Apr 042014
 

 

 

Малохат с дочерью Зархала

Малоҳат Эшонқулова қизи Зарҳала билан бирга.

Мен онамдан мухолифатчи бўлим туғилмагандим.

Жамиятдаги ноҳақлик мени шунга мажбур қилди – ўзимни мухолифат сафига уришга ундади.

Мухолифат орасига оралаб-да, нечоғлик урунмай ҳали ҳамон бирор бир ишни қойилмақом қилиб қўйишга улгурган эмасман, бунингдек шарафга мушарраф бўлишимизга  йўл беришмайди, индамайгина жим қараб туришмайди ҳам…

Зеро, гарчи то шу чоққача “қўлимда қурт ҳам ўлмаган” бўлса-да, негадир режим мени сиқувга олгани-олган.

Ана шу мақсадда мени жамиятдан тамомила изоляция қилишга муваффақ бўлди.

Бунинг аъзоби нима эканлигини Каримов режимининг босимлари кекирдагига келган мухолифат намоёндалари жуда яхши билишади.

Мен инсоният, ҳуқуқ фаоллари, мухолифат вакиллари, миллат жонкуярлари ўз эътиборларини асосий бир нарсага қаратишларини истардим: шахсан мен “организмга секин таъсир кўрсатувчи заҳар орқали мени оғулашган” деган шубҳадаман.

Ва айни дамда ўша шубҳаларимга аниқлик киритиш ҳаракатидаман.

Ишончли тиббий кўмак сўраш борасидаги мурожаатим менинг саломатлигимни асраб-авайлаш йўлидаги уринишим эди…

Инсон сифатида ўз саломатлигимдан ташвишга тушишга, қайғуришга ҳаққим бордир?

Яхши тушунаман, Ёдгор Обид ҳам, Надежда Атаева ҳам менинг айни дамдаги соғлиғим юзасидан истаганларича ўз шубҳаларини баён қилишга ҳақлидирлар.

Бироқ, менинг айтмоқчи бўлганим, тажрибали инсон ҳуқуқлари намоёндалари менга айблов ортмоқлашга бу қадар шошилишлари яхши эмас-ов…

Сабр қилишса, шу кеча кундузда замонавий ва ўта ривожланган тиббиёт Ёдгор ака ва Надежда Атаевалар қўлига мени қоралашга ҳуқуқ берадиган тиббий хулосани тутқазишган бўларди. Ҳарҳолда, ўз саломатлигидан ташвишга тушаётган шахс сифатида шахсан  мен ана шундай мазмундаги тиббий хулосадан умид қиламан.

Ҳафтача бурун бир ҳамкасбим “Мабодо, элчихона тиббий кўрикдан ўтказган тақдирда, шубҳаларингиз тасдиқланмаса, заҳарланмаган бўлсангиз, эл олдида туҳматчига чиқиб, шарманда бўлиб қолишдан қўрқмайсизми?” деган мазмунда савол берганди.

Одамларнинг менга ачиниш ва ё шубҳа нигоҳи билан қарашлари, менга ҳайриҳоҳ бўлишлари, ёинки туҳматчи дея қоралашлари бу- мен учун энг сўнгги – тўққизинчи, ўнинчи – энг охирги ўринларда турувчи муаммоли масала ҳисобланади. Мен учун айни дамда бир нарса муҳим: соғлиғимнинг қай даражада эканлигига аниқлик киритиш муҳимроқ. Заҳарланмаган бўлсам, янада яхши. Бундан хурсанд бўлган бўлардим. Муҳими, мен “Заҳарланган бўлсам-а?” деган шубҳаларимдан халос бўлиб олишим керак” деган мазмунда жавоб қилгандим.

Чунки ҳар қандай касаллик инсон руҳиятининг ҳолатига вобаста эканлигини биласиз.

Шу сабаб “Заҳарлашган бўлишлари мумкин” деган шубҳаларимга аниқлик киритсам, имкони бўлса, шубҳаларимни инкор қиладиган тиббий ҳужжатни қўлга киритсам дегандим.

Ҳой, яхшилар: мен бир нарсага, ўз мурожаатимдаги матн мазмунига жавоб бераман, холос.

Мен ўз мурожаатимда “Дод, мени оғулашди. Бу аниқ. Бунга далилим бор” деб жар солган эмасман. “Тақиблар кучайиб кетган. Мени заҳарлашган бўлишлари мумкин. Ана шундай шубҳадаман…. Қизиғи, ҳеч қаерим оғримайди. Бироқ, кундан-кунга силлам қуриб, ҳолдан тойиб, болишдан бошимни кўтара олмасдан, қовжираб-қуриб бораяпман” деган мазмунда арз-дод қилганман.

