Oct 262014
 

 

 


Дунё ўзбеклари”нинг бугунги меҳмони – АҚШда яшаётган исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жума

Дунё ўзбеклари” нашрига  АҚШда истиқомат қилаётган исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жумага оид кўплаб савол, хат ва хабарлар келиб турибди.

Қуйида шулардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бухородан “Дунё ўзбеклари”га мактуб:

Ҳурматли  Исмат ака.

Сиз ўз нашрингизда ҳукумат билан бирга мухолифатга ҳам баб баравар минбар беришингиз таҳсинга лойиқ иш. Бошқа мухолифат сайтлари каби Ватанга тош отиш йўқ Сизда. Аксинча, Ватан ва халқ меҳри доим жўшиб туради сатрларингизда.

Президент Каримовга бўлган меҳрингиз баробарида баъзан мамлакатда содир этилаётган адолатсизликларга нисбатан ҳам ўз аччиқ гапларингизни айта олаётганингиз  бениҳоя ҳурматга сазовор иш.

Рости,  мухолифат сайтларига умуман кирмай қўйгандим. Лекин “Дунё ўзбеклари” пайдо бўлганидан сўнг у мухолифат ҳақидаги бизнинг  чалкаш тушунчаларимизни тамомила остин устун қилиб юборди.

Демак, мухолифат сафларида ҳам – аламзадалик ва иғвогарликдан бўлак ҳеч нарсани билмайдиган радикал қанотли мухолифатдан фарқли ўлароқ –  Ватан ва халқ дарди билан яшаётган, тўғри ва соғлом фикрлайдиган кучлар ҳам бор экан деган фикрга келдим.

Бунинг учун сизга катта раҳмат.

Энди битта шахсий илтимос: Сиз ҳамюртимиз Юсуф аканинг ижодини тез тез бериб турибсиз. Бунинг учун сизга  катта раҳмат. У кишини ҳукуматимиз, Президентимиз тушунмадилар. Юсуф ака Бухорога, Ўзбекистонга садоқатли ва фидойи иносн. У халқимизга ичи ачиганидан ёзган эди ўша шеърларини. Уни эса бу ижоди ва тўғри сўзлиги учун ҳибсга олиб, мамлакатдан қувғин қилишди.

Агар мумкин бўлса, бизга Юсуф ака ва у кишининг оила аъзолари ҳақида, биз севган шоирнинг бугунги кундаги кайфияти ва орзу умидлари ҳақида маълумот берсангиз, улуғ иш қилган бўлардингиз.

Н. Музаффаров,

Бухоролик талаба ёшлар номидан.

Дунё ўзбеклари”дан: Биз Юсуф Жума ҳақида сўнгги пайтларда почтамизга келган хатлардан фақат биттасини эълон қилдик, холос. Бундай махмундаги хат ва хабарлар эса жуда кўп. Самарқандлик талаба Шоҳсанам, Қорақалпоғистонлик ўқитувчи Бозорбой ака, Олма Отада умргўзаронлик қилаётган собиқ милиция ходими Самандар, Вьетнамда шоликорлик билан шуғулланаётган асли хоразмлик тижорат вакили Омоунулло, Москвадаги ҳарбий обьектларнинг бирида қоровул бўлиб ишлаётган Аминжон, Қаршидаги политехникумдан ҳайдалиб, Бишкекда сиёсий бошпана масаласида БМТ ваколатхонаси қарорини кутаётган М.С. , Владивостокдаги қишлоқларнинг бирида маданий ва маиший ишлар бўйича поселка совети раисининг ўринбосари бўлиб ишлаётган Ў. С., Бирлашган Араб республикасида ҳимширалик қилаётган, асли бухоролик Нодира, Тошкентдаги ўрта макталарнинг бирида ўқитувчилик қилаётган Мўминжон, Бухородаги кекса журналист, бизнинг азиз ва мўътабар устозларимиздан бири (исми, шарифларини сир тутишимизни сўраганлар)  ва бошқалар ҳам Юсуф Жума ҳақида маълумот беришимизни, унинг ижодини тез тез ёритиб туришимизни илтимос қилишган.

Яна бир неча соатлардан сўнг АҚШда истиқомат қилаётган таниқли ўзбек шоири Юсуф Жуманинг “Дунё ўзбеклари” саволларига берган жавобларининг биринчи қисми билан таниша бошлайсиз.

Нашримизни кузатиб боринг


1 – савол:

Юсуф ака, авваламбор АҚШга келганингиздан кейинги узоқ жимликдан сўнг “Дунё ўзбеклари” саволларига жавоб беришга рози бўлганингиз учун раҳмат. Биринчи саволни ҳам шундан – АҚШга келганингиздан бошласак. Буни сўрашимга сабаб шуки, яқинда Тошкентдаги таниқли ёзувчилардан бири Сизни АҚШда эканингизни айтганимда, ажабланганини яширмади. У ҳануз Сизни “Жаслиқ”да деб ўйларкан. “Озодлик” ва “ББС” бу ҳақда  эълон қилган эди десам, у бу радиоларни умуман эшитмаслигини айтди. . .
Жавоб:

Мени энг даҳшатли зиндонларда энг даҳшатли қийноқларга солишди. Дубинкалар зарбидан этим титилиб кетди. Вужудим аввалига кўкарди, сўнг қорайди. Қоп қора қонга айлантиришди, тепкилаб қовурғаларимни синдиришди.

Энг даҳшатлиси болаларимни кўз ўнгимда қийноққа солишди. Қоп-қора қонга айланган танларини бўйларидан баланд кўтариб бетонга ташлашди, бошларини ёришди. Юрагим эзилиб кетди, аммо кўзимдан бир томчи ҳам ёш чиқмади.

Жаслиқда Ўзбекистон фуқоролигидан чиқиб, АҚШга кетасан”, деганларида йиғладим, Жаллодлар илк бора кўзимда ёш кўришди. Ҳозир ҳам Ватан ҳақида гап кетса кўнглим тўлиб кўзимдан ёш тўкила бошлайди.

Бобоқуёш, юртимни ҳар кун кўриб турибсан, 
Туркистоннинг кўчаю куйларидан хабар бер. 
Заминида эга йўқ, кўкин қўриб турибсан
Юртини сотиб ётган бийларидан хабар бер.

Хоин тахти равонда, эрлар сенсиз зиндонда
Аҳли булбул қозонда, аҳли қузғун бўстонда. 
Борми бир дил туғёнда, борми бир жон исёнда
Аму Сир қуриб қолган жўйларидан хабар бер.

Бир гўзал бор сочлари нурларингдан ҳам узун, 
Оташ бағрин қўрлари қўрларингдан ҳам фузун, 
Ҳижронларида ичим ичингдай ёнар беун
Ҳар яноғи ўзингдек рўйларидан хабар бер.

