Sep 232015
 

                                                                          давоми

2015 йилнинг 24 июл кунги умумий қон таҳлилини кўздан кечирган гематолог Суннат Ташпўлатов қуйидаги “рецепт”ни қўлимга тутди ва “10 кун давомида ушбу муолажаларни олинг-да, кейин келинг, кўрамиз” дедилар:

(7-иловадаги расмга қаранг)

7- ИЛОВА - Гимотология институти врачи Суннат Ташпулатов рецепти 24.07.2015

Суннат Абдуваҳабович кўрсатган дориларни қабул қилдиму, аҳволим баттарлашса баттарлашдики, ўнгланай демасди.

Гематология институтига 16 кундан кейинги қайта ташриф

Аҳволим янада баттарлашганди. Энди бу галги ҳолатим 24 июлдагидан ҳам хароб эди. Титраб-қақшардим. Илгарилари лоақал 15-20 қадам юра олган бўлсам, орадан 16 кун ўтгач ўз гавдамни бир қадам ҳам кўтариб юра олмайдиган аҳволга тушгандим.

Суннат Тошпўлатовга кўриниш мақсадида 2015 йилнинг 10 август куни қизларим қўлтиқловида яна Гематология институти поликлиникасига қайта боришга мажбур бўлдим. Аксига олиб Тошпўлатов бетоб, касаллик таътилида экан. Менга эса шошилинч ёрдам зарур эди.

Шу сабаб кассага консультация ҳақини тўлаб, 5-хонада ўтирадиган гематолог Роза Очилбоеванинг қабулларига навбатга турдим. Йўқ, турдим эмас. Каридордаги скамейкада қизимнинг тиззасини болиш қилиб ётдим. Негаки, узоқ навбатда ўтириш у ёқда турсин, тураолмасдим ҳам….

Врач маслаҳатига кирганимда, унинг ўрнида бошқа шифокор аёл ўтирарди.

Унга 24 июлдаги умумий қон таҳлилларини кўрсатарканман ҳолимдан ҳасрат қила кетдим.

Қарасам, у менга яна “рецепт” ёзишга чоғланмоқда.

– Дўхтир – дедим кўзларим ёшланиб, – 16 кун олдин Тошпўлатов ҳам муолажа ёзиб бергандилар. Қабул қилдим. Бир ярим йилдирки ҳар уч ойда гемоглебинни кўтарувчи кучли дорилар оламан. Наф бермаяпти. Бунинг сабабини аниқлаш керакдир? Охир-оқибат тура олмайдиган ҳолга келдим. Балки гемоглобинимни қон қўйиш йўли билан кўпайтириш керакдир? Мана шу Гематология институти шифохонасига йўлланма беринг, шу ерда 4-5 кун даволаниб, қон қуйдирсам дегандим…

– Йўқ, мен бу масалани ҳал қилолмайман. Бунинг учун 2- хонага, бўлим мудири Гулчеҳра Мансуровнага учрашишингиз керак, – деди врач аёл.

Узоқ кутишлардан сўнг бўлим мудири Гулчеҳра Ибрагимова қабулига кирдим.

Улар:

– Олдин мана шу анализни ҳам топшириб кўринг, кейин гаплашамиз, – дедилар гапни қисқа қилиб. Қўлимга қоғозча тутдилар: “Направление”.

Одатдагидек, кассага тўловларини тўлаб, навбатдаги анализни ҳам топширдим: яна 20 мл. шприцда кўкрак суягимдан илик олишди.

(8-иловадаги расмга қаранг)

8-ИЛОВА - Гиматология институти. Клинико диагностическая лаборатория миеллорамма. шифокор Бахрамова. 10.08.2015 . Олд томони

Яратганга шукурки, қон раки эмас эканман. Анализ хулосалари шуни кўрсатди.

– Гемоглобин жуда паст, уй шароитида олаётган муолажаларимни фойдаси бўлмаяпти. Шундай кучли уколлар таъсирида ҳам гемоглобин миқдори ошмаганлигининг сабаби нимада бўлиши мумкин? Мен ётиб даволансам, гематологлар кўмагида бунинг сабабини аниқласам, қон қуйиш йўли билан гемоглобинни кўтариб олсам дегандим, – ўтиндим бўлим мудиридан.

Гулчеҳра Мансуровна:

– Сиз қон раки дардига чалинмагансиз, демак, сиз бизнинг бемор эмассиз. . Бизда фақат қон раки билан хасталанган касаллар текин ётиб даволаниш ҳуқуқига эга. Сиз кабилар эса пуллик хизматимиздан фойдаланишлари мумкин. Ётиш учун 10 кунга койкамиз 800.000 (саккиз юз минг) сўм. Дори-дармонлар, укол-дорилар харид қилиш беморнинг гарданида. Шунча миқдордаги тўловни тўлай оласизми? – сўради мендан.

