Aug 182015
 

 

Кармана тумани Каттамачит МФЙда яшовчи Элдор Ҳамроев шу йилнинг май ойида Навоий шаҳар ҳудудида 5 нафар уюшган жиноий гуруҳ томонидан калтакланиб, автомашинасидаги 3 млн.сўм пул ҳам мазкур гуруҳ томонидан ўғирланганлигидан шикоят қилиб Навоий шаҳар ИИБга топширган аризаси натижасига кўра, Элдор Ҳамроевнинг устидан жиноий иш қўзғатилган эмиш.

-Ўғлим билан вилоят прокуратураси, ИИБ, МХХгача шикоят ёзиб бордик. Республика идораларига ҳам қатор шикоятлар юборишимизга қарамай, мазкур жиноий гуруҳнинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилмади. Қайтанга соғлигидан айрилиб ойлаб касалхонада даволанган ўғлимга нисбатан жазо чораси қўлланилмоқда. – дейди онаси Муҳаббат Ҳамроева.

Бундай ҳолатлар вилоятда биринчи бўлмагани каби охиргиси ҳам эмасдир. Балки одатий ҳолга айланган десак, муболаға эмас. Чунки ўтган йили 47 ёшли акам Худойназаров Зайниддин ҳам ўғли тенги 5 нафар безори барзангилар томонидан калтакланиб, бир ой давомида касалхонада ётиб, шу зайлда соғлигидан айрилган эди. Шунга қарамай ОДИЛ СУДИМИЗ томонидан жаримага тортилиб, жазо белгиланган эди.

Сабаби вилоят ИИБЖҚБ масъул ходими З.Ўроқов каби мансабдорлар мендек ногирон бир бева аёлни тирноғини орасидаги йўқ кирини излаб умрини ўтказгунича ҳақиқий жиноятчиларни топиб жазоланишини йўлга қўйишганида бу каби ҳолатлар камайган бўлармиди?

Қизиғи шундаки, З.Ўроқов каби мансабдорларнинг касрига оддий намозхонлар ҳам бундан 10-15 йиллар аввал уюштирилиб наркотик модда, варақа, ўқ-дори ташлаб қастдан уюштирилиб жазога тортилар эди. Яқин 5 йилликда эса бошқачароқ усул – яъни ёлланган 2 кишининг уюштирилган сохта гувоҳлиги асосида жазога тортила бошлаган эди.

Ваҳоланки, теранроқ кўз билан қараб, масъулият билан виждонан меҳнат қилишса, “Ўрмонга ўт ҳам кетмасди, ҳўлу қуруқ ҳам баробар ёнмасди!” “Огоҳлик давр талаби!” иборамизга аввала мансабдорлар амал қилишса яхши бўлармиди?

2012 йилнинг декабрида мендек жисман кучсиз, ногирон, бева аёл ва 16 ёшли отасиз, ҳимоясиз қизи билан биргаликда жўяли айб топилмагач, вилоят ИИБЖҚБ масъул ходими З.Ўроқов томонидан “қўшмачи аёлларга” қастдан уюштирилиб калтаклатиб, тағин бизга нисбатан жазо белгиланиб, жаримага тортилган эдик.

Ажабланарлиси, шу каби мансабдорларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари фуқароларимизнинг қонунларимизга, ҳукуматимизга бўлган ишончини кун сайин йўқолишига сабаб бўлмоқда.

Дилдора Боймуродова

18-август, 2015-йил.