Мободо, менинг ҳақиқий ҳолатимдан огоҳ бўлган, мени кўрган айрим ҳамкасбларим “Эшонқулова ўлим тўшагида. У ўлим билан олишмоқда. Эшонқуловани аниқ заҳарлашган” деган хулосага келишган ва интернет сайтларида ана шу ғояни илгари суришган бўлса, мустақил журналистларнинг – ҳамкасбларимнинг тўхтамлари учун мен жавобгар эмасман.

Ёдгор Обид ва Надежда Атаева менинг “шантаж” қилаётганлигим ҳақида ўз фикрларини баён қилишга не чоғлик ҳақли бўлсалар, ўзга ҳуқуқ фаолллари, мустақил журналистлар ҳам мен ҳақимда кўрган-билганларини очиқлашга  ҳақлидирлар деган фикрдаман.

Қизиқ бир ҳолат: Ўзбекистон ичкарисидаги ҳуқуқ фаолллари, мухолифат вакиллари қўлидан келса-келмаса, уддасидан чиқса-чиқмаса, баҳоли қудрат мавжуд режимга қарши ўз овозини баралла чиқаришга уриниб келишмоқда. Ва бу “хизмат”лари учун амалдаги ҳукумтадан ўз “насибаларини” ҳам олишмоқда.

Бир нарсани тўғри тушунинг, Ўзбекистон ичида курашга киришган саноқлик инсонлар амалдаги ҳукуматдек катта кучга қарши чиқишга уринишмоқда.

Тўғри, амалдаги режим ич-ичидан чириб битган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, Каримовчиларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаган тақдирда ҳам, Ўзбекистон ичкарисидаги ҳур фикрли инсонларнинг овозини ўчиришга, уларни жисман йўқ қилишга ва ё қамоққа тиқишга қурблари етади, ишонаверинг.

Тушунинг, режим қўлида биз кабиларни янчиб ташлаш учун барча имконият мавжуд: ҳарбий куч, ички ишлар, куч ишлатар тизимлар, МХХчилар, саноқсиз қамоқхоналар, “одил” судловлар, прокуратура… маҳалла йиғинлари, мухолифат ичига низо солиш илинжида ташланган “қулоқ”лар (ва ҳокозолар…) – ҳамма-ҳаммаси Каримовчилар қўлида. Бизни пашшадек эзғилаб ташлаш учун УЛАРда ҳамма нарса етарли – устунлик рақиб томонда.

Демоқчиманки, шу маънода, айни дамдаги курашда, мамлакат ичидаги мухолифатчилар билан амалдаги ҳукумат ўртасидаги кучлар тенг эмас, кучларимизда жуда катта номуттаносиблик мавжуд.

Аниқроғи, Каримов режими билан курашиш учун бизнинг қўлимизда ҳеч нарса йўқ, ҳатто кучимиз ҳам.

Лекин минг қатла шукурки, бизнинг якка-ю ягона умидимиз бор: яъниким бизнинг бу курашдаги  ягона қуролимиз, битта-ю битта қалқонимиз сўз эркинлигига имконият яратиб берган ҳорижда фаолият юритувчи  интернет сайтларидир.

Тан олишим керак, айнан ҳорижда фаолият олиб борувчи ана шундай сайтларнинг шарофати туфайли Ўзбекистон ичкарисидаги ҳур фикрли инсонлар, ҳуқуқ фаоллари, мухолифат вакиллари маълум маънода, ҳа, маълум маънода хатардан ҳоли.

Ҳорижий сайтларда эркин сўз айта олиш “мандати”, овозимизни дунё ҳамжамиятига етказишдек имконият Ўзбекистон ичкарисидаги менинг каби инсонларнинг ягона юпанчи, суянчиғи, ишонинг.

Мени тўғри тушунинг, мен ана шу ҳимоя қалқоним – бошимизда соябон вазифасини ўтовчи ягона умидимиз – ҳорижий сайтлар орқали ҳаётим муқаррар хавф остида қолган бўлиши мумкинлиги ва мени оғулашган деган шубҳаларим устивор эканлиги хусусида жар солдим ва ишончли  ИШОНЧЛИ тиббий кўмак истадим.

Дунё ҳамжамиятини Ўзбекистонда кечаётган айни ҳақиқатлардан, жараёнлардан огоҳ этишга интилдим.

