Aug 242015
 

Мансабдор шахслар томонидан поймол этилаётган ҳуқуқларимни ҳимояланишини сўраб республика юқори турувчи идораларига йўллаётган шикоятларим алоҳида жиноий иш ҳужжати сифатида тўпланиб, терговга оширилиб ўрганилар экан?

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовга

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаевга

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси МХХ раиси номига

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати раисига

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси ИИВга

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Хотин-кизлар қўмитаси раисига

Кармана тумани Каттамачит МФЙда яшовчи

Боймуродова Дилдора томонидан

Одам Ато фарзандлари бир хил асосларда яратилганлиги боис Айни бир дарахтнинг шохларига ўхшайди. Агарда бирон-бир шох кесиб ташланадиган бўлса, бошқа шохларнинг ҳузур-ҳаловати бузилади. Башарият чекаётган азоб-уқубатларни ҳис қилмаган банда ИНСОН деб аталишга нолойиқ!”

Садий,Гулистон (Атиргул боғи 1258)

ШИКОЯТ АРИЗА

Муҳтарам Президент! Шу йилнинг 21 август куни ҳеч қандай расмий чақирув қоғозисиз уйимдан туман ИИБЖҚБ ходимлари томонидан вилоят ИИБ ЖҚБ терроризм бўлими бошлиғи З.Ўроқов суҳбатлашаркан, ваъжи билан мажбурий тартибда олиб кетилиб, 3 соат давомида ушлаб турилдим.

Маҳкамада З.Ўроқов билан биргаликда ўзини ИИВазирлигидан исм-фамилиясиз Алишер ака деб таништирган ходим мен билан суҳбат ўтказишиб, З.Ўроқовни менга нисбатан қўллаётган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари бўйича ёзган шикоятларим юзасидан эмас, балки интернет сайтида айнан шу шикоятларни жойлаштирганим бўйича сўроқ қилишди.

З.Ўроқовнинг “Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди. БМТга ёзсанг ҳам сани мендан, вилоятдан сўрайди. Барибир тақдирингни мен ҳал қиламан. Қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Шикоятларинг ҳам ҳеч қаерга ўтмайди” қабилидаги пўписалари ҳақ бўлиб, республика вакилига З.Ўроқов томонидан мен тўғримда барча қасддан уюштирилган бўҳтон маълумотлар бериб бўлинган экан.

Шу зайлдаги муомаладан бўлак ҳеч қандай қонуний ўрганиш олмадим улардан. Қайтанга фақатгина З.Ўроқовнинг пўписаларини ортгани қолди. Қолаверса, республика вакили хонадан чиқиши билан “Ёзавер, яна ёз, ўзинга қийин қиляпсан қайтанга. Шикоятларинг устидан жиноий иш қўзғатиб терговга оширганимда кўрасан. Сен ўйлама, республикангдагилар ҳам мени жавобгарликка тортмайди., менга раҳмат айтиб кетади қайтага сендақаларни тартибга чақираётганим учун!

Бутун дунёга танилишимга хизмат қиляпсан, қайтанга мени обрўйимни кўтаряпсан. Сан пулга сотилгансан. Интернетга танқидий хабарларни шунинг учун беряпсан.”- дея шахсиятимни ерга урар даражада қўполлик билан муомалада бўлди.

Муҳтарам Президент! Мен Ватанимни ҳаммадан кўра кўпроқ севарман балки халқ,Ватан манфаати учун халқ кўз ўнгида инсонпарварликка йўғрилган сиёсатимизни, қонунларимизни бузиб кўрсатаётган манфаатпараст мансабдорлар билан курашаётгандирман. Сиёсатимизнинг асл моҳиятини тушунмайдиган оддий халқни ихлосини қолдиряпти-ку ахир бунақалар!

Асл сиёсатимиз ва асл қонунчилигимизга нисбатан халқ қалбида ишонч, меҳр-муҳаббат ва ҳурмат билан қараш каби туйғуларни ҳосил қилиш учун мансабдор шахслар салоҳиятли, маънавиятли бўлишлари керак эмасмикан?

Бу ҳақдаги шикоятларим юқори турувчи идоралар томонидан ҳам ўрганилмагач, қандай чора излашим керак? З.Ўроқовга ўхшаб ўз манфаатимнигина ўйлаганимда, тинчгина пул топиб яшаш учун чет элдан иш излаб кетмасмидим?

Шахсан З.Ўроқовнинг ўзи ҳам менга: ” Четга чиқиб кетишинга рухсат беради, мен айтаман, бошқа мамлакатларга бориб ишлайвер!”- деганида мен: “Бу Ватан меники ҳам очликдан ўлсам-да, Ватанимда ўламан. Бир сиқим мансабдорга иддао қилиб ташлаб кетадиган Ватаним йўқ!”- деган эдим. деярли ўртамиздаги ҳар тўқнашувда шу суҳбат бўлади. Аммо ҳар галги шикоятимга бериладиган жавобларда негадир бу “Тасдиғини топмайди!”

Муҳтарам Президент! З.Ўроқов мансабидан фойдаланиб, мени ҳақ-ҳуқуқларимни поймол қилаётган экан, наҳот республика мутасаддилари унинг олдида бу қадар мулзамлар? Мансабдорга нисбатан қонунларимизда жазо белгиланмаган бўлса, мен каби фуқароларнинг сайтларга мурожаат қилишдан бўлак қандай чораси бўлиши мумкин?

Мамлакатимизда бева, бир ногирон аёлнинг ҳуқуқларини ҳимояланиши таъминланмас экан, нега мен дунё ҳамжамиятидан кўмак сўрамай?