– Бир ярим йилдан буён даволана-даволана касод бўлганман. Битта ампулани 55 минг сўмдан тортиб то 90 минг сўмгача харид қилардим. Тўлашга қурбим етмайди. Бироқ, илтимос, укол-дорилар шусиз ҳам ўзимдан бўлади. Қон топширишга донорларни ҳам тайёрлаб қўйганман. Майли, ўн кун эмас, лоақал уч кун ётай. Балки қон қуйдирсам, ўзимга келиб қоларман, – ростмана йиғлаб ялиндим икки букилиб қолган қаддимни кўтара олмай.

– Бепул ётқизиш масаласини Ҳамида Муҳаммадовна ҳал қиладилар. 12-кабинетга кириб кўрингчи, – деди бўлим мудири.

Қизларим суяб Казакбоеванинг хонаси ёнига келтиришди. Навбат кўплигидан коридордаги скамейкада бир ухлаб ҳам турибман.

Аммо Ҳамида Муҳаммадовнага учрашиш ҳам самара бермади.

– Сиз бизнинг касалмассиз. Сиз бизда “учётда” турмайсиз. Шу сабаб ҳам сизга бепул хизмат кўрсата олмаймиз. Яхшиси, сиз доимий пропискангиз қаерда бўлса, ўша ердаги – Тошкент вилоятининг Зангиота туман шифохонасига учрашинг. У ерда сизга текин даволанишга имконият бўлиши мумкин. Аввал бориб, камқонликка “учёт”га туринг. Маҳалладан уларга “Кам таъминланган, қаровчиси йўқ” деган “справка” олиб бориб берасиз. Қарабсизки, улар сизни ё бирорта шифохонасининг гематология бўлимига ётқизишади, ё терапияга. Сизга йўл-йўриқ кўрсатишим мумкин, аммо бундан ортиқ ёрдам қилолмайман, – деди Казакбоева ўта хушмуомалалик билан.

– Гематология институти – Республика миқиёсида-ку. Бу ерда даволанишга доимий прописканинг нима даҳли бор. Доимий пропискам Зангиота туманида бўлса-да, 16 йилдан буён Тошкент шаҳрида, Чилонзорнинг 23-мавзесида яшайман. 24-оилавий поликлиника хизматидан фойдаланаман. Жон дўхтир, қўлламасангиз бўлмайди. Илтимос, 3-4 кун шу ерда ётиб, мутахассислар назоратида қон қуйдириб олай. Гемоглобиним нега кўтарилмаётганлигининг тагига етай, сабабини аниқлай, ёрдам қилинг, илтимо-ооос, – ёлворишда давом этдим.

– Илгари қандай касаллик билан оғригансиз? – савол ташлади Ҳамида Муҳаммадиевна.

– Заҳарли бўқоқ бўйича уч-тўрт даволанганман…., – гематологга NORA MEDIСAL хусусий клиникасининг гармон хусусидаги анализ хулдосаларини кўрсатдим.

– Ана кўрдингизми, қонингизни кўмаймаслигига бўқоқ дарди ҳам салбий таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин. Токи заҳарли бўқоқ бўйича даволанмас экансиз, аҳволингиз ўнгланмайди. Яхшиси, энг аввало, эндокринологларга кўринганингиз маъқул, – маслаҳат берди гематолог Казакбоева.

– Заҳарли бўқоқ бўйича уч-тўрт бор даволанганман. Ҳатто Хитойда ҳам Халқ табобати профессорига кўринганман. Унинг кўрсатмаси асосида берилган гиёҳ дориларни бир-икки йил қабул қилгандим. Ўтган йили топширган анализларимда гармонларим меъёрида чиққанди. Бўқоқ дарди мени безовта қилмай қўйганига анча бўлган…. Шундай бўлса-да куни кеча эндокринология бўйича заҳарли бўқоққа гармон анализларини топширдим. Тўғри, хулосалар салбий. Аммо ўйлашимча, юраолмайдиган, гавдамни тик тутиб тура олмайдиган даражага тушиб қолишимга бўқоқ хасталигининг алоқаси йўқ деб ўйлайман. Келинг, дўхтиржон, ўзингиз кўмаклашиб юборинг…. Наҳотки койка учун тўлов тўламасдан даволанишим учун гемоглобинимни бир йилдирки 59 да қотиб туриши асос бўла олмаса?, – бир ялиндим, бирам ёлвордимки….

Ҳаётимда бирор бир кишига кўзда ёш билан бу қадар ёлвормагандим. Аммо барча ялинишларим бесамар кетди. Минг ўтинсам ҳам, бепул ётишнинг имконсиз эканлигини тушунтириб қўйишди.