Бор йўғи – шу.

Эвазига эса, Ёдгор ака, сиз нима қилишга уриндингиз?: мени ягона қалқоним – ҳорижда фаолият юритаётган интернет сайтларидан фойдаланганим учун мунофиққа чиқариш истагида ўртандингиз. Мени ана шундай биргина ҳимоя воситамдан ҳам мосуво қилишга ошиқдингиз.

Айтингчи, модомики, биз – Ўзбекистон ичкарисидаги – олов ўртасидаги одамлар ҳорижий интернет сайтларида овоз чиқариш ҳуқуқини қўлдан чиқаргудек бўлсак, асл ҳақиқат ҳақида айтишдан маҳрум этилсак,  мамлакатимизда фаолият юритаётган элчихоналар, дипломатик корпус вакиллари кўмагига суянмасак, улардан лоақал ишончли тиббий кўмак ҳам сўрай олмасак, Сиз кабиларга таянмасак – у ҳолда кимга суянишимиз керак?! Нимага умид боғлаб яшашимиз лозим? Ёлғизгина Худогами?

Ёдгор ака, яхши, сиз айтгандек мен “шантажчи”ман ҳам дейлик.

Сиз тахмин қилганингиздек, ҳорижга чиқиш истагида дунё офгор оммасини лаққиллатишга тиришдим ҳам дея фараз қилиб кўрайлик.

Бироқ мен олий маълумотли аёл сифатида бугунги замонавий тиббиёт нималарга қодир эканлигини биламан-ку, акажон!

Агарда, ҳорижий элчихона вакиллари мана шу бесамар баҳсларга чек қўйиш истагида менга ишончли тиббий кўмак кўрсатгудек бўлса, нари-бериси бир соатнинг ичида менинг заҳарланган ёки оғуланмаганлигимни, бетоб ёки соғлигимни, ростгўй ёки мунофиқлигимни аниқлаб олишади-ю?

Мабодо, танам заҳарланмаган бўлса, демакки, мен ўз-ўзидан, ҳамкасбим савол берганидек ва сиз кабиларнинг таъбирингизга кўра,  дунё наздида туҳматчига чиқаман –қоламан.

Бу – дегани – мен ўзимнинг ўйламай қилган қалтис  ҳаракатим оқибатида ҳорижга чиқиш имкониятимни йўққа чиқардим дегани эмасми? Агар касаллигим ҳақида гап тарқатишдан менинг асосий муддаом хорижга чиқиш дарди бўладиган бўлса, нега энди мен бетоблигим хусусида сохта хабар тарқатиш орқали чет элга бориш борасидаги  бор-йўқ имкониятимни ҳам ўз қўлим билан йўққа чиқаришга уринишим керак?

Ёдгор ака, мен Атаевани танимайман.

Лекин сизни ёзган шеърларингиз орқали озми-кўпми, биламан. Чунки ижодкорнинг ички олами – истайдими-йўқми, ёзганларида акс этиб туради.

Сиз сермулоҳазали шахс сифатида, аввало, масала моҳиятини чуқур таҳлил қилиб кўришингиз, тиббиёт хулосасидан кейингина ўз фикрингизни баён қилганингиз – ҳолис ва ҳаққоний бўларди деган фикрдаман….

Биргина Исоқова мени кўриб кетганлари рост. Бироқ Ўзбекистондан туриб сизни ғийбатлар ўқига нишон қилган “суюнчихўрлар”, ишонинг, бир қадам бўла туриб, менинг ҳолимдан хабар олмаганлар… Мабодо. Улар Исоқова каби номига бўлса-да мени кўриб, кейин “ташҳиз” қўйишганларида ва шундан кейингина ҳақиқий аҳволим хусусида сизга хабар беришганларида  эди адолатлироқ бўлар эди… Нима дедингиз, бу масалада  мен ҳақманми?

Ёдгор ака, аёл сифатида, она ва оилали шахс сифатида менга мустақил журналист ва мухолифат вакили бўлиш осон эмас.

Ака, мен айни дамда “тройной” ударни қабул қилишга маҳкум этилмоқдаман.

Бир томондан Каримов режимининг тепкисини есам, иккинчи томондан, сиз каби мухолифат вакилларининг турткиси таъмини таътишга мажбур бўлмоқдаман. Учинчидан эса, танамдаги мавҳум дард билан курашишим керак бўлаяпти – “Заҳарланиб қолган бўлсам-а?” деган шубҳалар азоблаб, қўймаяпти…

Ёдгор ака, худди мана шунга   – “двойной,  “тройной удар” дейишади…

Акажон, куни кеча мен шуни ҳис қилдимки, энди мени Каримовнинг заҳри ўлдирмаслиги аниқ. Мени ҳориждан қўним топган сиз кабиларнинг ишончсизлиги ўлдириб қўйиши муқаррар….

