May 012015
 

Бугун, 2015 йилнинг 1 май куни Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи 80 ёшни ортда қолдирган Махфират ая Самиева суд ҳокимиятининг ноқонуний қарорига нисбатан ўзига хос “исён” кўтарди.

Гап шундаки, Махфират момо Самиева ўғли, келини, қатор набиралари, чеваралари – бутун бир оиласи билан бирга Навоий вилоят суд ҳокимиятинининг ноқонуний қарори туфайли уй-жойларидан мосуво бўлишди.

Куни кеча, 30 апрель куни суд ижрочилари суднинг ноқонуний қарорини ижросига зўр беришди.

Натижада Махфират момо оила аъзолари билан бирга куч билан кўчага ҳайдаб чиқарилди, уйи тортиб олинди.

Оила аъзолари билан кўчада бошпанасиз қолган Махфират момо Самиева 1 май куни эрталабданоқ ўғли Ҳаким Самиев, фарзанду набиралари Руслан, Обид, Ирода, Мухлиса, Темур, Наргиза ва мустақил журналист Дилдора Боймуродовалар билан бирга Навоий шаҳар ҳокимияти биноси олдида норозилик намойиши ўтказишга бел боғлади. Бу онахоннинг мавжуд тузум ноҳақликларига нисбатан ўзига хос исёни эди.

Бироқ, 80 ёшдан ошган момо иштирокидаги норозилик намойиши ҳар доимгидек Ўзбекистон ички ишлар идоралари томонидан куч билан бостирилди.

Намойиш иштирокчилари куч ишлатар тизимлари ходимлари томонидан махсус машиналарда Навоий шаҳар ИИБ идорасига олиб кетилди. Намойиш иштирокчиларининг мобил телефонлари куч билан тортиб олинди.

Айни дамда намойиш иштирокчилари билан алоқа узилган.

80 ёшдан ошган намойиш ташкилотчиларидан бири бўлган момо ва уларнинг оила аъзоларининг тақдири ҳануз номаълум қолмоқда.

Хабар Малоҳат Эшонқулова томонидан тайёрланди