Mar 192014
 

 

 

Худо раҳмат қилсин, Ҳасан ота Чориевга, аввалига, маҳаллий ҳокимият томонидан  қабр қазишга рухсат берилмади. Бора-бора марҳум қарияга нисбатан ҳукумат қаршилиги авж олиб борди.

Гувоҳларга кўра, Шаҳрисабз шаҳар имом хатибларига марҳум Ҳасан отанинг жанозасини ўқиш маън этилган, маҳалла аҳлига таъзияга ўтиш таъқиқланган. Ҳатто Шаҳардаги жамики тобутлар маҳаллий ҳокимият томонидан “йиғиштириб олинган”.

Бир сўз билан айтганда, маҳаллий ҳукумат марҳумнинг жасадини таҳқирлашга тиришди. Бироқ…

Айтиш мумкинки, бунинг уддасидан чиқа олмади…

Ажабо, “авлиё”ликка иддао қилаётган Ўзбекистондек “ҳотамтой” ҳукуматнинг ҳеч бир кимсага зиёни тегиши мумкин бўлмаган бир марҳумни – Ҳасан ота Чориев жасадини жон-жаҳди билан таҳқирлашга тиришгани қизиқ…

Аслида, мен бу ҳақда ёзмоқчи эмасдим.

Негаки, буни мендан марҳумнинг оила аъзолари илтимос қилишганди.

Нега?

Негаки, «Уят – ўлимдан қаттиқ»  дейишади, ахир.

Ҳукумат томонидан марҳум жасадини таҳқирлаш билан боғлиқ бу машмашаларни  маҳалла-куй қандай тушунади, қандай талқин қилади?

Худди ана шу нарса кишини хавотирга солади.

Ҳаммамиз ҳам, алҳамдуллоҳ, мусулмонмиз ахир!

Шу боис ҳам Чориевлар оиласи орият ва адолат орасида аросатда қолишганди…

Шусиз ҳам марҳум оталарининг совуган танасини тупроққа қўя олмасдан қон қақшаган Чориевлар аламзада эди, дарду нуёлари қоронғу эди.

Мана шундай иложсиз ва имконсиз бир маҳалда уларнинг нимта-нимта қилинган кўнгил ярасига туз сепмай, дилларидаги алам ўтини оланга олдирмай дегандим. Шаҳрисабздаги Чориевлар оиласининг илтимослари, фикрларини ҳурмат қилсам девдим….

Мен Ҳасан Чориевнинг вафоти ҳақидаги хабарни 14 март куни кеч соат 21.30 ларда эшитдим….

Марҳумнинг қизи қўнғироқ қилиб, “Биз АҚШ билан боғлана олмаяпмиз. Отамни бериб қўйдик. Имкони бўлса, акаларимга хабар берсангиз” деди бўзлаб.

АҚШ билан боғланиб, нохуш хабарни етказишга мажбур бўлдим.

Таъзияга қачон ўтсак бўларкин?” маслаҳат солдим кекса фаолларимизга.

Негаки, мусулмончиликда тўйга бормасангиз, бормайсиз, лекин таъзия билдириш ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади.

Эртага чиқаришадиган бўлишса, шусиз ҳам тумонат одам бўлади. Биз худойисига борганимиз маъқул”  маслаҳат беришди маслакдошларимиз.

Фотиҳахонликка марҳумни ерга қўйган куннинг учинчи кунида боришга қарор қилгандик.

Лекин Шаҳрисабздаги маҳаллий ҳукумат режаларимизни чиппакка чиқарди.

Эҳтимол, сизга ёлғондир, лекин Худога чин, шахсан мен марҳум Ҳасан Чориевга қабр қазишга изин берилмаётганлиги ҳақидаги совуқ хабарни 15 март куни “Озодлик” радиосининг кечки эшиттиришлари  орқали эшитдим.

Бу пайтда мен оилам даврасида  ўтиргандим.

«Озодлик» ни эшитгач, масалага ойдинлик киритишга киришдим. Бироқ, мусулмончиликда, биласиз, отаси оламдан ўтиб, болалари бўзлаб қолган хонадон билан боғланиш, қайғуга ботган одамларни безовта қилиш ўта ноқулай.

Шу сабаб АҚШ билан, Баҳодир Ҳасан билан боғланишга тўғри келди.

Гўрков отамга қабр қазишдан бош тортаётганмиш. Худойига бораман деб сафарни ортга ташлаб ўтирманг, имконингиз бўлса, шу бугуноқ йўлга чиқинг.  Оиламиз бошига мусибат тушганида, жудолик аламини улар билан бирга-бирга тортиш, елкадош  бўлиш имкониятидан маҳрумман, биласиз. Ўрнимизга имкон қадар оила аъзоларимиздан кўнгил сўраб, далда бериб туринг” деди Баҳодир Ҳасан.

Бироқ, йўлга чиқа олмадим. Негаки, бу пайтда 15 март тунги соат 21 лардан ўтган эди.

16 март куни тонгги соат 7.00 ларда Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов билан Шаҳрисабзга – дафн маросимига йўл олдик.

Бизни Сирдарёда яна бир ҳамроҳимиз кутарди.

Аксига олиб биз ўтирган такси ҳайдовчисини ҳали Тошкент ҳудудини тарк этмасимизданоқ йўлда ДАН ходимлари тўхтатишди.