Мана бу минг бир турли анализларнинг “тўла-тўла”сидан ташқари, 10 кунга 800 минг сўм. Дори-дармонлари ўзимдан бўладиган бўлса бу яна камида бир миллондан ошиқ харажат дегани, қон қуйиш учун донорлар, ва ё қонни гематологиянинг ўзидан харид қиладиган бўлсам, бунинг учун ярим миллон сарфлашим керак бўлади. Яна овқат пули, чойшаблар….Ортимдан оила аъзоларимнинг кунида камида бир бор овора бўлишлари…. Йўл кира харажатлари… Бу – 10 кунлик муолажа 2 миллиондан ошади деган гап. Бунингдек каби харажатлар ойига 300-400 минг сўмлик маошга тер тўкаётган Ўзбекистон аҳолиси учун ниҳоятда қимматлик қилади.

– Яхши, – дедим тақдирга тан бериб, – Доимий рўйхатда турадиган жойимдаги шифокорлар ҳам бепул даволанишга имкон бериш-бермаслиги номаълум. Шунинг учун лоақал уй шароитида даволанишим учун “рецепт” ёзиб бера қолинг, – ўтиндим Ҳамидда Муҳаммадовнадан.

Казакбоева мени 15 хонага йўллади.

Бу хонада эркак мутахассис ўтирарди.

У “Сизга уй шароитида даволанишингиз учун “рецепт” ёзиб бера олмайман. Бунинг жавобгарлигини бўйнимга ололмайман. Сизни ётқизишлари керак эди-ку!” дея норози ғудранганча хонадан чиқиб кетди. Нақд ярим соат бедарак кетган гематолог қайтгач, қўлимга қуйидаги “рецепт”ни тутди:

(9-10- иловадаги расмларга қаранг)

9- ИЛОЛВА - Республика гимотология институти врачи рецепти. 10.08.2015 -олд томони

10- ИЛОВА - Республика гимотология институти врачи рецепти. 10.08.2015 -орка томони

Республика Гематология институти поликлиникасига эрталабки соат 7.00 да борган бўлсам, хориб-чарчаб, ипдек эшилиб, чарчаб- чўзилиб, ҳеч бир тиббий кўмаксиз соат 16.00 лардан ўтганда ноумид уйга қайтдим.

Ҳаммадан ҳам қизимга қийин бўлди

Боламга ачинардим. Мени қарйиб опичлаб юрган жуссаси муштдеккина қизалоғимга раҳмим келарди. Ўзимнинг гавдамни кўтариб юролмасам. Ногиронлик аравачаси, лоақал мени кўтариб юришга “носилка” бўлмаса, қизим шўрлик ушшоқдек гавдаси билан мени гоҳ у томонига, гоҳ бу томонига ортмоқлаб юрар, толиққанидан ҳансираб қоларди….

Қизалоғимни қийнаб қўйдим. Бунчалар худбин бўлмасам, ёшимни яшаб бўлган бўлсам, болага азоб бериб нима қилдим, даволанаман деб чопмасам бўлмасмиди?” дея ўз кўнглимда ўзимдан ёзғираман.

Республика эндокринология институти поликлиникаси бўлим мудири энсасини қотирди

Дард бутун вужудимни исканжага олиб, аҳволим оғирлашавергач, шу йилнинг 21 июль куни қизларим мени Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази поликлиникасига келтиришганди.

Қўлимда 24-оилавий поликлиника эндокринологининг қоғози. Гормон кабиларга анализ топшириш учун. Аммо, ишимнинг ўнгидан келмаганини қарангки, эндокринология институти маркази поликлиникасида гормон таҳлилини ўтказадиган лабаратория таъмирда экан.

Энди нима қилдим?

Ўша ердаги ҳамширалар менга Эндокринологияга бир қадам бўлган NORA MEDIСAL хусусий клиникасини тавсия қилишди.

Мазкур хусусий клиникада гармон каби турли анализларни топширдим. Ҳатто қантли диабетга ҳам.

Орадан бир кун ўтиб, 2015 йилнинг 23 июль куни NORA MEDIСAL хусусий клиникасининг анализ таҳлил хулосаларини олдим:

(11-иловадаги расмга қаранг)

11-ИЛОВА - NORA MEDIKAL хусусий клиникасининг гармон ва кандли диабет анализ хулосалари. 23.07. 2015.

NORA MEDIСAL хусусий клиникаси анализ таҳлиллари натижалари салбий эди.

Яна мерказолил таблеткасини ичаманми, қонимни ўз қўлим билан қирқаманми?” дея руҳиятим тушиб кетди.

