Aug 052015
 

Yelena Urlayeva. 05.08.2015.

АФСОНАВИЙ АЁЛ

(Ўзбекистондаги олов ичида тириклай ёнаётган аёл образи)

Туну-кун ишлаб толмайдиган, мудом одамлар ташвишини ўйлайдиган, бағри кенг, асаблари мустаҳкам, кўнгли мусаффо, афсонавий бир аёл бор орамизда. Балки аксариятингиз бунингдек инсонни танимассиз.

У бизнинг фахримиз, ифтихоримиз, суянчиғимиз Урлаева Елена Михайловна бўлади.

Очиғи, бошида Елена Михайловнани даставал таниган кезларимда уларнинг елиб-югуришлари, ҳаракатлари менга у қадар ёқинқирамаганди. Ғайритабиий туюлганди.

Мана, 3-4 йил давомида Урлаева билан ҳамкорлик қиларканман бу аёлнинг нечоғлик серғайрат, оқила, қалби дарё, энг муҳими довюрак эканлигига амин бўлдим.

Тан олинг, ўзинг ўт ичида, камига тўрт томонингдан керосин пуркаб туришса-да ўзни кўриб-билиб оловга отиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Елена Михайловна эса “Альянс” инсон хуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти лидери сифатида 1994 йилдан бошлаб ҳаётини ҳақни қарор топтиришга бағишлаган.

Шунинг учун бўлса керак, инсон ҳуқуқлари ташкилоти лидерини мамлакатнинг турли вилоятларидан йўқлаб келувчилар кўп.

Кимда-ким ҳукумат идоралари корчолонларидан зулм кўрса, қонун қўриқчилари ўз амалларидан фойдаланиб қайсики фуқарога жабр ўтказса, қўйингки, ноҳақликка учраган аҳоли албатта ҳуқуқ фаолини йўқлаб келади.

Елена Михайловнанинг туну-кун мобил телефони ҳам, ўзи ҳам тинмайди. Ҳамиша одамлар қуршовида. Ноҳақликка учраган шахсларга далда бўлиш, ҳуқуқий кўмак бериш, адолатсизликка гирифтор бўлганларни қўллаб-қувватлаш, йўл-йўриқ кўрсатиш, уларга руҳий, маънавий, ҳуқуқий мадад бериш мақсадида жабирдийдалар билан деярли ҳар куни Президент резиденцияси қаршисида пикет ўтказишдан толмайди, тонмайди ҳам.

Ҳали биз Урлаева бутун борлигиғини, ёшлигини, ҳаётини инсон ҳуқуқларини устивор қилиш масалаларига бахшида этди дедик. «Альянс» лидерининг бу йўлдаги фаолияти эса, табиийки, амалдаги ҳукумат идораларининг корчолонларига маъқул келмасди. Шу боис ҳам арбоблар Елена Михайловнанинг овозини ўчириш, фаолиятига нуқта қўйишга зўр беришарди.

Урлаева ҳақида гап кетганида, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, инсон ҳуқуқлари лидери ўз саломатлигини ҳам атрофдаги одамлар учун, адолатни ўрнатиш учун қурбон қилди.

Ҳуқуқ фаолининг содир этилаётган қонунсизликлар ҳақидаги ҳар бир бонги Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумат вакиллари курсисига зарб берарди. Ўз амал курсисидан ажраб қолишни истамаган арбоблар эса Елена Михайловнанинг адолат ҳақидаги ҳайқириқлари Халқаро ташкилотлар назарига тушмаслиги учун ҳам, Дунё ҳамжамияти олдида шарманда бўлишдан қўрққанлиги сабаб ҳам “Қўрққан олдин мушт кўтарар” қабилида иш тутди.

Амалдаги ҳукумат арбоблари Урлаевани аёл дея аяб ўтиришган эмас. Айнан аёл кишига келганида мансабдору корчалонлар ниҳоятда тубан кетдилар. Разилликнинг энг жирканч усулини танладилар.

Альянс” инсон ҳуқуқлари ташкилоти лидери Елена Урлаева турли ноқонуний йўллар билан руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди ва унга “Муомалага лаёқатсиз” деган туҳмат туфлаб ёпиштирилди.

Ҳатто шундай улкан руҳий зарба ҳам Урлаеванинг иродасини бука олган эмас.