Икки юзи икки қош – ғоят бетимсол жамол
Икки ойнинг устидан чиқибди икки ҳилол. 
Қўш қаватлик тўрт қамар, сендай бўлсин безавол, 
Куну ойга нур берган ойларидан хабар бер.

Эли Широқзодами, эли Темурзодами, 
Ё қашқирлар сўраган гала гала подами. 
Қўй қўзи саноғидан йиртқичлар зиёдами, 
Бўриларга ем бўлган қўйларидан хабар бер.

Шоиру олими не, мустабидга маддоҳми, 
Қўрқув қабристонида қўрқоқларга арвоҳми?! 
Саройдан етган суяк нафсларига илоҳми, 
Ялоқдаги бошлардан, қийларидан хабар бер.

Жигарим қон эзилган айрилиқнинг зарбидан
Узоқдаман Аму Сир орасидан– қалбидан. 
Шарқидан чиқяпсанми, чиқяпсанми ғарбидан
Туркистоннинг кўчаю куйларидан хабар бер.

2 – савол:

Сизнинг Ўзбекистонда қолишингиз ўзбек ҳукумати учун шу қадар катта муаммомиди? Ё бу эрда бошқа сир борми?

Жавоб:

Аслида бу саволни Каримовга бериш керак. Аниғини у ва Худо билади. У яна яхши билади: Кимга Ватан, кимга мансаб керак, кимга чет элда ялло қилиш. Каримовга ҳеч ким Ватанини менчалик севмаслиги ва Ватансиз менчалик қийналмаслиги аён эди.

Иккинчидан Ўзбекистон фуқоролигидан маҳрум этилган кўпгина имконлардан маҳрум бўлади. Мустабид мени бадарға қилди.

Инсон Ватансиз озод бўла олмайди, ҳатто Ҳазрат Мирзо Бобурдек шоҳ бўлганда ҳам.

Мен ўзимни ҳамон маҳкумлар вагонида ҳис қиламан:

Юракни қон қилиб ичдим
Озодликнинг армонида. 
Турмадан турмага кўчдим
Маҳкумларнинг вагонида.

Йўллар олис битмас кулфат
Ханжар дилим забонида. 
Беёр, бедўст, беҳамдард мард
Маҳкумларнинг вагонида.

Кун асрдек чўзилади
Қайғуларнинг карвонида. 
Ёнган ичим узилади
Маҳкумларнинг вагонида.

Кўкнинг кўзи кўрдир абгор
Адолат йўқ осмонида. 
Усмон Носир қонлари бор
Маҳкумларнинг вагонида.

Мамадали Маҳмудларнинг
Изи қолган остонида. 
Кўрдим лочин бургутларни
Маҳкумларнинг вагонида.

Болаларим қароғимда
Жон соғинчлар тўфонида. 
Кишан михдир оёғимда
Маҳкумларнинг вагонида.

Бу вагон кўчма қабристон
Кўчади кўзим қонида. 
Ғамдан элакдир устихон
Маҳкумларнинг вагонида.

Золим қурди фақат зиндон
Раҳм йўқ кўк шайтонида. 
Букун аҳли Ўзбекистон
Маҳкумларнинг вагонида.
3 – савол:

Энди сиёсатдан бевосита адабиётга ўтсак. АҚШга эндигина келган кунларингизнинг биридаги суҳбатимизда Сиз мендан “Дунё ўзбеклари”да Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини эълон қилсам, яхши бўлишини айтган эдингиз. Мен бу китобни эълон қила бошладим. Лекин ростини айцам, негадир уни ўқувчилар жуда кам. Сиз бу ажаб ҳолни қандай баҳолаган бўлардингиз. . .

Жавоб:

Жаҳолат сассиғи ҳамиша бизни беҳузур этмиш”– деб ёзганди даҳо Абдулла Қодирий.

Элнинг подшосидан жаҳолат сассиғи келади, Пешволаридан Жаҳолат сассиғи келади, Зиёлиларидан жаҳолат сассиғи келади. Шоиру ёзувчиларидан жаҳолат сассиғи келади. Ҳеч бирига яқин йўлаб бўлмайди. Қочсанг ҳам, АҚШдамисан, бундан ҳам олисдамисан, фарқи йўқ, бу сассиқ тинчитмайди.

Олимман, олимларни яхши кўраман”, деган буюк Оллоҳ Расули Иброҳим Алайҳиссалом. Мен санаган жоҳил гумроҳлардан Тангри ҳазар этади. Жаслиқда ҳокимлар билан, кўчада Худоман деб юрганлар билан бир камерада яшашга тўғри келди. Бири Самарқанд Пахтачилик Институни тугатган, йигирма беш йил ҳоким бўлган. Ғўза кисларод оладими, карбонад ангидиридми – билмайди.

Ўн йиллаб диний маҳкум бўлиб ўтирганлар шу қадар чала муллаки, кўриб даҳшатга тушдим. Қуръон ёдлаганни кўрдим, аммо Қуръонни тушунганни кўрмадим. Чала муллалик кофирликдан ёмон. Бугун бутун мусулмон дунёсидан, бутун дунёга жаҳолат сассиғи чиқиб осмонларни бўғмоқда.

Бугунги қирғинборотлар Жаҳолатга – Худонинг лаънатидир.

Даҳо Абдулла Қодирий Ўтган кунларни йигирмадан эндигина ошган ёшида ёзган. Ҳозир бу ёшдагиларни бола-ку деймиз. Лекин Даҳо болани эл нари турсин Ўзбекистон ёзувчи шоирлари ҳам тушунмайди.

Бир – ҳам ёзувчи, ҳам шоир, ҳам журналист, ҳам тилшунос олимдан “Ўтган кунлар”ни ўқиганмисиз деб сўрадим. Икки карра ўқиганини айтди. Китоб ҳақида гаплаша бошладик, ҳеч болани уқмаган. Лекин ўзини Қодирийдан юксак санайди. Чунки шу ёшда аллақачон даҳо боладан уч карра катта, Қодирийдан ўн баробардан кўп китоб ёзган.

Мен “Ўтган кунлар” ҳақида бир нарса ёзганман, даҳо ёзувчининг Жаҳон адабиётидаги ўрни далиллар билан белгиланган, яқинда албатта “Дунё Ўзбекларига” тақдим этамиз. Бу саволга шу нарса тўлиқ жавоб бўла олади.

Сизга эса буюк Абдулла Қодирийдан – улуғ Абдулла Орифгача қилаётган эзгу хизматларингиз учун миннатдорчилик билдираман. Бугунги жоҳиллар нимани ўқийди, олди қочди, бир пулга қиммат Шайтанатни. Гулнора Каримованинг мушуги туғибди деб китоб ёзинг, ҳамма сотиб олади.