Ҳайдовчи ҳужжатларини олди-да йўл-патрул пости ходимларининг “кулбачаси” томон шошилди.

Минг афсуски, такси ҳайдовчиси қайтиб келгач, некция машинасини қайта ўт олдираолмади. Узоқ масофага қатнайдиган киракашнинг машинаси носоз, нобоп чиқиб қолди….

Бошқа  бир йўловчи машиналарнинг бирортасига чиқиб кетайлик десак, аксига олиб битта ҳам машина бўш келай демайди. Барчасида одам тирбан.

Ортга, Бек-Барака бозори қаршисидаги Қашқадарё таксилари тўхтайдиган жойга қайтайлик десак, масофа олис, “бор-кел” қилиб, вақтдан бой беришимиз, натижада соат 14.00 га белгиланган жанозага улгурмай қолишимиз эҳтимоли устун эди.

Биз ўтирган машинанинг айнан ДАН пости ходимлари “текшир-текшир” қилган чоғида  бузилиб қолиши тасодифмиди ёки уюштирилганмиди, тиқилинчда буни таҳлил қилиб ўтиришга на истак ва на фурсат йўқ эди, вақт ниҳоятда тиғиз…

Хуллас, машина носозлиги  бизнинг ярим соатча йўлдан қолдириб юборди.

Барака топгур ДАН ходимлари Ш. Рустамов билан мени ҳали давлат рақами олинмаган яп-янги қоп-қора рангли «Chevrolet Cobalt» – шевроле кобальт русумли машинага ўтқазиб юборишди – катта кўмак беришди.

Йўл-йўлакай Сирдарёдаги ҳамроҳимизни олиб, йўлда давом этдик.

Самарқанднинг “Улуғбек” постига етганимизда Баҳодир Ҳасандан қўнғироқ бўлди.

Унинг овози ниҳоятда ташвишли –таҳликали эди.

– Сиз ҳали ҳамон имиллаб йўлда юрибсизми? Мен кеча сиздан нима деб илтимос қилгандим? Йўлга кечаси тушушларингиз керак эмасмиди? Оила аъзоларимиз саросимада. Муаммо ҳануз ҳал этилмаган. Отамга ҳалигача қабр қазилмаган. Шундай оғир пайтда онамнинг олдида бўлиб туринг демаганмидим? Шуми оқибат?! – ўпка қилди Баҳодир Ҳасан қайғули  оҳангда.

Бу пайтда соат миллари 12.00 га қараб кетарди… Самарқанд билан Шаҳрисабз ораси бир ярим соатлик масофа.

Марҳумга ҳамон қабр қазилмаганлиги ҳақидаги хабарни эшитгач, масала мен ўйлагандан жиддийроқ эканлигини ҳис қилдим. Юрагим тошиб, сиқилиб қолдим.

Дарҳол Ҳасан отанинг фарзандлари билан боғланарканман, вазиятни суриштирдим…

– Йўқ, ҳалиям қабр қазишга рухсат беришмаяпти. Сабаби номаълум. АҚШдан укаларим етиб келишсин, оталарини дийдорини охирги бор кўриб қолишсин деган умидда ноиложликдан майитни икки кеча ушлаб туришга мажбур бўлгандик. Наҳотки, отам учинчи кеча ҳам қабрга қўйилмай, уйимизда меҳмон бўлса?  Ҳалиям Худонинг ўзи қарашди бизга, серёмғир бўлиб, ҳаво салқин бўлди. У кунлардагидек ҳаво ҳарорати қизиб кетганида, ҳолимиз хароб бўларди, отамни мурдасини икки тун асрай ололмасдик…. Отамизни учунчи кун ҳам қабрга қўя олмаслигимиздан қўрқаяпман, – йиғи аралаш деди телефон ортидаги овоз.

– Вафот этганлик ҳақидаги маълумотнома олиш учун керакли барча идораларга мурожаат қилдингизларми ўзи? Сизларнинг ҳолатингизда барча мурожаатлар ёзма бўлиши шарт. Имкони бўлса, иккинчи нусхасига имзо чектириб олдириш керак. Биласиз-ку, маҳаллий ҳокимият  бу тихирликларини кейинчалик тан олмай, тониб ўтиришдан ҳам тонишмайди, – дедим.

-Эй-ййй, Малоҳат опа, Сиз нималар деяпсиз? Ҳозир биз қоғоз қалам қиладиган аҳволда эмасмиз? Ўлим бўлган хонадонда ким ёз-чиз қилиб ўтиради? Бу ерда ўйин бўлаётган эмас, отам жон берган. Уларни жойига қўйишимиз керак. Борилмаган идора қолмади. Қариндошлар, укаларим Чоштепа, Тутзор маҳалла раисларига учрашишди, фойда бўлмади, шаҳар шифохонасига ҳам боришди, шаҳар прокуратураси, ички ишлар идораси, ҳатто Миллий Хавфсизлик Хизмати биноларигача бориб келишди. Бугун якшанба, бошқа ташкилотларга шанба-якшанба иш куни эмасди. Қайси ҳукумат ташкилотида навбатчи бўлса, ўша идораларнинг барчасига бош уриб боришди, бирортаси бир парча қоғоз бераолмасликларини айтишаяпти, – бўзлаганча таҳқирлар ҳақида хабар қилди Ҳасан отанинг қизлари.

Умидсизлик билан гўшакни қўйдим.

