Apr 172015
 


Қаердан ҳам шу “биопаспорт” деган нарса чиқди, билмайману, аммо унинг ташвишлари жуда кўп экан. Биопаспортга ҳали етган бўлмасамда,
аллақачон анчагина чиқимдор бўлдим. Ўйлаб қаранг, паспорт фуқаронинг
шахсий мулки эмас. У маълум бир давлат фуқароси саналади, аммо паспорт олишда шунақа машаққатлар яратилинганки, бу одамларнинг чўнтагидаги пулини шилиб олиш учун ўйлаб топилган найранга ўхшайди.

Паспорт олиш учун қатор ҳужжатлар, маълумотномалар керак экан, нима учун буларнинг харжини фуқаро тўлайди? Билмайман, паспортнинг ўзи учун қанча пул тўланаркин, лекин ҳалигача қилган харажатларим ҳам анчадан ортиб кетди.

Хуллас, нима бўлди ва энди нима бўлиши керак? Жорий йилнинг 8 апрель
кунидан бошлаб ЎЗбекистоннинг янги биометрик паспортини олиш учун
ҳаракатни бошлаб юбордим. Биринчи навбатда, ўзим билганимча СПИД
марказидан бошладим. Ўзику 2013 йил паспортимни янгилатгандим, аммо у эски версиясидаги паспорт эди.

Қаршида одамлар оғзида юрган гапларга қараганда, эски паспортнинг
яроқлилик муддати 2015 йилни декабрида тугар экан. Тағин бўлса,
муддати тугаб битганидан жарима тўлаб юрмай деган мақсадда биометрик паспорт олишга қарор қилгандим.
Тўғрироғи, биз томонларда аксар кўпчилик алмаштириб ҳам бўлди.

СПИД марказидан бошладим. Тўловларини амалга ошириб, анализ
хулосаларини ҳам  олдим. Бу менга 24 минг сўмга тушди.  Паспорт столга
бориб анкета тўлдирмоқчи эдим, ўша ердаги қизлар ҳужжатларим тўлиқ
эмаслигию, ҳали милициядан ҳам ўтиб келишим лозимлигини тушунтиришди.

Гўёки, рози бўлганим аломатини билдирдимда, ортимга қайтдим. Участка
нозирини топишим керак эди. Маҳаллага идорасига бориб участка
нозиримиз қаердалигини суриштирдим. Нозиримиз ўз ўрнида эмасди.  Илгари бошқа бир участка инспектори бўларди маҳалламизда, исми Одил, жуда одамови йигит эди.
Ўшани суриштириб кўрсам, у энди подсудда эканлигини айтишди.

Сабаби эса ”взятка” экан, яъни пора билан қўлга тушибди. Кишини
ҳайратлантиради албатта. Бу ахир одатий ҳолку. Ким уни қўлга туширди?
Неча пул билан? Нима иш юзасидан? Шунақа саволлар миямда гир-гир
айланарди.  Суриштирсам, иш тамоман бошқача тус олган экан. У йигит
оддий ўзбек йигитларидан эди. Қўли олғирдан эмасди. Муомиласи ҳам
тузук бўларди. Унга қўйилган айбловга, рости, унча ишонқирамадим.

Айтгандай, асосий масалан чалғиб кетибман.  Менга Қарши шаҳридаги
Беклар” маҳалласи участка нозирига учрашишимни айтишди. Борсам у ерда ҳам участка нозири йуқ экан. Ўша махалланинг посбони нима мақсадда келганлигимни суриштирди. Паспорт масаласи бўйича эканлигини билдирдим.  У ҳужжатларимни кўрдида, бир неча дўхтирлардан ҳам ўтишим кераклигини билдирди. Булар нарколог, тери-таносил касалликлари ва оилавий поликлиника кўригидан ўтишим керак экан. Энг асосийси эса, махалладан ҳам тавсиянома зарур.

Қизиқда! Бордию, паспорт олувчи хаста бўлса уни фуқароликдан ўчириб
ташлашадими? Нима сабабдан паспорт олишим учун маҳалла идораси тавсия бериши керак? Умуман ақлга сиғдириб бўлмайдиган шартлар,
маълумотномалар ва кўриклардан ўтишлар.

Яна ортга қайтдим. Албатта ўша сабил қолгур тавсияномани олиш учун! Бу ниҳоятда зарур бўлган ҳужжат нега кераклигини маҳаллага етгунимча
ўйлаб бордим. Бу қизиқарликда албатта!

Тавсияномани хам олдим. Шу  ҳужжат бўлмаса менга паспорт беришмас
эканми деган ўй бошимда гирдикапалак бўларди. Оилавий поликлиникага
ҳам ўтдим. Участка шифоримизга учрашиб тери-таносил диспанцеридан,
наркологиядан ўтишимни ва шундан сўнгина оилавий поликлиника
текширувларидан ўтказилинишимни ва шундан сўнг маьлумотнома ёзиб
беришларини билдиришди.

