Nov 032014
 

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

Р. ҚОДИРОВга

Ўзбекистон Республикаси Миллий

Хавфсизлик хизмати раиси

Р. ИНОЯТОВга

Мустақил журналист: Эшонқулова Малоҳат Худжамовна

Тошкент шаҳри, Ал-Хоразмий, 31-квартал,

4-уй, 19-хонадонда вақтинча ижарада яшовчи

Тел: +99893 570 1747

Т А Л А Б Н О М А

Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Рашиджон Қодиров ва Ўзбекистон Республикаси МХХ раиси Рустам Иноятов!

Маълумингизким, мамлакат президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг катта қизи Гулнора Исломовна атрофида бир йилдирки турли гап-сўзлар болалаб қолди.

Қолаверса, Г. Каримовага нисбатан пул ювиш айбловлари билан бир нечта ҳорижий мамлакатларда жиноят ишлари очилган.

Устига устак, шу йилнинг 8 сенябр куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Н. Содиқов, Р. Мадумаров, Г. Авакьян ва бошқаларга нисбатан жиноят иши юзасидан тарқатган Пресс Релизида жумладан шундай дейилади: (http://genprok.gov.uz/index.php) “Бугунги кунда уюшган гуруҳ аъзоларининг асосий қисмига нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқиш учун суд муҳокамасига юборилиб, улар бўйича суд қарорлари чиқарилиш таъминланган…”.

Янаям қизиқроғи, мазкур Пресс Релиздаги “…Уюшган гуруҳнинг ҚИДИРУВДА БЎЛГАН ҳозирда етарли матерал тўпланмаган айрим аъзоларига нисбатан жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувига ажратилган. Хусусан, Г. Каримова ва жиноий гуруҳ аъзолари А. Гафуров, Б. Сулейманов, Ш. Камильджанов, Р. Мустафаевлар ҳақида сўз юритилмоқда” дейилган каби мавҳум иборалар нафақат мамлакат ичидаги ҳуқуқ ҳимоячилари, балки бутун дунё аҳлида, халқаро ташкилотлару ҳорижий сиёсатдонлар наздида қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда.

Адашмасам, 2013 йилнинг сентябр охири, октябр ойи бошларида Гулнора Каримова бошида қора булутлар айлана бошлаган ва президент катта қизининг мамлакат ичидаги бизнес империяси қулатилган эди.

Маълумингизким, Гулнора Исломовна нафақат президент қизи, балки собиқ дипломат, собиқ элчи, тадбиркор, дизайнермодельер, қўшиқчи, энг муҳими, профессор ҳамдир.

Шу билан бир қаторда, Гулнора Исломовнанинг Ўзбекистон халқига тегишли бўлган миллардлаб маблағларни ҳорижга олиб чиқиб кетилганлиги ҳам иддао қилинмоқда.

Бугун омма орасида “афсонавий аёл” образига айланган Гулнора Исламовнага оид нохуш хабарлар урчимоқда.

Эмишки, “Гулнора ўз отаси президент Ислом Каримовнинг асирасига айланиб, балоғатга етмаган қизи билан уй қамоғида хору-зор, оч-наҳор ўтирганмиш. Саломатлигига жиддий путур етганмиш. Ҳуқуқлари топталаётганмиш. Халқаро ташкилотлар кўмагига, ҳорижий суд-ҳуқуқ тизимининг ҳимоясига муҳтожмиш.”

Юқоридаги каби иддаолар ўзини Гулнора Каримова хонимнинг воизи дея таништирган Лондондаги “Дейвидсон, Раян, Дор” (‘Davidson, Ryan, Dore’) пиар ширкатининг асосчиларидан бири Локсли Раян жаноблари тарқатган маълумотлар асосида олинди.

Бироқ, Лондондаги “Дейвидсон, Раян, Дор” пиар ширкати тарқатган маълумотларга зид ўлароқ, ЎХҲ сайтида Усмон Ҳақназаров номли тахаллус остидаги сиёсатшунос Г. Исломовна тақдирига оид кенг жамоатчилик эътиборини тортувчи ақл бовар қилмайдиган фаразларини, балки, “фактлар”ни илгари сурмоқдаки, айни дамда, У. Ҳақназаров илгари сураётган фикрлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди ва шу боис ҳам у ўзининг тахминларига нисбатан аксарият одамларда ишонч туйғусини уйғотишга эришмоқда. Мазкур сиёсатшуноснинг иддаоларига қулоқ осадиган бўлсак: “Аргентина” лойиҳаси давом этмоқда, Ёхуд Гулнора Каримованинг “қочиши” ҳақида сарловҳали мақоласида “… 2014 йилнинг 5-7 сентябрь кунлари Аргентина Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эдуардо Антонио Зуаиннинг Тошкент сафари бўлиб ўтди. Уч кунлик ташриф давомида аргентиналик дипломат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов ва президент Ислом Каримов билан учрашди…. Каримова ва Зуаин ўртасида ўтказилган суҳбат мазмуни бизга номаълум. Шуниси диққатга сазоворки, ушбу учрашувдан тўрт кун ўтгач, яъни 2014 йил 10 сентябрь куни, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи зудлик билан мамлакатдан чиқиб кетди ва ҳалигача республикага қайтиб келмади. Шу жиҳат “Каримов ва Зуаин махфий “Аргентина” лойиҳасининг бажарилишини муҳокама қилган бўлишлари мумкин”, дейишга асос бўлади.

