Aug 132014
 

 

….Вячеслав Охуновга уч йилдирки мамлакатдан чиқишга изн берилмайди

Ўзбекистон давлат комиссияси мамлакат музейлари ва омборларида таниқли рассом Виктор Уфимцевнинг 60дан ортиқ асарлари йўқолиб қолганини аниқлаган.

Бу ҳақида uznews.net интернет нашри шу комиссиянинг исмини фош қилмаган аъзосига таяниб хабар тарқатди. Россиянинг Уралида туғилган, бироқ 1923 йилда Самарқандни севиб қолиб, у ерда қолган умрини ўтказган ва минглаб картиналарни чизган рассом Уфимцевнинг асарлари эндиликда Москвадаги кимошди савдо уйларида сотилаётгани айтилади.

Ўзбекистондан санъат асарларининг олиб чиқилиши борасидаги алоҳида бир можаро йил бошида Женевадаги Гулнора Каримова уйида содир бўлганди. Унда уйга кириб олган мухолифат фаоли Сафар Бекжон қатор ўзбек рассомлари, хусусан Виктор Уфимцев, Чингиз Ахмаров, Рўзи Чориев ва бошқаларнинг асарларини топганини хабар қилган. Каримова хоним эса Твиттерда муносабат билдириб, бу ноёб санъат асарларини ҳимоя қилиш учун ўз уйида сақлаётганини айтганди.

Халқаро замонавий санъат доираларида ном чиқарган ўзбекистонлик рассом Вячеслав Охуновнинг айтишича, давлат жамғармаларидан ишларнинг ўғирланиши кенг кўламда давом этмоқда ва ҳукуматнинг бу каби жиноятларни тергов қилиш истаги катта эмас.

Охунов: Ангренда Виктор Уфимцевнинг вафотидан кейин очилган уй музейи бор. Унда унинг кўплаб асарлари сақланарди. Гап шундаки, бу шаҳар 1990-йилларда жуда ночор аҳволга тушди. Ташландиқ, деразалари синган уйлар, бўш квартиралар кўп у ерда. Музей ҳақида ҳам ҳеч ким афтидан қайғурмаган ва ундаги асарлар ўғирланган. Бу аввалдан тайёрланган ўғирлик бўлган. Ҳозирча Уфимцевнинг ўғирланган асарлари борасидаги тергов ниманидир расман тасдиқлаганича йўқ. Асарлар қаерда ва қачон ўғирлангани, Миллий музейданми, ёки уй музейиданми – буни билмаймиз. Уфимцев асарлари турли музейларда сақланган ва қайсиларидан ўғирланганини билиш қийин. Ҳатто Маданият вазирлигидан ҳам кўп асарлар йўқолиб қолган. Менинг шахсан ўзим баъзи рассомларнинг асарларидан номерларни ўчириб ташлаётган одам билан гаплашганман. Вазирлик фондидан ўғирлашарди ва қандайдир шоввозлар уларни олиб сотишарди. Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси ҳам кўп йиллар давомида ўз жамғармаси учун кўплаб асарларни сотиб оларди. Уюшма ислоҳ қилиниб, номи Рассомлар академияси деб ўзгартирилганда, ана шу жамғарма шу академия қўлига ўтиши керак эди, лекин мен ўз кўзим билан кўрганман, архивни шафқатсизларча талашган, рассомларнинг ҳужжатларини ташлаб юборишган. Шахсан менинг асарларимни омборлардан сотиб олишган, шу қатори Талдикин, Мельников, Уфимцевларнинг асарлари сотиб юборилган.

Би-би-си: Айни дамда афтидан бундан кимлардир катта фойда кўраяпти, чунки, масалан, Уфимцевнинг асарлари Москвадаги кимошди савдо уйларида савдога қўйилиб, баъзилари 30 минг долларга сотилаётгани айтилади.

