May 222014
 


“Пахтакор” футбол жамоасининг раҳбарлари уни халқ жамоаси дейишса, оддий халқ эса давлат жамоаси дейишади. “Пахтакор” 2012-йили биринчи даврадан кейин турнир жадвалининг еттинчи поғонасида бораётган эди. Иккинчи давра бошланиши билан ишқибозлар орасида, “Юқоридан буйруқ бўлибди, ўзбек футболининг юз йиллиги нишонланадиган йили “Пахтакор” чемпион бўлиши керак экан”-деган гап тарқалди.Кейинги воқеалар бу миш-мишларда жон борлигига гувоҳ бўлишди. Ҳакамлар жамоани ғирромлик билан очиқдан-очиқ қўллай бошлашди. Йўқ жойдан берилган пенальтилар, кейинги турда “Пахтакор”га рақиб бўлиши кутилаётган жамоани асосий ўйинчиларини майдондан четлатишлар,минглаб ишқибозлар кўз ўнгида ҳақиқатни талаб қилган, рақиб жамоа мураббийларини ҳайдашлар ва ҳаказо “ўйин”лар бошланиб кетди. Жамоа ҳақиқатда ҳам чемпион бўлди.
Ўтган йили эса ўша таркиб билан ҳеч вақога эриша олмади.Бу йил эса 2012- йилдаги сценарий қайтарилаяпти. Самарқандда маҳаллий “Динамо” билан бўлиб ўтган ўйиннинг 87-дақиқасида динамочилар “Пахтакор” дарвозасига гол киритиб ҳисобни тенглаштиришади. Ўйинчилар голни нишонлаётган пайтда ҳакам Марат Исмоилов тўпни тезда қўлига олиб, майдон марказига югуриб бориб, қўйиб, пахтакорчиларга ўйинни тезда бошлашни буюради. Ўйинга 4 -дақиқа қўшиб берган Исмоилов 7-дақиқагача яъни давлат жамоаси гол ургунча ўйинни тўхтатмайди. Бу ноҳақликларга чидамаган Самарқандлик ишқибозлар ЎФ федарацияси раҳбари Мираброр Усмонов номига ҳакам устидан, исботланган фактлар асосида шикоят хати йўллайдилар ва бу хат “Эрудит- Спорт” газеетасида чоп этилади. Мана ҳозиргача хатга жавоб йўқ. Ғирромлик қилган ҳакамга чора кўрилмагач ҳар қандай одамнинг ҳаёлига “Демак “Пахтакор”ни албатта ютуши кераклиги ҳақида федарация томонлардан буйруқ бўлган экан-да!”-деган фикр келади. Гувоҳларнинг айтишларича ўша куни Самарқандлик ишқибозлар “Пахтакор”нинг автобусини тошбўрон қилиб, ойналарини синдириб юборишган экан. Федарация шунга чора кўриб жамоани жаримаган тортди.
20-май куни “Пахтакор” Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасини қабул қилди.Намангандан ўн минга яқин ишқибозлар боришди. Маълумки Намангандаги марказий ўйингоҳда “Баркамол авлод” спорт мусобақалари ўтиши муносабати билан “Навбаҳор” ўйинчиларига ҳали пул берилгани йўқ. Раҳбарлар мусобақа ўтгач ҳисоб-китоб қиламиз деб ваъда беришган. Лекин ёш мураббий Баҳтиёр Ашурматов шундай қийинчилик даврида ҳам жамоани ажойиб тарзда шакллантириб улгирди. “Навбаҳор” пахтакорчиларга муносиб қаршилик қилди. Ҳакам биринчи бўлимда ўйинни яҳши бошқарди, Ўйиннинг иккинчи бўлими тугаб бораябдиямки ҳисоб 1:1 тарзда давом этаяпти. Ҳакамнинг найранги шу пайтдан бошланди. Аввал “Навбаҳор” етакчи ҳимоячиларидан бири Раҳматилла Бердимуродовни майдонда икккита тўп бўлиб қолгач уни бирини чеккага тепиб юборгани учун майдондан четлатди. Шунда ҳам ўн киши бўлиб ўйнаётган “Навбаҳор”чилар гол ўтказиб юбормадилар, “синиб” қолмадилар. Ўйинни дуранг натижа билан тугашидан даҳшатга тушган ҳакам ўйинга беш дақиқа қўшиб берди ва бу дақиқаларнинг оҳиргиси ўтиб бораётганда “Навбаҳор”нинг яна бир асосий ҳимоячиси Рижкони ноҳақдан майдондан четлатиб Наманганликлар дарвозасига ўн бир метрлик жарима зарбаси белгилади.Футболчилар ҳакамнинг ноҳақ иши учун уни ўраб олдилар.Фойдаси йўқ.
Энди тасаввур қилинг. Ўйин пойтахтда бўлиб ўтмоқда. Барча футбол раҳбарлари ўйинни кўриб ўтирибди.Энди агар ҳакамга юқоридан кўрсатма бўлмаганда у қандай қилиб раҳбарлар олида бундай ғирромликни қила оларди?
Таниқли журналист Бобомурод Абдулланинг айтишича ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ПФЛ бошлиғи Фарҳод Магамедов Б.Ашурматовни қучоқлаб шундай жамоани шакллантиргани учун раҳмат айтган. Муҳбирлардан бири,”Бу йигитни қучоқлашни ўрнига ғирромлик қилган ҳакамга чора кўрмайсизларми?”-деса раҳбарлар,”Ҳай-ҳай,ҳай бунақа саволларни берманглар!”-дейишибди.

Бундай ноҳақликлар қачонгача давом этади? Ўзимизда ғирромликлар эвазига чемпионга айланаётга “Пахтакор” ҳам, “Бунёдкор” ҳам халқаро учрашувларда ҳеч қандай совринларга ҳалигача эриша олмадилар. Чунки у ёқларда буларни қўлловчи ҳакамлар йўқ-да.Агар ички чемпионатимизда бундай ишларга тезда чек қўйилмаса Ўзбек халқи ҳеч қачон ўз терма жамоасини жаҳон чемпионатларида кўришдек бахтга эришмайди.

 
Носир Зокир
 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
22-май , 2014-йил.