– Ҳамон қабр қазилмаган, рухсат этилмаган. Ака-укалар кечаси оталарига қабр қазиш илинжида дарвозасига қулф осилган қабристон деворидан ошиб ўтиб, лаҳат қазишаётганларида қоровул келиб қолиб, уларни қувиб солганмиш. Қабр ҳам битмасдан чала қолганмиш. Бугун якшанба, “ЗАГС” идорасидагилар ҳам ишлашмайди. Энди нима қилдик? – маслаҳат солдим менга ҳамроҳлиқ қилаётган Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовга.

-Унда тезликда Шаҳрисабздагиларга қўнғироқ қилинг, Ҳасан акага қабрни ҳовлидан қазишсин, – маслаҳат берди Рустамов.

– Йўғ-э, ақлдан оздингизми? Ҳали шу ёшгача бирорта банданинг ўз ҳовлисига дафн этилганини эшитмаганман. Бу гапни Чориевларнинг оила аъзоларига қандай айтаман?!  Ўзларининг кулфатлари каммиди? Йў-ўўқ, айтолмайман, қўрқаман. Керак бўлса, мана телефон, ўзингиз айтинг, – дедим Рустамовга телефонни тутқазиб.

– Биласиз-ку, машинанинг шовқинида қулоғим панд беради, суҳбатдошимни яхши эшита олмайман. Яхшиси, ўзингиз гаплашинг. Бу бир “политика”.  Ўша азахонада дўппи-ю тўн кийиб ўтирганлар орасида  Ҳукумтадагиларнинг “агент”лари бор. Ҳасан аканинг ўғилларидан бири, “Ҳукумат қабристондан жой бермас экан, отамизни ўз ҳовлисига дафн қиламиз” деб оёқ тегмайдиган овлоқроқ жойдан иккита кетмон урса, бўлгани. Хуфиялар ўша заҳотиёқ тегишли идораларга хабар етказишади. У ерда ўтирганларнинг ҳам боши иккита эмас. Битта. Ўз жоннларидан қўрқишади. “Мухолифат отасига ҳукумат қабристонни қизғанганлиги учун марҳумнинг жасади ўз ҳовлисига дафн этилди” деган гап – бу – Ўзбекистон учун ўта шармандали ҳолат. Шаҳрисабздаги маҳаллий ҳокимият ҳоқонларига муқаррар ўлим деган гап. Айтинг, уларга, шундай “сиёсат” қилишсин. Бугун Ҳасан акани қабрга қўйишни истасак, ёвузликка қарши маккорлик ишлатишимиз шарт. Ҳовлидан қабр қази деганингиз билан, қазилиб қолмайди, Ҳукумат Ҳасан акани минг йилдаям ўз ҳовлисига дафн қилишга қўймайди. Марҳумга таҳқир қилишаяптими, демак, уларнинг ҳамласига ҳамла билан жавоб қайтариш керак, – маслаҳат берди Рустамов.

Бунингдек ўта қалтис вазиятда нима ҳам қила олардик, маккорликдан ўзга?

Шу одам бир нарсани билмаса гапирмайди, ҳарҳолда мендан бир куйлак кўп йиртган деган хаёлда уларнинг маслаҳатига қулоқ тутишга қарор қилдим.

Шаҳрисабзга, Чориевлар оиласига сим қоқдим.

Гўшакни Зулайҳо кўтарди.

– Модомики, ҳукумат қабр қазишга рухсат бермасдан нағма қилар экан, у ҳолда Шуҳрат Рустамов “Қабрни ҳовлиларидан қазишсин. Ҳасан акани ўз ҳовлисига дафн қиламиз” деб маслаҳат бераяптилар. Отанинг ўғилларига айтинг, ҳовлидан қабр ковлашни бошлашсин экан, – деганимни биламан, шусиз ҳам юрак-бағри куйиб  ўтирган Зулайҳо дутаб кетди:

– Бу нима деганингиз? Ўйлаб гапираяпсизми? Эл-у-халқнинг олдида нима деган одам бўламиз? Уятга қоламиз, шарманда бўламиз-ку? Маҳалла куй “Отасига давлат қабр бермабди” деб маломат қилмайдими? Шу пайтгача бирорта одамни ўз ҳовлисига дафн қилинганининг гувоҳи бўлганмисиз?!

Телефон аппаратини Рустамовга тутқаздим. “Мана, ғалвани бошладингиз, энди ўзингиз жавоб беринг” дедим норози бўлиб.

– Зулайҳо, ўз ҳовлиси, маҳалласи, гўзарига дафн қилинганларни кўрганмиз. Агар ҳукумат қабр қазишга изин бермаса нима қиламиз, ҳовлисига қўямиз-да. Кейинчалик мақбара ўрнатилади. Мачит қурилади. Зиёратгоҳ бўлади. Бу таъқиблар, таҳқирлар ҳақида ҳали тарихда ёзиб қўйилади, – деди Рустамов Зулайҳони кўндиришга уриниб, – Эркаклардан ким бор, ака-укаларингизни чақиринг. Ботирми, Бахтиёрми, Бекзодми, қай бири бор? Телефонни улардан бирига беринг, ўзим гаплашаман, – ўтинди ҳамроҳим.

Гўшакдан жавоб ўрнига қисқа гўдок эшитилди. Суҳбатдошимиз алоқани узиб қўйганди.