Шўрлик жоҳиллар. . .

Қизлар кийимини кийган бесақол ҳақида ёзинг ҳамма ўқийди (озодликка ўхшаб). Лекин йигирма йилдан буён зиндонда ётган Мурод Жўрайев ҳақида ёзинг – саноқли одам ўқийди.

Ойгул Бегжоннинг отаси ҳақидаги изтиробли дил ўртар сўзларини ўқишмайди.

Афсуски, жаҳолат учун жазо йўқ. . .

4-савол: 

Кейинги пайтларда Сизнинг “Тўмарис” номли асарингизни эълон қилишни бошладик. Яқинда “Фироғийнома”нгизни ҳам нашримизда чоп этдик. Улар  ўқувчиларимиз томонидан яхши қабул қилинди. Тарихий мавзуларга қўл уришингиз бугунги сиёсатдан қўлни ювиб, қўлтиққа артганингизни англатадими ё бу эрда бошқа гап борми?

Жавоб:

Айрим саволларга тўлиқ жавоб бериш учун узоқ вақт қоғоз қоралашга тўғри келади. Афсуски, имкони йўқ. Кўҳна Хитой солномаларида қайд этилишича эрамиздан бир неча аср олдин “Турклар ўз авлодларига улкан маънавий мерос қолдирдилар” деб ёзилган. Қутайба бошлиқ араблар келгунча бу бойлик 7-8 аср мобайнида яна кўпайгани аён.

Аммо буюк Абу Райҳон Беруний ёзишича Қутайба бошлиқ жоҳиллар улкан маънавий меросни йўқ қилишди. Ҳатто қабрдаги ёзувлар чўкичлар билан ўчирилган. Ўқиш ёзишни билган барча ўлдирилган, дунё-дунё бўлиб бундай ёвузликни, разолатни кўрмаган.

Ҳаршахийнинг ёзишича қуро кўтаришга қодир барчани ўлдирган, бугунги тил билан айтганда энг даҳшатли геносид қилган. Яна Наршахий ёзишича, кейинги даюс, жоҳил авлодлар Фарғонада ўлдирилган Қутайба гўрига сиғинишган. Эмишки, дин келтирган.

Қутайбага ўхшаган разиллар Тангрининг суюкли Расулининг суюкли авлодларини ҳам дин элтиш учун қийнаб ўлдирдиларми?!
Ҳазрати Усмонничи?!
Ҳазрати Умарничи?!

Ҳазрат Муҳаммад Юсуф жаноблари тарихда араблар истило қилган деган сўзга жаҳллари чиқиб, тавсир китобида бу иборани ишлатмасликни тавсия берадилар.

Ҳазрат! Араблар истеъло қилмай тўй қилдими, байрам қилдими?! Ислом келгунича қиз туғилса қизларини тириклай кўмганлар, ҳатто улуғ халифалардан бири ҳам жоҳил пайти шундай қилган. Туркларда эса Исломдан 1200 йил аввал ҳам буюк момомиз Тўмарис подшоҳ бўлиб, Эроннинг золим шоҳи калласини кесиб, қонли мешга тиққан.

Ҳақ билан ботилни фарқлаш – яъни оқ билан қорани фарқлаш фурқондир. Разил Қутайбага сиғинган, юрт учун ўтга кирган Муқаннага ҳалигача тош отаётган даюслар мусулмонми?!

Яқинда Ислом Каримовни бир даюс Муқаннага ўхшатибди. Юрт хоини Юрт фидойисига тенг бўлдими?! Муқанна мусулмон бўлганини билишсада уни динсизликда айблашади, Унинг даврида бесақолбозлик бўлганини даъво қилишади, туҳмат қилишади.

Билиб қўйсин даюслар:

Муқаннанинг лашкари турклар бўлган. Бу буюк бодун – номусли халқ бундай жирканч йўлга кирмаган. Турклар дунёнинг энг номусли, энг илмли, энг қудратли, энг адолатли халқи бўлган. Бундай эл ўзларига муносиб бўлмаса Муқаннага эргашармидилар?!

Қуръондан маълумки, Тангри Лут қавмини баччабозлик учун йўқ қилган. Бу қавм араблардан иборат бўлган. Биз томонларга бу офат ўша томонлардан келган.

Жаҳолат сассиғи бизни ҳамиша беҳузур этмиш! ”

Мен “Тўмарис”да дунёни адолат билан сўраган аждодларнинг руҳий дунёсини тикладим. Токи бу руҳий олам авлодларда қарор топмас экан, аждодларнинг моддий оламдаги ўрни – Туркистон бизга қайтмайди.

Тўмарис” — ҳикматдир, бугунги ва келаси авлодларга сабоқдир. “Ўтган кунлар”у “Тўмарис”ни уққан эл тағин Туркистонга эришади. Йўқса дунёга қулу ғар бўлиб бугунги авлодлардай ўтаверади.

Ақли бор уқади.

Бир пайтда бир дўппи икки бошга тор, 
Дунё бир дўппидир, меросхўри бор. 
Бобонг Ўғизхондан қолгандир ёдгор
Уққин Фироғийни – Махтумқулини!

Фироғийномадаги бундай байтларни фақат тарих деб бўладими?!
5-савол: 

Бугунги ўзбек адабиётини баҳоли қудрат кузатиб бораётган бўлсангиз керак. Шу ҳақдаги фикрингизни ҳам билмоқчи эдик.

Жавоб:

Бугунги адабиёт улуғ Эркин Воҳид, буюк Абдулла Ориф, Буюк Дадахон Ҳасан, Яна икки уч шоиру Раҳматлик Одил Ёқуб.

Қолганлар барчаси бир ҳавас. . .

6-савол: 

Кейинги пайтларда Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасининг бир гуруҳ аъзолари номидан уюшмадаги адолатсизлик ва тарафкашликлар ҳақида нашримизга бир нечта шикоят хатлари келди. Адабиёт даргоҳидаги бундай нотинч вазият ҳақидаги шикоятлар доим бўлган. Сиз тўқсонинчи йиллар бошидаги уюшма билан бугунги мустақиллик йилларидаги уюшмани ўзъаро таққослаганда қандай фикрларга ошно бўласиз?
Жавоб:

Ҳақиқий асл шоирга на ёзувчилар уюшмаси керак, на унвон, на катта молу дунё. Ҳазрат Бобораҳим Машрабда ҳеч бири бўлмаган-ку. Ёзувчилар уюшмаси Буюк Одил Ёқуб билан туғилди, у билан ўлди.

Бизку қадрламадик, Оллоҳ қадрласин, гўрига нур ёғсин!