Чуқур ўйни ўйлаб, тубсиз дарё бўйлаб юрганимда ўнг қўлимнинг бармоқлдарида ўзгариш содир бўлаётганини ҳис этдим. Орадан уч кун ўтгач, бу ўзгариш аввалига билагимга қадар, кейин тирсагимга қадар келди: қўлим жимирлаб, ҳеч нарсани сезмас, ҳаракатсиз ҳолатга келиб қолганди. Дардимга дард қўшилди. Бундан довдираб қолдим. Камига дард чап қўлимга ҳам ўтди. Билагимга етди….

Чўкаётган одам чўпга ёпишади” дейишади…. Хусусий клиника анализ жавобларини олиб, 13 август куни излаб Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази поликлиникасига шифокор маслаҳатига келдим. Поликлиника ичкарисига кириш учун навбатга қўйилдим:

(12-иловадаги расмга қаранг)

12-ИЛОВА - Эндокринология институтидаги навбата туриш раками. 13.08. 2015.

Ушбу тиббиёт муассасаси қандли диабет ва бўқоқ билан оғриган беморларга тўлиб-тошиб кетганди. Республика эндокринология институти бўлганлиги учун ҳам бу ерга мамлакатимизнинг барча вилоятларидан касаллар келганди.

Шу боис ҳам 264-навбатда эдим. Ҳали бу навбат поликлиника эшигидан киришга эди. Киргач, турли анализ топширишдан тортиб то шифокор қабулига киришга қадар яна қайтадан алоҳида навбат олиш керак бўларди!

Узоқ навбат кутиб сарғаймаслик илинжида бу масканга беморлар ярим тундан, соат 3.000 дан, 4.00 дан келиб олишади. Иш соат эса 8.00 да бошланади.

Азборойи навбатнинг кўплигидан ўтиришлари учун скамейка етмай қолган ҳолсиз хасталар институт ҳовлисидаги кўм-кўк майсалар устида гоҳ ўтириб, гоҳ чўзилиб ҳордиқ олишарди.

Менинг аҳволим оғир эди. 264- бўлиб киришим учун кунни кеч қилишим керак бўларди. Ва ҳатто иш вақти тугаб кетиши ҳам ҳеч гапмас эди.

Ҳолсиз, мажолсиз, оғир хаста бўлишса-да, беморларда инсоф бор.

Аҳволим оғирлигини кўрган касаллар бир-икки соат деганда мени навбатсиз қўйиб юборишди. Аммо қаршилик қилганлари ҳам бўлди. Айниқса, кассага тўлов тўлаш чоғида қўлимдаги 263-рақамини кўрган айрим касаллар кетимдан қичқириб ҳам қолишди.

УЗИ, ЭКГ дан ўтиб, ниҳоят эндокринология институти поликлиникаси бўлим мудираси Аҳмедова Мадина Саъдуллаевна қабулига консультацияга киргандим. Афсуски, бу бўлим мудираси NORA MEDIСAL хусусий клиникаси анализ хулосаларини тан олмаслигини айтди. “Ўзимизда барча анализларни қайта топширасиз” дея оёқ тираб туриб олди. Қўлимга шартнома тутқазди.

(13-иловадаги расмга қаранг

13-ИЛОВА - Эндокринология институти поликлиникаси кайта гармон анализлари топшириш учун кулимга тутган договори. 13.08.15

Қарасам, қайта топшириш ҳам бир дунё пул бўларкан. Тортишсам-да фойдаси бўлмагач, ноилож уйга қайтдим.

Эртасига, 14-август куни аҳволим оғирлашиб қолди

Маслакдошим Елена Урлаева “03” га сим қоқди, “Тез ёрдам” машинасида тўрт томонга олиб чопди. Аммо на Республика гематология институти шифохонасига, на-да бирорта бошқа бир касалхонага ётқиза олмади.

Кеч соат 20.00 дан ўтганда “Тез ёрдам” машинаси мени янги ТошМига элитди. Мазкур тиббиёт муассасида битта койканинг бир кунлик баҳоси гематология институтидаги нарх-наводан ҳам қиммат тураркан. У ердаги ходимлар ҳам қўлимга шартнома тутқазишди: 100 минг сўми кам бир миллион сўмлик. Яна саргардонлик бошланди…

Ана шу каби сансоларликлардан сўнг, 2015 йилнинг 17 август куни Ҳукуматнинг юқори идораларига арзнома битиб Ягона интерактив Давлат хизматлари порталидан шу йилнинг 17 август куни жўнатгандим…

(http://uz.hrsu.org/archives/7562 – ушбу линкда шикоят аризамни ўқишингиз мумкин)

Адашмасам, ўз амалини асраб қолиш йўлидаги сохтакорликлар, анализ жавобларини қалбакилаштиришлар ана шу аризамдан кейин авж олиб кетди…..

(давоми бор)

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист