May 242014
 

 

Ўзбекистоннинг “Пахтакор” футбол жамоаси иштирокидаги ўйинларда ҳакамларнинг қарорлари футбол ишқибозлари орасида баҳсу-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Кўпчилик ишқибозлар ҳакамларни очиқдан-очиқ ғирромлик билан “Пахтакор” жамоасига ғалабани таъминлаб бераётганликда айбламоқда. Ўзбекистон футбол федерацияси расмийлари ишқибозларнинг эътирозларини ўрганиб, ҳакамлар тўғри қарор берган, деган хулосага келган.

 

 

Ҳурмат Бобожон
24.05.2014
Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида ўтган ой “Динамо” ва “Пахтакор” футбол клублари ўртасидаги ўйиннинг ҳакам қўшиб берган дақиқасида урилган гол туфайли “Пахтакор” 2:1 ҳисобида ғолиб чиққанди.

Ҳакамларнинг қароридан норози ишқибозлар ўшанда  меҳмон клуб аъзоларию шаҳар милициясини тошбўрон қилган.

Айрим футбол ишқибозларига кўра, “Пахтакор” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасида 20 май кунги учрашув ҳам ҳакамларнинг ғирромлиги боис 2:1 ҳисобида Пахтакор  ғалабаси билан якун топган.

Пахтакор футболчилари бу сафар ҳам ғалаба тўпини ҳакам белгилаган қўшимча дақиқаларда пенальтидан киритган.

Наманганлик журналист Носир Зокир ўзбек ҳакамларини ғирромлик билан Пахтакорга ғалабани таъминлаб бераётганликда айблайди.

– “Пахтакор” ҳукуматни жамоаси, деган гаплар юрибди бизда. Ҳакамлар шу ҳукуматни жамоасига ён босиб, ғирромлик билан ғалабани таъминлаб бераяпти. Анов куни, “Пахтакор” ва “Навбаҳор” ўйинида жарима майдонидан икки метр нарида навбаҳорчи ўйинчи рақибини сал туртиб юборди ҳакам 11 метрлик жарима белгилаяпти. Мутлақо адолатсизлик бу. Бу футбол ишқибозларининг ғашини келтираяпти. Мен буни “Навбаҳор” ишқибози бўлганим учун эмас, ўзбек футболи келажагини ўйлаб айтаяпман, – дейди Носир Зокир.

Айни пайтда ишқибозлар орасида: “Юқоридан буйруқ бўлибди, ўзбек футболининг юз йиллиги нишонланадиган йили “Пахтакор” чемпион бўлиши керак экан”- деган гап тарқалган.

– Кейинги воқеалар бу миш-мишларда жон борлигини тасдиқламоқда, – дейди Носир Зокир.

Ўзбекистонлик яна бир журналист Бобомурод Абдуллаев, агар ҳакамлар “Пахтакор” жамоасини ғалабасига ҳисса қўшишда давом этаверса, ушбу жамоа ўйинчилари ва мураббийлари билан бир қаторда ҳакамларга ҳам медал тайинлаш кераклигини айтади:

– Чунки ҳозир ҳакамлар “Пахтакор”нинг 12, 13 ва 14 – ўйинчилари бўлиб хизмат қилишяпти. Аввалллари ҳам шундай бўлган, бу йилги чемпионатда ҳам шуни кўраяпмиз. Агар шу давом этаверадиган бўлса, “Пахтакор” ўйинчилари ва тренерлари билан бир қаторда ҳакамларга ҳам шу олтин медалдан бериш керак бўлади, – дейди Бобомурод Абдуллаев.

Ўзбекистон футболдаги ғирромликлар ҳақидаги хабарлар Ирландия пойтахти Дублинда ўтирган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдужалил Бойматовни ҳам беэътибор қолдирмади.

– Бу мени ҳам ҳайрон қолдирди. Чунки футбол дунёдаги энг демократик ўйин-ку. Ҳаммани кўзи олдида бўлади. Ўзбекистонда коррупция шу даражага бориб етганки, энди ҳакамлар томошабинларни кўз олдида бу ишни қилаяпти, – дейди Бойматов.

“Пахтакор” футбол жамоасининг ашаддий ишқибозларидан бири Маҳмуд Бобоқулов ўз жамоасининг чемпионликка лойиқ эканини айтади.

– Улар ҳакамларни айблашаяпти. Бу нотўғри. Ҳакамлар хато қилиши мумкин, лекин ғалабани таъминлаб бераяпти, деган гаплар мутлақо нотўғри. Ёмон ўйинчига, бир нарсаси ҳалақит қилади, деб айтишади-ку, – дейди Маҳмуд ака.

Ўзбекистон футбол федерацияси расмийлари ҳам ишқибозларнинг эътирозлари ўринсиз эканини айтишмоқда. Ўзбекистон футбол федерацияси расмийлари ишқибозларнинг эътирозлари юзасидан эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосасини ўрганиб, “Пахтакор” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳакамлар тўғри қарор берган, деган хулосага келган.

“Учрашув якуний натижасига таъсир қилмаган аҳамиятсиз хатоларни истисно қилганда, умуман ҳакамлар бригадаси ўйинни яхши ўтказди”, – дейилади эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосасида.
http://www.ozodlik.org/content/article/25396589.html