Мен Ўзбекистонда на Ёзувчилар уюшмаси, на ёзувчи шоирлар бор деб юрардим. Сиздан борлигини эшитиб ҳайрон қолдим.

Ҳамон ёзувчилар уюшмаси бор экан, унда аллақандай кимса Раис экан, ишондим. Аммо ўша идорада бир чойхонанинг пули борлигига ишонмайман. Раис деган шўрликда бир эски мошини, амал-тақал қилиб, мустабидни ялаб хўжалигини зўрға боққудек пули бўлса керак.

Агар чиндан ҳам шоир ёзувчилар бўлса, уларга Тангри онг ато этган бўлса ўйлашсин: Ўзбекистонда лофи билан ҳар одам бошига бир завод, бир кон бўлиб, нега халқ дунёда қул?!

Нега чорак асрдан буён бир жоҳилга сиғиняпмиз?!

Ватан фақат Ўзбекистонми, Туркистон қани?!

Нега кечаги чўпонларимиз бугун бизни менсимай қирғин қилмоқда?!

Россиянинг Сибири биздан эмасми?!

Қирим туркийларники бўлиб, нега бошқалар талашяпди?!

Хитойда 2000. 000 кв км – Ўзбекистондан тўрт карра кенг еримиз бору, у ерда биродарларимиз уйғурлар қирилмоқда. Демак бойлик ўн йиллаб бурун ўлган ёзувчилар уюшмасида эмас, бошқа ёқларда экан.

Кўзларини очсинлар, йўқса – бир бирларини еб қирилиб кетсинлар!

Ҳеч имкон топмасалар Ватану эл ғамида мана бундай шеърлар ёзсалар бўладику, Ўзбекистон газеталари босмаса “Дунё Ўзбеклари” бор:

Бир кўзим Машрабдир, Бир кўзим Чўлпон
Йиғлайман, элимнинг хоинлигидан.
Қон юрагим гирён, хун бағрим гирён,
Аждод – нор, авлод — хар бодунлигидан.

Гоҳо Фитрат бўлиб йиғлар бир кўзим,
Бир кўзим раҳматлик Дукчи эшондир.
Буюк инсонларнинг руҳлари азим
Оташ қонларимда мудом туғёндир.

Бир кўзим Қодирий, бири Шайхзода,
Туркистон деб йиғлар, Турон деб йиғлар.
Ўрнимиз қолмади ёруғ дунёда
Очун қачонгача армон деб йиғлар.

Боболар олганди, бизлар йўқотдик
Сотиб емоқдамиз ҳамон юқини.
Хиёнат аталган ботқоққа ботдик,
Билмаймиз оқ билан қора фарқини.

Хиёнат – эрларга отилган тирдир,
Тоғдек юракларни яксон қилади.
Эр беқадр бўлса – юрт беқадрдир,
Эрлар ўлдирилса – юрт ҳам ўлади.

Нашримизни кузатиб боринг.

Дунё ўзбеклари” учун махсус

Давоми:

7 -савол:

Адабиётнинг вазифаси Сизнингча бугунги кунда нималардан иборат бўлмоғи керак деб ўйлайсиз? Буни сўраганим сабаби шуки, Ўзбекистон кундан кун тобора ёпиқ жамият сари юз тутмоқда. Олий раҳбарият ва ҳукумат мамлакатни обод ва фаровон бўляпти деб бонг урса, оддий халқ ва мухолифат бунинг аксини айтяпти. Ана шундай пародокс бир пайтда адабиётнинг вазифаси Сизнингча ўз олдида турган вазифаларни тўлиқ адо этаяптими?

Жавоб:

Адабиёт диндир!

Бутун инсоният учун ягона диндир. Илҳом билан келган диндир.
Пўчоғи – сўз, мағзи маъно – ҳикматдир!

Адабиёт — барча динларнинг эзгуликда, тафаккурда, меҳр муҳаббатда, ҳақ йўлида ва ҳақ йўлида курашда бирлаштирувчи — йўл. Ҳомер, Румий, В Шекспир, А Навоий каби даҳоларгина адабиётдир.

Адабиёт Ҳаққа, ҳақиқатга, Ватанга, миллатга, юракларга хизмат қилиши шарт!

Адабиёт қалбларни яхшилик, меҳр муҳаббат, кураш туйғулари билан қуроллантириб, ёвузликка, меҳр муҳаббатсизликка, ҳақсизликка қарши кураш майдонига олиб кириши, руҳларга қанот бахш этиб, саркардалик этмоғи шарт!

Адабиёт мана шундай юксак мақомда бўлиши ва миллат ҳам шу адабиётни уқиши шарт!

Уқса – яшайди, юксалади!

Уқмаса – ўлади!

Бизнинг бугунги адабиёт шундай мақомдами?!

Ҳозирги дунёнинг суратини чизиш керак бўлса, қуйидагича чизардим:

Ўзбек онаси– ҳомиладор аёл сўйилди, қорнидан ҳомила суғуриб олинди. Ҳомиланинг калласи кесилди, кесилган бошни копток қилиб, қирғиз маразлари ўйин бошлади. . .

Дунё томошабин.

Ўзбекистон мустабиди Ислом Каримов томошабин.

Ўзбекистон ёзувчи, шоирлари томошабин, ҳамма мамнун.

Бу сувратни кўрса Даҳо В Чекспир:

Бу фожеа олдида менинг фожеаларим тўю томошаку, — дерди.

Буюк Дадахон Ҳасан, фидойи Гулчеҳра Нуруллайева сингари устозларимиз дод деб юборганлари аён. Бошқалар-чи?!

Чундай фожеагаку бефарқ кимсалар – адабиёт вазифаларини эплай олармидилар?!

Имконим бўлса уларни жазолаб Жаслиққа юборардим. . .

Бугунги ёзувчилар уюшмаси сўзбозлар, таъмагирлар, хоинлар қабристонидир.

Турон қалбнинг қора хунга ғарқ жойлари
Қон кўзларим қон қайнаган Ўш сойлари. 
Ботиб кетган ўзбегимнинг кун ойлари
Қотилбоши Кремл, Оқсаройлари
Кечир шаҳид жондош, қондош хешим манинг, 
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Қора кунда сенга қалқон бўлолмадим, 
Майдонингда шер арслон бўлолмадим, 
Мулку номус, мулку иймон бўлолмадим, 
Култегиндек ёвга қирон бўлолмадим. 
Кечир оғам, синглим, болам, хешим менинг, 
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Аму Сирнинг орасида кўрлар қолди, 
Аёлини эплолмаган эрлар қолди. 
Юрагимда Сизга теккан тирлар қолди, 
Кечир шўрлик ёндирилган хешим менинг, 
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Тўғилмайин сўйдирилган гўдакларим, 
Бешик кўрмай гўрга кирган малакларим, 
Тилка бўлган тилка бағр, юракларим, 
На оламга, на фалакка керакларим, 
Кечир боши кестирилган хешим менинг, 
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Дунё сени қадаҳ қилиб қонлар ичар, 
Бир бошимда ҳар лаҳза минг мотам кечар, 
Қайда бало бўлса Турон юртга кўчар
Яқин борсанг ҳолинг кўриб маҳшар қочар
Кечир барча ўққа нишон хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Ўчоғингда кул бўлганлар қўрман деди, 
Ялоғингдан кун кўрганлар эрман деди, 
Бор қутурган аҳли қанжиқ шерман деди, 
Бари ўзбек қаёқдасан, зўрман деди, 
Кечир бахти қаро элим, хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим менинг.

