Jul 032015
 

    3 июль куни кеч соат 17.00лар чамаси уйимга Кармана туман суд ижрочилари Мансур Жўраев бошчилигидаги ходимлари ўт ўчириш ва тез ёрдам машиналари ҳамда 15 нафар ИИБ ходимлари билан бостириб келишди. Мен улардан қонуний ҳуқуқларимни талаб килдим. Яъни, мазкур суд ижрочилари 30 июнь кунида худди шу каби бостириб кириб келишиб, уйимдаги рўзғор буюмларини қоғозга тушириб олишганди.

Шу вазиятда тузилган хатлов қоғозининг бир нусхасига М.Жўраев менга бир нусхасини олдим деб имзо қўйдириб олиб, нусха бермай, опа нусха кўчириш имкониятингиз йўқ экан, эрталаб идорамга борсангиз бериб юбораман, деб холислар гувоҳлигида кетиб колди.

Эртаси, индини ҳам бордимку, мазкур хат нусхаси менга берилмади. Шунга қарамай мен суд кароридан, яъни шу йилнинг 1 май куни ёш гўдаклар билан қўшиб ҳисоблаганда ўн нафар 90 ёшли Самиева Махпурат ая ва унинг оила аъзолари билан вилоят хокимлиги биноси олдида “Қонуний текширув талаб киламиз. Текширувлар қонуний тартибда ўтказилсин!” мазмунидаги плакатларни қўлимизда ушлаб ҳали очиб улгурмай турган ҳолатимизда ИИБ ходимлари томонидан куч ишлатиш йўли билан маҳкамага олиб кетилиб, оч-наҳор гўдаклар йиғлатиб, кечгача ушлаб туришиб, соат 17.00ларда мажбурий тартибда биргина мени судга олиб боришган ва қўл-оёғим увишиб ўзимни билмай қолган ҳолатимда участка нозири томонидан қўлимдан ушлаб 2-3 жойга имзо қўйдириб олинган экан, ёнимдагиларнинг гувоҳлигига кўра.

Хуллас, биргина менга ноҳақ 7 миллион 104 минг сўм жарима босишган экан. Суд қарорини ўн кундан сўнг олиб, кассация шикояти келтирдим. Кассация судида паспорт нусхаси қўлимда бўлсада мени киритишмади. Чунки паспортим қарзим эвазига бир танишимнинг дўконида қолган эди.

Хуллас, мен иштирок этмаган суд қарорида:-“Айбдор қилган айбидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди.”- деган жумла киритиб ўтилиб, қарор ўз кучида қолдирилган. Шундан сўнг мен яна юқори турувчи судга шикоят келтирдим ва ҳаттоки ижрони вақтинча тўҳтатилишини сўрадим, аммо жавоб ола олмадим. Мазкур суд қарори ижрога қаратилганлигидан хабар топганимдан сўнг, яъни суд ижрочиси М.Жўраев уйимга бостириб келиб кетгач, 1 июль куни ЖИБ вилоят суди раиси А.Усмановнинг қабулига кириб, ижрони вақтинча тўҳтатилишини сўраб, шикоят топширдим, имзо қўйиб қабул қилинган нусхаси қўлимда. Шунга карамай, А.Усманов менга:- “Синглим эртага кечда жавоб хати оласиз”- деб кайтариб юборди.

Айтилган вақтда бордим суд раиси котиби Беҳзод почтадан жўнатиб юбордим деб қайтарди. Аммо почтадан ҳам етиб келмади. М. Жўраевнинг қўлидаги қоғоз нусхасини олиш учун эса 3 кун сарсон бўлдим ҳамки бермай, ижтимоий ҳимояга ҳам жисман ҳам маънан муҳтож ногирон бева бир аёлнинг ижарада яшаб турган уйига бутун бошли ИИБ ходимлари билан бостириб келишди.

Мазкур уйда қонуний рўйхатда турмаганимиз учун, фарзандларим билан ижарада яшаётганлигимизни айтиб, ўзимизга тегишли бўлмаган буюмларни олишига норозилик билдирдик. Қолаверса, қонуний ҳуқуқларимиз поймол қилинаётганлигидан норозилигини билдирган қизимни ИИБ ходимлари ва М. Жўраев судраб, итариб юбориб- бошини гурра ва лаб кисмини ёриб қўйиб, тан жароҳати етказди. Менга эса тинимсиз равишда тез ёрдам муолажа қилиб турди. Ўсмир ўғлимнинг қўлидан куч билан видео камерали телефони тортиб олиниб съёмка қилинаётган ҳақиқий ҳолат туширилган кадрлар олиб кетилди.

Дарвоқе, суд ижрочиларининг қўрқмасдан бу қадар куч ишлатиб ноқонуний хатти-ҳаракат содир этишлари тепасида М.Жўраевнинг айтишича, вилоят прокуратурасининг Искандар ака исмли ходими ва вилоят ЖКБ масъул ходими З.Ўроқовлар турган эмиш. Тағин: “Опа, сизга нима керак эди, касал ҳолингизда 90 ёшли холангиз Самиева Махпуратга ишончли вакил бўлиб“- деди. Бундан икки кун олдин эса интернет сайтларида берган 2 та хабарим бири туман почта тармоғи бошлиғи вазифасидан ноҳақ озод қилингани ва тумангаздан 2 нафар бева аёлга нисбатан қилинган адолатсизликлар хусусида берган кичик хабарларим учун, почта ходимлари қаттиқ сиқувга олинганлигини уйимга келиб айтишган эди.

    Энди ўйлаб кўринг вилоятда ўтказилаётган мингта суддан биттасигагина адолат бўлса бўлар бўлмаса йўқ. Ҳуқуқлари поймол қилинаётган биргина мен ва ёки 90 ёшли холам эмас, балки минглар борлигини Президентга Бош прокурорга билдиришнинг яна қандай усули бор? 2 йилдирки, мутахассислигим бўйича иш сўраб фарзандларимни таъминотини кўтара олмай қилаётган мурожаатларим ўрганилмайди.! Бош прокурор қабулига Бош прокуратура қабулхонасидаги ходим Отабек Шойимов қонуний тартибда киритмайди!

Президент девони масъул ходими Қўқонбоевнинг қабулига Жуманазаров Ҳамроқул исмли масъул ходим киритмайди. Асл ҳақиқатларнинг барчаси вилоятда кўмилади! Ҳақиқатни айтган ногирон аёлни борини ҳам талайдилар. ҲУҚУҚИЙ КЎМАККА МУҲТОЖМИЗ! ЎЗБЕКЛАР ЯШАЙДИГАН, МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР, ДИЁНАТ, ИНСОН ИЙМОН УЛУҒЛАНАДИГАН ЮРТДА МУБОРАК РАМАЗОН ОЙИДА БЕВА-БЕЧОРА ЕТИМ-ЕСИРЛАР НОҲАҚ ТАЛАНИБ, КУЧ ИШЛАТИШ ЙЎЛИ БИЛАН ЖАРОҲАТ ЕТКАЗИЛМОҚДА!


Дилдора Боймуродова

3-июль, 2015-йил.