Ноқулай аҳволда қолдик. Ўртадаги нохушликка барҳам бериш илинжида қайта қўнғироқ қилдим.

– Сиз биздан бекорга хафа бўлаяпсиз. Рустамовнинг маслаҳатига қулоқ тутсангиз, ҳаммаси яхши бўлади, ишонинг, – дедим Ҳасан отанинг қизларига.

– Опа, сиз у ёқларда нимани биласиз? Бу ерда аҳвол чатоқ. Қабр қазилмаганлиги учун ҳали марҳумнинг жасадини ҳам юваолмасдан ўтирибмиз. Аксига олиб ҳукумат бутун Шаҳрисабз шаҳридаги барча маҳаллаларнинг тобутларини, ўлик ювадиган тахталарини дорилаймиз деган баҳонада йиғиштириб кетибди. Тонгдан бери тобут қидириб, топа олмадик. Охийри нарвондан қўлбола тобут ясашга мажбур бўлишди. Дуродгорлардан ясси тахта ҳам топиб келтиришди, майитни сувга олиш учун. Сиз сўраманг, мен айтмай, кеча Тутзор маҳалла оқсоқоли маҳалла аҳлига мажлис қилибди. Маҳалла-куйдагиларга “Бирортанг Ҳасан Чориевнинг ҳовлисига таъзияга ўтмайсан” деган топшириқ берилибди. Келиб кўрсангиз, биласиз, маҳалладан дуоифотиҳага зоғ ҳам келмаган. Кичик шаҳарчада гап ётадими? Қариндош уруғ, қуда-анда дегандек… Ўзимизга яраша одамларимиз бор, маҳалладаги мажлисда бўлган гаплар аллақачон қулоғимизга етиб келди. Лекин, Худога шукур, одамсиз қолган эмасмиз. Қашқадарё вилояти бўйича эшитганлар оқиб келаверишди. Ҳовлида тумонат одам. Келганлар сони мингга яқин бўлди. Чор-атрофга одам сиғмасдан кетди. Ҳамма жаноза ўқилишини, отамни дафн этилишини кутиб қолди. Лекин жаноза ўқийдиган домланинг ўзи йўқ. Кеча шаҳар бўйича мачит имомларига йиғилиш бўлибди. Уларнинг ҳар бири “Ҳасан Чориевга жаноза ўқимайсан” деб огоҳлантирилибди.

Эрталабдан бери ака-укалар, қариндошлларнинг бормаган мачити қолмади. Ҳеч бир имом келишни истамаяпти, қўрқамиз дейишибди. Бошимиз қотган. Қон бўлиб кетдик. Укаларим имконсизликдан АҚШ элчихонасига ҳам қўнғироқ қилишди, амалий ёрдам сўрашди. Америка элчихоналарининг аралашуви билан масала ҳал бўлиб, қабр қазишга рухсат бериб  қолишса кошки эди,  – бўзлади суҳбатдошим.

Нечоғлик уринмайлик, Ҳасан отанинг қизларини ҳовлидан қабр қазишга кўндира олмадик… Ниҳоят, Баҳодир Ҳасанга хабар жўнатдим. Қўнғироқ бўлди.

– Бу аҳволда муаммо ҳал бўладиган эмас. Оила аъзоларингиз бизнинг маслаҳатимизга унашмаяпти. Баски, ҳукумат Ҳасан отани қабристонга қўймас экан, уларга ўз ҳовлиларидан қабр қазилиши керак. Ҳовлига дафн этилади, – дедим “Бирдамлик” лидерига.

– Бу қанақаси?! Наҳотки?! Шунчаликка боришадими? Нега энди? – даставвал Баҳодир қулоқларига ишонмади. Гапларимдан карахт ҳолатига тушгани маълум эди.

– Шундай қилиш керак, Ўзбекистон ҳукуматининг жирканч қиёфасини  кўз-кўз қилиш керак, бутун дунё Каримовнинг “кўрки”ни кўриб қўйсин.  Ёки бизда бошқа бирор бир чора борми? Бўлса, айтинг? Нима қилиш керак унда? Жасад ҳадемай бузилади. Уни олиб ўтиришни имкони йўқ.  Мен маҳалласига, ҳовлисига дафн этишганларини болалигимда кўргандим, элас-элас эслайман. Уйингиздагиларга тушунтиринг, Ҳасан отага ўз ҳовлисида қабр қазишсин. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг разиллигига қилган жавобимиз бўлади, мен бошқа ҳеч бир чора кўрмаяпман, – дедим Баҳодир Ҳасаннинг розилигини олишга уриниб.

Бир оз сукутдан кейин:

– Яхши, уйдагилар билан гаплашиб кўраман, – деди “Бирдамлик” Халқ Демократик мухолиф Ҳаракати раҳбари ўта тушкун овозда.

Алоқа тугади.

Мухолифат лидери Шаҳрисабздаги оиласидагилар билан бу масалада боғландими, йўқми, буниси бизга қоронғу, бироқ, орадан кўп ўтмай, Ҳасан Чориевнинг катта қизлари Зулайҳо Чориева қўнғироқ қилиб қолди.

– Опа, Сизлар қаерга етгансизлар? – сўради у.

– Китобга кирдик. Узоғи билан 15 дақиқада уйингизда бўламиз, – дедим.