Қалам билан ашкдан бўлак қуролим йўқ, 
Заволим бор, афсус бугун камолим йўқ. 
Ғанимларнинг иқболи бор, иқболим йўқ, 
Туркистоним — қуёшим йўқ, ҳилолим йўқ, 
Кечир мустар, нолондирман, хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Етимларим Гўрўғлидек унадилар, 
Қасос учун тулпорларга минадилар. 
Ғанимларим ўтин каби синадилар, 
Липпиллаган юлдузлари сўнадилар, 
Кечиринглар, етимларим, хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Тангрим Буюк Темуримни қайта бергин, 
Адолатли Амиримни қайта бергин, 
Дастларига шамширини қайта бергин, 
Талон бўлган ерларимни қайта бергин. 
Кечир қасос муқаррардир, хешим менинг
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

Аму Сирнинг орасини пирхона қил! 
Ғархонадир, аввалгидек эрхона қил! 
Хархонадир, йўлбарсхона, шерхона қил! 
Туркистонни тикла Тангрим, ягона қил! 
Кечир шоир Юсуфингни хешим менинг, 
Бобуримдан қолиб кетган Ўшим манинг.

8 – савол:

Бир пайтлар  “Агар хафа қилса кимнидир биров, Дарҳол ББС га айтаман дейди” деган шеър Ўзбекистонда жуда машҳур эди. Бугун ҳам ватандаги мухлисларингиз бу шеърни ажиб бир армонлар билан эслаб юришади. Шу шеър тарихини айтиб берсангиз деб сўраган андижонлик мухлисингиз Барно.

Жавоб:

Бу шеър буюк Абдулла Ориф шеъри. Мен бу шеърга ҳазил жавоб шеъри ёзганман. Афсуски, бу шеър ёнимда йўқ.

Дунё ўзбеклари”дан:

Майли, агар ёнингизда бўлмаса, бизнинг ёдимизда бор:

Агар хафа қилса кимнидир биров,

Дарҳол Би Би Сига айтаман дейди…

(Абдулла Орипов)

Бир маддоҳ шоир бор, тили пойларда

Шўро даврида ҳам эркатой эрди.

Ароқдан қиссалар айрим жойларда,

Отам Рашидовга айтаман дерди.

Шароф ота ўтди, шоирчи – хуррам,

Ўзга аёғида майхона қурди.

Кимдир хафа қилса, ўйнашма отам –

Усмон Хўжаевга айтаман дерди.

Нокис тождор бўлди қайгадир гумдон,

Шоир ўзга отни эгарлаб турди.

Кимдир бермас бўлса ҳар куни Нишон,

Отам Нишоновга айтаман дерди.

Мустабид замони келди қиёмат,

Шинелини ечиб, зарбоф тўн кийди.

Бир кун хафа қилса, қилади ғорат

Отам Каримовга айтаман дейди…

2004-08.

9 -савол:

Ўзбекистондаги ва хориждаги бир гуруҳ ўқувчилар Сизнинг бугунги кундаги кайфиятингиз ва армонларингиз ҳақида сўрашган. Ўзбекистонга қайтиш учун исёнкор шоиримиз бугун нима иш қилаяптилар? Ё АҚШга кўникиб, ўрганиб, бизни эсдан чиқардиларми деб киноя ҳам қилишган. . .

Жавоб:

Дарахтидан узилган
Япроқ каби хазонман. 
Заминидан узилган
Майса каби сомонман.

Айриман Ватанимдан, 
Бир ғарибу замонман. 
Жаннатдай жойдаману
Юртимсиз ломаконман.

Ҳечман, гуноҳга ботма, 
Ўтинаман Жоҳондан: 
Мени тавоф эт: ҳоким–
Муқаддас Туркистондан!

Онам Хурсанд момо туғилганига қирқ кун бўлганда Оталари — Бек бобом Қўчқорбек золим болшевиклар томонидан ўлдирилган. Туҳмат билан қамаб ўлдиришган. Қўчқорбек бобом ниҳоятда бой бўлганлар. Подалари Қизилқуму Қорақум яйловларига сиғмаган. Улоққа кирсалар ҳеч ким беллаша олмаган. Дунёнинг қайерида кўпкари бўлса, бобом кирган кўпкарига ҳеч ким киришга журъат этмаган. Улоққа кирдими – барча совринлар Қўчқорбекники деб тан олган улоқчи чавандозлар.

Совринларни муҳтожларга тарқатган раҳматлик бобом.

Онам болалигида ота дийдорига зор бўлиб қон қақшаган бўлса, кексайганида ўғил дийдорига зор бўлиб мени кутмоқда. “Қачон келасан, сени бағримга босиб ўлсам армоним йўқ”, дейдилар ҳар қўнғироқ қилганимда. Номи хурсанд бўлса ҳам умрида бир маротаба ҳам хурсанд бўлмади.

Мени ёши бир жойга бориб қолган онамдам бошқа барча унутган бўлса керак деб ўйлардим. Ислом Каримовнинг мени сургун қилишидан ҳам асосий мақсадларидан бири шу эди. Душманларимнинг ва ҳатто зиндондан чиққанимдан кейин ҳам менга ташланган дўстларимнинг мақсади ҳам шу эди.

Элим мени унутмади.

Сен азиз этганни кишини ҳеч киши хор айламас,
Сен агар хор айласанг ҳар ерга борса хордир”. (Бобораҳим Машраб)

Мени йўқлаган азизларга чексиз катта рахмат!

Улар билан Туркистонда кўришиш тезроқ насиб этсин, Парвардигор, зотан бу бизга қийин бўлса ҳам Сенга осондир!

Мени узлуксиз нотинч қиладиган, юрак бағримни узлуксиз тепиб турадиган армонлар, дардлар бор. Йўқотилган Туркистон, бой берилган Ватан, ёндирилган, чўкичлар билан ўчирилган тарих. Россия, Хитой каби давлатлар томонидан талон қилинаётган Туркистон — Марказий Осиё ер ости бойликлари, Хитой ўз ерим деб ҳисоблаётган 2 млн кв км лик Уйғуристон, қирғин қилинаётган уйғурларим. . .

