Oct 282014
 

 

3-қисмли мақола. Давоми яна бор

О М О Н А Т Г А   Х И Ё Н А Т

(Давлат қарз облигацияларининг тақдири хақида, 1-қисм)

Қарзни вақтида тўлаш – иноятдир,

Омонатга хиёнат – жиноятдир.

Ватанпарвар аҳолимиз мустақил Ўзбекистон хукумати амалдорларига қаттиқ ишонганидан, келажак истиқболларини ватан равнақи билан биргаликда кўрганлари учун, Ўзбекистон хукуматининг қарзга пул бериб туриш ва умумий фойда кўриш таклифига рози бўлиб, 1992 йилги Ўзбекистон давлат қарз облигацияларини сотиб олган эдилар.

Халқимиз давлат қарз облигацияларини сотиб ола туриб, хукумат рахбарларини ўзбекона тарбия кўрган, уларнинг хаққига хиёнат қилмайдиган, қинғир ишлардан нари юрадиган ва узоқни кўрувчи рахбарлар деб ўйлаган эди. Марказий Банк раиси Ф.Муллажоновни ва молия Вазири Б.Хамидовни Ўзбекистон халқи ичида катта обрўга эга, ўз мансаб вазифаларини мукаммал билимдонлари деб билган эдилар.

Ўзбекистан ахолиси уларга ишониб топшириб қўйган пул маблағларини кўз қорачиғидек асрайдиган, фойдали лойиҳаларни амалга ошириб, ваъда қилинган фоизлари билан давлат қарзларини эгаларига қайтариб беришга ишониб, уларга пулларини яхши ниятда қарзга берган эдилар.

Юқоридагилардан ташқари мамлакат Президенти И.Каримов иқтисодчи эканлиги, молия Вазири лавозимида ишлаганлиги, ўз фуқаролари хаққига хиёнат қилмаслиги, фуқароларга садоқат билан хизмат қилишга берган қасамёдига ахоли қаттиқ ишонган эди. Фуқаролар ўз пулларини келажакда ваъда қилинган ютуқлари билан қайтариб олишга ишончлари жуда катта эди.

1994 йил 1 июль – 1 август ойларида бозорда кичикроқ қўйларни 250 сўм, каттасини эса 500 сўмга бемалол сотиб олса бўлар эди. Абдураззоқ, Шуҳрат ва Раҳматлар хукумат амалдорларига ишониб, бозордаги қўйларни эмас, балки давлат қарз облигацияларини сотиб олган эдилар.

1996 йилда хукуматнинг 1992 йилги давлат қарз облигацияларини музлатиб қўйиш хақидаги Қарори ахолимизда ўз пулларини ўз қийматида қайтариб ола олмасликларининг дастлабки шубҳаларини пайдо қилди.

Хукумат ўз тўлов қобилиятини йўқотганлигини тан олган холда, бунинг сабаби ва оқибатлари тўғрисида оғиз очмадилар, айбдорларни ўз вақтида топиб жазолашни хукумат истамади. Давлат бошқарувига жавобгар Президент И.Каримов қарз берувчилардан кечирим сўрашни хаёлига хам келтирмади ва келтирмаяпти.

1994 йилнинг 1 июль куни, хажми 4 миллиард сўм атрофида муомалага киритилган ўзбек сўмини халқ мустақилликнинг энг муҳим белгиси сифатида қабул қилди. Ўзбекистан миллий валютаси – Ўзбекистон халқининг фахри бўлиши лозим ва шарт эди. Бунинг учун давлат раҳбари И.Каримов, Бош Вазирлар Ў.Султонов, Ш.Мирзиёев, хукумат аъзоларининг хар биридан ўта ҳалоллик, пок виждон ва имонга садоқат талаб қилинар эди.

Дастлаб Ўзбекистоннинг ҳар бир кўзга кўринарли жойларига ўзбек сўми –

Миллатимиз фахри» деган шиорлар осиб қўйилди. Кейинчалик эса, хукумат рахбарларининг ўзи бу шиорларни кўздан нарига олиб қўйдилар.

1994 йилнинг октябрь, ноябрь ва декабрь ойларининг ўзида ўзбек сўми, товарлар, олтин валюта захиралари билан таъминланмаган қоғоз пулларни муомалага киритилиши билан деярли икки баробарга қадрсизлади. Бу дегани, ахолимизни қўлидаги ва уларнинг давлат қарзларидаги пул маблағларини тенг ярми ўз ўзидан йўқ бўлди дегани эди.

Бу биринчи ғирромлик ва хиёнатга бошловчи қадам бўлди. Бу йўлга Ўзбекистон хукумати нима сабабдан кирди ? Бу қадамнинг қўйилишига ва унинг оқибатини бош хисобчи сифатида жуда яхши билган Ф.Муллажонов қандай рози бўлди ?

