Aug 272015
 

Мен яшаб турган қишлоқда бор-йўғи 50 ё 60га яқин хонадонлар бўйича
оладиган бўлсак, коллежни Ёнғин хавфсизлиги йўналиши бўйича таҳсил
олган Бобоқулов А, Наимов Д,лар 3 йилдирки ишсиз.

Бозоров А, Қурбонов У ҳам мардикор. Қурбонова Д, Ҳайдарова К, Қурбонова М, Ёрқулова Г, Ҳудойқулова Н, Ҳудойқулова Д лар эса ишсиз ҳолатдан турмушга чиқиб қутулишди.

Шу йил тамомлаганлардан Пайзиева М, Қурбонова З, Юлдашева С, Исмоилова Л, Ҳамроева Г лар менинг қизим каби бошини қай деворга уришни билмай сарсон.

Аслида шу чоққача битирувчи ёшларнинг ярми иссиқхоналарда. ярми эса одамларнинг уйларида кунлик ҳақ эвазига тирикчилик учун мардикорлик билан машғул бўлиб келишган.


Президентимиз ва Хукуматимиз томонидан коллеж битирувчиларига
яратилиб берилаётган кенг имкониятлар тўғрисидаги Фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мутасаддиларни қизиқтирмай қўйганига анча бўлган.


Бунинг жабрини эса уч йиллик умри беҳуда ўтган бечора ёшлар тортмоқда. Шунингдек уч йил беҳуда ҳаражатга тушган ота-оналар ва хукуматимизнинг саъй ҳаракатлари ҳам мутасаддиларни қизиқтирмай қўйган.

Тўғрироғи, “Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор!” қабилида иш кўраётган мутасадди мансабдорларнинг касрига  шу куйи минглаб ёшларнинг ҳуқуқлари поймол этилмоқда

Ачинарлиси, хукумат томонидан лавозими ишониб топширилган мансабдорларни миллатимиз ёшларининг тақдири, келажаги, эртаси, жамиятимиз тақдири қизиқтирмай қўйган. Бунинг касрини жабрдийда мутахассис “мардикор ёшлар” ва уларнинг ота-оналари
тортишмоқда.

Дилдора Боймуродова

27-август, 2015-йил.