Aug 242015
 

24 август куни менга нисбатан ноҳақ чиқарилган суд қароридаги 7 млн.
104 минг сўм жарима учун суд ижрочилари томонидан ноқонуний равишда
олиб кетилган  акам Худойназаров Зайниддинга тегишли бўлган уй
жиҳозларини эгасига қайтарилиши учун ФИБ Кармана туманлараро судига
киритган даъво аризаси юзасидан соат 16.00да суд белгиланган эди.


Пайтдан фойдаланган туман ИИБ бошлиқ ўринбосари Улуғбек Фармонов
участка нозири орқали мени расмий чақирув қоғозисиз мажбурий тартибда
яшаб турган уйимдан олиб кетишди. Буни карангки, 15.55 да Фармонов
қабулига киришга рухсат этилган рухсатнома билан рухсатномага имзо
қўйган Нодир Туробовнинг хонасида бир соатдан зиёд вақт куттириб
қўйишди.

Шу орада яна бир ўзини менга тошкентлик тадбиркор Ҳасанов
Баҳодир деб таништирган 35 ёшлардаги кишини ҳам мажбурий тартибда олиб
келишганидан норози бўлиб кириб келдию, “Тинчгина ишлашимизга
қўясизларми йўқми?”_ дея дўнғиллади.

Сўнгра Туробовни хизмат хонасида мен билан бирга анча вақт туриб қолдию, менга дардларини ёза кетди: Эркин тадбиркорман, барча қонуний ҳужжатларим жойида. Навбахор туманида вақтинчалик рўйҳатга ҳам қўйганман.  Навоий шаҳридаги Марказий буюм бозорида канцтовар савдоси билан эркин шуғулланишим учун Рустам исмли участка нозирига сўраган пулини ҳам берганман.


Шунга қарамай мени барибир ишдан қўйиб безовта қилаверишади. Бу
аҳволда 500км масофа босиб келиб тирикчилик қилишимга на ҳожат! Беҳуда
тинчимни бузаётганларнинг таъмагирликдан бўлак дарди йўқ. Қанақа замон
бўлдию, кунимиз кимларга қолди, бесабаб чакирувлардан тўйдим тоза дея
хуноб бўлди

Шунда англадимки, нафақат менинг балки мингларнинг ҳуқуқлари шу зайлда поймол қилинмоқда экан. Хуллас мен ҳам бир ярим соатлар беҳуда кутгач,  “Фармонов срочно прокурор билан кетиб колдилар.
Узр, бошқа сафар чақиртирар эканлар”- жавоби билан кайтдим. 

Бу саргардонликларнинг охири кўринармикан? Қачонгача мансабдорларнинг
оддий халқ қалбида сиёсатимизга нисбатан нафрат ўйғотиш ҳолатлари
давом этаркан? Бу каби зулм ва зўравонликларнинг охири кўринармикан?

Дилдора Боймуродова

24-август, 2015-йил.