Республикамизнинг барча тизимлари жумладан ОМБУДСМАНгача мурожаат қилдим ҳуқуқларимни ҳимояланишини сўраб, аммо натижа йўқ.

Сабаби шикоят ўрганувчилар З.Ўроқовни тинглаб, унга ишонишяпти. Мен эса унинг дағдағалари остида қолиб келяпман. Шуми қонун олдида фуқароларнинг тенглиги? Нима қилайки, бева бир ногирон аёл сифатида ўз Ватанимда отасиз фарзандларим билан тинч яшашимга имкон қолдиришмаяпти?

Юқоридаги ҳолатлардан сўнг 22 август куни кеч соат 16 лар чамасида шикоят аризаларим юзасидан суҳбатга чақирув қоғозисиз вилоят ИИБ ўринбосари Р.Абдуллаевнинг қабулига олиб кетилиб, 19 лар чамаси уйга қайтарилдим.

Ҳар ҳолда ёши 50-60лар чамаси раҳбар инсон ҳаётни кўрган, тушунган, маънавиятли, ўзига хос салоҳиятли кўринган бу инсон фуқарони тинглаш маданиятини ўрнига қўйганидан хурсанд бўлдим. Дилимдаги бор ҳақиқатни шу инсонга айтиб бердиму, З.Ўроқовнинг менга нисбатан қилаётган ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига нисбатан чора кўриладими? дея савол бердим.

У эса: “Хавотирланманг, қонуний ўрганилиб, чора кўрилади!” деди. Ҳали унинг мен билан ўтказган суҳбатининг натижасини кўрганим бирор бир ҳуқуқий кўмак олганим йўғу, аммо муомала маданиятини жойига қўйиб, фуқаролик ҳуқуқларимни ҳурмат қилганининг ўзигина шу мансабдор шахснинг раҳбарлик салоҳиятини кўрсата олди менга.

Бундай ҳолатда ҳар қандай фуқаро қалбида ўша соҳа ходимларига нисбатан ўзаро ишонч ва ҳурмат пайдо бўлиши табиий. З.Ўроқовга ўхшаган айрим мансабдор шахсларнинг муносабатидан эса фақатгина нафрат ҳосил бўла олади!

Муҳтарам Президент! Юқоридаги ҳолатдан сўнг, шу куни тунги соат 22.10 да менинг уяли алоқа телефонимга З.Ўроқов хизмат телефон рақамидан (229-50-40) қўнғироқ қилди. Мен эса уйқусирабгина кўтариб қўйганман. Аслида бу шахснинг қўнғироқларини мутлақо қабул қилмай қўйган эдим, унинг ноҳақ дўқ-пўписаларидан безиб. З.Ўроқов телефондан менга: “Эртага хизмат хонамга келинг, бир гаплашиб олайлик.” деди. Мен эса унга Якшанба куни уйимда кичик бир тасодифий маъракам борлигини айтиб, узр сўрадим.

У эса барибир эртаси куни телефон орқали яна боғланиб чақирди. Шундан сўнг унинг туман ИИБга келганидан хабар топиб, яшаш жойимга яқинлиги сабаб ташвишимни ташлаб, йўлга тушдим аммо унинг аллақачон кетиб бўлганлигини эшитиб қайтдим.

Муҳтарам Президент! Маърузаларингизда кўп бора “Раҳбарлик икки ҳисса масъулият демакдир.” яъни раҳбарлик инсон зиммасига кибр эмас, халққа хизмат қилиш учун масъулиятни икки ҳисса ҳис қилиб, меҳнат қилишни юклаши керак. деган фикрни таъкидлаб келасиз. Аммо ана шу масъулиятни заррача ҳис этмайдиган раҳбарлар ҳам борки, улар на қонун ва на ҳукумат олдида жавоб беришмаяпти. Мана халқ ихлоси нимадан қайтмоқда.

З.Ўроқовнинг менинг уяли алоқа телефонимга шанба куни кеч соат 22.10да хизмат хонаси телефонидан қўнғироқ қилиб, безовта қилишга ва ёки ногирон, ишсиз ҳолимда мени хизмат хонасига чақираверишга Қонуний ҳаққи бормиди?

Унинг бу каби ҳаракатлари ҳам хизмат вазифасига кирадими? Нега у бир бева ногирон аёлга бу қадар қасдлашиб олиши керагу, мутасаддилар тағин унинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашлари керак? Қани адолат? Қани қонун олдидаги фуқароларнинг тенглиги?

Муҳтарам Президент! Менинг ҳам ногирон бир бева аёл сифатида озод Ватанимда фарзандларим билан эркин ва тинч яшашга ҳаққим борми ё йўқми? Қачонгача мансабдорларнинг тайзиқида таланиб яшашимиз керак? Қачондан бери мансабдорларнинг кучи фақатгина етим-есирларни ноҳақ талашдагагина етадиган бўлиб қолди? Нега мутасаддилар бунга томошабин?

Сиздан мазкур ҳолатлар юзасидан қонуний текширув ўтказилиб, менга нисбатан қилинаётган адолатсизликларга барҳам берилишида ва З.Ўроқовга нисбатан қонуний чора қўлланилишида ҳуқуқий кўмак беришингизни сўрайман. Йўқса, фарзандларим билан бирга Адолатсизликларга қарши очлик эълон қилиб дунё ҳамжамиятидан ҳуқуқий кўмак сўраб чиқишга мажбур бўламан.

Боймуродова Дилдора 24.08.2015 йил