Террорчиларга чиқарилган чечинлар, Мусулмон дунёсининг тобора исломдан узоқлашиб, жаҳолатнинг тубсизлигига шўнғиётгани.
Туркий дунёнинг ноаҳиллиги…

Довул чоғи тарқаб кетган подадай дунёга сочилиб кетган миллат. . .

Мен АҚШ га кўникмадим. Афсуски, халқим қулликка кўникди, қўрқувга кўникди.

Қул бўлиш фожеа эмас, қулликка кўникиш фожеа.

Зулм фожеа эмас, зулмга кўникиш фожеа…

Ҳар кун, ҳар соат, ҳар дам Туркистонга, Ўзбекистонга, Бухорага, Қоракўлга кетгим келаверади. Ўнгимда АҚШда, тушимда Қоракўлдаман. Хаёлимда Қоракўлдаман. Юртга қайтиш учун, Туркистоннин тиклаш ва озодлик учун қўлимдан келган барча ҳаракатларни қилаяпман.

Қайга борсам қисиламан, бағрим қон, 
Қоракўлдан бошқа жойга сиғмасман. 
Мен дондирман борган жойим тегирмон
Қоракўлдан бошқа жойга сиғмасман.

Таним сиғса, бошим сиғмас, водариг, 
Қалбим — бургут қушим сиғмас, водариғ
Жоним сиғмас, ҳушим сиғмас, водариғ
Қоракўлдан бошқа жойга сиғмасман.

Замин тордир, замон тордир, инсон тор, 
Яшаб кўрдим, яшаб бўлмас жаҳон тор. 
Учиб кўрдим Қоракўлдан осмон тор
Қоракўлдан бошқа жойга сиғмасман.

Қоракўл бу Ўғизхоннинг жой кенти, 
Тўмариснинг қуёш кенти, ой кенти. 
Пир Исмоил Бухорийнинг Бойкенти
Қоракўлдан бошқа жойга сиғмасман.

Ота макон қўш жаҳонча бор экан, 
Четга чиқсанг, соғинчга дил хор экан
Америка Қоракўлдан тор экан
Қоракўлдан бошқа жойга сиғмасман.

10 – савол:

АҚШга кўчиб келганингизга ҳам бир неча йиллар бўлиб қолди. Бу ерда кўрган кечирганларингиз ва чиқарган сабоқларингиз ҳақида нималарни айтган бўлардингиз. Ўзбекистон билан АҚШни таққослаганда кўнглингиздан кечган туйғулар нималардан иборат?

Жавоб:

Мен беш яшарлигимдан қамалганимча меҳнат қилдим. Беш яшарлигимдан қўй боқардим. Пахта терардим, ипак қурти боқишга ёрдамлашардим.

Кейинроқ колхозда ишладим. Афсуски, то ҳануз ўзбек боласининг ҳоли шу.

Америкада мактабга автобусда уйма уй юриб, болаларни олиб кетишади. Автобусда келтириб, ота онасига топширишади. Текин овқатлантиришади, ниҳоятда чуқур ўқитишади.

Бизнинг кўпгина шоир ёзувчиларимиз АҚШ мактабида иншо ёзсалар шубҳасиз қониқарсиз баҳо оладилар.

Қани энди бизнинг миллат болалари ҳам АҚШдагидек ўқитилса яна Ал Хоразмий, Ал Берунийлар, Ибн Синолар етишиб чиқарди. Америка ниҳоятда юксак ақл эгаларининг ақли билан қурилган.

Бизда ҳам бир пайтлар шундай қудратли давлатимиз бўлган, жаҳолату хиёнат уни йиқитди. Номи ҳам, тарихи ҳам, ёзуви ҳам қолмади.
Водариғ!

АҚШ иқтисоди плус чексизлик бўлса Ўзбекистон иқтисоди минус чексизлик. Олтин, уран, пахта, яна миллион турлик бебеаҳо бойликлар Россия ва Хитойга қарийб текинга берилаяпди, бир худбиннинг ўтириши учун. Ўзбекистоннинг бор даромади АҚШнинг бир сув компанияси даромадича эмас.

Уммонлар, ўрмонлар, ўрмонлар ичидаги шаҳарлар, дарёлар, тоғларнинг чўққилари узра ўтган йўллар. Ҳар 60-70 км да барча қулайликларга эга бўлган текин дам олиш бекатлари. Бизда ҳатто ҳожатхоналар пуллик.

Мени Жаслиқдан Нукусга Қорақолпоғистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари Қурол Бердийевнинг нексиясида олиб олиб келишди. Йўл чақир-чуқур. Гўё ҳар қадамда мина портлагандек ўйдим-чуқур. Машина бу халқаро йўлдан 20-30 км / соат тезликда келаяпди. Зам министр йўлнинг расволигидан нолийди. Тошкентдан тез-тез қўнғироқ қилишади. Бечора Замминистр йўл бузуқ деб айтаолмайди.

Йўлда ремонт бораяпди, шу учун кечикяпмиз, “– дейди Тошкентдаги каттасига.

Ўзбекистонда ҳатто йўл йўқ. Йўллар чуқур чоҳлардан иборат. Нодон, очкўз пешволар билан давлат нари турсин – йўл ҳам қуриб бўлмайди. Ҳозир қуриган орол шўрликнинг ости ҳам кавланмоқда. Бойликлар икки Юҳога — Россияга, Хитойга.

Ер усти, ер ости бўшаётган юрт бир зилзила билан ер остига кетиши муқаррар.

Маҳшаргоҳ–Ўзбекистон– сўқир, ўлаётган ўзбекка.

Кўзингни оч эй шўрлик элим!

Қисматингни бир даюсга топшириб қўйма. Хитой ва Россия азалий душман эканини унутма!

Россиядаги ўзбекларга

Ёт Юртдамиз деманг, сиқилманг зинҳор 
Россия Россия эмас Туркистон. 
Олтин ўрдамизку кўҳна беканор 
Россия Россия эмас Туркистон. 
Ота юртингизга келдингиз ахир, 
Йиқитилди Турон, этамиз таъмир. 
Мардикор бўлмайсиз, бўласиз амир 
Россия Россия эмас Туркистон. 


Рус деган жилғанинг бўйидан чиққан, 
Ўрислар уйимизни юз йиллаб ёққан, 
Еринг талон бўлган тарихга боқсанг 
Россия Россия эмас Туркистон.

 
Балки Ғазнадасиз, балки Ҳиротда 
Юринг Мирзо Бобур юргандек отда. 
Дунё Ўғизхондан қолган, албатта, 
Россия Россия эмас Туркистон.

