Apr 182014
 

 

Куни кеча Тўрақўрғон туманига аёлим иш юзасидан борган эди. У ерда тасодифан бир шифокор аёл билан суҳбатлашиб қолганлигини айтиб қолди. Аёл эса Тўрақўрғон туманида жойлашган шифохонада хамшира бўлиб ишлар экан.

Суҳбат чоғида у қуйидагиларни аёлимга маълум қилган экан. – “синглим бундан 4 кун олдин туман атрофида жойлашган шифохоналарда 7 та УЗИда текширувчи бўлимлар бор эди. УЗИда ишловчи ходимларни нотўғри ташхис қўйганликлари учун хамда уларнинг кўпчилиги фирибгарлик йўли билан одамлардан пора олганликлари учун уларни ҳибсга олишди. Ваҳоланки уларга бу аппаратлар давлат тарафидан текширувга келган беморларга бепул хизмат қилиши учун берилган.

Аммо уларнинг қилган қилмишлари беморларнинг яқинларига ёқмади ва улар юқори органларга шикоят қила бошлагач, вилоят ИИБ бошқармаси томонидан уларни хибсга олишди. Ҳозирги кунда туман атрофида УЗИ аппаратлари ёрдамида текширувчи бўлимлар йўқлиги сабабли, беморлар Наманган шаҳрида жойлашган шифохоналардаги бўлимларга боришяпти-деди.

Бундан кўриниб турибдики, кейинги пайтларда туманлардаги шифохоналарда малакали шифокорлар камлиги, уларнинг аксарияти турли хил мамлакатларга ишлагани кетиб қолганлигидадир. Натижада юқорида келтириб ўтилган ҳолат келиб чиқмоқда.

Ҳозир одамлар шикоят қилганимиз билан раҳбарлар бир-бирига ҳамтовоқ, барибир ҳеч нарса бўлмайди деб ўйлашади. Лекин юқоридаги воқеадан кўриниб турибдики, одамлар ўз ҳуқуқлари учун курашаверишлари керак.Шунда айрим натижаларга эришиш мумкин.

Зоҳиджон  Зокиров
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Наманган вилояти бўлими раиси.

18апрель, 2014-йил.