Халқимизда “Бўғдой нонинг бўлмаса ҳам, бўғдой сўзинг бўлсин” деган ибора борлигини мендан-да яхшироқ биласиз.

Оғир дамларида бир заифага ҳамдардлик кўрсатиш наҳотки шунчалар мушкул бўлса?

Мен сизларни биламан: Бирор бир инсон ҳақида илиқ сўзларни айтишингиз, инсонни одамийлик жиҳатларини эътироф этишларингиз учун ўша шахс, албатта, қазо қилиши, жон таслим этиши керак.

Биз ўзбекларга инсоннинг ўлимидан кейингина “Раҳматли, хўп ажойиб инсон эди” дея билса-билмаса илиқ сўзлар билан хотирлаш урф бўлган…

Ёдгор ака, инсон юрагига тиғ жароҳатидан кўра, тил жароҳати чуқурроқ кириб бориши ва тузатиб бўлмас яра ҳосил қилишини ижодкор сифатида жуда яхши биласиз.

Шуни билиб-да, менинг руҳий зарбалар оқибатида оламдан ўтишимни истайсизми?

Шундай ҳам бўлди дейлик… Бу айнан сизга нима беради?  Айтингчи, Ёдгор ака, ҳақиқат дея айнан ҲАҚни инкор қилишдан сизга не манфаат?

Буни билиш мен учун жудаям муҳим…

Айтинг, агарда ростанам, менинг шаримсор бўлишим ва азият чекишим, руҳий изтиробларим сизга бирор бир манфаат келдирадиган бўлса, биз учун, ўзбекнинг эртаси учун ватангадоликдек оғирдан-да оғир  қисматига маҳкум этилган, ўзбекни дея ғам чекиш ортидан юрт соғинчида адо бўлишдек машаққатли оғриқларни бўйнига олган  сиздек эл шоири учун ҳар қандай туҳмат, ҳақорат ва руҳий қийноқларга кўксимни қалқон қилиша кўнаман, жон деб рози бўламан, Ёдгор ака…. Фақат бунга Сиз кўнсангиз, кўксингиздаги кўнгил кўнса, бўлгани…

Мен ушбу чиқишимда Исоқованинг номини атай тилга олишни истамадим… Негаки, бу аёл билан ўз ҳисоб-китобларимиз бор.  Шу сабаб опа ҳақида ҳар қандай сўз айтишдан, ҳозирча тийиламан.

Надежда Атаеванинг М. Обутовга берган интервьюси масаласига келсак: мен Атаеванинг асл мақсадини мутлақо тушуна олмадим.

Надежда Атаева менинг “алдоқчи” эканлигимни исботлаш орқали нимага эришишга интилаяпти, буни ҳатто ўзиям тушуниб етмаса керак…

Атаеванинг Г. Бухарбаева ва ё Баҳодир Чориев билан ўзаро ҳисоб-китоблари бўлса, менда не гуноҳ, тушунмайман…

Ўзаро ихтилофлар туфайли мени – бир аёлни бадном қилиш инсофли одамнинг иши деб ҳисоблайсизми?

Барака топгурлар, менга “Бирдамлик”чи нигоҳи билан қараманг,  Менга “Оддийгина Ўзбекистонлик бир аёл” сифатида қаранг, ўтинаман сизлардан, ўшанда ҳаққоний ва холис фикр юритишларингиз осонроқ бўлади…. Ана шундагина виждонларингиз қийналадиган ишга қўл уришга мажбур бўлмайсиз…

Нима бўлган тақдирда ҳам кўзимни очиб қўйганингиз, ҳаёт дарсидан салмоқли сабоқ берганингиз учун ташаккур Сизга, Ёдгор ака.

Фақат биргина илтимосим, менга қўллаган усулингизни Ўзбекистон ичидаги ўзга бир наинки аёлга, ҳатто эркак кишиларга ҳам қўлламанг, илтимос қилиб сўрайман сиздан. Бу ердагиларга осон тутманг…..

Ҳамиша саломат бўлинг.

Танангиз дард нима билмасин.

 

 

http://birdamlik.info/blog/2014/04/03/малоҳат-эшонқулова-ўзбекистон-ичид/