Ахолини, халқ хўжалиги корхона ва ташкилотларини, пулларини, жамғармаларини қадрини тушиш орқали йўқ бўлиб кетишини давлат рахбари И.Каримов билмасмиди, ёки қасддан шуни хоҳладими ? Бу саволлар ахолини ўйлантирмоқда. Юқоридаги амалиёт қонунлаштирилган ўғрилик ва босқинчиликка очилган йўл эканлигини давлат маслахатчилари В.Голышев ва бошқалар билмасмиди ?

Хатарли йўлга кирган амалдорларни қандай куч бошқарди ? Бойлик, шон шуҳрат, хокимият лаззати бу амалдорларнинг кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб қўйганини Ўзбекистон ахолиси сабр тоқат билан кузатиб турдилар.

Омонатга ҳиёнат қилган хукумат амалдорлари бир кун келиб, халқ олдида ҳисоб беришлари лозимлигини тушунмаяпти ва тушунишни мутлақо истамаяпти.

Хукуматнинг “доно” рахбарлари ахолини қўйларини ва ҳақларини еб қўйиб, айбни бўриларга ва тақдирга тўнкаб қўйиш орзусида юрибди.

Зийрак, сабр матонатли ўзбеклар қилган ишларимизни билмай қоладилар, биладиганлари индамайдилар, биз эса куч билан бошқаришни давом эттираверамиз деб юрибдилар.

Қонунлаштирилган ўғрилик ва қаллобликни амалга оширган айрим нопок амалдорлар ўз қилмишлари учун жавоб беришлари шарт. (давоми бор).

ИЛОВА: 1. Рахматга берилган Банк тасдиқномаси ва тўлов чиптаси.

2. Абдураззоқга берилган Банк тасдиқномаси ва тўлов чиптаси.

Мустақил иқтисодчи: = Ж.Шосалимов =

Хуқуқ химоячилари: = Ш.Рустамов =

= Р.Дурсаев =

= А.Содиков =

____10. 2014 йил.

О М О Н А Т Г А Х И Ё Н А Т (давоми)

(Давлат қарз облигацияларининг тақдири ва иқтисодиёт хақида, 2-қисм)

Қарзни вақтида тўлаш – иноятдир,

Омонатга хиёнат – жиноятдир !

Ахоли ва умумдавлат манфаатларига нисбатан “ғирром”лик ва хиёнатдан иборат асоссиз қоғоз пулларни босиб чиқариш ва уларни муомалага киритиш сиёсати Ўзбекистонда 20 йилдан бери давом этмоқда.

Аҳолимиз давлат қарз облигацияларини сотиб олгандан сўнг, хукумат аҳоли ва умумдавлат манфаатларига зид ҳолда юқоридаги харакатларини содир эта бошлади. Халқ хукуматга ишонч билдириб, сотиб олган қарз облигацияларининг тақдири ўзбек сўмининг тақдири каби шароит тақозоси билан хукумат рахбарларининг диққат эътиборидан умуман четда қолиб кетди

1994 йилдан бошлаб ижроия хокимияти аста секинлик билан қонунчилик хокимиятини ўзига бўйсиндириб олди.

Қонунчилик хокимияти учун сиёсий кураш олиб борадиган сиёсий партиялар яксон қилинди. Хукумат эса хеч бир қаршиликсиз истаган ва билган ишини қила олиш салоҳиятига эга бўлди. Тез орада аҳолининг, банкларнинг ва халқ хўжалиги корхона ва ташкилотларининг товар пул муносабатларидаги манфаатлари, хукумат томонидан ўз истаганича ва билганича ҳал этила бошланди. Бу ишларнинг яқин ва узоқ келажакдаги оқибатлари хукумат раҳбарларини мутлақо ўйлантирмади. Хукумат ўз рухсати билан мамлакатда фаолият олиб бораётган, қуйидаги 4 та партияларни ўзига иттифоқчи сифатида қабул қилди:

  1. Ўзбекистон Халқ демократик партияси.

  2. Ўзбекистон либерал демократик партияси

  3. Ўзбекистон Адолат социал партияси.

  4. Ўзбекистон Миллий тикланиш партияси.

Юқоридаги партияларнинг рахбарлари ва аъзолари хукумат узоқ йиллардан бери олиб бораётган “ғирром”лик ва хиёнатдан иборат пул эмиссияси сиёсатини билган ва билмаган холда иштирокчилари, тарғиботчилари, манфаатдорлари, қўллаб қувватловчилари ва шулардан келиб чиқиб, тобий жавобгарларига айланиб қолдилар.

