May 222014
 


Би-би-си ўтказган журналистик тадқиқотга кўра, Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти тиббиёт муассасалари вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналари розилигисиз болалардан қон олмоқда.

 
Вилоят соғликни сақлаш муассасалари ходимларидан ҳозирча бундай амалиёт кимнинг буйруғи экани, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчиларидан қон олишда қанчалар санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиниши, вояга етмаганлардан қон олиниши бирор юқумли хасталик юқишига сабаб бўлгани-бўлмагани борасида маълумот олишнинг имкони бўлмади, бироқ ушбу ғайриихтиёрий ва ғайриқонуний амалиёт мавжудлигини бир неча инсонлар тасдиқлади.

 
Қашқадарёлик инсон ҳақлари фаоли Нодир Аҳатовнинг айтишича, туман ва шаҳарларда ёш йигит-қизлар, асосан мактаб ва лицей-коллеж талабаларидан ҳар йили бир марта қон олинади, яъни донорликка мажбурланади.

 
Лекин бунинг учун уларга бир сўм ҳам хақ тўланмайди.
“Шуниси хавфлики, ёшлар қанча қон топшираётганлари билишмайди, баъзилари қон топширгандан кейин ҳушидан ҳам кетиб қолади. Уларни кейин нашатир спирти ҳидлатиб, бошқа нарса қилиб ўзига келтириб, бироз дам олдириб, ширин чой ичириб чиқариб боришади”, дейди у.
Албатта Ўзбекистонда ҳам қон донорларига талаб доим мавжуд. Лекин бунинг учун маълум бир тайёргарлиги бўлмаган талабалардан қон олинаётган экан, уларнинг ота-онаси бундан нақадар бохабар?

 
Нодир Ахатовнинг айтишича, бунинг учун ота-оналардан рухсат олинмайди, ҳатто сўраб ҳам ўтирилмайди.
Ҳуқуқ фаолининг ушбу гапларини Би-би-си гаплашган бир-биридан мустақил учта манба тасдиқлади.
Қаршилик уй бекасидан бу хақда сўраганимизда, дастлаб ҳеч нарса билмаслигини айтди ва фарзандларидан сўрашига тўғри келди.

 
Унинг ўрта мактабнинг юқори синфида ўқувчи қизининг билдиришича (талабаларнинг қайси ўқув юртларида ўқишини ота-онаси бермаслигимизни сўрашди) ҳақиқатдан ўтган йил 1997 йилда туғилган болалардан қон олишган, бу йил эса 1998 йилда туғилганлар ўқувчилар қон топширишган.
Қизнинг айтишича, икки ҳамшира гепатит касаллиги учун қон олиб текширишларини айтишган. Бироқ “сариқ касал” бўлган болалардан қон олишмаган.

 
Яна бир оиланинг коллежда ўқийдиган фарзандининг сўзларига кўра, қон топширишларидан бир кун олдин ўқитувчилари “кейинги кун термосда қайноқ сув ва бир марталик кофе олиб келишлари”ни буюрган.

 
Унинг сўзлашича, эртасига қон топширганларидан кейин ўқувчилар ўзлари олиб борган кофеларини ичганлар.” Мениям, баъзи қизларнинг бошлари ҳам айланди”, дейди у.
Шуниси қизиқки, иккала суҳбатдошнинг ҳам ота-онаси фарзанди қон топширганини билмаган, фарзандлари ҳам негадир келиб хабар беришмаган.
Қарши марказидаги мактаблардан бирида ўқийдиган ўсмир бола қон топшириладиган куни бир неча синфдоши мактабга бормагани, кейин ўқитувчисига совға олиб берганларини айтади.
Қаршилик яна бир хуқуқ фаоли Гулшан Қораева бундай тартиб ўзи медицина билим юртида ўқиб юрган 1996-97 йилларда ҳам бўлганини, бир марта қон топширганини айтади.

 
Нодир Аҳатовнинг таъкидлашича, халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда йилига қанча қон топширилиши ва у қонлар айнан қайси йўллар билан келишини ҳам ўрганиб кўришлари керак. Кейин ўқувчиларнинг қонлари қаерга олиб кетилади, бу ҳам номаълум.

 
“Халқаро донорлар куни” бор. Ана шу кунда мактаб ўқувчилари ва талабалардан ўзларининг хоҳишига зид равишда қон олинади. Бугун қон топширишга борамиз дейилади, олиб борилади. Одамлар ўз ҳуқуқларини билишмайди. Ўз ҳаққини талаб қилишни ота-онаси билмаса, болалар қаердан ўргансин? Қон олинса, унга ҳеч бўлмаганда ҳаққини бериш керак. Лекин болаларга бир сўм ҳам берилмайди. Бундан ташқари улар соғлигини ҳам йўқотишади”, дейди ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов.
Қашқадарёдаги қон донорлиги билан боғлиқ ҳолат Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам мавжудми? Бу тўғрисида маълумотлар бўлса, ёзиб юборишингизни сўраймиз.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

 
http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2014/05/140521_cy_kashkadarya_blood_donor.shtml