Ҳаё-ҳайт дедиму, тери –таносил диспанцери томон кетдим. Бордим ва
уларнинг ҳам кўрикларидан ўтдим. Бу 5 минг 100 сўмга тушди.  Кейинги
қадам ранжида қиладиган жойим эса, наркалогия диспанцери томон йўлга тушдим.  Қабулхонага мурожаат қилишимни айтишди. У ерда ўтирган қизчага вазиятни тушунтиргандим, бир
парча қоғоз ёзиб берди ва қайси хонага киришимни айтди. Бунда ҳам минг сўмга тушдим.

Нимагалиги эса менга қоронғу бўлиб қолаверди.  Айтилган хонага
бордиму, тағин 6000 сўмлик тўловни амалга оширдим. Касса чекини ҳам
беришди. Шундай қилиб, бу мушкулотларни ечими ҳал бўлгач, яна участка нозирини излаб кетдим. Афсус, қаергадир кетган экан. Топа олмадим! Уйга етиб келгинимча бошимдан минг бир уйлар ўта бошлади.

Даҳмаза қоғозбозлик! –дейман ўзимга ўзим. Ҳужжатларни бир бошидан
кўздан кечирдим.

1.Турар жойдан маьлумотнома.
2.Тавсиянома
3.Тери-таносил касалликларидан рўйхатда турмаслигим ҳақида маьлумотнома.
4.Наркологиядан рўйхатда турмаслигим ҳақида маьлумотнома.
5.Оилавий поликлиника маьлумотномаси.
6.СПИД марказидан маьлумотнома.

Мийиғимда кулиб қўйдимда, маьлумотномалар орасида ўликхонадан ҳам
бирор маьлумотнома олиш керак эмасмикан дея ўйладим. Нега энди бунақа маълумотнома бўлмасин ахир?! Масалан, фуқаролик паспортини олувчи кимса ўлик бўлиб руйхатдан ўтганми, ёки ўтмаганми? Бу ҳақида ҳам бир неча минг сўм турадиган маълумотнома бўлса ҳар неки, элни
талайдиганларга фойда эмасми?

Уйга келсам кичик қизим ”бошим оғрияпти” деб йиғлаб ўтирган экан.
Пешонасини ушлаб кўрдим. Иссиғи баланд эди. Дарҳол дори-дармон қилиб иссиқгина наьматак дамлаб уни хам ичирдим. Қизчам дир-дир титраб ваража қила бошлади. Оёғига иссиқ горелка ҳам қўйдим, баданини обдон иссиқ сувга аралаштирилган ароқ натерания қилдим. Бу иситма кўтарилган сари кўтарилиб кетаверди. Мажбур бўлиб тез тиббий ёрдамга  мурожаат қилдим. Улар бир амаллаб укол дори қилиб иситмасини тушириб беришди.

Фарзандимнинг бетоблиги туфайли паспорт олиш масаласидаги ишларни
тўхтатиб қўйдим. 15 апрель куни уни келиб қолган жойидан давом эттира
бошладим. Тағин участка профилактика нозирини топиш илинжида тонг
саҳардан чиқиб кетдим. Рўзғордан чиқишнинг ўзи бўладими? Нонушта ҳам қила олмадим. ИИБ ходимларини менинг юмушимдан ташқари яна миллионта муҳим ишлари бордир ахир. Буни жуда “яхши
тушунаман”. Шошганимдан мобиль телефонимни ҳам ёддан чиқариб, уйда қолдириб кетган эканман. Бир амалаб 21 маршруткага ўтириб, манзилимга етдим.

Борсам, у ерда мендан бошқалар ҳам кутиб ўтиришган экан. Бир аёлдан
телефон қилиб беришини сўрадим. Чунки участка нозири келиши ёки
келмаслигини сўрашим керак эдида. Телефон қилсам у “зот” тадбирда
эканлигини айтишди. Қачон бўш бўлиши эса  номаьлум эди.

Қарши шаҳар ИИБ бошқармасига ўтишимга тўғри келди. Буни қарангки, у
ерда ҳам аллақандай тадбир бўлаётган экан. Қашқадарё вилоят ИИБ сига
қадам ранжида қилиб, участкавойимизни қидирувга бермоқчилигимни
билдирдим. Албатта Республика миқёсида эмас, вилоят ҳудудида.
Кабулхонага кирсам анчагина ИИБ ходимлари ўтиришганди. Мақсадни
тушунтирдим.

