Mar 292014
 

 

d185d183d180d188d0b8d0b4-d0b4-d18fd0bdd0b3d0b8-d180d0b0d181d0bc

Оғамиз Темур Хўжаўғли куни кеча «Алишер Навоий кимдир?» дея саволни ўртага чиқариб,шундай ёздилар: «Ўзбекистонда Алишер Навоийни «ўзбек шоири» деб танийдилар. Ўзбекларнинг Навоий ўзлариники деб деб билишларида янглишлик йўқ, тўғридир. Аммо, Алишер Навоийни «ўзбек шоири» деб билишлари янглишдир.

Чунки Навоий 15 асрда, ўзининг айтишича, «Турк» эди ва «Турк шоири» эди. 1920 йилга қадар Туркистонда Ўзбек миллий кимлиги тушунчаси йўқ эди, бироқ Ўзбек миллий кимлиги тушунчаси совет даврида яратилди. 1924 йилдан сўнгра ўзларини Ўзбек деб билган бугунги Ўзбеклар шак-шубҳасиз тозақонли Туркдирлар!«

Сўнгги бир неча кун ичида менга Темур оғанинг ёзмишларига ўз муносабатимни билдиришни сўраб, Ўзбекистон ва чет элда яшовчи фейсбукдаги даврадошларим, хусусан афғонистонлик ўзбек биродарларим кетма-кет мурожаат қилдилар. Шу сабабдан мен ўзимнинг субъектив фикрларимни билдириб ўтишни маъқул топдим.

Айтишим лозимки,ҳозир, бу ёзувларга киришишдан олдин, бор-йўғи бир кун олдин (ҳали Темур оғанинг ёзмишларидан бехабарлигимда) Озарбайжоннинг янги чиқажак «Китобчи» нашри томонидан берилган саволларга жавоб ёзарканман, «Сиз учун аъанавийликнинг асоси нима?» деган саволга » Мен учун аъанавийликнинг замини, энг аввало, туркий тилим ва халқим руҳининг бир қисми бўлмиш юрагимдир» деб жавоб ёзганимни эсладим.

Темур оға шахсан мен учун ойдин бўлган ҳақиқатни ёзган.Ҳақиқатан ҳам, 15 асрда «Ўзбек» миллий кимлиги тушунчаси бўлмаган ва улуғ бобомиз, айнан ўзларининг айтишларича, «Турк» эдилар,»Турк шоири» эдилар. Аммо, менимча, «Алишер Навоий ўзбек шоири эмас» ёки «Алишер Навоийни ўзбек шоири дейиш янглишдир» дейишнинг ўзи ҳам янглишдир.

Бугун нафақат ўзбеклар, қардош туркманлар «Алишер Навоий туркман шоиридир»,қардош уйғурлар «Алишер Навоий уйғурдир» деб ёзадилар. Алишер Навоийнинг туркий шоир эканлиги ойдин ҳақиқат бўлса, ўзбеклар, уйғурлар, туркманларнинг даъволарида ҳам маълум ҳақиқат борлигини рад этиб бўлмайди.

Ҳали интернет тизими энди Ўзбекистонга кириб келиб, мен ҳам бу оқимга қўшилганимда, кошғарлик бир қардошимиз «Навоий уйғур бўлса, нега сиз ўзбеклар уни ўзбек шоири дейсизлар?» деб менга савол бергани ҳануз ёдимда турибди. Ўшанда мен «Навоий бобомиз ўзбекникиям, уйғурникиям, аммо, у энг аввало, уни ўқиган, уни тарғибу тадқиқ қилганникидир. Бу масалада эса Навоий меники деган бирон бир халқ ўзбекчалик катта ва унумли ишлар қилмаганлиги рад этиб бўлмас ҳақиқатдир», деб жавоб берган эдим.

Устоз Эркин Воҳидов ҳам «Низомий туркми, форсми?» деган саволга «Ҳазрат Низомий қайси халқда кўпроқ ўқилса, ўша халқникидир» деб жавоб берганини эслайман.

