Aug 172015
 

Навоий маданият ва санъат коллежининг бадиий безаш йўналишини тамомлаган қизим Суннатова Камоланинг коллеж маъмурияти томонидан иш билан таъминлаш бўйича тузилган уч томонлама шартномаси коллеж ўкитувчи масъул Лола Жўраева ходима томонидан ўкувчи кизим ва ота-она бўлган менинг имзоим сохталаштирилгани ҳолда қўйилиб, Кармана тумани Баркамол авлод ёшлар маркази раҳбари Машраб Тошев томонидан номигагина имзоланган экан.

Мазкур ҳолатдан шу йилнинг июнь ойи охирларида қизим коллежни тамомлаётган пайтда хабар топиб, ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилганимиздан сўнг, раҳбар Машраб Тошев аввалига “Лола хотинимнинг яқин ўртоғи оилавий бор-келдимиз бор. У менга номигагина имзолаб беринг, сиздан иш талаб қилмайди, ишга муҳтож эмас, деб алдаб имзолатиб кетган эди.

Штатлар жадвалимда мутлақо жой йўқ.” деган жавобни берди. Республика юқори турувчи идораларига қилинган қатор шикоятлардан сўнг туманд Бандликка кўмаклашиш марказит томонидан берилган квота асосида зўрғагина 0,33 ставкада 117 минг сўм маош белгиланиб қизимни шу йилнинг 31 июлидан ишга қабул қилиш учун буйруқ чиқаришди. Аммо шу маошнинг ичида ҳар ойда 10 нафар боланинг товон пули учун 60 минг сўмдан ушлаб қолиниши ҳам меҳнат шартномасига киритилган. Демак, коллежни тамомлаган қизим учун ҳар ойда 57 минг сўм маош тўланади у ҳам бўлса тўлиқ пластик карточка орқали. Коллежни тамомлаётган ёшларни мутасаддилар томонидан шу зайлда алдаш ҳолатлари бугун ҳар юз нафар боладан 90 нафарига учраётир. Сабабким, ҳуқуқ-тартибот идораларининг масъул ходимлари негадир уларни жавобгарликка тортишни исташмаётир.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Наҳот Ўзбекистонда 57 минг сўм маош билан бир инсон бир ой давомида кун кечириши мумкин? Бу энг кам иш ҳақи миқдорининг ярмига ҳам тенг эмас, ишга ҳар куни қатнаш йўлҳақисига ҳам етмайди ҳатто! Қизим билан бир кунда менга ҳам НПКнинг АРМ раҳбари штатида жойлашиш учун бандлик томонидан берилган йўлланма коллеж директори Савриев томонидан оғзаки равишда “Опа, менга олий маълумотли кутубхоначи мутахассис керак. Сизнинг мутахассислигингиз мос келмайди” деган жавоб билан қайтарилдим.

Шунга қарамай мазкур иш ўрни йил бошидан буён менга туман ҳокимлиги ва прокурори томонидан тавсия қилиниб келинаётгани ва мен рад этиб келаётганим хусусида айтиб, айни пайтда ҳам прокуратура томонидан шу иш ўрнига юборилганимни тушинтиришга ҳаракат қилдим. Шундан сўнг мазкур ҳолатлар юзасидан Кармана туман прокурори Жусипбеков номига шикоят ариза олиб бориб туман прокурори катта ёрдамчиси Аҳрор Кенжаевга топширганимда “Опа, шу арзимас ҳолат учун ҳам шикоят кўтариб келдингизми? Буни оғзаки равишда ҳам ўзаро гаплашиб ҳал этишимиз мумкин-ку! Бўлди, уйингизга бораверинг натижасини ўзимиз билдирамиз.” дея қайтарилдим. Шу йилнинг 30 июль кунида бўлиб ўтган мазкур ҳолатлар 15 кун ўтди ҳамки на оғзаки ва на ёзма натижасини бермаяпти.

Ажабланарлиси Навоий вилоятида бу каби имзони сохталаштириш, коллежни тамомлаётган ёшларни алдаб аҳмоқ қилиш, шикоят аризаларга нописандлик билан қараш, ёлғиз оналарни ишсиз қўйиш каби кўплаб ноқонуний ҳолатларни мансабдор шахслар томонидан мунтазам содир этилиши одатий ҳолга айланиб қолган. Шу боис ҳам кейинги йилларда вилоятда қонунбузарлик ва жиноятлар содир этилиши кўплаб кузатилмоқда. Бунга албатта, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг лоқайдлиги сабаб бўлаётир.

Дилдора Боймуродова

17-август, 2015-йил.