Aug 102015
 

Жорий йилнинг 9 июль кунида Ғайбулло Жалиловнинг қайноналари Мукаррам ая 67 ёшларида оламдан ўтибдилар. Кечроқ бўлсада хабар топдик. Кечагина таъ зия билдириб келдик.


Муқаддас Темирова мени кўриши билан уввос тортиб юбордилар.

-Оналари кетади-ю,йиғлайдиларда-деб мен ҳам ғамга ботиб кўзимдан оқаётган ёшларни артиб турдим.-Бу дунёда ҳаммамиз меҳмонмиз, қолган умрларини фарзандларига, невараларига берсин-дейман тилим калимага
келиб. Тўйибтўйиб йиғласинлар,зора енгил тортсалар…


-Фарзандларингизнинг бошида тоғдай туринг, ўзингизни еб битказманг
онангиз раҳматли тирилиб келмайдилар -дейман. Бироз йиғлаб бўлганларидан сўнг, ўзларига келдилар.Бу йиғи алам устидаги йиғи эканлиги хаёлимга келибдими?


Мукаррам ая раҳматли бир йил олдин  инсульт олиб, ярим таналари жуда кам ҳаракат қиладиган бўлиб қолганларидан хабарим бор, анча даволатишди бунданам хабардор эдим.


Касаллик туфайли оламдан ўтибдилар десам гап бошқа жойда экан…
Онани ҳеч қайси эркак зоти тушунмайди…Чунки она у мўътабар
зот! Фарзанди 70 ёшга кирса ҳам у барибир гўдак хисобланади….
Мен ҳам чалғиб кетдим…


Хуллас Мукаррам ая вафот этишларидан 11 кун олдин, Муқаддас Темировани ИИБ участка нозири чақириб келган экан. Бошқармага олиб кетиш мақсадида!.


-“Уйда ҳеч ким йўқ эди,мендан бошқа касал онамни ташлаб чиқиб
бўладими? Ёғ доғлаётган эдим. Қанча тушунтиришга ҳаракат
қилдим, ” бормасангиз бўлмайди”-деб туриб олишди-дейдилар Муқаддас
Темирова. Ҳаё-ҳайт дея йўлга отланибдилар.


Касал она эса, қизини нега милиса олиб кетганини тушунмай, ваҳимада
қизининг ортидан қоқ жазирамада кўчага эмаклаб чиқиб ўша ерда
тураверибдилар. Ҳамманинг хабари бор Ўзбекистонликлар жуда жазирама иссиқ кунларни бошидан ўтказишди.Нафас ҳам олиб бўлмас эди…


Кечга яқин келдим, онам бечора мени келишимни кутиб тураверибдилар, ўша куни кечқурун онам раҳматли тўшакка михландилар”-деб кўзларида тинмай ёш оқа бошлади.


Онани яратмасин экан…. У бечора она ўз боласидан хавотирланиб  қоқ
бўлиб туравериб ўйловдан, жазирама иссиқдан миясига яна қайта қон
қуйилган. Мукаррам ая шу ётишда 11  кун ётганлар иссиқлари тушмай.

39 градусдан асло тушмади онам раҳматлининг иссиқлари, кўрсатмаган
дўхтирларимиз қолмади”-деб айтдилар Муқаддас Темирова.

Мен ўзимни айбдордек ҳис қилаяпман,аммо менинг айбим йўқ!

Мен ўз хоҳишим билан кетдимми?-дейдилар йиғлаб аламдан.


Мукаррам аяни офтоб урган бўлиб чиқаяпти,буёғи ажал…
Янгадан мен нима сабабдан олиб кетишганини сўрадим.
У ерда мендан бошқалар ҳам бор эди,яъни эри қамалганлар. Нариги
қишлоқдан Уйғун деганининг ўғли,(отаси қамалган экан) Сурияга ё боргунча отилган эканми нимадир бўлиб ўлган экан,шунга чақириб нотация ўқишди”-дейдилар Муқаддас Темирова. ”Мени эса, бутун хаёлим онамда эди”-дейдилар чуқур уф тортиб.


Ғайбулло Жалилов тўғрисида ҳам сўрадим.

-”25 кун Сангородда даволаниб чиққан эканлар, хат келган экан.Айни дамда Навоийга қайтиб келибдилар.Ўзим боролмаганим учун жўнатма (посилка )жўнатдим.Айтилган нарсаларини юбордим .Мен эса онам бетоб бўлганларидан сўнг, касалхонада онамни ёнларида турдим, уйдан чиқишни иложи бўлмади”-  дея суҳбат якунида Муқаддас Темирова.


Ўзбекчиликда “бало келса қўшшасига келади” дейишади.Оналари раҳматли бўлган куни “соғин сигиримиз бор эди, у ҳам ўзидан-ўзи ўлиб
қолибди”-дейдилар янга. Жазирама иссиққа ҳаттоки сигир ҳам дош бера
олмаган, инсон қаердан дош берсин?


Таъзияга бориб, юрагимда оғир юк билан қайтиб келдим….

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси

10август , 2015-йил.