Mar 072014
 

 

 

Эркин Эрдонов (чапда) Фарход Пардаев, “эркчилар” уларни Қозоғистонга қулликка сотишганини айтишмоқда; Uznews.net

06.03.14 23:08

Тошкентда икки нафар “эркчилар” одам савдосида айбланишди

 

Тошкент суди бугун Нуритдин Жуманиёзов ва Фахритдин Тиллаевларни мардикорларни қулликка сотишганлари учун саккиз йилга ҳукм этилишди.

Мухолифатдаги “Эрк” партиясининг икки нафар аъзоси Нуриддин Жуманиёзов ва Фаҳриддин Тиллаевлар иши устидан жараён бугун Тошкентнинг Шайҳонтовур туман судида соат 13да бошланиб, 17 да айблов ҳукми чиқарилиши билан якун топди.

Ҳар икки судланувчи айбдор дея топилиб саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Улар жиноят кодексининг 135 моддаси – максимал жазо муддати саккиз йилдан ўн икки йил муддатни кўзда тутган «Одам савдоси» бўйича айбланишди.

Ўрнак суди

Мухолифатчилар устидан жараён очиқ ўтди, залга истаган барча кириши мумкин бўлди, фақат фотоаппарат ва телефонларни топшириш лозим бўлди, бироқ суд жараёни тасвири ЎзТВ канали томонидан тасвирга олинди.

Судланувчи Жуманиёзов айбини қисман бўйнига олди, Тиллаев эса, мутлақо айби йўқлиги, тергов идораси унга нисбатан тақиқланган таъсир чоралари қўллаганинини айтди.

Шундан сўнг жабрланувчилар – 45 ёшли Фарход Пардаев ва 55-ёшли Эркин Эрдоновлар чиқиш қилишди.

Улар, Жуманиёзов ва Тиллаев уларни Қозоғистонга қулликка сотишгани, у ерда очлик, муҳтожлик ва калтакларга дуч келишгани ҳақида кўргазма беришди.

Судья шундан сўнг гувоҳ – бугунги кунда рўйҳатга олинмаган Ўзбекистон мардикорлар уюшмаси расиси Абдулло Тожибой ўғлини тинглади, у судланувчиларга қарши кўргазма берди.

Прокурор 12 йил талаб қилди

Шундан сўнг, танаффуссиз томонлар музокараси бошланди.

Прокурор ўз чиқишида айбловнинг тўлиқ исбот қилинганини айтди ва Жуманиёзов, Тиллаевларни 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради.

Тиллаевнинг адвокати Полина Браунерг, аксинча, ишда ҳеч қандай конкрет исбот йўқлиги, унинг ҳимояси остидаги шахснинг икки нафар мардикорни Қозоғистонга ишга жўнатилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.

Судья халқ ҳакамлари билан қисқа музокарадан кейин ҳукмни эълон қилди: ҳар бирига ўн йил ва саккиз ой қамоқ жазоси белгилаш тўғрисида.

Айни пайтда судланувчиларга ўтган йилги Сенат амнистияси қўлланилиб, судланувчилар ҳукми чорак муддатга қисқартирилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг тасдиғича, якуний жазо муддати «миқдори»ни айтмади, бироқ ҳисоб китоб қилиб уни саккиз йил қамоқ жазоси эканини англаш қийин эмас.

Жараёнда ҳозир бўлган аксарият ҳуқуқ ҳимоячилари ва «Эрк» партияси аъзолари “эркчилар”нинг судланишганидан ғазабда ва жараённинг буюртма эканини айтишмоқда.

Жабрланган мардикорлар эса, аксинча, суд қарорини адолатли дейишмоқда – токи бошқа одамларни қулликка сотувчиларга ўрнак бўлсин.

Uznews.net

 

 

http://www.uznews.net/news_single.php?lng=uz&sub=hot&cid=3&nid=25392

 

 

 

Мухолифат вакиллари одам савдосида айбланиб узоқ муддатга қамалди

 

 

Малоҳат Эшонқулова

 

Малоҳат Эшонқулова

 

 

 

Бугун, 6 март куни жиноят ишлари бўйича Шайҳонтоҳур туман судида судья Маҳаметовнинг раислигида “Эрк” партияси аъзолари Нуриддин Жуманиёзов ва Фахриддин Тиллоевларга оид жиноят иши кўриб чиқилди.

