Mar 072014
 

 

 

 

 

Украиналик сиёсатшунос ва блогер, 23 ёшли Жулия Дрозд охирги уч ой мобайнида – тинч намойишлардан баррикадалардаги жасадларга гувоҳ бўлгунига қадар ўтган вақтда – мисли кўрилмаган суръатда улғайиб, маънавий балоғат касб этганлигини айтади.

 

Халқаро сиёсат билан ҳамиша қизиқиб келган Юлия Киев Славяншунослик Университетининг Халқаро муносабатлар факультетида таҳсил кўрган. Кейинчалик Тарас Шевченок номли Миллий Университетнинг журналистика бўлимида ҳам ўқиган.

 

Юлиянинг айтишича, ўтган йили Киевда норозиликлар бошланиб кетганининг эртаси куниёқ “Майдон”дагиларга бориб қўшилган. ” Чунки менга, ҳаммамизга сотқинлик қилингандек ҳис қилгандим ўзимни”, дейди у.

 

Ўшандан бери ўтган бир неча ой мобайнида Юлия Дрозд деярли ҳар куни ишдан чиқиб “Майдон”га йўл оларди.

 

“Бир неча тунни ҳам “Майдон”да ўтказдим, чунки Хавфсизлик Кучлари ҳужум қилишга қарор қилишса, албатта тунда бошлашади, деб ўйлагандик”.

 

“Хотирмада шу вақтгача михланиб қолган онлар – бу ёнаётган шиналар, Молотов коктейли солинган шишаларни улоқтираётган, жангга шай ёш йигитлар, яраланиб йиқилаётган инсонлар, одамларни калтаклаётган “беркут”чилар…Биринчи қурбон берилган кун…Ўшанда биринчи маротаба мени қўрқув ҳиси чулғаб олди”.

 

“Мен ватаним учун ўкинаман. Аввал уни ўмаришаётганди, энди парчалаб ташламоқчилар. Лекин мен халқимдан ғурурланаман. Биз мисли кўрилмаган равишда бирлашдик – бу эса ўта ажойиб ғурур!”

 

Юлия Дрозднинг айтишича, Украина тарихий бурилиш нуқтасида турибди.

 

Юлия Би-би-си мухлислари томонидан берилган саволларга жавоб берди.

 

Би-би-си: Саволларни кўпларни қизиқтирган масаладан бошласак. Юлия, айнан сизни “Майдон”даги намойишларга бориб қўшилиш қарорини беришга нима ундади?

 

Юлия Дрозд: Кунларнинг бирида, яъни ўтган йили 21 ноябр, тақдир тақозоси билан бу “Норинж Инқилоби”нинг куни ҳамдир, биз, украин халқи бирданига ҳукумат бизга хоинлик қилганини тушуниб етдик. Яъни ҳукумат бизга берган Овроинтеграция ваъдасини бажармади, Оврўпо билан ҳамкорлик битимига имзо чекмади. Ўша онда биз “Майдон”га чиқмаслик мумкин эмаслигини англаб етдик. Чунки бу бизнинг тарихимиздаги энг муҳим нуқталардан бири эди. Яъни биз шу нуқтадан бошлаб ё Оврўпо томон ҳаракатлана бошлаймиз, ё собиқ Шўролар даври томон ортга қараб юра бошлаймиз. Биринчи кунлари “Майдон”да 2-3 минг киши бор эди. Кейин уларнинг сони 10-15 мингга етди. 1 декабр тунда талабларни куч билан тарқатиб юбориш уринишидан сўнг норозилар сони юз мингларча бўлиб кетди. Менимча, бу Украинада фуқаро жамиятининг туғилиши ва ривожланиши вақтидир.

 

Би-би-си: Сизга шахсан, Украина фуқароси сифатида мамлкатингизнинг Оврўпо томон ҳаракатланиши нима беради?

 

Юлия Дрозд: Бизнинг Оврўпо ҳақида тассавуримиз қандай? Энг аввало ҳаёт даражаси. Украина шаҳарларида яшовчиларнинг аксари Оврўпо давлатларида бўлган ва у ердаги ҳаёт тарзи ҳақида аниқ тасаввурга эга. Бундан ташқари кўплар тушунишадики, Россиянинг сиёсати бу Владимир Путин атрофидаги бир ҳовуч сиёсатчиларнинг собиқ Шўролар ҳудудида ўз устуворлигини ўрнатиш уринишидир. Бу эса босимлар ва пўпислар орқали олиб борилади, бу ҳамкорлик эмас бир томонлама таъсир ўтказиш сиёсатидир. Оврўпо Иттифоқи билан эса муносабатлар ўзаро ҳамкорлик ва ёрдам асосидадир. Бу муносабатлар асосида Украина яшашнинг юқори стандартлари томон интилади. Бу муносабатлар Кремл хоҳлаганидек бўйсуниш, катталарга қарамлик ва дўқ-пўпислар асосида қуриладиган муносабатлар эмас. Украина ҳамиша Москванинг “кичик оғаси” бўла олмайдику. Украиналикларнинг дунёқарашлари ҳам ўзгача. Улар порахўрликка, коррупцияга, ҳукумат таркибидаги “мафия тизимлари”га “йўқ” дейишни хоҳлайдилар. Улар фуқаро жамияти, ҳар бир кишининг ўз амаллари учун масуълияти каби нарсаларни олқишлайдилар.