 
Турон юрт Бойкентдан Африқогача, 
Кунчиқардан тортиб кун адогача. 
Тор заминдан тортиб кенг самогача, 
Россия Россия эмас Туркистон.

 
Аждод Кўкнинг куни — олови, 
Дастларида бўлган олам жилови. 
Ҳар бириси етти иқлим куёви 
Россия Россия эмас Туркистон. 


Мана қора денгиз — қора тенгсизинг 
Бойкўл бой кўлингдир, каспий денгизинг. 
Олтой — ол тойингдир, Сибир отизинг 
Россия Россия эмас Туркистон.

 
Енисой — Онасой сойимиз ахир, 
Урол — ур ол кўҳна жўйимиз ахир, 
Тўрт томон Туркистон жойимиз ахир, 
Россия Россия эмас Туркистон.

 
Нечун ғафлат деган қора гўрдамиз, 
Ўрнимизни билсак мудом тўрдамиз. 
Поёнсиз Россия — Олтин Ўрдамиз 
Россия Россия эмас Туркистон! ! !

06. 2013

Хитойга буюртма бер! 
Робия Қодир фиғони

Пашша дори керакми, 
Хитойга буюртма бер. 
Гулнинг хори керакми 
Хитойга буюртма бер.

 
Тоғлик тоғнинг қорига, 
Боғлик боғнинг норига, 
Кўклик Кўкнинг сорига 
Хитойга буюртма бер.

 
Қишдаги қиров учун, 
Ўрмондаги ов учун, 
Уммондаги сув учун 
Хитойга буюртма бер.

 
Дамга зор аҳли дунё, 
Ҳаво керакми ҳаво, 
Сени урсинми худо 
Хитойга буюртма бер.

 
Аёлга не зарурат, 
Ноэрларга не қаҳат, 
Эй хоин, ахта миллат 
Хитойга буюртма бер.

 
Йиқитилган Туркистон, 
Эрсиз, эгасиз макон. 
Керакми сенга талон?! 
Хитойга буюртма бер.

 
Европа қарз тилакми, 
Куйлагинга этакми, 
АҚШ доллар керакми 
Хитойга буюртма бер. 


Америка Осиё 
Халқ керакми, ё подшо 
Ҳурлигингга интиҳо — 
Хитойга буюртма бер.

 
Жаҳон, пулдор керакми, 
Сенга қулдор керакми 
Очиқ мозор керакми 
Хитойга буюртма бер. 
17.06.2013

(Давоми бор)

Дунё ўзбеклари” учун махсус

11-савол:

Кейинги пайтда куч ишлатар тизимлари ва уларнинг адолатсизликлари, порахўрликлари ҳақида матуботда жиддий гап сўз бўлаяпти. “Дунё ўзбеклари”ҳам бунга бир неча бор эътибор қаратди. Сизнинг Ўзбекистондаги ижодий ва сиёсий фаолиятингизга барҳам берилишида ҳам бу тизимнинг бевосита ҳиссаси бор. Шундан келиб чиқиб, уларнинг ўзбек жамиятидаги бугунги роли ҳақида нима деган бўлардингиз?

 

Жавоб:

Менга “Отбозор” зиндони жаллодлари:
– “Ота” учун нафақат сен билан ўғилларингни, лозим бўлса 27 миллион халқни отиб ташлаймиз, кучимиз етади, етмаса Россия бор, Хитой бор, ёрдам беради” — деган эди. Каримов пагонлиларни мана шу руҳда террорчиларга айлантирди. Бу учун уларга чекланмаган — ҳатто одам ўлдиришга, героин сотишга рухсат берди.
Энди мен яхшию, погонлилар ёмон демоқчи, сайлов олди ўйини.
Каримов — жаллод, Пагонлилар – қўллари…

 

12 –савол:

Табиийки, жуда оғир қисмат бошингизга тушди. Шу ҳаётни бошидан кечирган одам сифатида мен буни яхши тасаввур қиламан. Буни кўпчилик билмаслиги ва ҳис қилолмаслиги мумкин. Бугунги кундаги саломатлигингиз қандай, Юсуф ака?

 

Жавоб:

Устозим Гулчеҳра Нуруллаева ва Сиздан бошқа ҳеч бир ўзбек соғлигимни сўрамади. Сизларни Тангри сийласин!

Бошқалар ҳатто Жаслиқ ҳақида ҳам сўрашмади. Ҳеч кимни миллат дарди қизиқтирмас экан, ҳамма сохта халқпарвар. Каримов мени заҳарлаб чиқарди. АҚШда текширилганда заҳар борлиги аниқланди. Зиндондагидан баттар қийналдим. Лекин барча дардларни енгиб ўтаяпман.

 

Гулчеҳра Нуруллаевага

Сувратимни кўриб йиғлабсиз, опа,
Қамоқларда қолди тан деган қоям.
Сиздан бошқа хуррам, фақат Сиз хафа,
Зиндонлардан чиқди руҳим ва соям.

Менинг ўладиган жойим қолмади,
Жонимдан жисмимни шилиб олдилар.
Қисмат не кунларни бошга солмади,
Таним талқонлари ортда қолдилар.

Ўлмас бўлиб чиқдим, ўкинманг зинҳор
Гарчи Сизга аён уканггиз ҳоли.
Ватансиз сургунда юрибман абгор
Қудуққа ташланган Юсуф мисоли.

Қўмсайман юртимнинг сўлғин дийдорин,
Қавми хоин бўлса – тупроқда не айб.
Наинки гулини, соғиндим хорин,
Ойда не айби бор қора бўлса шаб.

Сиздек жигарларни эслайман гирён
Барча эшик ёпса эшик очган сиз.
Меҳрингиз иситди қолганда урён
Барча қаҳр сочди, меҳр сочган сиз.

Мени тишламаган ким қолди ахир,
Ҳамма тишлаганда сийлаган Сиз-ку!
Ҳамма қопганида, этганда таҳқир,
Ҳокисор бошимни силаган Сиз-ку!

Эрлари ғар бўлиб кетган миллатнинг,
Юкини эрлардай кўтарган Сиз-ку.
Эрлари хар бўлиб кетган миллатнинг
Юкини норлардек кўтарган Сиз-ку.

Ғаним ғаддорларга айламанг парво,
Қасоси укангиз бўйнидаги қарз.
Мени ўлмас қилиб қўйдику Худо
Мараз юракларга солажакман дарз.

Тангрининг лаънати — Юзларига туф!
Майли ташлансинлар Шоҳ гадолари.
Бир куни қудуқдан чиқади Юсуф
Юсуфники бўлар Зулайҳолари.

