб берган скамейканинг бир чеккагинасига аввало қизим ўтиради. Кейин мен унинг тиззаларига болишга қўйган каби бош қўйиб, ётган ҳолда навбат кутардим.

Анализ топширинг дейишди, топширдим. 2015 йилнинг 24 июл кунги Гематология институти лабараторияси аниқлаган умумий қон таҳлили хулосасига қаранг: Гемоглабин – 59.

(1- ва 2- иловалардаги расмга қаранг.)

1-ИЛОВА -Гиматология институти умумий кон тахлили хулосаси 24.07.2015.Олд томони.

2- ИЛОВА -Гиматология институти умумий кон тахлили хулосаси 24.07.2015.Орка томони.

Харият-ей, дедим. Севиндим. Негаки, бундан бир йил олдин айнан шу маскандаги умумий қон таҳлили хулосасида гемоглабинимни 56 деб берилганди.

(3- ва 4-иловалардаги расмларга қаранг)

3-ИЛОВА - Гимотология институти - умумий кон тахлили. 23.05.2014 -олд томони

4-ИЛОВА - Гимотология институти - умумий кон тахлили. 23.05.2014 -орка томони

Бир йил давомида шунча даволанишлардан сўнг гемоглабинимда лоақал уч сонга бўлса ҳам ўсиш бўлибди-ку, деб ўйладим.

Бироқ 2014 йилда М. Ибрагимова исм-шарифли гематолог анализ хулосаларини кўргач, “Қонингиз негадир “прозрачный”. Бу аҳволда ҳеч нарсага аниқлик киритиб бўлмаяпти. Қолаверса, одатда, кимда ким камқонлик касали билан оғриса, умуман олганда, анимия билан касалланган хасталарда темир моддаси етишмовчилиги ҳосил бўлади. Мен илк маротаба сизда, анимия бўлган аёл қонида темир моддалари етарли, ҳатто керагидан ортиқ эканлигини кўриб турибман. Сиз бундай қиласиз, яна битта муҳим анализ топширасиз” деди.

Гематолог М. Ибрагимова йўлланмасига кўра, 2014 йилнинг 26 майида шприц билан кўкрак суягимни тешиб, суюқлик – илик олиб текширишганди. Негаки, мутахассислар мени “қон раки” деб гумон қилишганди.

Аксига олиб, ушбу анализ таҳилили ҳам ноаниқ чиқди, чамаси, шифокор менга “Ҳозир ҳеч нарса дея олмаймиз, 20 кундан кейин келиб, яна бир бор ушбу таҳлилни қайта топширишингиз лозим. Ўшандагина аниқ бир гап айтишимиз мумкин” дея, муолажа учун дори-дармон ёзиб берганди:

(5- иловадаги расмга қаранг)

5-ИЛОВА - Республика гимотология институти шифокори рецепти. 26.05.2014

Гарчи шифокор кўрсатмаларига амал қилиб, муолажа олган бўлсам-да, айтилган муддатда қайта кўкрак суягимни “тештириш” учун Гематология институтига бормадим.

Самарқанд вилоят шифохонасининг Гематология бўлими қон таҳлилида ҳам гемоглобиним жуда паст – 58 деб кўрсатилганди.

(6- иловадаги расмга қаранг)

6-ИЛОВА -Самарканд Вилоят шифохонаси гемотология булими гимоглабин - тахлили. 09.06.2014.

Этибор берган бўлсангиз, Гематология институтининг 2014 йилнинг май ойидаги умумий қон таҳлилида гемоглобин – 56 деб кўрсатилганди, 2015 йилнинг 24 июль кунги айнан худди ўша тиббиёт маскани умумий қон таҳлили гемоглобини 59 га кўтарилганини кўрсатди.

Бироқ шунга қарамасдан умумий аҳволим ўтган йилдагидан кўра аянчлироқ эди.

(давоми бор)

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист