Mar 182014
 

 

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Таиланд ҳукуматини чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланаётган 220 уйғурни Хитойга топширмасдан, уларга БМТнинг Қочқинлар қўмитасига мурожаат қилишларини таъминлашга чақирган.

13 мартда Таиланд полицияси Сонгкхла вилоятидаги чангалзорда яширинган катта гуруҳ уйғурларни топган, улар чегарани ноқонуний кесиб ўтганлигини айтиб, Хитойга қайтариб юборилишини билдирган эди.

Халқаро ташкилот Уйғурларнинг Хитойга мажбуран қайтарилиши улар учун фожеали якун топиши, қийноқларга солиниши мумкинлигидан хавотирда.

“Таиланд ҳукумати уйғурлар Хитойга қайтарилса, улар “қора бўшлиқ”да йўқ бўлиб кетишини англаши керак. Гуруҳдаги барча кишиларга ўзларининг даъволарини билдиришга ва муаммолари адолатли қарор топишига имкон бериш лозим”,- деб айтади Human Rights Watch вакили.

Одатдаги халқаро ҳуқуқ меъёрлари остида ва Қийноқларга қарши конвенция аъзоси сифатида Таиланд бу инсонларнинг ҳуқуқлари жиддий бузилишининг олдини олиши, уларни мажбуран ортига қайтариб юборилмаслигини таъминлаши зарур, дейилади мурожаатда.

Таиланд муҳожирлик хизматининг чекка каучук плантацияларида ўтказган тунги рейдида 78 эркак, 60 аёл ва 82 бола ушланган ва Сонгкхланинг Садао вақтинчалик ушлаб туриш марказига олиб кетилган. Гуруҳ аъзолари ўзларининг турк миллатига мансубликларини, фақат Туркия элчихонаси расмий вакиллари билан гаплашишларини билдиришган.

Айни пайтда Хитой дипломати ҳам Сонгкхлага борган ва гуруҳ аъзолари ва Таиланд расмийлари билан учрашувни талаб қилган.

Охирги йилларда Жанубий Шарқий Осиё мамлакатларидан ўнлаб қочқин уйғурлар мажбуран чиқариб юборилган.

Жумладан Камбужа давлати 20 дан ортиқ уйғурнинг иши БМТ Қочқинлар қўмитасида кўриб чиқилаётганига қарамасдан, уларни Хитойга депортация қилган. Малайзиядан олти уйғур чиқариб юборилган. Хабарларга қараганда, Хитойда уларга террор айби билан ўлим ҳукми, шунингдек узоқ йиллик қамоқ жазолари берилган.

Хитой ҳукумати ўзининг Шинжон Уйғур мухтор вилоятида уйғурларга қарши ҳаракатларини “диний экстремизм ва терроризмга, бўлгинчиликка қарши кураш”, билан оқлаб келади.

Уйғурлар ўзлари Шарқий Туркистон номи билан атайдиган расмий Шинжон аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадилар.

Хитой минтақага катта миқдорда сармоя киритган ва ҳудуднинг бой газ ва нефт заҳиралари Хитой иқтисоди учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга.

Аммо кўпчилик уйғурлар шарқдан катта сондаги Хан хитойларининг кўчиб келиши туфайли ўзларининг ишсиз қолганликларидан шикоят этадилар.

Муҳожиротдаги уйғур гуруҳлари зўравонликларнинг асосий сабаблари Хитойниннг қаттиққўл сиёсатидан норозилик ва Хан хитойларининг минтақага оқиб келаётгани эканини айтишади.

Хитой расмийлари “террорчиларга қарши курашда қаттиққўл сиёсатни давом эттириш”га ваъда беришган.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/world/2014/03/140317_cy_hrw_uighurs_detained_in_thailand.shtml

 Posted by at 11:27