Сиёсий партия мақомига даъвогарлик қилаётган Республикадаги 4 та партия ўзларининг энг яқин иттифоқчилари бўлган ўзбек хукуматининг давлат қарз облигацияларини эгаларига муносиб қайтариш борасида ўзига хос “қовун тушириш”га ёки очиқ “ношуд” лигига баҳо беришларини кутиш, тошдан садо чиқишини кутиш билан баробарлигини, чув тушган аҳоли билиб турибди.

Зийрак, сабр матонатли ўзбеклар И.Каримов режимига юқорида зикр этилган партиялар нима учун кераклигини ва нима сабабдан пул билан таъминланаётганлигини жуда яхши биладилар.

Хукуматга ўзи олиб бораётган юқоридаги амалиётларини ва барча қилаётган ишларини, хукумат аъзоларидан ташқари Республикадаги барча сиёсий партиялар ва уларнинг электоратлари “қўллаб қувватламоқда” деб мамлакат ва жаҳон жамоатчилигига жар солиш ва уларни ишонтириш учун керак бу

4та партия.

Сайловларда ва сайловлардан кейин бу партиялар иштирокида келишилган матч ёки “натижаси олдиндан келишиб ҳал қилинган ўйинларни” Ўзбекистон ва жаҳон жамоатчилигига кўрсатиш учун хукуматга юқоридаги партиялар асқотади.

Фикримизнинг далили сифатида қуйидаги муаммоларни партиялар хукумат олдига кескин қўймаётганини кўрсатамиз:

  1. Ўзбек миллатини камситувчи ва таҳқирловчи даражада энг кам иш ҳаққини 106.000 сўм қилиб белгиланиши ва шу кўрсаткичдан аҳолини социал ҳимоялашда фойдаланилаётганлиги;

  2. Чакана нархларнинг муттасил ўсиб боришини тўхтатиш, ўзбек сўмини қадрлаш масаласи;

  3. Партиялар ўз электоратлари ва аҳолимиз манфаатларига доир ўта долзарб масалаларни ўнлаб, юзлаб муаммоларни хукуматга ёқиш учун, Президентни жаҳлини чиқармаслик учун четлаб ўтаётганлиги ва хоказолар.

Сиёсий партиялар, сиёсий кураш нима учун Ўзбекистон халқига ва давлатига керак деган савол туғилади.

  1. Абдураззоқ, Шуҳрат, Раҳматжонларга ва барча аҳолига пулларини, қўйларини хақларини ҳар қандай қаллоблардан, айниқса хукумат либосини кийиб олган эгри қўлли қаллоблардан ҳимоялаш учун керак.

  2. Сиёсий партияларга ўз давлати аҳолиси ва давлати манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг орзу истакларини ҳаётга жорий қилиш, сохта, халқ манфаатлари ва ҳақларига хиёнат қилган партияларни сайловда мағлуб этиб, улар тузган хукумат ўрнини эгаллаш учун керак.

  3. Ўзбекистон хукуматига эса, ўзи бошқараётган давлат ва халқни манфаатларига ва ҳаққига хиёнат қилса, жазо муқаррарлигини эслатиш учун, шунингдек давлат қарз облигацияларини мисоли каби аҳоли пулларини, қўйларини, маблағларини йўқотиб қўйиб, “ношудлик” қилса, ўрнига улардан яхшироқ одамлар борлигини билдириш учун керак. (давоми бор).

Мустақил иқтисодчи: / Ж.Шосалимов /

Ҳуқуқ ҳимоячиси: / Ш.Рустамов /

____10.2014 йил.

О М О Н А Т Г А Х И Ё Н А Т (давоми)

(Давлат қарз облигацияларининг тақдири ва иқтисодиёт хақида, 3-қисм)

Қарзни ўз вақтида тўлаш – иноятдир,

Омонатга хиёнат – жиноятдир !

Сиёсий кураш ва сиёсий рақобатдан ўзини холи қилиб олган Ўзбекистон хукумати 1999 йилга келиб, суд хокимияти устидан хам назоратни ўз қўлига киритиб олди. Ижроия хокимиятига бўйсиндирилган қонунчилик хокимияти ва тўртинчи хокимият – расмий оммавий ахборот воситалари хукуматни танқид қилиш борасида ўз тилларини йўқотиб қўйдилар. Юқоридаги 4та хокимиятни ўз чегарасида ушлаб турувчи муҳим ва зарур институт бўлмиш Конституциявий суд бир четда қолиб кетди. Манфаатлари, хуқуқлари айнан юқоридаги 4та хокимият томонидан поймол қилинаётган аҳолига Конституциявий суднинг эшиклари бутунлай ёпиб қўйилди.

