Jul 102014
 

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов БМТ йиғинида.

10.07.2014

БМТ Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича олий комиссари бошқармаси мулозимлари шу ҳафта бошида Ўзбекистонга ташриф буюргани хабар қилинмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, БМТ комиссарлигининг Европа ва Марказий Осиё масалалари бўйича бўлими раҳбари Хулан Цедев ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўрсаткичлар бўйича эксперти Николас Фазель билан 7 июль куни вазирликда учрашув ўтказилган.

БМТ вакиллари билан ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси раҳбари Илҳом Турғунов учрашган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро мутахассисларнинг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад, дейилади расмий хабарномада, маҳаллий экспертлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида БМТ томонидан берилган тавсияларни амалга оширишга доир режани ишлаб чиқишдир.

Мазкур тавсиялар ўтган йилнинг октябрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идораси қошидаги Қийноқларга қарши қўмитада Ўзбекистондаги вазиятга доир ҳисобот тингланган пайтда берилган.

Ўша йиғин ўзбек делегациясига етакчилик қилган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидовнинг қўйилган саволларга жавоб бераётиб, стол муштлагани ва бақир-чақир қилгани билан эсда қолган эди.

Ўзбекистон халқаро ташкилотлар томонидан инсон ҳуқуқлари вазияти энг ёмон бўлган давлатлардан бири сифатида танқид қилиб келинади. Хусусан, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимида қийноқлар кенг қўлланишига доир муаммо йиллардан бери ҳал этилмаслиги халқаро ташкилотлар норозилигига сабаб бўлиб келади.

 

http://www.ozodlik.org/archive/uz-Internation_news/20140710/402/851.html?id=25452108