 

Би-би-си: Келгуси савол аслида савол шаклида берилмган, Facebook даги мухлислармиздан бири бу фикрни шарҳ сифатида қолдирган, у ҳам бўлса “Майдон”даги баррикадаларда ўтказган вақтингизда неча пул ишлаганингиз ҳақида?

 

Юлия Дрозд: Нол гривен, нол тийин ишладим. Бошқа ҳар қандай валютада ҳам шунча ишладим. Аксинча, мен бу вақт мобайнида жуда кўп пул ҳаражат қилдим. Чунки “Майдон”да жуда кўп одам бор эди ва ҳозир ҳам туришибди. Биз уларни озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан қўллаб турибмиз.

 

Би-би-си: Лекин намойишларда қатнашганлар учун пул берилгани ҳақидаги миш-мишлар кенг тарқалган. Баъзи Россия матбуоти бу каби ҳолатлар рўй берганлигини тан олганлар сўзларини ҳам келтиришган.

 

Юлия Дрозд: Мен шахсан биронта ҳам бундай одамни билмайман ва бу каби ҳолатларадан хабардор эмасман. Лекин шуни биламанки Мариинский парк ва Верховная Рада ўнгидаги ҳукуматпараст намойишида қатнашишлари учун одамларга кунига 400 дан 800 гривенга қадар тўлашган. Улар ўша вақтдаги президент Виктор Янукович ва унинг партиясини қўллаш учун чиқишган ва улар орасида муайян ҳақ эвазига келганлар ҳам бор эди. Бу ҳолатлар тасдиқланган.

 

Би-би-си: Доимий ўқувчимиз ва мулоқотлармиз иштирокчиси Одил Маҳдумий саволи: Украинадаги ҳодисалар ортида АҚШнинг маҳфий фитнаси турибди, деб ўйламайсизми?

 

Юлия Дрозд: Мен шахсан бундай деб ўйламайман. Биласизми турли глобал, массон ёки яҳудий фитналар ҳақидаги ғоялар доимо оммабоп. Мен, масалан бу саволга қарши савол ташлардим: АҚШнинг Украинада инқилобий вазиятни келтириб чиқаришдан манфаати нима? Минглаб, миллионлаб инсонлар, баробарига ўзларининг жонларига тегиб кетган нарсага қарши чиқсалар нима учун бунинг ортида турли ғарб маҳфий хизматларининг кирди-корлари ёки фитналарини излаш керак? Бу ғояни Россия матбуоти жуда кўп илгари суради, буни қонунчиликка ҳам киритишди, гўёки ғарб ташкилотлари мамлакатдаги барқарорликни ичидан туриб бузишга ҳаракат қилишаётгани ҳақида. Лекин бу ҳақиқатдан узоқ нарса.

 

Би-би-си: Дилшод Умаров исмли ўқувчимиз қатор саволлар йўллаган. Биринчиси: Киевдаги намойишчиларни “тинч” деб аташ нотўғри, чунки уларнинг қўлларида ҳам қурол бор эди, улар “Беркут”чиларни ёндириб, устиларига булдозерлар ҳайдаб боришган. Бу каби намойишчиларни қандай қилиб “тинч” деб аташ мумкин?

 