Опа, кулгимизни қистаманг. Сизга жойини айтамиз, боринг. Ишингиз ҳам
тез битади. Агар қидирувга берсангиз тағин бир ёки икки кун ортга
чўзилади” – дейишди кулиб. Раҳматлар айтиб, миннатдорчиликлар билдириб тағин йўлга тушдим. Манзилим “Орзу” бозор томонда эди. Вилоят ХООБ-и Қарши шаҳрининг эски шаҳар ҳудудидаги Фуқаролик суди биносига кўчган экан. Яьни, участковийлар ўша ерда бўлишади.

У ердалиларга ҳам вазиятни тушунтирдим. Барака топишсин  ИИБ
ходимлари, бир зумда кераклик одамни топиб беришди. Участка нозирини ўша ўтирган жойимга чақиртиришди. Ундан минг бора узр сўрадим. Албатта қандайдир паспорт олиш масаласида уни безовта қилганимдан хижолатда эдимда ва менинг вазиятимни ҳам тўғри тушунишларини истардим.

Хуллас, Украинага нега бориб келганимни ёзма равишда ёзиб беришимга
тўғри келди. Участка нозири ҳам дарҳол имзолаб берди. Эндиги навбатда,
Қарши шахар Ички Иишлар бошқармасининг Экстеримизм ва терроризмга қарши кураш бўлими суҳбатидан ўтишим керак экан.

Кераклик манзилга бордим. Аввалига бир хонага таклиф этишди ва у ерда
бармоқ изларимни олишди, тағин яна бир қоғозга катта-катта ҳарфлар
билан исм фамилиямни ёзиб беришди. Плакатни кўтариб турдим, улар эса мени суратга олишди.

Ўзимни  қандайдир бир террористик хуружни амалга ошириб, қўлга тушиб қолган жиноятчидай ҳис эта бошладим. Буни нега кераклигини сўрасам, бу ҳужжат “чиқиб келганлар учун” эканлигини билдиришди. Мен энди бир эмас, бир неча бор хорижга чиқиб қайтган “ўта хавфлик” фуқароларданман ахир.

Кейин яна бир бошқа хонага таклиф этилдим. Экстримизм ва терроризмга
қарши курашувчи ходимлар билан суҳбат қўриш учун эди буниси.
Суҳбатимиз ҳам жуда мароқли ўтди. ”Ҳар сохадан бир шингил” –
деганларидай…

Кела – келгунимча ҳужжатларни копия қилиб ҳам олишим зарурлигини айтишганди, уч нусха қилиб олдим. Шуларнинг биттаси ҳали бармоқ изларимни олинган хонада қолди, иккинчиси эктремизм ва терроризмга қарши курашадиган ходимларида қолар экан. Учинчисини эса паспорт столга олиб боришим керак экан. Суҳбатлашиб бўлганимиздан сўнг имзолаб беришди. Очликдан бўлса керак, бошим гир-гир айланарди.  Бир томондан ошқозоним ҳам худди ичагимга ёпишиб қолгандай, хуллас кекса момом иборалари билан айтадиган бўлсак, “қорним бир ичак” бўлиб ёпишиб қолганини сездим.

Тезроқ  чиқишга ҳаракат қилардим. Йўлда кета туриб, минг бир ҳаёлга
бордим. Агар кимдир чет элга доволаниш учун  чиқган бўлса, касаллик
варақасини ҳам олиб бориши керак эканда. Паспорт олиш учун тайёрланган ҳужжатларни кўриб чиқдим ва суҳбатларни ҳам бир-бир кўз олдимдан ўтказдим.

Бу тадбирлар фуқаронинг эркин ҳаракатланишига чекловдан, уни назоратда ушлашдан бошқа ҳеч нарса эмаслиги худди кафтдагидек аён эди. “Наҳотки шу даражага келиб қолган бўлсак?” – деган саволни қайта-қайта ўз ўзимга берардим. Бир гап бўлар дейман. Асосийси, паспорт учун тўловни амалга оширсам, расмга тушиб келсам, яна бир бор бармоқ изларимни олишса бўлди. Менинг дунёи азимимда ҳозирча шунақа гаплар! Неча кунда паспорт олишим эса ҳалигача менга маьлум эмас. Ахир паспорт столидагилар ҳам қандайдир тадбирларга кетиб қолишса, ёки бошқа бирор сабаб билан ўз ўринларида бўлишмаса нима бўлади? Худди чет эллардагидек, фуқарони қабул қилиш учун унга вақт тайинланса ва ўша вақтда мулозим ўз ўрнида бўлса бу мушкулотлар анча енгил кечган бўлармиди? Қайдам, ахир бизда ҳамма хўжайин ва ҳар бир хўжайиннинг устида ҳам унданда каттароқ хўжайин бўлади. Оддий фуқаронинг иши эса энг сўнги муаммо саналади.

Паспортни олган кунимда эса, буни ҳам маьлум қиламан.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси

17апрель, 2015-йил.