Apr 032014
 

 

Бу сарлавҳани бекорга қўймадик. Гап шундаки, бизнинг Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Наманган вилояти бўлимига, 1 кичик туман, 65 уй, 55- хонадонда яшовчи Ильясов Улуғбек унинг қонуний хуқуқларини химоя қилишимизни сўраб мурожаат қилди. Уни айтишича , кейинги пайтларда Наманган вилоятида фирибгар, товламачилар кўпайиб кетиб, баъзи амал курсида ўтирганлар орасида қонунни оёқ ости қилувчилар борлигини айтиб ўтди.

2010 йили Улугбекнинг биродари фуқаро Мансуров Аброр Зокирович – Наманган шаҳрида жойлашган “Чорсу” даҳаси атрофида аҳолига хизмат қилувчи Пайнет очиб иш олиб борамиз деб фирибгарлик йўли билан 1000 АҚШ доллари миқдорида пул олган экан. Орадан анча вақт ўтиб ишдан дарак бўлавермагач, Улуғбек Абрордан берган 1000 $ АҚШ доллари қайтариб беришни талаб қилган экан. Аммо Аброрбек эрта индин деб турли баҳоналар топиб алдаб пулини қайтариб бермаган экан.

Охир оқибат пулини оломай сарсон саргардон бўлиб юриб у Мансуров Аброр устидан Наманган шаҳар жиноят судига шикоят аризасини ёзади. Суд Мансуров устидан жиноий иш очиб амнистия қўллаб ишни Наманган шаҳар фуқаролик судига юборади. Наманган шаҳар суди Ильясов Улуғбекни фойдасига ҳал қилиб , ишни Суд департаментига юборади. Суд департаменти бошлиғи Баҳтиёр Қўзиев ва ижрочи Казаков Зоҳиджонлар унинг ишини 1 ой муддат ичида Мансуров Абрордан берган пулини қонуний йўллар билан ундириб беришини маълум қилишади.

Мана 4 йилдирки Улуғбек Ильясовнинг ишини қонуний йўллар билан ҳал қилмай келмоқдалар. Фуқаро У.Ильясовнинг бизга маълум қилишича, жорий йилнинг 25 март куни Наманган шаҳар суд департаменти ижрочиси Казаков Зохиджонни олдига қонуний ишларини сўнги маротаба ҳал қилиб беришни сўраб борганида, Казаков З. Мансуров А.ни уйида баҳоси тахминан 1.724.940 сўмлик темир терсак борлигини бу темир терсакка агар у мизож топиб берса шу пулни унга беришини айтган.

Улуғбек шунда ҳам рози бўлиб, иккита мижоз топиб беради. Аммо мижозлар темирнинг эгаси Мансуровнинг қўл телефонига қўнғироқ қилишганида унинг телефон рақами ўчирилганлиги сабаб, мижозлар норози бўлиб кетишади. Хуллас , Улуғбекнинг қонуний иши 4 йилдан бери талвасага солиб келинмоқда экан . Боз устига унинг оиласининг молиявий аҳволи оғир, ҳар сафар идорама идора юраверганидан соғлиғи оғирлашаётганини бизга маълум қилди.

Конституциямизнинг Давлат суверенитети 2 моддасида “ Давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқаролар олдида масъулдирлар” деб ёзилган. Мана қарийб 4 йил ўтибдики Улуғбекнинг ёзган шикоят аризалари бажарилмай келмоқда экан. Албатта Улуғбекнинг ишига ўхшаш ишлар кўп аммо шундай бўлса ҳам қонунни назар писанд қилмай ўз ишига совуққонлик билан қараётган суд департаментидаги баъзи мутасаддилар қачонгача Улуғбекка ўхшаган фуқароларнинг ишини бажармай келишаркин. Ўзбекистон ОАВларида “Қонун устуворлиги” хақида турли хил кўрсатувлар, мақолалар, хабарлар чоп этилиб, Қонун устуворлигига эришилаётганлиги ҳақида бонг урилаверади. Лекин амалда эса тескари бўлаётганлигини кўраяпмиз-ку.

Зоҳиджон  Зокиров
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Наманган вилояти бўлими раиси.

3апрель, 2014-йил.