 

Суд якунига кўра, Ф. Тиллоев ва Н. Жуманиёзовлар Ўзбекистон жиноят Кодексининг 135-моддаси 3-қисми, “Г” банди , яъни  “уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб одам савдосини содир этганлик”да айбдор деб топилди.

 

Гарчи прокурор Абулкариева  судланувчиларни ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш лозимлигини сўраган бўлса-да, маслаҳатга кириб кетган судья ва маслаҳатчилар “Эрк” партиясининг ҳар бир аъзосига 10 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни маъқул деб топди.

 

Шунингдек, 2013 йилдаги Аминистия актининг тегишли моддаларига асосан жазо муддатини 4 дан 1 қисмига қисқартириш ҳам судьянинг хаёлидан фаромуш бўлган эмас.

 

Қисқа қилиб айтганда, “Эрк” партиясининг икки аъзоси умрининг 8 йилини панжара ортида ўтказадиган бўлди.

 

Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз, Тиллаев ва Жуманиёзовларнинг қамоқ жазосига ҳукм этилишига Эрдонов Эркин ва Пардаев Фарҳод исмли ишсизлиги туфайли мардикорлик билан шуғулланувчи фуқароларнинг ҳуқуқ идораларига ёзган шикояти сабаб бўлган.

 

Жабирланувчиларнинг суд мажлисидаги кўрсатмаларига асосланадиган бўлсак, “Эрк” партияси аъзоси Нуриддин Жуманиёзов Э. Эрдонов ва Ф. Пардаевларни қўшни Қозоғистон Республикасига ўтказиб, ўзининг танишларига қулчиликга “туҳфа” қилиб юборган.

 

Иш берувчи қозоқ қўшниларимиз эса жабрланувчиларга кўра, мардикор юртдошларимизни бир кунда 18 соат давомида оғир меҳнатга жалб қилганлар, овқат бермаганлар, ҳақорат, калтаклар остида қолдирганлар. Машаққатли меҳнатлари эвазига мардикорларга келишилган маблағни тўлашдан бош тортганлар.

 

Эътиборга молик жиҳати шундаки, суд жараёнида яна шу нарсага такрор аниқлик киритилдики, жабирланувчи фуқаролар Э. Эрдонов ва Ф. Пардаевларнинг ҳуқуқ идораларига ёзган арзномалари  “Эрк” партиясига бир йил даъвомида аъзо бўлган, адашмасак,  мазкур партиянинг Тошкент шаҳар бўлимига маълум муддат котиблик қилган  (биздаги маълумотлар янгилш бўлса, маъзур тутасиз) Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси ташкилотчиси Абдулла Тожибой ўғли  томонидан ёзилган.

 

Суддда гувоҳ тариқасида кўрсатма берган Абдулла Тожибой ўғли мардикорларнинг аризаси ўз қаламига мансуб эканлигини яшириб ўтирмади.

 

– Мардикорларга кўмак бердим. Шикоятни уларнинг сўзидан ёздим, – дейди Абдулла Тожибой ўғли.

 

Савол туғилади: нима учун “ЭРК” партиясининг Ўзбекистон ичидаги фаоллари бир-бирларига тиш қайраб қолишди?

 

Аниқлик киритилишича, маслакдошларнинг сан-манга бориб қолишига молиявий масалалар – сармоя  деганлари  сабаб бўлган.

 

Одам савдоси – бу айни дамда нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун оламнинг оғриқли нуқтаси ҳисобланади.

 

Кўкси юрт ишқи билан уриб турган ҳеч бир ватанпарвар фуқаро ўз миллатдоши, элдошининг ёт юртда қул қилиб сотилишига, хўрлик ва зорликда кун кўришига бефарқ қараб тура олмайди, албатта.