Охунов: 1990-йилларда Ўрол Тансиқбоевнинг асарларига ҳам қизиқиш жуда катта эди. Унинг ишларига, таъбир жоиз бўлса, “янги қозоқлар”, яъни бой қозоқлар жуда қизиқишарди. Улар Ўзбекистонга келиб хусусий эгалардан Тансиқбоев картиналарини сотиб олишарди. Ўшанда Тансиқбоев ва Уфимцев асарлари сохталаштирилиши ҳам авж олиб, кўп одамлар пул қилишганди.

Би-би-си: Хусусий эгалардан сотиб олиш бир гап, лекин бу асарларнинг ҳукумат фондларидан, музейлардан йўқолиб қолиши бошқа гап. Наҳотки ҳукумат буни назорат қилмайди?

Виктор Уфимцевнинг “Оқ кўзали натюрморт” асаридан парча

Охунов: (Кулади) Биласизми, 1970-80 йилларда Ўзбекистонда Марказий қўмитанинг биринчи котиби Шароф Рашидов эди. У санъатга жуда қизиққан ва маданият учун жуда кўп ишлар қилган. У рассомлар, ижодкор зиёлилар учун кўп яхшиликлар қилган, унинг буйруғи билан рассомлар уйлари, маданият уйлари қуриларди, филармония қурилган. Фақатгина рассомларнинг ўзи учун олтита уй қурилганди. Шароф Рашидовнинг ўзи кўргазмаларга келарди, асарларга баҳо берарди, агар рассомнинг квартираси бўлмаса, “Ия, квартирангиз йўқми? Ажратамиз” дерди. Масалан, у менинг кўргазмамга келиб бир асаримни ёқтириб қолган ва дарҳол мен ҳақимда суриштирган, отам ҳақида сўраган мендан, кейин Марказий қўмита менга квартира тақдим қилган. Бу умуман ўзгача инсон эди. Бугунги ҳукумат-чи? У умуман бошқача. Президент биронта кўргазмага борганини кўрмаганман. Демак, хўжайинни бу қизиқтирмас экан, хизматчиларини ҳам қизиқтирмайди.

Би-би-си: Демак, санъатга қизиқиш бўлмаса, ўғирланган санъат асарларини топиш ҳам уларни қизитирмайди. Шундайми?

Охунов: Бизда маданият ва спорт вазирининг ўзи маҳкамага тортилган. Унга шартли жазо берилган ва 3 миллиард сўм жарима солинган. Ўғирлик қилгани учун. Бу маданият ва спорт вазири! Агар вазир ўғирлик қилиб тутилган бўлса, майда ўғрилар ҳақида гапиришдан нима ҳожат? Улар асарларни ўғирлаб, жиноий гуруҳлар билан ҳамкорлик қилишда давом этишаяпти. Бунинг олдини олиб бўлмайди. Чунки тепадагиларнинг ўзи қонунга бўйсунмайди.

Би-би-си: Лекин, айни дамда, сизни Ўзбекистондан чиқармай қўйишган. Демак, рассом сифатида, сиздан қўрқишади. Демакки, санъатнинг аҳамиятини билади ҳукумат.

Охунов: Мени учунчи йилдирки мамлакатдан чиқаришмайди. Мана яқиндагина паспортимни олиб келдим, яна аризамни рад этишди. Бизда умуман маданиятга муносабат бошқача. Масалан, Муҳаммад Солиҳ – шоир ва мухолифатчи. Демак, бутун шоирларга ҳадиксираб қаралади. Бир рассом Туркиядаги биенналеда Солиҳ билан кўришган бўлса, демак, бу рассом ҳам мухолифатчи бўлиб чиқади. Демак, энди рассомлар ҳам ишончсиз одамлар ҳисобланади. Мана шундай қараш бизда. Мамлакатда бўлаётган воқеаларни акс эттиришни истаган рассомлар галереяларга яқинлаштирилмайди. Манқурт бўлиб қолган одамларнинг онгини санъат билан жунбушга келтириш керак эмас ҳукуматга.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2014/08/140813_ufimtsev_ahunov.shtml