Юлия Дрозд: Бу ерда дастлаб ҳодисаларнинг хронологиясини тушуниб етиш керак. Ҳаммаси ноябр ойида ҳукуматнинг Оврўпо билан ҳамкорлик битимини имзоламаганига қарши шиорлар кўтариб чиққан бир неча минг норози намойишчилардан бошланди. Дастлабки зўравонлик 1 декабр куни, эрта саҳар соат 4 да талаба намойишчиларнинг калтакланганидан кейин рўй берди. Бу борада ҳукумат буйруқ бергани маълум. Шундан кейин ҳам одамлар тинч намойишга чиқишларни давом эттирдилар. Уларнинг қўлларидаги калтак, бошларидаги каскаларни қурол, деб атаймизми? Ўшанда кейин ҳукумат одамларни зўравонликка итара олмаслигини, “мана қаранглар “Майдон”да фашистлар турибди, дея намойиш қила олмаслигини тушуниб етди ва келгуси зўравон қадамларга борди. 21 январ куни Грушевский кўчасида беш қурбон берилди. Уларнинг ҳаммаси Ички Ишлар вазирлиги қошидаги маҳсус “Беркут” гуруҳининг ўқ отар қуролларидан ҳалок бўлишди. Қўлларида қурол бўлмаган намойишчиларга қарши қурол ишлатиш қарорини Янукович ҳукумати берганди. Шунинг учун бу намойишлар вақтида ягона қуролланган куч бу “Беркут” эди ва улар жиноий фармонларни бажармаслик танловига эга эдилар, лекин улар бундай қилишмади. “Беркут” тинч намойишчиларга қарши куч қўллаганидан сўнггина бунга жавобан Молотов коктейллари солинган шишаларни улоқтирувчи одамлар пайдо бўлишди…Бизда қурол йўқ эди.

 

Би-би-си: Лекин Киевдан тарқатилган видеотасвирларда намойишчилар орасидаги баъзи одамлар қўлида ҳам турли ўқ отар қуроллар борлигини кўриш мумкин эди…

 

Юлия Дрозд: “Майдон”да икки ташкиллаштирилган гуруҳ бор эди. Уларни ярим қуролланган деб бўлмайди, биринчидан улар ўз-ўзини ҳимоя қилиш гуруҳи эди ва иккинчидан “Правий Сектор” дея номланган гуруҳ. Оврўпода уларни ашаддий ўнг қанот гуруҳи, дея атамоқдалар ва қайсидир маънода неофашистик куч сифатида қарамоқдалар. Уларни ҳукуматга яқинлаштирмасликни талаб қилишмоқда, акс ҳолда янги Украина ҳукумати билан ҳамкорлик қилмаслик шартлари қўйилмоқда. Ҳа, уларда қурол бор, лекин у ҳам ўз-ўзини ҳимоя қилиш мақсадида. Чунки фаолларни шаҳар чеккасида тутиб кетиб, калтаклаш, қийноққа тутиш ҳоллари рўй берганди. Шунинг учун улар пичоқ, тўқмоқ ва тўппончалар билан қуролланиб олишганди.

 

Би-би-си: Ана ўша “Правий Сектор”нинг Украинада қўлловчилар кўпми?

 

Юлия Дрозд: Мназара бундай. Бизда ғарбий, шимолий ва марказий ҳудудларда асосан Оврўпопараст ғоялар оммабоп, улар “Майдон” тарафдорлари. Улар қайсидир маънода “Правий Сектор”ни куч қўлловчи расмий органларга муқобил сифатида қўллайдилар. Яъни коррупцияга ботган милиция кучларига муқобил фуқаро ҳаракати сифатида қўллайдилар. Украина жануби-шарқида эса, Қримда “Правий Сектор”ни бандерачилар, хавф солувчи радикал ва фашистлар сифатида талқин қилишади. Қримда бундан бир неча ҳафта аввал ўтказилган омма фикрини ўрганиш жараёни натижаларига кўра, Қримликларнинг 20 фоизи ҳудудни “бандерачи”лардан ҳимоя қилиш керак, дея ҳисоблар эканлар. “Бандерачи”лар сифатида улар “Правий Сектор” ни кўрадилар.

 

Би-би-си: Дилшод Умаровдан яна бир савол: Бу ҳодисалардан кейин Украинда иқтисодий тушкунлик кузатилмоқда. Бир ёмон раҳбар кетиб, энди яна бошқа бир ёмон раҳбар келади. Бу ҳолатни “ғалаба” деб атаб бўлмаса керак?

 

Юлия Дрозд: Украинада иқтисодий тушкунлик “Майдон”даги ҳодисалар бошланишидан анча аввал бошланганди. Иккинчидан иқтисод аҳволини Овромайдон билан боғлаб бўлмайди, чунки иқтисодий тушкунлик ва ортга кетишлар даврий равишда ҳамма иқтисодларда рўй беради. Айнан “Майдон”даги ҳодисалар иқтисодий тушкунликка олиб келди, деб бўлмайди. Гап шундаки, охирги 3 йил мобайнида Украинада давлат ғазнасини ўмараётган одамлар мамлакатни бошқармоқда эдилар. Улар мамлакат олтин-валюта захирасини ўмариб, деярли тугатишди, иқтисодни ярим вайрона ҳолатига етказишди. Давлат тепасида мафия турганди. Ҳозир фикримча, давлат тепасига ҳеч бўлмаса иқтисод мехнизмларини тушунадиган одамлар келишмоқда. Уларни ғарб қўллаяпти, ғарб уларга ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган ва ишониш мумкин бўлган раҳбарлар сифатида қарамоқда. Бунинг натижасида мамлакат иқтисоди ўсиб, ҳаёт тарзи яхшиланади, деган умиддамиз.