Аёлнинг қирқта жони бўлади деганларича ҳам бор. Елена Михайловна руҳий тушкунликка тушиб қолмади, ноҳақлик уни синдира олмади, афсонавий аёл чўкиб қолган эмас. Қайтага у бир нарсага, ноқонуний ишларга қўл ураётган амалдорлар унинг рўпарасида, у айтаётган ҳақиқатлар қаршисида нечоғлик титроққа тушишини яна бир бор чуқур ҳис қилди. Айнан ана шу нарса аёлга битмас-туганмас куч берарди. Шу сабаб ҳам ҳуқуқ фаоли қайта ва қайта ўз фазифасига жуда катта ишонч ва ғайрат билан киришди.

Тан олишимиз керак, Ўзбекистон ичкарисида ўзингни адолатсизлик ўқига тутиб бериш, бу – болакайларнинг шунчаки уруш-уруш ўйини эмас. Ўзбекистон ичкарисидаги ҳуқуқ фаоллари, мухолиф ташкилот аъзоларини туну-кун хатар таъқиб қилади. Шу маънода уларни мен ҳар қадамда тузоқ қўйилган тустовуқларга ўхшатаман. Мамлакатда ҳур фикрли инсонларни, инсон ҳуқуқлари фаолларини, мухолиф қарашдаги кишиларни тутиш ва банди этиш мақсадида айнан қонун қўриқчилари, ҳукумат амалдорлари томонидан ҳар қадамда тузоқ қўйилган. Бу тўрга тушганларнинг боши омон чиқиши душвор.

Мамлакат ичкарисида қонун идоралари қўли билан ноқонуний ишлар, айтиш мумкинки, жиноятлар амалга оширилиб турган айни бир пайтда кўксини қалқон қилишга ҳамма ҳам қодир эмас. Аксарият эркаклар ҳам. Бироқ бунингдек қахрамонлик Елена Урлаеванинг қўлидан келди. Ва ўз навбатида Урлаеванинг меҳнатлари беиз кетган эмас. Ҳуқуқ фаоли дунё ҳамжамиятининг, Халқаро ташкилотларнинг назарига тушди, бир қатор нуфузли Халқаро мукофотлар билан тақдирланди.

Аслида, Елена Урлаеванинг катта юрак кишиси эканлиги ҳақида гапирмасам ҳам бўларди. Негаки, буни шусиз ҳам, аминманки, барчангиз жуда яхши биласиз.

Менинг айтмоқчи бўлганим шуки, яқингинада умри давомида МХХ, ИИБ терроризимга қарши кураш бўлими ходимларининг босими ва назорати остида истиқомат қилишга мажбур этилаётган Елена Михайловнани ўғли қатори йигит – Ўзини Тошкент шаҳар ИИБсининг Терроризимга қарши кураш бўлими ходими деб таништиргувчи ходими, гоҳо ўзини БАХТИЁР, гоҳида Алибек деб таништирувчи азамати аёвсиз калтаклади.

– Мен ҳамроҳим билан ўз сиёсий фаоллигимни пикет орқали намойиш қилиш истагида пикетга чиққандим. Шунда Тошкент шаҳар ИИБ терроризимга қарши кураш бўлими ходимларидан бир нечтаси пайдо бўлди. Улар орасида басавлати – Бахтиёр исмли йигит эди. Айтишларича, уни ўша бўлим бошлиғи ҳам дейишади. Ўша ходим менинг бўйнимга қалин ип билан осилган “Ташриф қоғозим”ни қутирган кишидек, ваҳшийларча йиртиб ташлади. Кейин ўзимни калтаклай кетди. Елкаларимга ниқтаб, туртиб, ура бошлади. Энг ёмони у мени бақир-чақир қилиб шунақанги ҳақорат қилдики: “Иккинчи бор пикетга чиқадиган бўлсанг, сени ўлдираман” дея дағдаға қила кетди. Албатта, ИИБ ходимининг бунингдек ноқонуний, ноинсоний ҳаракатларини шундай қўймайман, албатта. ИИБ ходимини судга бераман, – дейди “Альянс” инсон ҳуқуқлари ташкилоти етакчиси Елена Урлаева.

– Бунингдек муомала сизни хушёрликка чақирмадими? Балки энди эҳтиёткорлик билан фаолият олиб борарсиз? ИИБдаги фарзандингиз тенги болалар калтаги остида қолмаслик учун ҳам кўриб турибсиз, кейинги пайтларда амалдаги ҳукумат корчолонлари вос-вос бўлиб қолишган, – савол бераман “Афсонавий аёл”га.

