Apr 192014
 

 

Таниқли ёзувчи Зоҳир Аъламни вафот этганини биринчи бор Абдужалил Бойматовдан эшитиб кўп изтироб чекдим. Чунки бир пайтлар муқаддас ғоялар учун бир сафда туриб курашган кишингни вафотини эшитиб изтиробга тушмай иложи йўқ.

Мен Зоҳир Аълам билан 1989- йил “Бирлик” қурултойида танишганман. У пайтда Зоҳирни бир неча китоблари чоп этилган, анчагина эл ичида таниқли адиблардан бири эди. Муҳолифатчилар иккига бўлиниб қолганда ҳам Зоҳир ака бир томонга ўтиб олиб, иккинчи томонни ёмонламаган. Томонларни яраштиришга, бирлаштиришга ҳаракат қилган.

1994-йили турмадан чиқдим. Тошкентга бориб бир юмушни бажариш учун Чорсидан трамвайга чиқдим. Чиқибоқ кўзим Зоҳир акага тушди. Шундоқ инсон трамвайнинг охирги ўриндиғида юпун ҳолатда ўтирибди. Мен унинг олдига яқинлашишим билан у киши ўринларидан туриб мени маҳкам қучиб: – Чиққанингизни “Озодлик”дан эшитиб хурсанд бўлдим Носирбой!”-дедилар. Анча гаплашиб кетдик. –Эй ука, иш йўқ,тирикчилик қилиш керак, бозорда ишлаяпман. Оилага бир нарсалар олиб уйга кетаяпман-дедилар. Шундан кейин у кишини кўрмадим. Бошқа мухолифатчилар қандайдир йўллар билан ишга жойлашишди. Зоҳир ака уша “қандайдир” йўлларни ҳохламади шекилли.

Биз ҳам оддий инсонларга ўхшаб ғалати одамлармиз-да. Тириклигимизда бир-биримизнинг ортимиздан иғво қиламиз, ҳудди эртага ҳокимиятга келадигандай йўқ ҳокимиятни талашамиз. Ҳозир ўйлаб ўтирибман. Шунча йиллар ўтибди, бирор марта Зоҳир акани дўстлардан суриштирмабманам, мана энди бу буюк инсоннинг руҳи олдида мулзам бўлиб ўтирибман.

Буюкларни қадри улар ўлгандан кейин билинади дейилгани ҳақиқатдир. Исмат Ҳушов укамиз ёзганларидек Зоҳир Аъламлар ижодини, қилган ишларини чуқур таҳлил қилинадиган замонлар албатта келади. Чунки буюклар ўлмайдилар!

 Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

19апрель, 2014-йил.