Гулнора Каримова ҳозир Аргентинада бўлиб, у ерда каримовлар оиласининг ушбу мамлакатда доимий яшаши учун зарур бўлган хужжатларни тўлдириш ишларини бошлаб юборган”, деган гумонлар ҳам бор. Таҳминларимизга кўра, яқин орада Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари Гулнора Каримовани расман қидирувга беришади. Ҳозирча эса ўзбек ҳукумати бу ҳақида мавҳум иборалар билан хабар беришни маъқул кўрмоқда…” (ЎХҲ сайти, 19.10.2014) деган фикрни олға суради

Ваҳоланки, президентнинг катта қизи Гулнора Исломовна хусусида нохуш хабарлар тарқала бошлаганига бир йил тўлган бўлса-да, то шу кунга қадар на мамлакат ташқарисидаги, уларни-ку, қўя туринг, ҳатто мамлакат ичкарисидаги бирор бир журналист, бирорта ҳуқуқ ҳимоячиси, адвокат, мухолифат намоёндалари, сиёсатчилар, қисқаси, бирорта бир зот шу ўтган бир йил давомида Гулнора Каримовани бир бор кўрган ва ё гаплашган эмас.

Шу маънода, куни кечагина машҳурлик шоҳсупасидан кўтарилаётган президент қизининг айни дамдаги аҳволи ҳамон кенг жамоатчиликка сир бўлиб, мавҳумлигича қолмоқда.

Шу ўринда Халқаро ташкилотлар ва кенг жамоатчиликда, омма онгида адоғи йўқ хақли саволлар туғилади:

1)Лондондаги “Дейвидсон, Раян, Дор” отлиғ пиар ширкати иддао қилгани каби, президент қизи Г. Каримова айни кунларда ўз отасининг асираси сифатида вояга етмаган фарзанди Иймон билан уй қамоғида, хору зорликда, очу-наҳорликда умргузорлик қилмоқдами? Саломатлиги ростанам хавф остидами?

2)Ёхуд ЎХҲ сайти саҳифаларидаги Усмон Ҳақназаров тахаллусли сиёсатшунос ёзганларига таянадиган бўлсак, Гулнора Каримова 2014 йилнинг 10 октябр куни ростанам Россияга “учиб”, ортига қайтмаганми? Аллақачонлар “Гулнора Каримова ҳозир Аргентинада бўлиб, у ерда каримовлар оиласининг ушбу мамлакатда доимий яшаши учун зарур бўлган хужжатларни тўлдириш ишларини бошлаб юборган”ми?

Кимдир қачондир мана шу каби саволларга ойдинлик киритиши керакми, йўқми?

Гулнора Каримова қаерда ва қай аҳволда деган саволга аниқлик киритиб қўяйлик.

Ушбу талабномани ёзишдан муддаом, сайловлар олди ва умуман, президент сайлови арафасида Ислом Абдуғаниевич Каримов, унинг оиласи ва катта қизи Гулнора Исломовна билан боғлиқ барча “деди-деди”, “миш-миш” ва турли ғийбатларга тамомила барҳам бериш ва чек қўйиш мақсадида мен мустақил ЖУРНАЛИСТ СИФАТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА, УЙ ҚАМОҒИДА САҚЛАНАЁТГАН ГУЛНОРА КАРИМОВА БИЛАН УЧРАШИШ ВА УНИНГ АЙНИ ДАМДАГИ АҲВОЛИ ХУСУСИДА ОММАГА ОЧИҚЛАШ ИСТАГИДАМАН.

Шу сабабли, менга президент қизи Гулнора Каримова билан учрашишга ва ундан интервью олишга рухсат беришларингизни, ўз касбий фаолиятимни амалга оширишимда монелик қилмасдан, аксинча, Журналистлик фаолияти тўғрисидаги мамлакат қонунлари талабларига мувофиқ мустақиллик ва эркинлигимни таъминлаб беришларингизни талаб қиламан.

Ҳурмат ва умид билан

Эшонқулова Малоҳат. 3.11.2014.