Apr 162015
 

Ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов.

Ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов.

16.04.2015

Тўққиз йиллик қамоқ муддатини ўтаб бўлган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов муассаса тартибини бузганлик айби билан Жаслиқ қамоқхонасидан Нукусдаги Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторига олиб кетилган. Фармоновнинг қамоқ муддати узайтирилиши мумкинлигидан ташвишга тушган оила аъзолари уни озодликка чиқаришда ёрдам сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқдалар.

29 апрель куни тўққиз йиллик қамоқ муддати тугайдиган Аъзам Фармоновнинг Жаслиқдан Нукус тергов ҳибсхонасига “этап” қилингани ҳақида Озодликка ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Озода Ёқубова маълум қилди.

– 12 апрель куни уй телефонимизга бир эркак одам телефон қилган. Уйда мен йўқ эдим. 10 яшар қизим телефонни кўтарса, “уйда катталар борми?” деб сўраган. “Катталар йўқ” деб айтгандан кейин “Сен кимсан?” деб сўраган. “Мадинаман” деса, “Сен Аъзамнинг қизимисан?” деб сўрабди. Қизим “Ҳа” деганидан кейин “Дадангни Жаслиқдан раскрутка қилгани олиб кетди”, дебди. Мен келганимдан кейин қизим шунақа деб айтди. Бу ёш бола тушунмайди “раскрутка” нималигини. Буни эшитиб мен жуда ёмон аҳволга тушдим. Чунки 29 апрель куни хўжайинимнинг қамоқ муддати тугаётганди. Биз бу кунни 9 йилдан бери жуда интизорлик билан кутаётгандик. Айниқса, икки ёш болам жуда интиқлик билан кутаётганди. Лекин биз ўйлагандек бўлмайди шекилли. Чунки “раскрутка” дегани муддат устига муддат қўшиб бериш дегани. Билишимча, Нукусга 9-сонли тергов изоляторига яна бирор нарушение қўйиб тергов қилгани олиб кетишган бўлса керак, деб ўйлаяпман, – дейди Озода Ёқубова.

Аъзам Фармоновнинг рафиқаси бу хабардан кейин Тошкентга – Жазони ижро этиш Бош бошқармасига йўл олган.

– 14 апрель куни мен ГУИНга учраб келдим Тошкентга. Фамилиясини, статьясини, 29 апрель куни сроги тугашини ёзиб, дежурнийларга киритиб юборгандим, улар менга: “6 апрель куни Жаслиқдан Нукусдаги тергов изоляторига этап қилинган турмуш ўртоғингиз”, деган жавобни беришди, – деган Озода Ёқубова турмуш ўртоғининг шу кундаги аҳвол-руҳияси, тергов жараёнининг қандай бораётгани, Аъзам Фармоновнинг иши бўйича яна суд бўлиш-бўлмаслиги ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармаси махсус бўлими навбатчиси Озодликнинг мобиль мухбирларидан бирига Аъзам Фармоновнинг Нукусга этап қилинганини тасдиқлади. Мулозимга кўра, Аъзам Фармонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасалари тартибини бузиш) билан тергов қилинмоқда. Навбатчининг қайд этишича, Фармонов Жаслиқ лагерининг маҳкумлар учун жорий тартибини мунтазам равишда бузиб келган, лагер маъмуриятининг бир қанча огоҳлантиришларини олган.

Таъкидлаш жоизки, ўзбек расмийлари қамоқдан озод қилишни истамаган маҳбусларга нисбатан “муассаса тартибини бузиш” моддасини тез-тез қўллаб турадилар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими собиқ раиси Аъзам Фармонов 2006 йили “товламачилик”да айбдор деб топилиб, суд ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ҳуқуқ фаолининг Ўзбекистондаги ва хориждаги ҳамкасблари унинг сиёсий мотивларга кўра қамалганини таъкидлаб келадилар. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) эса ўзининг “Ўзбекистон деб номланган қамоқхона” веб-саҳифасида қамоқда қолаётган 13 нафар ҳуқуқ фаоли орасида Аъзам Фармоновнинг ҳам номини келтирган.

Фармоновнинг қамоқ муддати узайтирилиши мумкинлигидан хавотири кучайган Озода Ёқубова турмуш ўртоғини озод қилишда халқаро ташкилотлар кўмагидан умидвор эканини айтади.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида таниша оласиз.

Хабар, фото ва видеоларни ОЗОДЛИКка +420 724 971 539 WhatsApp ва Telegram орқали юборинг!

Озодликнинг жонли мулоқотларида душанба ва чоршанба кунлари Тошкент вақти билан соат 19:00да OzodOvoz, OzodSkype ва Ozodlik Online Skype манзиллари воситасида қатнашинг!

Озодлик шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

Xabar, foto va videolarni OZODLIKka +420724971539 WhatsApp va Telegram orqali yuboring!

Ozodlikning jonli muloqotlarida dushanba va chorchanba kunlari Toshkent vaqti bilan 19:00da Ozodovoz, Ozodlikonline va Ozodskype Skype manzillari vositasida qatnashing!

Ozodlik radiosi shaxsingiz sir qolishini kafolatlaydi.

http://www.ozodlik.org/content/article/26958716.html