 

Би-би-си: Кейинги савол Адҳам Муссанифдан ва айнан янги раҳбарият ҳақида. Ҳозирда мамлакат раҳбариятига келган одамлар халқ иродаси билан келдик, дейишяпти. Лекин Виктор Януковични қўлловчилар ҳам мамлакатда кам эмас. Улар халқ эмасми, деган саволни берган Адҳам Мусанниф.

 

Юлия Дрозд: Бундан уч ҳафта аввал ўтказилган омма фикрини ўрганиш саволлари натижаларига кўра, Украинада Виктор Янукович тарафдорлари тахминан 20 фоиздан камроқ экан. Айни вақтда Кличко дохил қолган уч мухолиф раҳбарларнинг ҳар бири деярли 25 фоиз қўлловчиларга эга. Бу натижаларда хатолик атиги 3 фоиз атрофида бўлиши мумкин, деб айтилган. Лекин ҳар қандай тақдирда ҳам бу натижалардан кўринмоқдаки, Янукович кенг қўлловга эга эмас. Икки нарса бор, қонунуий ва легетим раҳбар. Қонунуий бу қонунуий равишда сайланган раҳбар. Албатта Виктор Янукович қонуний асосда сайланган раҳбар эди. Лекин унинг легитимлиги йўқолди, чунки уни аҳолининг аксарияти бошқа қўллаб-қувватламаяпти.

 

Би-би-си: Кейинги савол ҳам Адҳам Муссанифдан. 21 феврал куни Виктор Янукович мухолифатнинг талабларини бажариб, ислоҳотлар ўтказиш ҳақида битим имзолади. Лекин мухолифат пайт пойлаб, барибир уни қудратдан ағдарди. Буни қандай тушуниш керак?

 

Юлия Дрозд: “Қудратдан ағдарди”ни қандай тушуниш керак? Сиз айтаётган ва айтиб ўтиш лозимки, Россия имзолашдан бош тортган битимга эришилганидан сўнг Янукович шунчаки нарсаларини йиғиштириб, қочиб қолди. Кейинчалик у Ростовда пайдо бўлиб, матбуот анжумани ҳам берди. Бу қудартдан ағдариш эмас, бу қочиш. Ҳа, жаноб Януковчи конституцион ислоҳотларни ўтказишни ваъда берганди. Лекин буни кейинчалик парламент қонуний йўлда ўзи амалга оширди, 2004 йилги Конституцияга қайтишга қарор берди. Украина яна парламент-президент республикасига айланди. Янукович қочиб кетганидан сўнг Рада у ўз вазифасини бажаришни тўхтатгани ҳақида қарор чиқарди.

 

Би-би-си: Ва ниҳоят Токиодан Рустам Насими саволи. Виктор Янукович ҳукумати томонидан матбуот фаолиятига таъсир ўтказиш ҳаракатлари амалга оширилгандими? Ушбу ҳодисалар мобайнида журналистлар уларни ёртишда не қадар эркин эдилар?

 

Юлия Дрозд: Виктор Янукович раҳбарлиги даврида Украинада сўз эркинлигини челаш ҳолатлари рўй берди. Мамлакатдаги энг оммабоп матбуот нашрлари тегишли бўлган Медиа-Холдинглардан бирини Янукович оиласига яқин шахс сотиб олди. Шундай қилиб ҳукумат аста-секин журналистлар фаолиятини сиқувга ола бошлади. Бунинг оқибатида кўплаб журналистлар ишларидан бўшаб кетдилар, чунки аввалгидек расмийларни танқид қилиш, муҳим бўлган муаммолар ҳақида очиқчасига гапириш имконидан маҳрум бўлишганди. Киевдаги ҳодисалар мобайнида эса, январ ойида матбуотни чеклаш йўлида яна қатор қонунлар қабул қилинди. Улардан бири туҳмат учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун эди. Лекин қонунда “туҳмат” деб нималар қабул қилиниши аниқ кўрсатилмаганди. Интернет қаттиқроқ назорат қилина бошланди. Бир ҳафтадан кейиноқ бу қонунни бекор қилишга эришилди, лекин бу қадам Януковчи ҳукуматининг матбуотга нисбатан муносабатини кўрсатувчи қадамлар эди.

 

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/institutional/2014/03/140303_talking_point_julia_drozd.shtml