– Малоҳат опа, ҳамма муаммо ҳал бўлди. Отамга қабр қазишга ҳам рухсат беришди. Ҳозиргина маҳалла раиси отамнинг ўлими ҳақида маълумотнома олиб келиб берди. Қабр қазишни бошлашди. Ҳозиргина тепаданмиз деб номаълум рақамдан кимдир қўнғироқ қилди. “Отангизга қабр қазилади, ҳаммаси яхши бўлади, фақат бир шарт бор” дейишди.

Бизга “условия” қўйишди. “Эвазига ана шу таксида Тошкентдан таъзияга келаётганларни изларига қайтарасизлар” дейишмоқда, – йиғлади Зулайҳо. – Малоҳат опа, отам учун саратонда қанчалар югурганларингизни мен биламан. Лекин ҳозир иложсизликдан сизга орқага қайтинг, келманг дейишга мажбурман. Биз эсон-омон отамни тупроққа қўйиб олайлик…

– Ким экан ўша бизга таъзия билдиришни таъқиқлайдиган валломат? – юрагимда бир нарса узилгандек бўлди.

– Мендан бошқа ҳеч нарсани сўраманг, – гўшак ортидаги суҳбатдошимнинг охирги сўзлари шу бўлди.

– Бизга ортга қайтиш буюрилибди? Қайтамизми? – саволомуз қаратим шеригимга.

– Йўқ, нега энди қайтарканмиз? Шу қилганлари учун ҳам борамиз!, – деди Рустамов.

– Мақсадимиз таъзияга бориб, томоша кўрсатиш эмас, шунчаки бир ҳовуч дуоифотиҳа қилиш. Борадиган бўлсак, ҳукуматдагилар, “Мана, санларга, кўрайликчи, энди қўлларингдан нима келаркин?” дея яна тўнларини тескари кийиб олишса-чи? Жанозага келган халойиқни маҳтал қилиб, куттириб қўймаймизми? Фойдамиздан кўра, зиёнимиз тегиб қолиши ҳам мумкин. Қайтмасак бўлмайди. Ўзи бошда тўғри қарорга клегандик, худойисида ёки йигирмасида келишимиз керак эди, – дедим.

– Мабодо улар Зулайҳони алдашган бўлишса-чи? Ҳукумат қўрққанидан “Булар келиб бир балони бошлайди” деб, бизни макр билан қайтариб юбориб, амалда яна тихирлик қилса-чи? Қабр қаздирмаса-чи? Унда нима қиламиз? Яна Тошкентдан қайтиб келамизми? – норозилик билдирди Рустамов.

– Унда будоқ қиламиз. Китобда ўтириб турамиз. Қачонки, Ҳасан отани қабрга қўйиб қайтишсагина, бу ҳақдаги хабарни эшитгач, кўнглимизни хотиржам қилиб, Китобдан ортга қайтаверамиз, – таклиф киритдим.

Ҳамроҳим қаршилик билдирмади.

Бир кун олдинги тунда болалари томонидан чала қазилган қабр борлиги учунми, Ҳасан отани тупроққа қўйиш жараёни кўп узоққа чўзилмади.

Ҳасан отани дафн этиб қайтишганлари ҳақидаги хабарни эшитгач, Зулайҳога қўнғироқ қилдим.

Биз Китобда кутиб ўтирибмиз. Қайтишга ҳам, киришга ҳам иккиланиб турибмиз? Нима қилайлик, кираверайликми?” сўрадим минг бир истеъҳола билан.

– Биз сизни икки кундан бағига кутиб ётибмиз, опа. Келмайдиган жойингизми? Келасиз-да. Келинг, фотиҳа қилиб кетинг энди. Фақат мендан ранжиманг, мен сизни йўлдан қайтаришга мажбур бўлгандим, – деди Зулайҳо.

16 март куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 16.00 ларда Ҳасан отанинг ҳовлисига кириб бордик. Гарчи марҳум қабрга қўйиб келинган бўлса-да, ҳовлида тумонат одам эди….

Марҳумнинг хотираси учун аза билан, Ҳасан Чориевнинг жасадини таҳқирлаш билан боғлиқ бу мажороларни қоғозга тушириш илинжида қўлимга қалам олиш фикридан мутлақо йироқ эдим, ишонинг.

Бироқ, шу бугун Каримовнинг кўппакларидан бири индамаганингизга ҳам қўймасдан, ириллаб қўйибди. Отасининг оти-зотидан ҳазар қиладиган, уяладиган кимсадек, Алишер Рахманов деган тахаллус остида биттаси Кому-то горе, кому-то – лишний повод заявить о себе”  дея фол кўриб, бошига кулфат тушганларнинг устидан кулишга ўзида куч, журъат топибди….. “Отанинг ўлими ортидан сиёсий шов-шув орттиришга уринишди” деган айблов қўйиш илинжида ҳуриб қўйибди.  Тушунаман, лайчаларнинг одати ўзи шунақа, қурби етса, етмаса, одамнинг оёғидан олишга уринади.

Бироқ, тушунинг, бу кўнгилсизликлар умрбоқий жудолик билан, падарибузрикворнинг ўлими билан боғлиқ кулфатлар эди.

Бунингдек ҳадсиз таҳқирни дўстим-ку дўстим, душманимга ҳам раво кўрмаган бўлардим. Яқинининг, яна кимнинг, отасининг жасадини таҳқирлаш алами қандай бўлишини ҳеч бир банда таътиб кўрмасин.

