Oct 282014
 

 

Шу кунларда Россиянинг Украинага нисбатан олиб бораётган найрангона сиёсатини кўриб туриб, бир пайтлар Кремль миллионлаб ўзбекнинг асл ўғлонларини тўҳмат билан авахталарга тиқиб ўлдириб юборганлиги эсинга тушади. Ўша даврларни эсласам биринчи кўз ўнгимга Наманганда туғилиб Қўқонда ўниб ўсган Усмон Носир тушади. У ноҳақ қамалган зиёлиларимизнинг энг кичиги эди. У эндигина 25 ёшга тўлган эди.Асосийси уни ўзимизникилар сотган.

У.Носирга шундай айблар қўйишади: 1937-йили Москвада Ўзбек адабиёти ва санъати декадасидан поезда келишаётганда “Мана Сталинни ҳам ўз кўзимиз билан кўрдик.Ҳаммамиз қатори оддий одам экан. У менинг Қўқонлик керосин сотадиган бир танишимни эслатди”дегани учун ёзувчилар уюшмасидан ҳайдалган эмиш.

У Лерметов деган ёзувчи билан учрашиб уни сўккан эмиш.

Маст ҳолида трамвайга чиқиб, ҳукуматнинг шаънига ёмон гаплар айтиб, ҳаммани сўккан эмиш.

Ресторанларда ичиб олиб,ўзбекларни қулликда айблаб, ёмон гаплар айтган эмиш.

Ҳуллас шоирнинг атрофида бундай миш-мишлар урчиб кўпая бошлайди. Кўнгли гулдек нозик бўлган шоир бу миш-мишларга чидамай баттар ича бошлайди.

1937-йилнинг ёзида ёзувчилар уюшмаси қошида У.Носир ишини ўрганувчи, Ҳамид Олимжон, Ҳусайн Шамс, Анқабой, Ойдинлардан иборат комиссия тузилади. Комиссия хулосаларини муҳокама қилиш чоғида шоирни фақат Ойбеккина ҳимоя қилиб чиқади. Лекин бу иш юқоридан буюрилган иш бўлганлиги учун Ойбекнинг сўзларини ҳеч ким инобатга олмайди.Хуллас йиғилишда шоир бошидан тўкмаган мағзава қолмайди. Сўзга чиққан Уйғун, Зиннат Фатхулин, Қурбон Берегин, Круковскийлар шоирни душман сифатида гўёки фош қилиб ташлашади.Газеталарда уни Фитрат,Чўлпон, Қодирийларнинг думи, уларнинг маслакдошлари деб айбланган мақолалар чоп этилади. Мақола муаллифлари билан ҳам танишиб қўйинг,уларнинг қариндош-уруғлари ҳаёт бўлса улар ҳам билиб қўйсин.Булар Жуманиёз Шарифий, Ғулом Шодилардир.

Умидсизликка тушган шоир ёзувчилар уюшмасидан юраги қон бўлиб чиқди.Уйга қайтди, бўлмади яна кўчага чиқиб, актёр дўсти Муҳсин Ҳамидовни топиб ўтиришди.Шунда шоир,”Мени миллатчиликда айблашаябди, Майли мен миллатчи бўлақолай”. У ердан чиқиб бутун Тошкент кўчалари,ҳиёбонларни кезиб чиқди.У ўзи билмаган ҳолда азим шаҳар билан абадий ҳайрлашаётган эди.

Уни, ўша куни, яъни 1937-йил, 13-июль куни уни уйида Кремль раҳбарлигидаги маҳсус хизмат ҳодимлари қутурган итдек кутиб туришган эди.

Шундай қилиб ўзбек шеъриятида чарақлаб пайдо бўлган юлдузни сўндиришди.Уни Магадан, Колима лагерлари кутиб турарди. У, балки бу ишлардан Сталин бехабардир деган ҳаёлда унга мактуб ёзди. Йўқ, бўлмади. Қамалганидан ўн йил ўтиб бегуноҳ шоир одам боласи чидай олмайдиган қийноқлар остида ҳаётдан кўз юмди.

Баргдек узилиб кетсам,

Унутмас мени боғим.

Ишимни ҳурмат қилур,

Минг йиллардан кейин ҳам,

Унутмас мени боғим.

Шуни унутмаслик керакки, ҳеч нарса тарих назаридан четда қолмайди. Бегуноҳдан қамалган юртдошларимизнинг кўз ёшлари, қарғишлари асносида СССР деган зулм ўчоғи тарқаб кетди. Энди унинг ишини ўзини собиқ иттифоқнинг меросхўри деб эълон қилган Путин раҳбарлигидаги Россия давом эттираябди.

Мақола ўзбек матбуотида чоп этилган тарихий манбаалар асосида тайёрланди.

Носир Зокир
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
28-октябрь , 2014-йил.