Apr 182014
 

 

Жаҳонгир Муҳаммад

Жаҳонгир Муҳаммаднинг оилавий фотоальбомидан

Юрак тутилиши

-Бу ёғи жуда оз қолибди, тиббий васиятнома ёзиб қўйишни ҳaм унутманг,- деди докторим қўлидаги анализ натижаларига қараб.

“Тиббий васиятнома” дегани ўлгандан кейин синовлар ёки фойдаланиш учун вужуднинг турли қисмларини парчалаб олишларига рухсатнома дегани. Истаган одам ёзади, истамаган йўқ. Мол-мулк ҳақида ҳам васиятнома ёзиб қўйиш керак. Бўлмаса ҳамма нарса ҳукуматга ўтиб кетади.

Америкада докторлар шунақа, юзинг-кўзинг демасдан шартта айтади, қўяди.

Гап докторлар ҳақида эмас, юрак ҳақида. 1986 йилга қадар бу борада ташвишсиз эдим. Ўшанда илк бор кўкрагимда оғриқ пайдо бўлганда “Касалхонага ётиш керак”, деди доктор. Кардиолог ҳаким “Ҳаяжонланиш мумкин эмас” деди. Ҳаяжонланишдан тўхташ мумкинми? Айниқса ҳаяжонлар даврида. “Асабийлашиш мумкин эмас” деди. Асбийлашмай бўларканми, асабингга болта урилиб турса?

Бир куни׃

-Мана шундан дори сифатида кунига 25 грамм ичиб турасиз. Ками фойда, кўпи ўлдиради,- деди у.

Ҳазил қиляпти десам, жиддий. Лекин нега “25 грамм” деб ҳайрон бўлдим. Энди билсам, бу “бир ютум” дегани экан. Америкада докторлар телевизорга чиқиб, очиқдан-очиқ ичкиликнинг “бир ютуми” фойда деб гапиришади.

Ҳаётимда ичишни ана ўша “бир ютум” билан бошладим. Умумиятла шундан оширмадим. Нима бўлдию “бир ютум”га “бир пачка” сигарет ҳам қўшилиб кетди.

Туркияга келганимда юрагак ухлатмай қўйди. Ўзимдан ўтганини ўзим билардим, Худо биларди.

Истанбулда раҳматли Боймирза Ҳайитнинг тутинган жияни бор. Исми Айфер. Шунга айтдим. У бир докторга бошлаб борди. Текширди. Кейин юракнинг ичига камера юбориб, суратлар олди. Битта томирда тиқаниқ бор экан. Аммо касалхонанинг пули осмону фалакда. Бўлгани бўлар дедим. Лекин бўлмади. Топган-тутганни, қарзу қаварни қўлтиқлаб касалхонага бордим. Тиқаниқни портлатиб томирни тозалашди. Охирида׃

-Икки йил умрингиз қолган,-деди доктор гапни айлантириб. Халестерин тўрт юздан ошиб кетибди. Биз фақат парҳезни маслаҳат қиламиз, Америкада “Липитор” деган дори чиққан, Туркияга етиб келмади ҳали. Сигарет чекишни ташламасангиз икки йил ҳам кўп.

Хафа бўлдим. Болалар ёш. Орзулар катта. Ўша кун “Бас, сигарет чекмайман!” деб ўзимга сўз бердим. Қутулдим. Бугунгача чекканим йўқ.. Лекин ўша доктор ҳам “бир ютум”дан отиб туринг, деди. Шунинг учун бунисидан қутулишим қийин бўлди, вақт олди.

Америкага келишим билан яна касалхонага тушдим. Кардиолог докторлар ҳар куни ҳар турли машинада текширишди. Охири “атом синови” деган жойга бордик. Битта хонада бир ўзим, юрагим устида машина айланиб турибди. Хона қоп-қоронғу. Ҳар ўн саккиз мунутда (нима учун 18, билмайман) хабар олишади. юракнинг уриши бутун хонага эшитилади׃ “Гум”.., “гум”.., “гум”…. “Гуп” эмас “гум”. Санай бошлайман. 16-17та “гум”дан кейин бирдан дунё қоронғу бўлади. Юрак тақа-тақ тўхтайди. Ўлдим деб ўйлайман. Лекин бир сониядан кейин яна юриб кетади. Буни юрак уришидаги узилиш дер экан.

Бугунгача бу машинага 7-8 марта рўпарў бўлдим. Ҳар сафар юрак тўхтаб қолганини сезганимда сония худди бир йилга тенгдек туюлади.

Адашмасам икки йил аввал эди, юрагим кетма-кет икки уришни четлаб кетди. “Гум”.., “гум”.., “гум”…. ва бирдан сукунат. Гўё уммоннинг тубига тушиб кетади одам. Тушиб кетаверади… кетаверади… орадан йиллар ўтгандек туюлаверади. Кейин бирдан тепага отилиб, ёруғ дунёга чиқади׃ “Гум”.., “гум”.., “гум”….

Айтмоқчи, “Липитор” ёрдам берди. Кейин шунга ўхшаш бошқа дорилар ҳам чиқди. Тибдаги инқилоб дейишди буни.