Сиёсат деганлари аслида жирканч бир “ўйин”дир, макр-ҳийладир? Турган битгани ёлғон, бўҳтон, бўлмағур сафсатадан иборатдир? Сиёсат деганлари тубанликнинг бир кўринишидир, билмадим.

Бошқаларни билмадиму, бироқ, шахсан мен  марҳум билан, ўлим билан боғлиқ масалаларда “ўйнаб” эмас, ўйлаб гапирган, воқеликка ёлғон, бўҳтон аралаштиришга, жараёнларни бўрттириб кўрсатишга Худо қўрққан бўлардим. Марҳумнинг руҳига ҳурмат билан ёндашган ҳолда, ҳар қандай қўшиб-чатишлардан тийилган бўлардим….

Ҳасан ота Чориев хонадонига боргач, бор таъқибу таҳқирлардан бохабар бўлдим.

Касбим тақозасига кўра таъзияга келганлардан айримларини суҳбатга тортишимга тўғри келди.

Фейсбукда айрим “оқилу доно”лар Шаҳрисабзлик Чориевлар хонадони вакилларини ўзларича “Фуқаронинг ўлими ҳақида”ги маълумотномани қай бир идорадан олиш лозимлигини билмасликда, билимсизликда айблаганига кўзим тушиб қолди.

Ана шундай ақли “ўткир”ларнинг мушоҳадасини эшитсам, энсам қотади. Чориевлар оиласидагилар ҳам сиз ўйлаганчалик оми одамлар эмас, қаричингиз калта бўлса, чамаламалаб кўрмаганингиз маъқул….

Марҳум Ҳасан Чориев билан боғлик воқеалар жараёнини чуқурроқ таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, 14 март –жума куни тунги соат 22 ларга яқин отанинг жони узилган.

Табиийки, шанба-якшанба кунлари ФҲДЁ  (ЗАГС) бўлимларида иш куни эмас.

Қолаверса, Ўзбекистонда истиқомат қилувчилар жуда яхши билишади: ФҲДЁ бўлимидагиларга “Ўлим ҳақида” маълумотнома ёзиш мўмайроқ даромад келтирадими, ёки тўрт-бешта келин-куёвнинг 200 000 – 300 000  сўмини шилиб олиб, никоҳлаб қўйгани фойдалироқми?

Бу –  масаланинг бир жиҳати.

Энг муҳим томонларидан яна бири шундаки, биз Шаҳрисабз, Китобда бўлганимизда, мен маҳаллий аҳоли билан суҳбатда бўлдим.

Марҳумни дафн қилиш мақсадида қабр қазиш учун гўрков томонидан унинг ўлими ҳақида “справка” сўраладими?” деган саволимга Китоб ва Шаҳрисабз аҳолисининг 60 нафари (адашманг, фоиз эмас, нафар) “Бу гапни энди эшитаяпмиз. Ҳали бизнинг Китобда маълумотнома сўраш эвазига майтига қабр қазиш ҳолати қайд этилмаган” дея ҳайронликда елка қисишганларига гувоҳ бўлдим.

Суҳбатдошларимнинг аксарияти “Агарда ўлим жанжал, автоҳалокат, қотиллик оқибатида содир бўлган бўлса, бу бошқа гап. Лекин қариянинг ўлими ҳақида “справка” сўраш…. Қизиқ-ку? Бу ҳақда ҳечам эшитмаганмиз. Шаҳрисабзда кейинги 100 йилда илк ҳолат бу. Марҳум жиноятчи бўлса керак-да. Ёки “Хизбут”чиларга, “Нурчи”ларга, “Акромий”лар, “Ал-Қоида” ва ё Исломий Ҳаракатлардан бирортасига, бирор бир хавфли оқимларга, террористларга  алоқаси бормиди?” дея ҳайронликда ўзимни саволларга кўмиб ташлашди. Бунисига нима дейсиз?

Ота-онани бой бермоқ мисилсиз андуҳ.

Бундай пайтда ўзбекчиликда азадор хонадон соҳиблари маълумотнома қидириб идора остоналарига бош уриб юришмайди.

Ўзбекистондаги мавжуд маҳалла оқсоқоллари аҳолига арзон гаров тарқатилиши керак бўлган шакар, ун, ёғ, совун каби маҳсулотларни ўмариб, бозорга пуллаш, ёхуд кам таъминланган оилаларга берилиши лозим бўлган моддий кўмак маблағларини, ва ё 2 ёшгача бўлган болалар нафақаларини тақсимлаш эвазига 500 минг сўмдан пора талаб қилиб, бойиш, қўша-қўша машина олиб, қўшқаватли иморат қуриб, халқдан уриб қолган харом сармоялар эвазига қаттиқ кекириб, ғўддайиб ўтириш учунгина маҳаллага бош этиб сайланмаган!

Маҳалла раиси дегани маҳалла аҳлининг тўй-маъракаси, яхши-ёмон кунлари, қайғули дамларида елкадош бўлиши учун ҳам оқсоқол этиб қўйилган.

Ваҳоланки, Тутзор маҳалла раиси Суяров жаноблари Ҳасан Чориевни болалигидан билади. Шу маънода “Сизлар марҳум билан видолашиш, ювиб-тараш ишлари-ю, келди-кетти билан бўлаверинглар, қоғозбозлик, ташкилотчилик ишларига, мана, биз бормиз, бу юмушларини бизга қўйиб беринг” дея азадорларга елка тутиш  Суяровнинг нафақат раислик, балки инсонийлик бурчи ҳам эди.

