Sep 222015
 

Ўзбекистонинг қонун идораларидан яланг оёқ бўлиб қидириб ҳақиқат топа олмаган, икки фарзандини боқиш учун ўз касби бўйича иш билан таъминланмаган, суднинг ноқонуний солинган жаримасини ундириш 400 минг сўмлик 2-гуруҳ ноигронлик нафақасига қаратилган ёлғиз она, навоийлик журналист Дилдора Боймуродова икки нафар ёш болалари билан пойтахт Тошкентда норозилик намойиши ўтказиш, очлик эълон қилишга қарор қилди.

Айни пайтда ёлғиз она бу борадаги ўз мақса-режасини ҳукуматнинг 8 та юқори турувчи идораларига ёзган шикоят хатида очиқлади.

Таҳририят

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовга

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаевга

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси МХХ раиси номига

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати раисига

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси МАХМҚ вазирлигига

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Хотин-кизлар кумитаси раисига

Нусхаси: Тошкент шаҳар ҳокими номига

Нусхаси: Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи номига

Кармана тумани Каттамачит МФЙда яшовчи

Боймуродова Дилдора томонидан

ШИКОЯТ АРИЗА

Муҳтарам Президент! Мен 11 йилдирки 2 гуруҳ ногирони ва ёлғиз онаман. Айни пайтгача ҳам 2 нафар фарзандимнинг ягона боқувчисиман. Чунки коллежни шу йил тамомлаган қизим Суннатова Камола ҳам мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги сабаб, иш билан таъминланмаган. Шу каби лоқайд мансабдорларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини танқид қилиб, тегишли тартибда шикоятганлигим боис, уларнинг тайзиқи остида 3 йилдирки вилоятдан мутлақо иш билан таъминлашмайди. Азбароий иқтисодий қийинчиликдан қарзга ботганимдан 2014 йилда ҳокимият томонидан хусусийлаштириб берилган 2 хонали ётоқхонани сотиб тўлашга ҳам мажбур бўлганман. 2 нафар фарзандим билан ўзимга тегишли бўлмаган уйда ижарага яшаб келмоқдаман.

Суднинг менга нисбатан чиқарилган ноҳақ қарорига кўра менга нисбатан 7 млн. 104 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган. Унга кўра ижро ҳам ноқонуний тартибда бажарилиб, мен руйхатда турмайдиган ижарада турган уйимдаги менга тегишли бўлмаган мол-мулкларни мажбурий тартибда қарздорлигим эвазига олиб кетилган. У ҳам етмаганидек, ногиронлик нафақамдан ҳам 50 фоиз ушланиб келинмоқда. Нафақамнинг қолган 50 фоизи яъни 200 минг сўм билан 2 нафар фарзандимнинг таъминоти тугул ўзимни ҳам таъминотимга етказа олмай оч қолиб кетишга мажбур бўляпмиз. Жисмоний меҳнатга яроқсизлигим сабаб қўшимча меҳнат билан шуғулланишим имкониятим йўқ.

Муҳтарам Президент! Гарчанд мавжуд қонунларимизда адолат, кечиримлилик, авф ва ёки жазони енгиллатиш каби ҳолатлар мутлақо йўқ бўлиб, фарзандларининг ягона боқувчиси ва бор-йўқ даромади ногиронлик нафақаси бўлган ногирон бир бева аёлга нисбатан шу қадар зулм қилиниши ҳақиқат деб топиладиган бўлса, ўз-ўзидан мен халқаро ташкилотлардан кўмак сўраб чиқишга мажбур бўлмай нима қилишим керак?

Шу боис менинг ўз юртимнинг ҳақли равишдаги фуқароси сифатида қуйидаги поймол қилинган ҳуқуқларимни тикланишини сўрайман:

  1. Менга нисбатан ноҳақ чиқарилган суд қарорларини бекор қилинишини;

  2. Қарздорлигим эвазига менга тегишли бўлмаган ноқонуний олиб кетилган мол-мулкларни эгасига қайтарилишини;

  3. Ёлғиз она сифатида уч йилдирки, ишсизлигим бартараф этилиб, мутахассислигимга мос иш билан таъминланишимни;

  4. Коллежни тамомлаган қизимни иш билан таъминланишини;

  5. Уч йилдирки йўллаётган шикоят аризаларим қонуний тартибда ўрганилишини.

Муҳтарам Президент!

Менинг ва фарзандларимнинг юқоридаги каби айрим мансабдорлар томонидан поймол қилинган, тўғрироғи оёқоти қилинган фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларимизни тикланиши таъминланмас экан, мен фарзандларим ва менга ҳайриҳоҳ бўлган инсонлар билан биргаликда   Ўз.Рес. Констититуциясининг 33-моддасига мувофиқ норозилик намойишига, оила аъзоларим билан бирга очлик эълон қилиб Тошкент шаҳридаги PROON, яъни БМТнинг ривожланиш дастури жойлашган бино олдида (20 октябрь 2015 йил соат 10.00 да) чиқишга мажбур эканлигимни расман маълум қиламан.

Муҳтарам Президент! Мени тўғри тушунинг! Бу расмий ва қонуний талабимни шартлашув ва ё келишув деб қабул қилманг. Қуйидаги ҳолатлар мажбур қилмоқда мени.

  1. Нафақа эвазига 2 нафар 18-19 ёшли фарзандларни ёлғиз тарбиялаётган ногирон аёл сифатида нафақамнинг 50 фоизидан (ноҳақ жарима сабаб) айрилиб, уч жон бир ой давомида 200 минг сўм билан яшашга қийналиб, арбароий қарзга ботганимдан сотадиган ҳеч вақоим қолмаган.

  2. Мени қарздорлигим эвазига уйимдан ижрочилар томонидан ноҳақ олиб кетилган акамга тегишли бўлган мол-мулклар сабаб, акаммнинг ҳам оиласи бузилиш арафасида турибди.

  3. Акам ўзига тегишли бўлган биз яшаб турган ҳовлидан бизни чиқариб юборишга огоҳлантирган.

  4. Шунча ғурбат сабаб шусиз ҳам ҳафта давомида фарзандларим билан оч қолиб кетмоқдамиз. Она сифатида фарзандларимни қийналишини жимгина кузатишга бардошим қолмади. Очиғи, ўлим афзал бўлиб қолган бизлар учун бунақанги яшашдан.

Муҳтарам Президент аввало Сиздан ва Сиз орқали юқорида манзиллари кўрсатилган барча республика юқори турувчи идоралари ва мутасаддиларидан намойиш чоғида хавфсизлигимизни таъминланишида ҳуқуқий-амалий кўмак сўрайман.

Боймуродова Дилдора / имзо / 19.09.2015 йил.

9 001. Dildora. shikoyat.22.02.2015.1.

9 002.Dildora.shikoyat. 22.09.2015. 2.