Aug 142014
 

Яхши нарса изласанг яхши нарса топасан” деган нақл тўғри экан. Яқинда қўлимга Наманганлик ижодкор Ҳасан Азизнинг “Моҳигул” деган тарихий қиссаси тушиб қолди. Унда қуйидаги жумлалар вужудимни титратиб юборди:

Бухоро-ю Ғиждувонда , бошқа музофотларда юртнинг ишонган казо-казолари кайфу сафодан бўшамай қолишган. Улар айшу ишрат, базму жамшиддан ортмас, дунёни сув босса тўпиғига чиқмас, қора халқ қандай яшаётгани билан иши бўлмас эди. Бу ёқда бутун Туркистон ўт ичида қолганлиги, Русиё босқини давом этиб, қизил армия, амрлик,хонлик, бекликларни яксон қилаётганлиги ҳеч кимни қизиқтирмас эди.Бойлар, эшонлар Сибирга сургун қилинаётганлиги, миллий обидаларимиз, мақбара-ю илм даргоҳи бўлмиш мадрасаларимизни кули кўкка совурилаётганлиги ҳеч кимни ўйлантирмас эди. Миллат ғурури топталаётган бир пайтда бир тўда амалдорлар Бухоро амири ортига беркиниб олиб, ҳеч нарсани кўрмаётгандай хотиржам юришар эди. Етакчиси йўқ, аламзада халқ қайси томонда туришни, кимга ишонишни билмас эди”.

 

У пайтларда-ку амалдорлар, бойлар ўз жонларини ўйлаб ҳаттоки сотқинлик қилган бўлсаларда, оддий халқ Рус зулмига қарши жим турмаган. Биргина Дукчи Эшон қўзғалони, “босмачилар”деб атаб келинган юрт озодлиги учун курашган миллатдошларимизнинг ҳаракатлари бунга мисол бўла олади.Ҳудога шукур у кунлар ортда қолди. Лекин бугунчи?…

 

Ёзувчи Эркин Усмоновнинг “Кўнгил кўчалари” газетасида чоп этилган“Ўзидан қочган одам” ҳикоясида қуйидагиларни ўқиймиз:

Троллейбусдаги йўловчиларни кўп ҳам, кам ҳам деб бўлмас, сабаби бекатларда уларнинг бири чиқиб бир тушар эди. Шу пайт троллейбуснинг орқа майдончаси тарафдан аёл кишининг йиғлаган, қандайдир йигитларнинг хиринглаб кулган товушлари эшитилди.

-Фигураси жа-жа зўр экан-ку, а!-овоз келди ўша тарафдан.

-Торт қўлинги ифлос!, Тегма зирагимга!- қичқирди қиз.Троллейбусдагилар безовталаниб ўша тарафга қараб қўйишди-ю,индашмади…

-Ёрдам беринглар?-йиғлаб юборди қиз одамларга жовдираб.

 

Ҳамон ҳеч ким миқ этмас эди.Биров тескари қаради, биров қизнинг овозини эшитмаганга олди, биров ёнидаги шериги билан маъноли кўз уриштириб қўйди, биров хўмрайди, биров тишларини ғижирлатди-ю, аммо ўрнидан қўзғалмади. Аҳмад деган йигитнинг ғурури қўзғаб безориларга кўрсатиб қўймоқчи бўлди-ю аммо ичидан келган, “Сенга нима зарур? Нима қиласан аралашиб? Тинчгина аравангни тортиб юраверсанг-чи! Оч қорнинг тинч қулоғинг…Шу пандавақи йигитлар билан ўзинг танимаган билмаган қизни деб муштлашиб милицияга тушгинг келаяпдими?-деган нидо уни тўхтатди.

 

Ҳамма ўз ўрнида парвойи-фалак, фақат манзилга етиб олишни, ўзининг тинчлигини, жонининг ҳузурини ўйлаб борар эди.

 

Ниҳоят троллейбус навбатдаги бекатда бир силтиниб тўхтади. Уч-тўртта йўловчилар чиқишди. Улар орасида иккита ёшгина милиционер йигитлар ҳам бор эди.Орқа майдончадаги безори йигитлар тезгина шошилиб тушиб кетишди. Одамлар енгил нафас олди.

-Ҳулиганлар!-деди чўчқадек семиз хотин уларнинг орқасидан нафрат билан.

-Бандитлар!- қўшилди унинг ёнидаги икки юзи қип-қизил барзанги йигит.

-Куппа кундуз куни бир бечорани шилишди-я!-деди қўшни ўриндиқдаги киши”.

Кечирасиз, ҳикоянинг давомини ёза олмайман. Шу куйга тушиб қолган бўлсак- а! Юз йиллар давомида халқнинг шуури-онгини оширишга,ўзлигини англатишга ҳаракат қилган ота-боболаримиз, юртдошларимизнинг меҳнатлари қаёққа кетди?

 

Тасаввур қилинг,бир бокира қизни тўрт нафар безорининг чангалидан қутқариб қолишга журъати етмаган бир троллейбус одам, ташқаридан душманлар бостириб келса,(Ҳудо кўрсатмасин) қаёққа қочар экан? Тўғри, ҳаммани ҳам шундай инсонлар тоифасига киритиб бўлмас, лекин, хукумат амалдорлари-ю, зиёлилар тинмсиз равишда халқни ўзлигини англаш ҳақида гапираётган бир пайтда нега одамлардаги бепарволик кучайиб бораяпди. Бизнинг бундай балодан қутилишнинг ягона йўли эркин ОАВларидир. Бунда турли кўз қарашлар, бўлаётган воқеаларга турлича муносабатлар эркин ифодалаб борилса, шундагина одамлар онгиларидаги “Менга нима!” деган мараздан тезроқ қутилишлари мумкин

 

 

Носир Зокир
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
14-август , 2014-йил.