Бироқ, Суяров одамгарчилик қилишга ярамади.

Аксинча, марҳумнинг қариндошларига, “Мени тўғри тушунинглар. Мен бориб тобут кўтаришим керак эди. Бироқ, нима қилайки, менга азага аралашмаслик буюрилган. Акс ҳолда каллам кетади. Хизматчилик. Мен ҳам ўзимдан қўрқаман. Бола-чақам бор” дея қўлини кўксига қўйиб, ялтоқланишдан бошқасига ярамади.

Қабр қазиш учун рухсат олиш илинжида Миллий Хавфсизлик Хизмати биносига умид билан борган марҳумнинг қариндошлари бу идора ходимининг гапларини эшитиб, ҳайратдан ёқа тутишди: “Мен ҳам бир мусулмоннинг боласиман. Мусулмонман. Қаторингизда туриб, тобут кўтаришга кўмаклашишни мен ҳам ҳоҳлайман. Сизларга инсон сифатида ёрдам қилишни жудаям истайман. Лекин бунга хизмат вазифам йўл қўймайди. Тепадан бизга шундай бўйруқ келган. Қабр қазишга рухсат берилмасдан турилсин дейилган. Ким буюрган, бунисини ўзим ҳам аниғини билмайман. Билган тақдиримдаям, хизмат ваколатимдан четга чиқиб, бу ҳақда сизларга айта олмаган бўлардим. Биргина чора: фақат кутиш керак. Сабр, тоқат, сизларга бардош керак!” дея ҳамдардлик билдирди МХХ  ходимларидан бири.

Қабр-ку, қазилмади. Лекин айнан Ҳасан Чориевни охирги манзилига кузатиш куни  “Тобутлар ва майитни малҳам сувига оладиган тахталарни дорилаш” дек “оламшумул” “савоб” юмуш ҳақидаги фикр Шаҳрисабзнинг маҳаллий ҳокимиятидаги раҳбарчаларнинг хом калласига қаердан келиб қолганига ҳайрон бўласан киши!

Яхши, шундай ҳам дейлик. Лекин билишадики, ҳудудда таъзия бўлган. Шундай экан, лоақал битта тобут қолдиришмайдими?

Сиз бу ҳолатни қандай изоҳлаган бўлардингиз, билмадиму, шахсан мен ҳокимият томонидан уюштирилган “тобутларни дорилаш” тадбири Ҳасан отани тобутсиз қолдириш мақсадида қасддан уюштирилган махсус режа эди дея шарҳлаган бўлардим.

Нега энди ҳокимият шаҳардаги барча мачит мўллаларига Ҳасан Чориевга жаноза ўқишни маън этдийкин?

Нега бирорта бир мачитнинг имом хатиби Ҳасан отага жаноза ўқишга юраги дов бермади? Нега энди марҳумнинг жанозаси “эскичадан илми бор” марҳумнинг қариндоши томонидан ўқилди экан?

Нега энди маҳалла аҳолиси таъзияга бормаслик ҳақида кўрсатма олишдийкин?

Марҳум Ҳасан Чориевга бир ярим метрлик ер бериш бунчалар мушкул бўлдийкин?

Мана, дўппи тор келиб қолса, ҳаммаси бўларкан-у?

Гарчи иш куни бўлмаса-да, якшанба бўлишига қарамасдан, “ўлим ҳақидаги маълумотнома”нинг ўзи “оёқ чиқариб” маҳалла раиси билан етаклашиб азахонага кириб келаркан-у?

Қабр қазишга ҳам изин берилса бўларкан-ку?!

Марҳум қабрга ҳам қўйиларкан-ку!

Оддий инсоний амалларни машмашаларсиз, таҳқиру таъналарсиз ҳам амалга оширса бўларди-ку?

Нега энди ҳукумат Ҳасан отага қолганда бунчалар тўнини тескари кийдийкин? Бир қариянинг жасадини таҳқирлашга бунчалар ишқибоз бўлдийкин?

Нега? Нега? Нега?

Жавобсиз саволларнинг адоғи кўринмайди.

Тўғри, Ҳасан Чориев кўзга кўринган, таниқли мухолифат намоёндаси эмас эди. Бироқ у мухолифат лидерини дунёга келтиргани учун ҳам гуноҳкор.

Биламан, Ҳасан ота оддийгина, одми одам эди. Фикрлаш доираси ҳам фермерларга хос эди.

Бироқ, отанинг хафли жиҳати ҳам ана шунда эди. Унинг оддий ва одмилигида эди.

Соддалигида, бир қоп ёнғоқлигида, дилидаги бор гапни қандай бўлса, шундайлигича, сайқал бермадсан тилига чиқариб қўйишида эди.

Тили ботир эди отанинг.

Ҳасан Чориевнинг ана шу “қусири” бошига улкан кулфатлар келтирди.

Хўш, Ўзбекистон ҳукуматига бир марҳум қариянинг жасадини таҳқирлаш ортидан обрусизланиш шунчалар шартмиди, керакмиди?

Йўқ, албатта.