Бу орада парҳезга ҳам эътибор қилишим керак бўлди. Лекин ўзбекчилик – алов, сомса, мантини чеклаб бўладими? Хуллас, яна доктор, яна касалхона.

Гапни докторим анализларни кўриб, васият ёзишимни ва икки ой умрим қолганини айтганидан бошлагандим. Ваҳимага тушмадим десам ёлғон бўлади. Ўйладим. Жасадимни Ўзбекистонга қўймаслигини ҳам ўйладим. Раҳматли Абдуманноп Пўлатов ўлишини билгандан кейин нега Каримовга хат ёзганини ҳам тушундим. Лекин иблисга хат ёзолмадим.

Унда нима бўлади? Қабрим биз яшаган жойлардан бир неча юз километр олисликдаги ўрмонлар ичидаги қаровсиз мозорда қолиб кетадими?

Жасаднинг қаердалиги муҳим эмас, руҳ барибир уни тарк этади, деган ҳикмат ҳам таскин бермади. Оиламни, болаларни ўйладим. Улар қандай қилиб қабримни топиб борадилар?

Атрофимиздаги қабристонларни кездим. Бир қарич ер бир неча минг доллар турар экан.

“Миллий хотира парки” деган қабристонга бордим. Ўзбекмиз, осилсак баланд дорга осиламиз.

Қабристон жуда катта экан. Машинада айландик.

Бир қисмида тошсиз кўмилганлар…

Бир қисмида кичкина тошга рухсатлилар.

Кейин динлар бўйича ажратилганлар…

Узоқдан энг кўп ва энг катта тош қўйилган қисмни кўришимиз билан шу мусулмонларники деб ўйладим ва тўғри бўлиб чиқди.

Қабристонда махсус гўр сотувчилар бор экан. Ҳа, ҳа, расмий гўр сотувчи.

Рекламалари ҳам зўр׃

”Қуёш чиқадиган томон…”

“Оқ уй томон…”

“Тепалик ёки пастлик…”

“Йўлга яқин…”

“Йўлдан узоқ…”

“Якка гўр…”

“Қўш гўр…”

“Хилхона…”

Хуллас, нархлар ўзгариши учун сабаблар талайгина.

-Қани Оқ уй кўринмаяпти-ку?- десам׃

-Дарахтлар тўсмоқда, қишда кўринади,-дейди.

Ўлгандан кейин Оқ уйни кўрдинг нима, кўрмадинг нима? Лекин инсон боласи ҳамма нарсага қизиқади. Барибир шу Миллий боғдан кредитга-америкачасига қарзга хилхона сотиб олдим. Нима бўлганда ҳам номи қабристон эмас, боғ экан-ку!

Шунақа гаплар… Икки йил дейишганди, йигирма йил яшаб қўйдим. Икки ой деганига ҳам мана икки йил бўлди.

Ҳозир юрагимнинг тўхтаб қолишини фақат атом машинаси хонасида эмас истаган жойда сезиб тураман. Бир-икки “гуп”ни унутса ҳам вужудимга қон етказиб беришни унутмайди. У мени овутади, мен уни овутаман. Шундай қилиб бир-биримизни тортқилаб юрибмиз. Раҳматли онам 42 ёшда, дадам 47 ёшда оламдан ўтганларини айтсам, докторнинг эси чиқиб кетади. Кейин гап орасига бобом 94га кирганларини, у ёшга етолмасам ҳам ўша томонга қараб кетаётганимни қистирсам жилмайиб қўяди.

Юрагим орзуларим томонига, бобо манзилга етаклашга қарорли. Мен-чи? Юрагимни тортиб юришга қарорлиман-ми? Қарорли кўринаман. Докторлар эса чўчитгани чўчитган. Лекин гап докторда эмас, гап сижжили Холиқда. Шундай экан, бу гапларни нега ёздим?

Бугун кечаси ой тутилди. Зулмат келган эмас. Аксинча зулмат чекинди. Қамари само бу кеча аввалига тўп-тўлин эди. Кейин гўё иккига бўлинди-ярми Сафо тоғининг устида, қолган ярми Қайқаон тоғининг тепасида. Кейин яна бутунлашиб қип қизил бўлди – Шамси Саттор каби.

Америкада чорак асрда бир такрорланадиган бу тўла тутилишни “Қонли ой” дейишади.

Одамлар тўқиган ривоятлардан бирида айтилишича, ўзини борлиқнинг юраги деб ҳисоблаган Ой бу пайтда онийдан тўхтаб қолиб, кейин яна йўлида давом этаркан.

Албатта, давом этади, чунки Сижжили Холиқдаги ҳукми шундай. Демак, Ой тутилиб туради…Қуёш тутилиб туради.. Шундай экан, юрак ҳам тутилиб туради-да.

“Бошқа дунё” туркумидан

15 апрел, 2014 йил.

Jahonnoma

http://www.zamondosh.com/2014/04/16-jahongir-muhammad-yurak.tutilishi.html#more