 

13-савол:

Сизнинг оила аъзоларингиз ҳам АҚШда Сиз билан бирга эканидан яхши хабардормиз. Уларнинг АҚШ ҳаётидаги ўз ўрнини топиши қандай кечди? Умуман оила аъзоларингизнинг бугунги турмуш тарзи ҳақида Ўзбекистондаги мухлисларингизни хабардор қилсангиз…

 

Жавоб:

АҚШда ўрин топиш океанда ўрин топишдек. Океан поёнсиз. Имконият кўп, лекин жой талашаётганлар ҳам кўп. Наҳанглар бор.

Биз ўзбекистондан “оёқ яланг” келдик. Каримов калишимизгача тортиб олди. Беш ўғлим бор. Уларга меҳнатни, ҳикматни, ноҳақлик турганда жим турмасликни, курашни ўргатдим. Ҳамиша суҳбатимиз Ватан, Халқ, Тарих, адабиёт, ҳикмат, Қуръон, Ҳадис ҳақида. Афсуски, аксарият оилаларда, ҳатто шоиру ёзувчилар давраларида мавзу фақат ғийбат.

Ўғилларим қаттиқ ишлашди, қаттиқ ўқияпдилар АҚШда ҳам. Ҳозир ўз бизнесларига эгалар. Уй-жой, ер сотиб олдилар. Мен ерда деҳқончилик қилаяпман, ерсиз яшашим қийин. Ҳеч кимдан, ҳатто давлатдан ҳам бир сент олмадилар.
14–савол:

Бугунги Ўзбекистоннинг ижтимоий ва сиёсий аҳволидан яхши хабардормисиз? Бу ҳақдаги фикрингизни ҳам билишни истардик.

 

Жавоб:

Менинг қишлоғим кичик бир қишлоқ — Хирсга бир ой ичида икки ёшнинг ўлиги келди. Бутун юртда аҳвол шу. Россиядан оқаётган ўликлар оқими Аму Сир оқимидан катта ва тез.

Миллат — майит!
Каримов — гўрков!
Ўзбекистон — Қабристон!

Миллат газсиз, токсиз, ишсиз, кушхонада сўйилишини кутаётган моллардай. Путин олдида Каримов кушхонадаги тўнғиздан ҳам тубан.

Ахир тўнғиз ҳам бировга Сизсиз йўлимни йўқотиб қўяман демайди-ку!

Бу эрнинг сўзими?!

Даҳо Абдулла Қодирий тили билан айтганда

Вой бўлсин биз бадбахтларнинг ҳолига”

Турон Туркистоннинг бахти
Бобур Мирзо билан кетди.
Ҳазрат Амир Темур тахти
Бобур Мирзо билан кетди.

Боболарнинг ҳикматлари
Юракларнинг журъатлари,
Туркийларнинг қудратлари
Бобур Мирзо билан кетди.

Ҳайбати ғанимга қафас,
Шаҳдлари аҳли шерга дарс
Бари эр мисоли йўлбарс
Бобур Мирзо билан кетди.

Аждодларнинг ҳаракати
Ота юртнинг баракати,
Қалбларнинг ўти, ғайрати
Бобур Мирзо билан кетди.

Она жони – ўғил шони,
Макони – мард фарзанд ёни.
Онажони Туркистони
Бобур Мирзо билан кетди.

Менда қисматнинг ёмони
Туғилмайин бўлдим фоний.
Бахти қаро Юсуф жони
Бобур Мирзо билан кетди.
15-савол:

Сиз Ўзбекистоннинг ўтмишидан яхши хабардорсиз. Бугунги ҳаётни ҳам кузатиб бораётганингизга аминман. Сизнинг назарингизда Ўзбекистонни қандай келажак кутяпти?

 

Жавоб:

Тангри иноят этиб, Ўзбекистон эгасига тушса — фақат Ватан деган ҳукмдорга тушса қисқа муддат ичида қудратли давлатга айланади. Йўқса на Ватан, на миллат қолади.

Афсуски, неча юз йиллардан буён бу армон!

Аввалига баччабоз амиру хонлар, кейинроқ хоинлар — ўрис малайлари идора қилиб келмоқдалар.

Афсуски, Ўзбекистоннинг яқин келажагида нур кўрмаяпман. Ҳаттоки Уйғуристон ҳолига тушиб қолиши мумкин Марказий Осиё.

Миллатни онгли ва аҳил қилиш керак. Миллат билан миллатбоши ҳамдард, ҳамдил, бир тан, бир жон бўлиши, барча Ор – номус, Ватан, миллат, озодлик адолат демоғи даркор.

Афсуски, бу армон. . .

Ўзга юртлар бўстонида бағрим қон,
Хизр кезган чўлларимга қайтаман!
Юргандайман бўшлиқларда ломакон,
Отам ўтган йўлларимга қайтаман!

Қайга борсам кўзимга қон қуйилади,
Қўл бердилар қўллар совуқ туюлади.
Оташ кафтлар ҳажрида қалб қийилади,
Қучоқ очган қўлларимга қайтаман!

Тош йўлларга ураман тош бошимни,
Соғинчлари заҳар этар ошимни.
Хуш ислари олиб кетар ҳушимни
Тупроғимга, гилларимга қайтаман!

Ўзга юртлар туз бердилар туғ бўлсин,
Ғанимлари ер юзидан йўқ бўлсин.
Талқон дилим осмондан тик тоғ бўлсин
Булбул бўлиб гулларимга қайтаман.

Баҳорларга мезбон бўлиб бораман,
Душманимга пайкон бўлиб бораман.
Ишқ ўтига нишон бўлиб бораман,
Кокиллари селларимга қайтаман!

Минг кўргунча қизиғи кам жаҳонни
Бир кўрсам соз кўнглимдаги жононни.
Тиклаш учун Туркистонни – Туронни,
Пирлар юрган йўлларимга қайтаман! 

 

(Давоми бор)


юсуф жума америкада

Суратда: Исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жума Америкада…

Дунё ўзбеклари” саволларига АҚШда истиқомат қилаётган исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жуманинг жавобларининг давомини яқин кунларда ўқишингиз мумкин.

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Исмат ХУШЕВ: ТОЖМАҲАЛДА ЮСУФ ЖУМА ШЕЪРХОНЛИГИ
  2. Дунё ўзбеклари” тақдим этади – Юсуф Жума: Тўмарис – Янги асар (7-қисм)
  3. Дунё ўзбеклари” тақдим этади – Юсуф Жума: Тўмарис – Янги асар (4-қисм)
  4. Юсуф Жума: “Жаслиқ” зиндонида битилган туркум…
  5. Ислом Каримов билан Рустам Иноятов жангги…
  6. Дунё ўзбеклари” тақдим этади – Юсуф Жума: Фироғийнома

 

http://dunyouzbeklari.com/archives/85566