Nov 052014
 

 


Хабарларингиз бор бир неча кундан буён, ногирон фарзандимнинг нафақаси
масаласи бўйича кўчадан буёғи келмаяпман.Уйда ҳам кам ўтирадиган бўлиб
қолдим.Умрим кўчада ўтиб кетаяпти. Бир оёғим Рухий касаллар
шифохонасида бўлса, бир оёғим паспорт столда ўтаяпти.


Боламда паспорти йўқлиги туфайли нафақаси ҳал бўлмаяпти.
Эрталабдан нонушта ҳам қилмай, ҳаё-ҳайт деб кўчага отланаман,тушгача
кўчада санғийман.


Оч юрганимданми бошим айланиб, кўзимнинг олди қоронғулашадиган бўлиб қолди. Бугун 5 ноябрь куни паспорт столга бориб тўлов қилдимда, руҳий касаллар
касалхонасига қадам ранжида қилдим. Балки вақтинчалик паспорт билан
ҳал бўлар- деган мақсадда. Йўқ яна ҳал бўлмади.Маршруткадан янги бозор томонда тушиб қолдим нон олиш мақсадида.


Қорним оч эди.Энг арзон хот-дог танаввул қиладиган жойга
бордим.Маҳалладош йигитларимиз ҳам бор экан. Бирга ўтириб хот-догни
паққос тушираётгандик. Орқамизда тап этган овоз эшитилди.
Бирдан қий-чув бошланиб қолди.Узумнинг сувидай ёши 16 ёшлар атрофидаги
бир гўзал қиз ерга чўзилиб тутқаноғи тутиб қолганди.Онаси бечора
эса, бирдан оғзига қўлини тиқиб тилини торта бошлади. Қиз буғилиб
қолаётганди.Ҳамма бирдан туриб қизга ёрдам беришга шайланди.


Оллоҳнинг амри билан бўлса керак биздан ташқари бозорда юрган шифокор
аёлни худо етказди. Биринчи ёрдам кўрсатилди.Хуруждан халос бўлди, қизча анча пайтгача беҳуш ётди. Оллоҳнинг кўрсатган марҳамати туфайли ва яхши инсонлар
туфайли бу қизча ҳаётга қайтди.


Бу орада ёш йигитлар эса, у қизчага сув ичиришмоқчи бўлиб қаердандир
бир кружка сув ҳам топиб келишди.Сув бу вақтда мумкин эмаслигини
эшитиб орқага тисарилишди.Бу вақтда сув умуман мумкин эмас эди.Ўша
пайтда онанинг аҳволини мен жуда ҳам яхши тушиндим.Она учун фарзанд
бебаҳо эди.Ҳар бир хуружни кўзи билан кўрган она бир ўлиб,бир
тирилади.


Қиз ўзига келди,”магнизия”деб номланган дори топиб келинди. Қизча ўзига
батамом келмаган бўлсада унга шу дори инекция орқали юборилди, яьни
укол қилинди.


Қизнинг онасидан бу касаллик қачон бошланганини сўрадим.
“Бу биринчи бор бўлиши”-деди.
Мен эса бу гапга ишонмадим.Ерга йиқилган қизни бирдан тилини торта
бошлаганидан билдимки қизча анча йиллардан буён бетоб.
Она эса буни яширишга ҳаракат қилаётган эди.


Менда ҳам шундай болам борлигини айтдим. Қарасам атрофдаги йиғилган
аёлларнинг кўпчилиги болаларида тутқаноғи борлигини айтишди ва бундан
қўрқмаслик кераклигини ҳам уқдиришди.


Она бу вақтда шокда эди. Бир томондан қизини ўзига келганидан хурсанд бўлди.
Онанинг тили калимага келди.
“Сизнинг болангиз қачон касалланди?”-деди.
Мен эса  фарзандим уч ярим ёшида комага тушиб чиққандан сўнг тутқаноқ
хуружи тўхтовсиз бўлиб қолганини айтиб бердим.Бу команинг
асоратларидан бири эди.


Бу касалликга фақат шифосини худо бериши мумкинлигини тушунтирдим.
Бандасининг қўлидан эса ҳеч нарса келмас экан. Ноумид шайтон дейишадику.
-Ноумид бўлманг-дедим.


Шундай қилиб қизчани отаси келдию, уни машина ўтирғизиб олиб кетишди.
Ҳамма тарқалди.Бўлиб ўтган воқеа кўз ўнгимдан сира кетмаяпти. Инсоннинг
ҳаёти қил устида турар экан. Оллоҳ истаган пайти уни олар экан.Хоҳ
кўчада бўлсин, хоҳ уйида…


Ажали етмаган бўлса, у омон қолар экан.
Мен тепадаги воқеани ёзишимга бошқа бир масала туртки бўлди.Фейсбукда
Малоҳат Эшонқуловага қандайдир “Киллер” унга ва қизларига дағ-даға қилаётгани хабарини ўқиб ёзишга қарор қилдим.


“Жаноб Киллер” ўлим ҳар бир банданинг бошида бор ундан керак бўлса
креслонинг тагига беркинсангиз ҳам қочиб қутила олмайсиз!Энг асосийси
“Азроил ака” пора  олмайди!


Ахир сизда ҳам фарзанд бордир? Тирноққа зор бўлмасангиз керак?
Нима кераги бор сизга “кимнингдир”буйруғини бажариб, бегуноҳ инсонларга
ўлим билан таҳдид қилиш?- деган саволни бергим келаяпти.


Аёл она бир қўли билан бешик тебратса,бир қўли билан дунёни тебратади…
Инсон эканлигимиз доим ёдимизда турсин. Бугун бор инсон эртага йўқ бўлиши мумкин.


Кафолатни эса ҳеч бир банда бера олмайди.Мансаб ҳам,бойлик ҳам ортда
қолиб кетаверади. Асосийси ҳаётимизни эзгулик ва яхшилика сарфлайлик. “Олтин олма, дуо ол”-деб бежиз айтишмаганку? Сизнинг мол давлатингиз ёки мансабингиз эмас фақатгина дуо сақлаши мумкин.


Кези келганда бало ёғилса, миллионларнинг ҳам нафи тегмайди ё нотўғрими ?
Инсоннинг  ҳаётига нуқта қўйиш учун бир сония ҳам етарли экан….
Қўйинг ўлим билан таҳдид қилманг,бир кун келиб ҳамманинг борадиган жойи
ўша ер эмасми?


Боргандан сўнг гуруҳларга бўлинамиз холос!
Жаннат, дўзах ва аросат…
Вақтимиз эса жуда тиғиз,  ундан кўра савоб иш қилишга шошилинг!
Жамиятнинг, халқнинг фаровон ҳаётини ўзгартиришга ҳаракат қилайлик.
Ёш авлоднинг келажаги учун ҳам нимадир қолдиришимиз керакку?

 

 

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси

5- ноябрь, 2014-йил.