 

Шаксиз, одам савдосини ўзларига касб қилиб, ўзбек деган буюк миллатнинг таҳқирланишига сабаб бўлаётган ва ўзбекнинг касмитилиши, жабри-зулми ортидан кун кўраётган одам олиб сотарлари – фирибгарлар алблатта қонун олдида жавоб беришлари шарт. Биз ҳам сўзсиз адолат тарафдорларимиз.

 

Бироқ, масаланинг нозик жиҳатларидан бири шундаки, элдошларимизни Қозоғистонга олиб ўтиб пуллаб юборишда айбланиб, 10 йилу 8 ойлик қамоқ жазоси тайинланган Нуриддин Жуманиёзов ушбу “одам савдоси” операциясидан қанча миқдорда даромад кўрганлиги масаласига суд терговида аниқлик киритилмади.

 

Айнан ана шу жиҳат кишида иккиланиш ва шукбҳа уйғотади албатта.

 

Негаки, бир инсоннинг гарданига одам савдоси билан боғлиқ оғир айблов қўйиш ва бир фуқарони 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этиш – бу ўйин эмас, осон юмуш ҳам эмас. Модомики, инсон тақдири, унинг оила аъзолари тақдири ҳал қилинаётган экан, гумондорнинг айби ҳар тамонлама рад этиб бўлмайдиган ишончли фактлар, далиллар асосида исботлаб берилиши лозим, токи айбланувчи “одил” суддан норизо бўлиб, “қулоғини қимирлата олмасин”. Ўзгалардан эмас, фақат ўзидан ўпкалай олсин, шундай эмасми?

 

Суд давомида худди ана шу холислик масаласи тўлиқ таъминланмагандек менинг назаримда.

 

Қолаверса, фикри ожизимча, судланувчи Фахриддин Тилоевнинг ўзи  ҳам одам савдоси жиноятига мутлақо алоқаси йўқлигини суд давомида тўтиқушдек тинимсиз такрорламоқда.

 

Энг қизиғи, жабрланувчилар ҳам суд тергови давомида Ф. Тиллоевнинг одам савдоси жиноятига алоқадорлигини асословчи далиллар келтиришга ожизлик қилишди.

 

Зотан, Фахриддин Тиллоев бу икки жабирдийда юртдошимизга йўлбошчилик қилмаган, уларни Қозоғистон чегарасидан олиб ўтмаган, қўшни мамлакатдаги қардошларимиз қўлига топшириб, қайтмаган, олди-сотдида иштирок этмаган.

 

Жабирдийдалар суд жараёнида Фахриддин Тилоев билан  мардикор бозорида мустақил мардикорлар касаба уюшмасига аъзо қилиш масаласида бир-икки бор учрашганликларини таъкидлашдан нарига ўта олмадилар ҳисоби.

 

Ҳуқуқ илмидан озгина хабари бор, эсини еб қўймаган, ақли ноқис бўлмаган ҳар қандай банда жабирдийдаларнинг бу каби кўрсатмалари бир фуқаронинг жиноятчи сифатида эътироф этилишига ва унинг 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан мосуво қилинишига сабаб бўла олмаслигини жуда яхши англаб олади, албатта.

 

Бу ерда чумоли ёхуд бирор бир чумчуқнинг, парранданинг ҳаёти ҳал бўлмаяпти, ахир! Судда бутун бир бошли инсон тақдири ҳал этилмоқда-ку!

 

Бир инсонни беҳуда жувонмарг қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

 

Хўш, у ҳолда, Тиллоев деганлари “Одам савдоси” га оид жиноят ишига нима сабабдан тиқиштирилди экан?

 

Муддао, жиноят ишини 135-модданинг 3-қисми “Г” бандига “тортишмикин”? Яъни,  “уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса” деган айбловга илинтириш эмасмикин?

 

Жиноятишини бўрттириш, жиноятчилар сонини ошириш асосида, мазкур модда бандида кўрсатилганидек, судланувчиларни “саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш”га эришиш эмасмикин мабодо деган шубҳали тахминлар, жавобсиз саволлар ҳам йўқ эмас….

 

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

 

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

 

http://birdamlik.info/blog/2014/03/07/мухолифат-вакиллари-одам-савдосида-а/