Mar 292014
 

 

Ислом Каримовга саволим бор…

Ислом Каримов номига минглаб очиқ хатлар, мурожаатлар ёзилган, аммо у бундай хатларга чивин чаққанчалик ҳам эътибор қилмайди. Лекин, барибир  халойиқ  неча марталаб мамлакатда  иқтисодий ночорлик , коррупция, порахўрлик, таъмагирлик, умуман олганда маънавий қадриятларимиз ер билан яксон қилинаётгани ҳақида жонини жабборга бериб гапирмасин  у бепарво.

Шу ўринда унча узоқ бўлмаган Ўзбекистон тарихидан бир даврни эсласак.

Андижон вилоятининг собиқ ҳокими Қобилжон Обидов билан фамилиядош бўлсамда, лекин  уни шахсан танимайман ҳам.

Аммо бу галги ёзаётганларимда унинг шахсини эслашга тўғри келди. Чунки Обидов Андижон шаҳри ва вилоят ҳокими лавозимини  йигирма йилдан кўпроқ  эгаллаб келди. Унга Каримов  “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони ҳам берди…

Ҳамма гап шундаки Қобилжон Обидов ҳам Ўзбекистоннинг ҳамма бошқа лавозимдорлари қатори  фаришта эмас эди. Шу боис ва энг асосий сабаб қилиб Андижон вилояти ҳокимлиги лавозимидан олинишига  унинг ўғли Улуғбекнинг қилмиш-қидирмишлари асосий сабаб қилиб кўрсатилди.

Ўшанда Ислом Каримов  Андижонга келди ва  халқ депутатлари  вилоят кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида нутқ сўзлаб, жумладан мазмунан шундай деганди:

“…Қобилжон Обидов жуда яхши раҳбар ва биз оилавий қадрдонлармиз, шунинг учун ҳам унинг хизматлари нечоғли катта эканлигини таъкидлаган ҳолда,  минг афсуски оилада  фарзандарига тарбия ва интизомда камчиликлар ҳақида унинг ўзига неча марта айтдим. Аммо тегишли хулоса чиқармади. Мана оқибати. Фарзанди жиноятчи бўлган одамнинг масъулиятли раҳбар лавозимини эгаллаб туриши мумкин эмас…”

Нега ўшандаги Каримов сўзларини эсладим. Биринчидан, киши бошқаларга  қайсидир бир жабҳада ваъз айтаркан, унга ўзи ҳам амал қилиши керак эмасми?

Кейингиси эса, президентнинг фарзандлари, хусусан тўнғич қизи Гулноранинг гапларига кўра Ислом Каримов Zamondosh  сайтини ўқир экан. Шу муносабат билан айтмоқчиманки,  Қобилжон Обидовнинг ўғли Улуғбек маҳаллий доирадаги зўравонликлари учун  судланди ва қамалди. Унинг отаси лавозимидан бўшатилиб, уй қамоғига олинганди ва гўё  ҳақиқат  қарор топгандай бўлганди. Ҳамма  қарсак чалганди. Шу ўринда Ислом Каримовга  бир саволим бор.

Хўш, халқаро миқёсда жиноятчиларнинг  учига чиққани, деб эълон қилинган Гулнора Каримованинг отаси бир мамлакат раҳбари бўлишга муносибми?

Ризо Обидов

http://www.zamondosh.com/2014/03/blog-post_6142.html#more