– Бизга, аниқроғи, менга қўлланилаётган бунингдек ноқонуний ва ноинсоний муносабатлар биринчиси эмас. Бунингдек калтак ва ҳақоратларга деярли кўникиб ҳам қолганмиз. Бироқ терроризимга қарши кураш бўлими ходими Бахтиёрнинг энг сўнгги ваҳшиёна калтак ва ҳақоратлари жон-жонимдан ўтиб кетди. Мен бунингдек адолатни оёқ ости қилаётган қонун идораларининг масъулиятсиз ходимлари тез кунда қонун олдида жавоб беришларига ишонаман, – жавоб қилади Урлаева.

– Демак, фаолиятни янада изчил давом эттириш ниятидасиз. Бундан кўзланган асл мақсад нима?

– Ноҳақликка учраган фуқароларга кўмак қўлини чўзиш, адолатни тиклаш, аҳолининг кўзини очиш, хушёрликка чорлаш, ҳуқуқий билимини чархлашда кўмаклашиш, – дейди ҳуқуқбон.

– Лекин… Эзгу йўлингизда сизни нотўғри талқин қилаётганлар, сизни тушунмаётганлар ўз сафдошларингиз ичидан бош кўтариб чиқиши аламли, шундай эмасми? Шу маънода ўринбосарингиз Шуҳрат Рустамовнинг сиз ва Ада Ким устидан жиноят иши қўзғатиш ҳақида юқори қонун идораларига ёзган шикоят аризаси кўнглингизни ранжитгани аниқ, шундайми?

– Катта йўлга чиққан киши, буюк эзгу ниятларга қўл урган одам гина-кудратларга изн бермаслиги керак. Ўйлайманки, тушунмовчилик ҳар бир соҳада бўлади. Мен Рустамовни ҳурмат қиламан. Шуҳрат Рустамовни шунинг учун қадрлайманки, у ҳуқуқ илмини пухта эгаллаган, ҳаракатчан, куйинчак, одамларга кўмак бериб толмайдиган ҳуқуқ фаолларидан бири. Шу маънода Рустамовнинг ҳар қандай камчиликларига кўз юмса бўлади…. Бизнинг ишда шахсий масалаларни муҳокама қилиш, қасоскорлик, адоват сақлаш яхшиликка олиб келмайди. Бизнинг соҳада ўзаро олишишларнинг оқибати фожиа. Буни Шуҳрат Рустамовнинг ўзларини мисолида кўрдик. Амалдаги ҳукумат корчолонларининг мақсади аслида шу: бизларнинг ўртамизга нифоқ солиш, бир-биримизнинг ўртамизда низо қўзғаш, ўзаро уриштириш, ёмон отлиқ қилиш, бир-биримиздан ажратиш. Ана ундан кейин битта-битта “синдириш”. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак. Ҳар қандай шахсий муносабатларни кейинроқ аниқлаштириб олсак ҳам бўлаверади, айни дамда энг муҳими аҳиллик, – дейди комил ишонч билан Елена Урлаева, – Мабодо амалдорлар Шуҳрат Рустамовни яккалаб қўйдик деб қувонаётган бўлса, адашади. Биз сафимизни сийраклатишларига йўл қўймоқчи эмасмиз. Шуҳрат Рустамовни ёлғизлатиб қўймаймиз, имкон қадар уни қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳаётий кузатувларимиздан шу нарса аёнки, аксарият ҳуқуқ фаолларимиз орасида арзимаган сабаб ўзаро низолар авж олганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Гоҳида ўз ғурур, ҳамиятимиз йўлида маслакдошимизга кек сақлаб, ўт чақнаётган қадамига болта уриб, чоҳ қазиб, қасдлашиб, маломат ботқоғига ботирамиз ва бундан ором топаётганларимиз, ҳузур қилаётганларимиз қанча.

Урлаева эса шундайин нозик чоғда ҳам ўзини, ғурурини ўйламайди, ўз ҳамияти йўлида қайғурмайди. Барча гина-кудратларни олдидан олиб, орқасига ташлашга ўзида куч топа олади. Бошига энг оғир кунлар тушган сафдошига дўстлик қўлини чўза олади.

Бунингдек бўла олиш учун ўзидан-да катта юрак керак кишига.

Худди ана шундайин беғубор кўнгил эгаси бизнинг афсонавий аёл.

Биз “афсонивий аёл” – Елена Урлаевадан нафақат фидоийликни, балки бағрикенгликни, чин одамийликни ҳам ўргансак бўларкан.

Орамизда борлигингизга раҳмат Елена Михайловна!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист

Yelena Urlayeva. 05.08.2015.1

Yelena Urlayeva. 05.08.2015.2