Mar 042014
 

 

“Жиззах вилояти, Зарбдор туманига қарашли Бўстон шаҳарчаси аҳолиси,
Ўзбекистон президенти девонига хат йўллашиб, Жиззах – Ховос катта
йўлини тўсиб, норозилик тадбири ўтказишлари хақида айтишди.
Бўстонликларнинг сабр косасини нима тўлдирди? Газ ва электр энергияси
тақчиллиги муаммосими?

Йўқ, дейди бугун шаҳарча аҳолиси вакиллари. Уларнинг айтишларича,
Бўстон шаҳарчасида истиқомат қиладиган 15 минг аҳоли, 2014 йилда
малакали шифокорлар ёрдамидан бебаҳра қолиш хавфи остида яшамоқдалар.
Республика президенти томонидан аҳоли соғлигини яхшилаш, хусусан, ўсиб
келаётган ёш авлодни соғломлаштириш бўйича турли кўрсатма ва буйруқлар
берилаётган бир вақтда,  Бўстон шаҳарчасидаги шифохоналар эшигига қулф
осилди.

Зарбдор тумани хокими Эргаш Ғайбуллаевнинг 2013- йил 29- ноябридаги
№1071 сонли тушунарсиз ва мавҳум қарори, Зарбдор туман тиббиёт
бирлашмаси шифохонаси ҳамда туман силга қарши кураш диспансери
фаолиятини тўхтатди.

Ўтган йилнинг 30 ноябрь кунида Зарбдор туман тиббиёт бирлашмасидан
келган махсус тугатиш комиссияси томонидан кўчага ҳайдалган икки
шифохонанинг ходимлари ва беморлари томонидан шу кунгача ёзилаётган
ариза ва шикоятларнинг оқими, Жиззах вилоятидаги барча каттаю кичик
идораларга бориб тушаётган бўлсада, ҳозиргача биронта мутасадди
раҳбар, аҳоли соғлигини муҳофаза қилиб турган икки шифохонанинг нима
учун ёпилганлиги сабабларини аҳолига тушунтира олганларича йўқ.
Қишнинг совуқ кунларида малакали шифокор ёрдамисиз қолаётган шаҳарча
аҳолисининг, норозилик намойишига чиқиши хақидаги республика раҳбарига
ёзган шикоят хати, айтиш мумкинки, вилоят раҳбарларини саросимага
солиб қўйди.

“500 нафар Бўстон шаҳарчаси фуқаролари томонидан имзоланган шикоят
хатини президент шахсан ўқиган ёки ўқимаганлигини билмадик, лекин, хат
Тошкентга жўнатилганидан кейин бир оз ўтгач, вилоят раҳбарлари
шаҳарчага серқатнов бўлиб қолишди”- дейди шаҳарча фуқароларидан бири.

Унинг айтишича, аҳолини тинчлантириш учун вилоят соғликни сақлаш
бошқармаси бошлиғи П.Бобоев ҳамда вилоят ДСЭНМ бош врачи Ш
Абдураимовлар шаҳарчага ташриф буюришиб, Саноат коллежининг мажлислар
залида, фуқаролар иштирокида йиғилиш ўтказган. Зарбдор туман хокими
ўринбосари Р Каримова ҳам қатнашган ушбу йиғилишда Бўстон
шаҳарчасидаги поликлиника қошида 10 ўринли кундузги шифохона ташкил
этилиши ҳақида катта ваъдалар берилган.

Бундан ташқари, президентга мактуб йўлланганидан сўнг, республика
соғликни сақлаш вазирлигидан Алишер Усмонов исмли вакил ҳам келиб,
шаҳарча аҳолиси билан учрашган.

Шаҳарчада биноидай фаолият кўрсатиб турган шифохонани ёпишга буйруқ
берган Зарбдор тумани хокими Эргаш Ғайбуллаевга эса, республика ва
вилоят мутасадди ташкилотларининг, тумандаги тиббий муаммоларга бўлган
қизиқишлари тинчлик бермаётган кўринади.

“Яқинда у ўзининг қалъаси – туман хокимлиги биносида туман фаоллари
билан йиғилиш ўтказиб, Бўстон шаҳарчасидаги Шодлик, Наврўз ва Дўстлик
махалла раисларига,  шифохонанинг ёпилиши аҳолининг розилиги билан
бўлаётганлиги хақидаги ҳужжатларга мажбурий имзо қўйдириб олди”- дейди
туман хокимиятида ишловчи ходимлардан бири.

2014 йилнинг иккинчи ойи тугаб учинчи ойга ўтган бўлсада, Бўстон шаҳарчасидаги шифохона ходимлари ишсиз ва маошсиз яшашда давом этишяпти. Шаҳарча аҳолиси эса норозилиги бўйича фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти матбуот маркази

4март, 2014-йил.