Айни шу сабабдан, биз, ўзбеклар, мутафаккир бобомиз сўзига амал қилиб, «Алишер Навоий «Турк» эди ва «Турк шоири» эди» дейишга ҳам, бугунги юзага келган тарихий вазиятга биноан «Алишер Навоий «Ўзбек»дир ва «Ўзбек шоири»дир» дейишга ҳам ҳақлимиз ва бу асло янглиш эмасдир. Янглишлиги мен ёки Темур Хўжаўғлига нечоғли аён бўлмасин, кўп миллионли ўзбек халқи шундай дейиши янглиш эмасдир. Зеро, бу халқнинг асосий қисми мен ёки Темур Хўжаўғли билган гапдан бехабар, у «турк» деганда энг вввало, Туркияликларни назарда тутишини ҳисобга олмасдан иложимиз йўқ.

Қолаверса, бугун кунда «Турк» номи билан аталган, ўзини турк деб билгувчи Туркиялик қардошларимиз (зиёлиларни ҳисобга олмасак) ҳали ўзбек, қозоқ, хакас, татар ва ҳ.к. халқларини турк деб билиши учун етти қовун пишиғи бор. Ҳали 20 йилларда Мустафо Чўқай Туркияда бўлиб, «бу ердагилар Туркистонда яшовчи халқлар ҳам улар тилида гапишини мутлақо билмайди» деб ёзганини эсласак, ҳали бу масала кун тартибида тургани аён бўлади.

Туркия бугунги кунда Туркий оламнинг ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий жиҳатдан энг кучли мамлакатидир. Турклик ғояси Туркияда кучлидир, аммо мамлакатда мавжуд ғояларнинг олдида эмас, кейинидадир.

Бугунги дунё олдинги асрлардагидек, маърифий ғоя сарҳади эмас, бугунги дунё фақат ва фақат бизнес ва манфаатлар муҳорабаси ҳоким бешафқат оламдир. Бир ота-онадан туғилган ака-ука бизнес оламига кириши билан, энг аввало, фақат ўз манфаатини ўйлаганидек, омадли аканинг касод укасини эмас, ўз боласини ўйлаши табиий бўлганидек, Турк бирлиги деган шиорга қанчалик садоқатли бўлмасин, Туркия бирламчи ўз манфаатини кўзлайди. Ва бу мавжуд шароитда табиийдир.

Бутун Ғарб дунёси бир пайтлар Турк бирлигини рад этиб, уни сиёсий айблов даражасига кўтаргани оқибатида бу ғоя туркий халқларнинг бир ҳовуч (менга ўхшаган) зиёлисининг зарурати даражасида қолиб кетганини тан олмай иложимиз йўқ.

Вақту соати келиб, 1924 йилда содир бўлган хато тузатилса, Ўзбекистон номи Туркистон номига айланса, яна ярим аср кечиб, ўзбеклар ялпи равишда ўзини турк, туркий, туркистонли деб ҳис эта бошласа, Алишер Навоийнинг кимлиги ва кимга мансублиги масаласи ўз-ўзидан ечилади. Бу гапларни ёзиш билан бугун бирон бир ўзбек «Алишер Навоий «Турк» эди ва «Турк шоири» эди» деб айтмасин демоқчи эмасман.

Хуллас, Темур оғанинг фикри айни ҳақиқатдир, аммо, бу ҳақиқат ёнида мавжуд кунимизнинг ҳақиқатлари ҳам борлигини унутмаслигмиз керак . Демак, яна такрорлайман, улуғ бобомиз, айнан ўзларининг айтганларидек, «Турк» эдилар,»Турк шоири» эдилар» деганда ҳам, шунинг баробарида «Алишер Навоий ўзбекдир ва ўзбек шоиридир» деганда ҳам ҳақлимиз.

Муаллиф: Хуршид Даврон.

Манба: Хуршид Давроннинг  Фейcбукдаги саҳифаси.

2014 йил 26 феврал.

http://dunyouzbeklari.com/archives/65466