У ҳолда Қашқадарё вилоятидаги маҳаллий ҳокимият вакиллари нега Ўзбекистоннинг Халқаро майдон олдидаги обрусини ўйламади? Нега Улар мусулмончиликни четга суриб қўйиб, бир чолнинг жасадини бу қадар хор қилишга, қабрга зор қилишга ишқибоз бўлишди?

Биламан, айнан ана шу саволларга жавоб топа олмадсан жонингиз ҳалак, тўғрими?

Воқеалар жараёнининг гувоҳи, кутазувчиси сифатида, менингдек бир банданинг таҳлили, шарҳини эшитинг:

Аслида, Ўзбекистон ҳукуматидагиларга Ҳасан ота керакмасди. Ҳасан Чориев деган шахсни шусиз ҳам қамоқда синдириб бўлишганди. Ҳасан ота отлиғ бир қария Каримов учун ҳеч ким эмасди. Ҳукуматдагилар писта пўчоқчалик ҳам кўришмасди отани.

Ота жасадини хўрлаш, таҳқирлаш ҳам аслида ҳечам керакмасди Каримовчиларга!.

Маҳаллий ҳокимиятга Ҳасан Чориев эмас, падари бузрикворларини охирги манзилларига кузатиб қўйиш учун АҚШдан Шаҳрисабзга етиб келган ўғиллари керак эди.

Назаримда, маҳаллий ҳокимият марҳумга қабр қазишни таъқиқлаш орқали АҚШдан қўним топган, айни дамда ота уйларига келган ака-ука Чориевларнинг руҳий ҳолатларини “издан чиқармоқ” исташган.

Маҳаллий ҳокимиятда ўтирган товуқмиялар ўйлашдики, “отага қабир қазишга рухсат этилмаса, тобут берилмаса, жаноза ўқишга мачитдан имом-хатиб ташриф буюрмаса, маҳалла куйга махсус мажлис қилиб, таъзияга бориш таъқиқлаб қўйилса, бу хўрликлар АҚШдан келган ака-ука Чориевларнинг ҳамиятига тегади. Натижада хўрликлардан нафсонияти ер бўлган ака-ука Чориевлар   ор талашиб гўрковними, маҳаллада “справка” бермайман деб керилиб ўтирганларними, хуллас, ҳукумат идораларида ўтирган бирор бир мусъул мансабдор шахсни “хизмат бурчини бажараётган”  бир пайтда бўғзидан олишади.  АҚШда эркин ҳаётга урганган Чориевлар тўпалон кўтаришади, ўртадаги жанжалдан ўт чиқади, кичик бир “қўзғалон” вужудга келади” дея ҳомтама бўлишганди.

Ўзбекистон ҳукуматидагиларнинг тузган сценарийси бўйича шундай бўлиши лозим эди.

Ўз реждалари асосида вужудга келиши мумкин бўлган Чориевлар норозилигини бостириш учун, таъзияга келганларнинг гувоҳлигига кўра, азахонага яқин дам олиш маскани – санаторияга бир кун олдин 150 нафар махсус тайёргарлик кўрган “ОМОН”чилар ҳам “ташланган” эди.

Бирдамлик” мухолифат лидерини руҳан йўқ қилиш илинжида отасининг бошига етганлар энди унинг АҚШдан келган укаларига кўз тикканди.

Ҳукуматдагилар тузган режа кўнгилдагидек кетгудек бўлса, АҚШдан келган ака-ука Чориевлар жамоат тартибини бузиш, майда безорилик, ўз вазифасини бажараётган хизмат ходимига халақит бериш, тан жароҳати етказиш…. каби бир дунё айбловлар билан хибис этилиши кўзда тутилган эди.

Муддао, оталари Ҳасан Чориевнинг Товоқсой қамоқхонасидаги ўрнини  Ботир ва Бахтиёр Чориевлар “эгаллашлари” керак эди.

Бироқ, бу гал ҳукумат тузган режа амалга ошмади.

Ҳасан Чориевнинг кексалиги, соддалиги, кўнглида шумлиги йўқлиги, бир қоп ёнғоқлигидан фойдаланган куч ишлатар тизимлар отахонни осонгина макр тузоғига туширишга эришган, уни номусга тажовуз қилиш айблови билан қамоққа тиқишга муяссар бўлишганди.

Не ажабки, бу гал Ҳукумат  ака-ука Чориевларни ўз қопқонларига тушира олмади.

Демократик давлат кўрган йигитлар – Чориевлар оғирлик қилишди. Махфий режа тузган кимсалар кутганидек, Чориевлар номус ва ор талашиб кўчага чиқмади, ҳеч кимнинг бўғзидан олмади.

Аксинча, Бахтиёр Чориев айрилиқ ва алам устида “Бўлди, қабристондан жой беришмас экан, уйга сиққан отамнинг жасади ҳовлимизга сиғмасдан қолмайди. Отамизни ўз ҳовлисига кўмамиз.Ҳовлидан қабр қазиймиз”  дея оҳ чекди. Ўз ҳовлисидан ўз отасига лаҳат қазиш учун қўлига кетмон олишгача мажбур қилишди бола бечоранинг…

Ким билсин, эҳтимол, хўрликлардан тўйиб кетган Бахтиёр Чориев  шундай шаҳд қилмаганида эди, Ҳасан ота ҳамон тупроққа қўйилмаган бўлармиди?…

Менимча, шундай….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

http://birdamlik.info/blog/2014/03/19/мухолифат-отасининг-жасадини-таҳқир/