Президент фармонларини ва рахбарларнинг Конституцияга зид ишлари устидан Конституциявий судга мурожаат қилиш ваколатига эга бўлган ташкилотларни фаолияти ижроия хокимияти томонидан тўлиқ назоратга олинди. Юқоридаги холатлар ижроия хокимиятининг хатти харакатлари мантиқ, ақл, фаҳм фаросат ва ўзбекона ахлоқ тарбия чегарасидан чиқиб кетишига сабаб бўлди. Фикримизни далили сифатида Тошкент шаҳар ва вилоят хокимликларида, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган ва фаолият олиб борган пул эмиссияси Комиссиялари ишларини оқибатларини кўрсатамиз:

Юқорида зикр этилган комиссиялар фаолияти натижасида ахолининг 1992 йилги давлат қарз облигациялари, банкларга қўйилган омонатлар, банкларда сақланаётган кексаликда берилиши лозим бўлган ишчи ва хизматчиларнинг нафақа жамғармалари ва бошқа жамғармалар, олдин муомалага киритилган барча пуллар кескин қадрсизланди. Товарлар ва хизматларнинг чакана нархи мислсиз ошиб кетди. Пул эмиссияси орқали кўрилган нисбатан оз фойда инсоф ва адолатни йўқотган пулпараст ва хокимиятпараст шахсларга насиб этди. Асоссиз пул эмиссиясидан кўрилган улкан ва беҳисоб зарар (юқорида тилга олинган нисбатан оз фойдадан) миллион маротаба кўп зарар аҳолига, банкларга, халқ хўжалиги корхона ва ташкилотлари бўйнига тушди.

Шунингдек, аҳоли қўлидаги , банкларнинг корхона ва ташкилотларининг ўзбек сўмида бўлган айланма маблағларини қадрини кескин тушиши таҳликаси пайдо бўлди. Хукуматга яқин бўлган бир сиқим корхона ва ташкилотлар ўз айланма маблағларини сақлаб қолдилар. Асосан кўпчилик корхона ва ташкилотлар айланма маблағларини йўқотиб, хонавайрон бўлдилар.

Ўзбеклар “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин хам очилади” деб тарбия олганлар. Ўзлари ҳам, фарзандлари хам қинғир ишлардан узоқ бўлсалар, хаётлари осуда кечишини билганлар.Шунингдек, “Қайтар дунё” деб, ўз ёмон ишларини бир кун келиб, ўзларига қайтишини билиб, ўзгаларга ёмонлик қилмаганлар.

Ўзбекистон ижроия хокимияти 20 йилдан бери ўзбекона тарбия ва ахлоққа зид харакатларни содир этмоқда. 1994 йил октябрь, ноябрь, декабарь ойларида қонунлаштирилган ўғрилик, босқинчилик, қароқчилик йўлига қўйилган қадамидан қайтмаяпти. Бўлган ишлар юзасидан халққа хисоб беришдан бош тортяпти. Ўтган 20 йил давомида аҳолимиз давлат қарз облигацияларининг қадрсизланиб, йўқотишдан ташқари хукуматнинг асоссиз пул эмиссияси сиёсати ортидан товарлар ва хизматларнинг чакана нархларини тўхтовсиз ва мислсиз ошишидан, ўзбек сўмини узлуксиз ва кескин қадрсизланишидан жабр, зулм кўриб яшамоқда. Ахолига етказалган жабр, зулм учун кечирим сўраш лозимлигини рахбарлар тушунмаяпти.

Бош Вазир Ш.Мирзиёев ва Президент И.Каримов юқоридаги холатлардан келиб чиқиб, тобора кучайиб ва кўпайиб бораётган аҳолининг шикоят ва мурожаатларига умуман эътибор беришмаяпти. Оддий аҳоли билан юзлашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишни Ш.Мирзиёев ҳам, И.Каримов ҳам хоҳламаяпти. Зийрак, сабр матонатли ўзбеклар хукуматнинг аҳоли ва умумдавлат манфаатларига зид, пулларни асоссиз равишда босиб чиқариш ва муомалага киритишдаги қинғир ишларининг қийиғи шу кунларда очилиб бўлганини сезиб турибди. И.Каримов режими аҳолига қилган ёмонликлари баробарида, режимнинг ўзига ёмонлик қайтаётганини билиб турибдилар. Ўзгаларга қилган ёмонликлари фарзандларидан қайтган ота оналар Худони эслаб қоладилар. Лекин улар бутунлай иймонсиз бўлсалар холлари не кечади.

( давоми бор)

Мустақил иқтисодчи: / Ж.Шосалимов /

Ҳуқуқ ҳимоячиси: / Ш.Рустамов /

10.2014 йил.